Буюклик бахти

Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар
Янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, бугун юртимизда тарихан қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит пайдо бўлди.
Буюклик, бузрукворлик — инсон хислати ва фазилатларининг муаззамлиги демак. Ҳар бир инсон ўзига хос равишда буюкликка даъвогар ва эгалик қилиш ҳуқуқига муяссарман деб ҳисоблайди. Аммо бу шунчаки содир бўладиган гап эмас. У бунга муносиб ёки муяссар бўлиши учун умри давомида ҳалол ва покиза курашиб эришади. Буюк инсонга, буюк зотга айланиш — бу жасорат ила меҳнат қилиш, шу мақом талабларини тартиб-қоидага кўра бажариш шарт деганидир.
Демак, миллатга нисбатан буюклик ҳам бу жасурлик ила матонат кўрсатиш, қаҳрамонлик шон-шуҳратини эгаллаш мезони билан ўлчанади.
Агар жаҳонда тан олинган 300 га яқин миллат мавжуд бўлса, улардан саноқлилари буюклик мақомига эришган ҳисобланади. Айтиш жоизки, жаҳон стандарти ва мақоми каби қатъий ўлчовлар борки, бу мезондан ўтиш шартдир. Чунончи, буюк хитой, буюк ҳинд, буюк рус, буюк араб, буюк турк, буюк испан, буюк немис, буюк француз, буюк инглиз, марказий осиёликлар ҳам ўзларини буюклар сафига киритадилар. Яна 20, 30 та давлат миллатларини айтиш мумкин.
“Миллат борки, уларнинг деярли ҳаммаси буюк ва улуғлик тоифасига киришга уринади”, дегувчилар ҳам бор.
Инсон муаммосини ўрганишдан кўзланган мақсад, унинг ўзлигини англашига, ўз “мен”ига эришишига “ёрдамлашиш”, яна ҳам аниқроғи — унинг шахс даражасига кўтарилиши билан боғлиқ имкониятларни излаб топишдан иборат. Чунки инсон дунёга келиб, улғайиш жараёнларида турли ижтимоий муносабатларга киришади, унинг эҳтиёж ва манфаатлари шаклланади. Бироқ ҳар доим ҳам эҳтиёжларнинг барчасини қондириш имконияти йўқ. Бунинг асосий сабаби уларнинг чексизлиги ва бепоёнлигидир. Бу, бир томондан, эҳтиёжлар ва манфаатларнинг чексизлиги бўлса, иккинчи томондан, даврнинг ўзи ҳам доимий ривожланиш ва ўзгаришда эканлиги билан боғлиқдир.
Эҳтиёж ва манфаатларни мувозанатга келтириш ҳамда инсоннинг ўзини ўзи англашига ёрдамлашиш, унда барча муносабатларни инсоният шахс, киши даражасига кўтарилиш асоси сифатида қараш керак.
Таниқли файласуф олим Саъдулла Отамуродов бу борада: “Инсоннинг “мен”и турли муносабатлар орқали намоён бўлади, улардан бири бу инсоннинг ўз миллати вакили эканлигини англаши ва унга бўладиган масъулиятидир”, деб қайд қилса, Кембриж университети профессори Эрнест Геллнернинг фикрича, “амалда миллат бор-йўғи давлат каби тасодиф, улар умумий заруриятдан келиб чиқади”.
Оврўпа мамлакатларининг аксарияти электрон паспорт тизими ташкил этилганлиги муносабати билан 17 та давлатда паспортлардаги “миллат” графаси олиб ташланган. Уларда фуқаролик инсоннинг асосий “белгиси” сифатида амал қилмоқда. Умуман, бу тартибга ўтиш инсонларнинг ўз “миллати”дан “воз кечиши”га олиб келадими? Бугун маънавий қашшоқликни ўз бошидан кечираётган Ғарбга тақлид қилиб яшаш умумий тамойилга айланиши керакми? Уларнинг паспортларидан “миллат” графасини олиб ташлашидан кўзланган мақсад, инсонларни миллатдан маҳрум қилиб, уларнинг маънавиятга, инсонийликнинг олийжаноб туйғулари ва гўзалликка бўлган қарашларини бир қолипга солишга қаратилгандир.
