“Китоб уйга боради”

Кексалар ва ногирон юртдошларимизга китобларни етказиб бериш хизмати йўлга қўйилган
Китоб — бу нур, зиё. Нур бўлганда ҳам шунчаки эмас, балки қалб туйнукларини чертиб ўтадиган нур. У шундай нурки, ўқувчини ҳам кулдириб, ҳам куйдириб, ҳам суйдириб, қалб тўрига жойлашади. Ўйлантиради, ўз-ўзи билан сўйлантиради. Китоб мутолаа қилиш инсон фикрини теран, сўзини чечан, иродасини эса мустаҳкам қилади. Ақлни пешлайди, ўткирлайди, мақсадга эришиш сари етаклайди. Ҳаёт, дунё қонун-қоидаларини англаш, оқ-қорани ажрата билиш фазилатларини, чинакам одамийлик хислатларини шакллантиради. У инсониятнинг ўзи яратган энг катта бойликлардан бири ҳисобланади. Шу боис нурхона-кутубхонада меҳнат қилувчи, уни бошқарувчилар фаолияти ўта савобли ва муқаддас ҳисобланади.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ахборот-кутубхона маркази директори вазифасини бажарувчи Наргизахон ҲАСАНОВА билан суҳбат китоб ва китобхонлик ҳақида бўлди.
— Аввало, кутубхона тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Кутубхона илк фаолиятини 1947 йилда жаҳон адабиётининг йирик намояндаси Лев Toлстой номи билан бошлаган. Кутубхонамиз Тошкент шаҳри марказидаги Сергей Есенин музейи биносида фаолият юритган. 1984 йилдан ҳозирга қадар Ҳамид Олимжон майдони 12- “А” уйнинг 2- ва 3-қаватларида иш юритиб келмоқда. Бу бежиз эмас, чунки бу бино жойлашган майдон — йирик транспорт йўллари туташган ҳудуд ва шаҳарнинг асосий марказларидан бири ҳисобланади.
Ўша вақтда кутубхонанинг айнан шундай замонавий ва Тошкент учун ўзига хос инновацион бинода жойлаштирилиши ҳам алоҳида мазмунга эга эди. Бу ҳолат кутубхонага бўлган эътибор ва унга юкланган муҳим ижтимоий вазифаларни намоён этган.
Шаҳарда узоқ йиллар давомида яшаб келаётган кўпгина фуқаролар кутубхонани асосан Лев Толстой номи билан билишади. Йиллар ўтди, кутубхона ўз фаолиятини турли бўлимларда олиб борди.
Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 13 апрелда қабул қилинган “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Мирзо Улуғбек туман ахборот-кутубхона маркази деб атала бошланди. Ушбу маскан амалга ошираётган вазифаларига кўра тумандаги кутубхоналар учун услубий марказ ҳисобланади.
Ҳозирда ахборот-кутубхона маркази китоб фонди салкам 60 мингга яқин. Фондимиз асосан бадиий адабиётлар (классик ва замонавий), энциклопедиялар, луғатлар, маълумотномалардан ташкил топган. Бундан ташқари, китобхонлар талабидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда чоп этиладиган 24 номдаги газета ва журналларга обуна бўлганмиз.
— Кейинги йилларда янги технологиялардан фойдаланиш ҳисобига иш юритиш соҳасида кўпгина ижобий ўзгаришлар юз берди. Бундай янгиликлар кутубхона тизимида ҳам амалга ошириляптими?
— Ҳа, сўнгги йилларда кутубхона тизимида ҳам илғор технологиялар кенг қўлланилмоқда ва бу соҳада сезиларли ижобий ўзгаришларга олиб келди. Хусусан, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, маълумотларга тез ва осон кириш имконига эга бўлиш сингари қулайликлар умумий иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, бизнинг ахборот-кутубхона марказимизда ҳам фондимиздаги китоблар рақамли шаклга ўтказилмоқда. Рақамлаштириш фойдаланувчиларга интернет орқали китобларни ўқиш, излаш ва юклаб олиш имконини беради.
