Тиббий таълимда халқ табобати

у чекланадими ёки ривожланади?
Дунёда инсон саломатлигини асраш ва касалликларнинг олдини олишда замонавий тиббиёт ва юқори технологияларга асосланган даволаш усуллари тобора кенг қўлланилмоқда. Аммо шунга қарамай, касалликлар камайиб кетаётгани йўқ. Бунинг сабабларига ўзимиз гувоҳ: сунъий ва кимёвий моддаларнинг организмга зарари, экологик муаммолар, инсонларда стресс ҳолатлари кўпайиши, табиий маҳсулотлар истеъмоли камайгани, соғлом турмуш тарзидан узоқлик ва бошқа омиллар. Шу боис баъзи ҳолларда замонавий тиббиёт имкониятлари ожиз қоляпти. Ва табиийки, асрлар синовидан ўтган халқ табобати яна бир бор эътибор марказига чиқмоқда.
Маълумки, тиб илмининг султони, улуғ аллома Абу Али ибн Сино инсониятга ўлмас мерос қолдирган. 450 дан ортиқ асар ёзгани маълум, уларнинг 160 га яқини бизгача етиб келган. Қомусий олимнинг мероси ҳануз тўлиқ тадқиқ этилмаган бўлса-да, асарларидаги табобат йўл-йўриқлари бугун ҳам замонавий тиббиёт учун катта аҳамиятга эга.
1999 йили Республика Ибн Сино жамғармаси ташаббуси ва ЮНЕСКО кўмагида Бухоро тиббиёт институти таркибида “Анъанавий тиббиёт” кафедраси ташкил этилди. Шу вақтдан халқ табобати мустақил йўналиш сифатида ўқув жараёнига киритилди. Талабаларни аллома таълимоти билан яқиндан таништириш учун 132 соат ажратилди.
Дастлаб игна билан даволаш курси сифатида бошланган бу йўналиш 2020 йилга келиб алоҳида ихтисослик сифатида шаклланди ва талабалар қабул қилина бошланди. Фанлар сони кўпайтирилди, тажрибали устозлар жалб этилди. Асосий мақсад — ўзбек халқ табобати асосларини ва ибн Сино таълимотини чуқур ўрганиш, халқ орасида қўлланилаётган даволаш ҳамда профилактика усулларини илмий асослаш ва уларни амалиётга татбиқ этиш. Энг муҳими — халқ табобати билан замонавий тиббиётни уйғунлаштириш.
Бугун кафедра “Халқ табобати, касб касалликлари ва аллергология” номи билан фаолият кўрсатмоқда. Унга тиббиёт фанлари доктори, профессор Холмурод Қаюмов раҳбарлик қилмоқда. У ҳам кафедрани ташкил этиш ташаббускорларидан бири сифатида бу йўналишни ривожлантиришда фаол қатнашмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Хитой, Корея, Япония каби тиббиёти илгарилаб кетган мамлакатларда ҳам анъанавий табобатга катта эътибор қаратилмоқда. Бугун бу давлатларда аҳолининг салмоқли қисми дори-дармондан кўра кўпроқ табиий гиёҳларга суянади. Улар бу соҳада илмий-тадқиқот институтларини ўтган асрнинг 50-йилларидаёқ йўлга қўйган. Бизда ҳам ана шундай изчил қадамларга катта зарурат бор.
Қизиғи, кореялик олимлар ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарига катта қизиқиш билдириб, уни корейс тилига таржима қилишни сўрашган. Туркиялик шифокорлар ҳам шу йўсинда мурожаат қилгани халқ табобатига бўлган халқаро қизиқиш юқори эканини кўрсатади.
— Жанубий Корея билан ҳамкорлик истиқболларидан умидимиз катта, — деди биз билан суҳбатда кафедра мудири Холмурод Қаюмов. — Бу йўналишдаги энг катта ишимиз доривор маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами ва самарадорлигини оширишдир. Кореяга бориб ўрганиш давомида смарт иссиқхоналар фаолияти билан танишдик. Шу асосда ўнта “ақлли иссиқхона”ни олиб келиб, институтимиз ҳудудига ўрнатдик. Ҳозирда уларнинг бирида меҳригиё етиштиришни бошладик, қолган тўққизтаси эса фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилган. Аммо ҳужжатлаштириш билан боғлиқ кичик тўсиқ туфайли бу жараёнлар ҳозирча кечикиб турибди.