Аслида, фалсафий мантиқий тафаккур нуқтаи назаридан қаралганда, нега биз ана шундай қарашларга охирги “нуқта”ни қўйишимиз керак? Миллат ҳам инсон каби табиат ва илоҳий қудратнинг маҳсулидир. Бу барча фанларнинг фаол иштирокида ўрганилиши зарур бўлган муаммолардан бири. Бундай эҳтиёжнинг иккита сабаби бор. Бу, бир томондан, инсоннинг баркамоллик даражасига кўтарилиши, унга истиқбол олдидаги масъулиятини англатиш, иккинчи томондан, муҳими, инсонларнинг ўзаро бегоналашуви жараёнларининг олдини олиш билан боғлиқдир.
“Ҳозирги пайтда инсонларда “биз”дан кўра, “мен”лик руҳияти кучайиб бормоқда. Бугун бегоналашув жараёни ягона “йўналиш” сифатида шаклланмоқда. У инсоннинг ўзидан бошлаб то барча ижтимоий муносабатларгача кенг қамровли жараён сифатида кетаётганлигини кузатиш мумкин. Фикримизча, шундай имкониятлардан бири инсоннинг миллатга мансублик омили бўлиб ҳисобланади. Миллатга мансублик шундай улуғ туйғуки, уни англаш турли қарашларга эга бўлган инсонларни бир тану бир жон қилиб бирлаштиради. Аслида, миллат ана шундай инсонлар орқали реал намоён бўлади. Инсонга хос бўлган ғурур, ор-номус, ифтихор, “менлик”, ҳис-ҳаяжон, муҳаббат, ғазаб кабилар ана шу инсонлар воситасида ўз ифодасини топади”, деб қайд этади С.Отамуродов. Агар улар ҳар бир инсонга хос индивидуал ҳолатда амал қилса, миллатда уларнинг ўзига хос уюшган ҳолатида намоён бўлади. Шу тариқа улар индивидуалликдан умумийликка айланиб боради. Энг асосийси, бу жараён табиий кечади, унга кимдир кўрсатма беришига зарурат қолмайди.
Инсоннинг ижтимоий мақоми, унинг умуминсоний қадрият сифатидаги кўрсаткичларини баҳолашда нималарга устуворлик берилиши тўғри бўлади, деган савол қўйиладиган бўлса, албатта, унинг моддий ва маънавий мавжуд эканлигига шубҳа туғилмайди. Чунки инсон ижтимоий муносабатларга киришар экан, нафақат оила аъзоси, давлат фуқароси, жамият аъзоси ёхуд у ёки бу мулкка, ижтимоий гуруҳга дахлдор шахс, шунингдек, у бир хил кенг маънодаги моддий ва маънавий умумийликдаги аҳолининг “уюшма”сига ҳам мансубдир. “Уюшма”га ким етакчилик қилади, деган саволга жавоб излаганимизда, уларни ўзаро боғлаб турадиган ботиний кучга, қудратга кўпроқ устунлик бериш жуда зарур бўлади.
Одам боласи инсон бўлиб дунёга келаркан, миллатнинг қандайдир ички маданий-маънавий “элемент”лари ва руҳияти ҳамда ўзига хослигини она қорнидаёқ — озиқланиш ва улғайиш жараёнида ўзида шакллантира бошлаши мумкин-ку! Яна ҳам аниқроғи, у инсонга “қон билан кириб”, жонда амал қилишига айланадиган илоҳий ва табиий куч-қудратдир.
Ислом оламининг бебаҳо ва беназир китоби Қуръони каримда ҳам “инсон дунёга буюк, бузруквор, муаззам, улуғ бўлиб келади”, дейилган. Қани, бу фикрга бирор раддия борми? Тафтиш қила оласизми?
Шундай. Туғилиш… Инсоннинг дунёга келишининг ўзиёқ буюклик, улуғликнинг ибтидоси-ку! Бу ёғи пешонасидан кўради, деган қуйма гап ҳам бор. Бу ёғи қоронғи ва мавҳум. Чақалоқни нималар кутяпти? Аллоҳнинг, буюк тақдирнинг иши! У униб-улғайсин, бир гап бўлар дегувчилар — мислсиз даражада ўнглаб бўлмайдиган хатога йўл очиб берадилар!
