Қўшни девори қалинми, юрагимизники?

Болалигимда уйлар девор ёки турли панжаралар билан беркитиб тўсилмаган эди. Ўртада тўсиқ бўлмаганиданми, одамларнинг бир-бирига бўлган меҳри ҳам чегара билмас эди. Ўша даврлар ажойиб ва сермазмунлиги билан хотираларда қолган.

Қўшнилар ўртасида қарзга берилган нон қайтарилганда минг  хижолат билан олинар эди. Эрталабдан кечгача бир-биримизнинг уйимизга бориб ўйналар, оч қолганимизда эса катта лаганга овқат сузилиб, ўртада ейиларди. У даврнинг гўштсиз овқатларида ҳам ўзгача таъм бор эди, назаримда. Ёки улғайиб шундай туюляптими экан?

Келин бўлгач, бошқа муҳит, бошқа тутум, хуллас, ҳаммаси бошқача. Қўшниларнинг уйлари баланд деворлар билан ўралган, ақалли нарса сўраб чиқилмайди. Ишонинг, 5 йилдирки, ҳамон қўшниларимни танимайман. Орада баланд девор бор, лекин орани ўраб турган сукут, бефарқлик, танимаслик девори ундан-да баланд ва қалинроқ!

Эшитишимча, олдин бир қўшнимиз қўшниларига ишонмай ёш фарзандини уйда ёлғиз қолдириб, ўзи таъзияга кетади. Қайтгач, ўз уйида газдан заҳарланган фарзандининг таъзиясини беради.

Бугун шаҳарларда кўп қаватли уйлар деворлари қўшниларни яқин қилмай, аксинча, ажратиб қўяётгани ҳам бор гап. Баъзи бир маҳаллаларда қотиллик юз берганидан ОАВ орқали хабар топамиз. Сизнингча, бегона жойдан келиб шу ишни қиладими? Ўз атрофидагилар қилади ёки ёрдам беради. Бундай жиноятларнинг аксарияти арзимаган муаммо устида жанжаллашган қўшнилар ўртасига тушган низолар натижасида ҳам содир бўлаётгани сир эмас.

Қўшничилик қадриятининг сўнишига сабабчи бўлаётган биринчи омил ижтимоий маданиятимизнинг танқислиги, виртуал суҳбатлар, урбанизация, яъни шаҳарлашув. Ўзаро рақобатлар — “ким зўр?” деган баҳслар ҳам меҳр масофасини узоқлаштирмоқда. Ишончсизлик ва қўрқув бу қадриятларнинг янада  йўқолишига олиб келмоқда. Афсуски, жамиятдаги жиноятчилик, фирибгарлик ёки ижтимоий ишончсизлик кўпларни эҳтиёткорликка, ёпиқ, биқиқ яшашга ундайди.

Яхши ва ёмон кунингизда эшикни биринчи тақиллатадиган инсон бу — қўшнидир. Бугун болаларимиз “қўшничилик” деган сўзни нафақат луғатдан, балки амалда ҳам ўрганиши керак. Агар бу қадрият сўнса, жамият индивидуализм ботқоғига чуқурроқ ботади.

Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларида ҳам қўшнилар билан аҳил, иттифоқ бўлиб яшашга ундалади. “Қўшнининг ҳақи” деган тушунчалар унут бўлиб кетмаслиги керак. Айтайлик, ён қўшниси жуда муҳтож бўлса-да, буни кўрмасликка олиб, ўз уйида шоҳона зиёфатлар уюштираётган, ақл бовар қилмас исрофгарчиликларга йўл қўяётган  айрим одамларда инсоф, диёнат хислатлари қаердан бўлсин? Бундай оилаларда вояга етаётган фарзандлар-чи, ўзидан бошқани ўйлайдиган меҳр-муҳаббатли, мурувватли кишилар бўлиб етишадими?

Афсуски, бундай эмас. Тўқликка шўхлик қилиб яшайдиган ёшлар ўзгаларнинг дардини ҳис қилишмайди. Манман ва такаббур нусхаларга айланишади. Энг ёмони, улар ҳаёт деб аталмиш синовли дунёда хайрсиз ҳаёт кечирадилар. Кўпинча ана шу ҳаётнинг қаттиқ жазоларига бежиз дучор бўлмайдилар ҳам.

Шундай экан, қўшни билан илиқ муносабат юртдаги тинчликнинг, меҳрнинг, ижтимоий бирдамликнинг асоси бўлиши керак. Йўқса — эшиклар ёпиқ, юраклар совуқ бўлади.

Сиз-чи, қачон охирги марта қўшни эшигини қоқдингиз?

Маржона ҲАЙТБОЕВА,

“Yangi Sirdaryo” газетаси мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + thirteen =