Иссиқхоналар тўлиқ компьютерлаштирилган, барча жараёнлар автоматик тарзда назорат қилинади. Ҳаво ҳарорати, намлиги, ёруғлик ва иссиқлик даражаси — барчаси махсус дастур орқали бошқарилади. Намлик камайса, тизим уни автоматик равишда нормаллаштиради, сув миқдори етарли бўлмаса, керакли миқдорни қўшиб беради.
Агар иссиқлик белгиланган меъёрдан ошиб кетса, компьютерлаштирилган совитиш тизими ишга тушади. Яъни эндиликда доривор ўсимликларни сунъий интеллект парваришлайди. Масалан, женьшеннинг илк партияси етиштирилиб, улардан настойка ва турли препаратлар тайёрланди ва амалиётга йўналтирилди.
Аслида меҳригиё ўсимлиги фақат тоғли ҳудудларда учрайди. Табиий шароитда ундан фойдаланиш учун 3-5 йил кутиш талаб этилса, смарт иссиқхонада 3-4 ойдаёқ тайёр маҳсулот олиш мумкин. Бунинг аҳамияти беқиёс. Шунингдек, Корея тажрибаси асосида институтда илмий лаборатория ташкил этилди. Унда ҳар бир ўсимликнинг ривожланиш босқичи, иқлимга чидамлилиги, таркиби ва шифобахш хусусиятлари атрофлича ўрганилмоқда.
Ўзбекистон флораси ўта ранг-баранг. Шаҳар-у қишлоқларда, чўл-у тоғларда ўсувчи минглаб гиёҳ ва ўсимликлар борки, уларнинг шифобахш хусусиятлари ҳали тўлиқ тадқиқ этилмаган. Масалан, кийик ўтнинг тоғда ўсгани чўлдагисига нисбатан анча фойдали. Ёки кўпчилик ҳовлисидан ўрин олган гулхайрининг қирқдан ортиқ тури мавжуд. Унинг гули, танаси ва уруғи ҳам шифобахш хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади. Асосан, нерв тизими ва ошқозон-ичак касалликларини даволашда қўлланилади. Шунингдек, парфюмерия саноатида ҳам ундан самарали фойдаланилади. Бухоролик олимлар Қашқадарё воҳасидан гулхайрининг ноёб турини олиб келиб, етиштиришга киришгани ҳам бежиз эмас.
2018 йилдаги Президент қарорига мувофиқ ажратилган майдонда ҳозирги кунда райҳон, наъматак, махсар гули, қорақиз (иттиканак), қушқўнмас, занжабил, қалампирмунчоқ, гулхайри каби йигирмадан зиёд доривор гиёҳлар парваришланмоқда. Янтоқ гули, анор ёғи ва ғоз ёғидан тайёрланган малҳам ва дорилар шифокорлар амалиётида қўлланиб, кўплаб самара бермоқда.
Тажриба майдонидаги натижалар институтнинг бошқа кафедраларини ҳам қизиқтириб қўйди. Масалан, стоматология кафедраси тадқиқотчиси оғиз бўшлиғидаги касалликларни халқ табобати асосида даволаш йўлларини ўрганаётир. Терапия йўналиши изланувчиси юрак-қон томир касалликларида халқона усулларни синамоқда. Бошқа бир олим бронхиал астмада ширинмия илдизининг самарасини очиб бермоқда. Ёш тадқиқотчилар махсар гулининг аллергик касалликлардаги фойдасини кашф этяпти. Фитотерапияда ҳам кун сайин янгиликлар кузатилмоқда: заъфарон ва зарчаванинг шифобахш хусусиятлари ҳам алоҳида ўрганилмоқда.