Ахборот-кутубхона марказимиз ўз сайтига эга. Бундан ташқари, барча ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларимиз мавжуд. Китобхонлар бизнинг фаолиятимиздаги янгиликлар ҳақида ижтимоий тармоқлар ва сайтимиз орқали бемалол маълумот олиш имконига эга. Ижтимоий тармоқлардаги манзилларимиз қуйидагича:
www. infocenter.uz
www.facebook.com/MirzoUlugbekTAKM
www.instagram.com/mirzo_ulugbek_takm
t.me/mirzo_ulugbek_takm
www.youtube.com/@mirzo_ulugbek_takm
Қизиққан барча инсонлар шу манзиллар бўйича қўл телефонлари, компьютер ёки планшетлар орқали бемалол кириб, фаолиятимиз билан танишишлари мумкин.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти маҳалла кутубхоналари институтини давлат сиёсати даражасига кўтаришга катта эътибор қаратмоқда. Бу инфратузилмалар маҳаллаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, китобхонлик маданиятини ошириш ва аҳолининг турли қатламлари учун замонавий маълумотларга кириш имконини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу масалада сиз фаолият юритаётган ахборот-кутубхона маркази қайси маҳаллада жойлашган ва сизларни маҳаллалар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Бу сиёсат маҳаллаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар ва катталар ўртасида китоб ўқиш маданиятини шакллантириш ҳамда жамиятда билимли ва фаол шахсларни тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Ахборот-кутубхона марказимиз “Лашкарбеги” маҳалласи ҳудудида жойлашган. Мирзо Улуғбек туманида 70 та маҳалла мавжуд. Нафақат “Лашкарбеги” маҳалласи билан, бизга яқин бўлган кўплаб маҳаллалар билан ҳамкорлик шартномалари тузганмиз. Биз маҳалладаги фаоллар, таянч гуруҳлар, маҳалла раислари ҳамда таълим муассасалари билан доимий ҳамкорликда иш олиб борамиз.
Маҳаллалар билан ҳамкорликдаги асосий йўналишларимиз: китобхонликни оммалаштириш, яъни мактаб ўқувчилари, коллеж, лицей ва олий таълим талабалари ҳамда маҳаллада яшовчи ёшлар учун “Китобхонлик ҳафталиги”, “Энг фаол китобхон” танлови, бадиий асарлар муҳокамаси каби тадбирлар ташкил этамиз.
Шунингдек, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказамиз, масалан, маҳалла билан ҳамкорликда миллий байрамларимизга бағишланган адабий кечалар, анъаналар ва маънавий қадриятларга бағишланган учрашувлар, маҳаллаларда яшовчи нафақадаги зиёли инсонлар билан учрашувлар ўтказиш анъанага айланган.
Аҳоли учун ахборот хизматимизда ишсиз юрган ёшлар ва аёллар учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка оид адабиётлар, йўриқномалар тақдим этиб, уларнинг билим олиши ва касбий кўникмаларни эгаллашига имкон яратамиз.
Булардан ташқари, кутубхона ҳаракати — “Китоб уйга боради” хизматимиз ҳам мавжуд. Юришга қийналадиган, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун махсус китоб етказиб бериш хизмати ташкил қилинган.
— Ушбу касбни танлашингизга нима сабаб бўлган?
— Бу касбни танлашимнинг асосий сабабчиси — шу соҳада ишлаб, бизни китоб ўқишга, уни севиб, авайлашга ўргатган онажонимдир.
Ҳар бир инсон ҳаётида муҳим давр — касб танлашдир. Бу қарор осон ва шу билан бирга завқли бўлди. Чунки онам айнан шу касб эгаси бўлганлар ва болалигимдан биз фарзандларда китобга меҳр уйғотганлар.
Онамнинг ҳар бир китобни эҳтиётлаб сақлашлари, китобхонларга бўлган меҳри ва ўз ишларига бўлган масъулияти менда катта таассурот қолдирган. У киши кутубхона фақат китоб сақланадиган жой эмас, балки билим, маданият ва маърифат маркази эканини кўрсата олдилар.
Шу сабаб мен ҳам онам каби инсонларга хизмат қилишни, уларга зиё улашиш ва китоб орқали жамиятга фойда келтиришни мақсад қилдим. Бу танловим билан фахрланаман ва унинг замирида онамга бўлган ҳурмат ҳамда миннатдорлик туйғуси ҳам мужассамдир.