Шу тобда бош ўлчов мезони: тарбия, тарбия ва яна тарбия ҳамманинг, барчанинг иши эканлиги унутилиб, оддий ҳолатга ўтилади: эти қотсин, суяги мустаҳкам бўлсин. Тетапоя бўлди, юриб кетди, тили равон ва ҳоказо. Оддийлик, бепарволик шундаки: бир гап бўлар…
Бола она алласидан миллий руҳ тарбиясини олади. Миллийлик — бу ўзбеклик, ўзига беклик; миллати тожик бўлса, унинг-да ўзига хослиги ва мослиги, бир-биридан гўзал урфлари бор; қозоқ бўлса, марди майдон, бир-биридан гўзал она аллалари, ўзининг кенг сарҳадлари — қир-адирлар, яйловлари бор; русга келсак, шўх-шодон оналари, бува-бувилари, опалари эркалаб айтган дил сўзлари ила болалари бағрининг кенгликлари…
Бу ҳар миллатнинг ўзига хос яна сир-асрорлари борки, Шавкат Мирзиёев минг бора таъкидлаганларидек, асос ўзаги — тарбия, тарбия яна бир марта тарбия!
Жаҳон аҳли — бутун миллатлар, халқлар, элатлар ўз фарзандлари, дилбандларига қандай тарбия ва таълим беришнинг тамал тошини қўядилар. Бу ёғи жаҳон афкор оммасига боғлиқ. Жаҳон халқларининг ўнлаб, юзлаб афоризмлари бунга мисол: “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Бола тарбияси оиладан, маҳалласидан бошланади”, “Тарбиянинг бош ўлчови буюкликка даъвогарлик”, “Ўзингни, оилангни, юртингни асра”, “Тарбия — нажотда, таълим — нажотда, ҳаёт — нажотда” ва ҳоказо.
“Тарбиянинг асоси — миллийликда, миллий руҳ ва ғоявий мафкурада” деган гап ҳам бежиз айтилмаган. Демак, олам ва одамлар шу руҳни ҳис қилиб яшайдилар.
Буюклик, улуғворлик негиз-асоси буюк тарбиядан бошланишини эътироф этдик. Буларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёев қатъиятли инсон, метин ва букилмас сиёсий ирода соҳиби эканлигини тасдиқлади. Ёхуд даҳо инсон, сиёсий миллий етакчимизнинг халқпарвар раҳбар, юксак салоҳиятли ҳақиқий ислоҳотчи эканлигига ишончим комил.
Ўрнак-намуна ва жадид боболардан ибрат олмай — янги Ўзбекистонни қандай барпо этамиз?! Инсонни, шахсни ўрганиш ҳамда илмий таъриф-тавсиф бериш муаммоси инсоншунослик билан боғлиқ ижтимоий-гуманитар фанларнинг барча соҳалари учун абадий жумбоқ, чексиз-чегарасиз мунозаралар олами. Кишилик жамиятида не-не олимлару фозиллар, донишманду алломалар инсон шахсининг моҳияти унинг пайдо бўлиши, улуғлиги ва буюклиги тўғрисида жамият сарвари ва сардори сифатидаги воқелигини мунозара қилади, мушоҳада юритади, ўрганади ва тадқиқ этади.
Дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат пайдо бўлганини, жаҳон саҳнида ўзбек байроғи ҳилпирашини кўриш, мадҳиямиз янграшини эшитиш, жаҳонга ўз сўзимиз билан юзланиш, ўз “мен”имизни намоён этиш, она тилимизда сўзлаш — кўйингки, ўзлигимизни кўрсатиш ҳиссини туйиш — буюклик бахти насиб этди! Буларнинг ҳаммаси мустақиллик, айниқса, сўнгги тўққиз йил ато этган буюклик, янги тарих яратаётган етакчи миллат бахтидир.
Карим НОРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа
университети профессори,
тарих фанлари доктори.