2024-2025 ўқув йилидан кафедра “Жўйзар” соғломлаштириш маскани ҳудудидаги янги базада иш бошлади. Бу ерда “Интегратив ва халқ табобати клиникаси” ташкил этилди. Энди беморлар халқона усуллар билан замонавий тиббиёт уйғунлигида даволанмоқда. Ҳижома, игна терапияси, физиотерапия, мануал терапия, фитотерапия ва Кореядан келтирилган табиий маҳсулотлар асосида муолажалар кенг қўлланиляпти. Шу туфайли дори-дармондан фойдаланиш 30-40 фоизга камайгани ҳам қайд этилмоқда.
— Бизнинг асосий мақсадимиз, — деди профессор Холмурод Қаюмов, — халқ табобати меросини замонавий тиббиёт билан уйғунлаштириш. Бу йўналишда аллақачон сезиларли ишлар қилинди: мингдан зиёд илмий мақолалар чоп этилди, ўндан ортиқ дарслик ва йигирмадан зиёд монография яратилди. Шогирдларимиз орасидан кўплаб фан номзодлари ва докторлари етишиб чиқди.
Жорий йилнинг дастлабки ярмидаёқ уч нафар ёш тадқиқотчи илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Яна бир неча нафари яқин орада илмий кенгаш олдида тадқиқотларини тақдим этмоқчи. Халқаро конференциялардаги иштироклари ҳам қувонарли ҳол.
Олимларнинг навбатдаги долзарб вазифаси — халқ табобатидаги даволаш, профилактика ва диагностика усулларини илмий жиҳатдан асослаб бериш. Шу мақсадда ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Айни пайтда мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасида халқаро ҳамкорликда етакчи ўринни эгаллаб келаётган мазкур кафедра хорижий тиббиёт университетлари ва нуфузли ташкилотлар билан имзоланган меморандум ва шартномалар асосида фаолият юритмоқда.
Жумладан, 2018 йилда Жанубий Кореянинг Гванжу шаҳридаги “Чонг-Енг” клиникаси, Хитойнинг Фудан университети билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. 2021 йилда Ҳиндистоннинг “Жаме Ҳамдард” ва Аюрведа университетлари, 2022 йилда эса Жанубий Кореянинг Дэгу Хаани университети билан халқ табобати соҳасида кадрлар тайёрлаш ва ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, Чосон давлат университети, Куанджу тиббиёт университети ва бошқа нуфузли тиббиёт муассасалари билан ҳам алоқалар изчил давом этмоқда.
Келишувлар доирасида БухДТИ ва Дэгу Хаани университети ўртасида талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилган. Келгусида эса халқ табобати йўналишида қўшма таълим дастурини ташкил этиш режалаштирилган.
Ютуқлар баробарида муаммоларни ҳам айтмасак бўлмас. Мана, икки йилдирки, олий ўқув юртининг Халқ табобати йўналишига қабул тўхтатилган. Сабаби номаълум. Айни пайтда иккита курс (3-4 босқич) талабаларига устозлар дарс ўтишмоқда. Улар ҳам ўқишни тамомлаб кетса, кейин нима бўлади?
Рухсатнома масаласи. Гиёҳлардан тайёрланган дори воситалари синовлардан муваффақиятли ўтганидан сўнг уларни беморларга қўллаш рухсатномаларини олиш осон кечмаяпти. Илмий лаборатория текширувлари, таркиб ва токсикология таҳлиллари, ҳайвонларда синовлар — буларнинг барчаси зарур жараён. Аммо рухсат жараёнининг ортиқча чўзилиши ва харажатнинг 30-40 миллион сўмгача етиши мураккаб дори воситаларини амалиётга татбиқ этишга жиддий тўсиқ бўлмоқда. Ибн Сино асарларида олтмишдан ортиқ маҳсулот аралашмасидан тайёрланган воситалар зикр этилганини эсласак, бугунги амалиётдаги ҳолат кишини ўйлантирмай қўймайди.
Ҳукумат халқ табобатини ривожлантиришни мақсад қилиб қўйган экан, аввало, бу йўлда пайдо бўлаётган тўсиқ ва муаммоларни ҳам бартараф этиши керак, албатта.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
журналист.