— Янглишмасам, бир пайтлар бошқа давлатлар, жумладан, Германия билан дўстлик алоқалари ўрнатилган эди. Ҳатто кутубхонанинг ўзида тил ўрганиш курслари бўлар, немис ижодкорлари билан учрашувлар ўтказилар эди. Ҳозир ҳам бу каби эзгу ишлар давом этяптими?
— Албатта, давом эттирилмоқда. Ахборот-кутубхона марказимиз Германиянинг Ўзбекистондаги Гёте институти билан 20 йилдан зиёд ҳамкорликда ишлаб келмоқда. Ахборот-кутубхона марказимизнинг 2-қаватида Гёте институти томонидан ташкил этилган “Немис ўқув зали” мавжуд. Ушбу ўқув залида 5 мингдан зиёд немис тилидаги ўқув, бадиий, илмий ва болалар адабиётлари мавжуд. Бу йил ҳам Ўзбекистондаги Гёте институти билан ҳамкорликда бир-бирини такрорламайдиган, ранг-баранг, барча ёшдаги китобхон ва фойдаланувчиларни қамраб оладиган ҳафталик тадбирлар ўтказдик. Немис тилидаги адабиётларни ўқишни севувчи, немис тилини ўрганишни хоҳловчи барча ёшдаги китобхонларни ахборот-кутубхона марказимизга таклиф қиламиз.
— Ҳозирги кунда ёшлар кўпроқ телефонга боғланиб қолгани рост. Аммо асарни телефонда эмас, китоб ҳолида ўқишнинг завқи бошқача. Буни тушуниб етадиган китобхонлар борми? Уларнинг сафини кенгайтириш учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Жуда ҳам долзарб ва ҳақиқатга яқин фикр билдирдингиз. Ҳа, бугунги кунда кўп ёшлар смартфон, планшет ва ижтимоий тармоқларга кучли боғланган — бу эса китоб ўқиш маданиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аммо шунга қарамай, асл китобни ўқишнинг руҳий ва маънавий фойдасини англайдиган китобхонларимиз кўп. Уларнинг сафи кундан-кунга кенгаймоқда.
— Кутубхонанинг келгуси иш фаолияти, режалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Кўзлаган режаларимиз кўп. Фақатгина уларни амалга оширишда мутасадди ташкилотларнинг озгина қўллаб-қувватлови ва молиявий кўмаги зарур.
Кутубхона жамият маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис келгусида кутубхона фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий талабларга мослаштириш мақсадимиз бор.
Бунинг учун:
– рақамли кутубхона платформасини яратиш;
– кутубхона фондидаги китобларни рақамлаштириш;
– электрон китобхонлик хизматини йўлга қўйиш;
– интернет орқали масофавий китоб ўқиш имконини яратиш;
– рақамли кутубхона платформасини яратиш сингари ишларни амалга ошириш учун бизда сканер ва компьютер жиҳозлари етишмайди.
Янги адабиётлар ва ресурслар билан бойитиш, ўқув заллари жойларини кенгайтириш;
– интерактив тадбирлар ва маданий лойиҳалар ўтказиш;
– кутубхона ходимлари малакасини оширишга эътибор қаратиш;
– кутубхона фаолиятини такомиллаштириш ва ундан самарали фойдаланиш орқали аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш энг муҳим вазифаларимиздан.
Келгуси режаларимизда ахборот-кутубхона маркази фаолиятини янада жонлантириш, китобхонларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан, марказимизни капитал таъмирлаш, янги жиҳозлар ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлашга эҳтиёж сезилмоқда. Агар мазкур таклифлар амалга оширилса, китобхонлар учун янада қулай, замонавий ва самарали муҳит яратилади, марказимиз эса билим ва маърифат тарқатиш йўлида ўз ҳиссасини янада кучайтирган бўлар эди.
Аҳил ва фидойи жамоамиз шундай кун келишидан умидвор ва бунга ишонади.
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият ходими
Муқаддас АБДУСАМАТОВА
суҳбатлашди.