Ота ҳақидаги энг яхши асар

ёки Сайёра Самандарнинг
“Менинг отам” китобини ўқиб…
Сайёра Самандар отасига бағишлаган эссе-хотира китобини шундай номлаган. Мазкур китобда нафақат ўз қизига “бани яхшиликларни илинган”, “шамолларга елкасини тутиб берган, қаҳратонни меҳри билан қайтарган” ота, балки таниқли журналист, ёзувчи, шоир, давлат ва жамоат арбоби Эркин Самандарнинг ижодий фаолияти, инсонийлиги мукаммал, юракдан, самимий, ўзига хос тарзда меҳр билан талқин қилинган.
Сайёра синглим, табриклайман сизни. Ота тўғрисида ёзилган энг сара асар, энг яхши китоб бўлибди. Мен ҳали бундай китоб ўқимаган эдим. Отасининг муносиб қизи сифатида меҳрга тўла инжу тергандек сўзлар кишини ҳаяжонга солади. Ҳаммамизнинг ота-онамиз бор, бўлган. Китоб ҳар бир фарзанд учун ноёб қўлланма, беназир хотира, муносиб мактаб вазифасини ўтайди. Чунки уни мутолаа қилиш жараёнида инсон ўз отасини гўзал ва бетакрор хотиралар билан эслайди, таҳлил қилади, хулосалар чиқаради.
Камина ҳам 1985 йилнинг 1 августида Эркин Самандаров бош муҳаррирлик қилаётган “Хоразм ҳақиқати” газетасида иш бошлаганман. Устозимизнинг мактабида, ҳақиқий дорилфунунда яна сабоқ олишни давом эттирдим. Муҳарриримизнинг ўша йиллардаги залворли ютуқлари, ташаббус ва ғоялари юртига, Ватанига муҳаббати нақадар кучли эканлигидан дарак берарди. Негаки, устоздаги юксак маънавият, ижодкорлик ва раҳбарлик салоҳияти янгидан-янги тадбирларни, ибратли амалларни дунёга келтирган. Ана шу меҳнат ва заҳматлар ушбу китобдан кенг ўрин олибди. Хурсанд бўлдим. Чунки биз бу саъй-ҳаракатларнинг гувоҳи бўлганмиз.
“Хоразм ҳақиқати”да ҳалол нон ейишни муҳарриримиздан ўргандик. Чунки газетанинг ҳалол нони жуда баракали эди. Тўғри, ўша йиллари таҳририятда тамагирлик билан шуғулланаётган баъзи ходимлар ҳам ишлашарди. Муҳаррир уларни ҳалол ишлашга, қаламни ҳаромга аралаштирмасликка даъват қилдилар. Бу тартиб ва талабчанликни хушламаган айримлар раҳбарга турли бўҳтонларни уюштириб, синдиришмоқчи ҳам бўлишган, “лекин эгилган ҳақиқат асло синмади. Ундай кимсаларни ҳаётнинг ўзи жой-жойига қўйди”. Мазкур китобда ана шу синмаган ҳақиқат баён этилган.
Эркин Самандар ёш кадрларга ўта талабчанлик ва алоҳида эътибор билан қарардилар. Ёшларнинг “журналистика қозонида қайнашлари” учун кўп меҳнат қилдилар. Таҳририят қошида ишчи-деҳқон мухбирлари университетининг фаолияти йўлга қўйилиб, бу мактабда ўз даврида юзлаб инсонлар сабоқ олганлар. Улар келгусида газетанинг жамоатчи мухбирлари бўлиб шаклландилар. Бундан ташқари, улардан таҳририятнинг доимий ишлайдиган ходимлари ҳам етишиб чиқди. Жамоатчилик асосидаги мазкур университетга таниқли журналист, муҳаррир ўринбосари Арслон Отажонов ректор, мен проректор сифатида фаолият кўрсатганмиз. Ўқувчилар билан, асосан, газета жанрлари хусусида суҳбатлар олиб бориларди. Эркин ака тез-тез машғулотларга кириб, ўқувчилар билан яқиндан учрашиб, уларнинг саволларига эринмасдан жавоб берардилар. Бу эса ижодий муҳитни янада жонлантирган, газетанинг халқчиллигини таъминлаган, унга ишонч янада ошган.
Эркин аканинг ҳар бир ишга ижодий, виждонан, адолат билан ёндашувлари жамоани янада жипслаштирган, оғзибирчилигини таъминлаган. Бугун мен ҳам раҳбар бўлиб, баъзан зиддиятли, гоҳо қалтис ва мушкул вазиятларда қандай иш тутишим кераклигини ўйлаганимда, устозни эслайман. Ўша оғир-вазминлик, сокинлик, сабр-бардош муҳим эканлигини бот-бот такрорлайман. Сайёра ёзади: “Отам 80 ёшдан ўтган пайтлар эди. Бир гал суҳбатимиз орасида: “Ота, Сизга ёмонлик истаганларнинг ҳаммасининг ҳоли не кечганлигини кўришингиз учун ҳам Худо Сизга узоқ ёш берган”, дедим. “Ҳа, қизим, кўрдим, кўряпман… Ҳаётий хулосам шуки, ёмонларга қайтариб тош отишнинг сира кераги йўқ. Уларга у тош бошқа ердан келади. Мен шунга амал қилдим”, дедилар”. Мен ҳам ишчи вазиятларда, меҳнат фаолиятимда шу қоидага амал қилдим ва тўғри йўлда эканлигимни тушундим.
Афсуски, бугун айрим амалдорлар орасида устозимизга хос бебаҳо сифатлар, фазилатлар жудаям ноёб бўлиб бораётганлигини илғаш қийин эмас. Баъзи идора ва ташкилот раҳбарларидаги манманликни, такаббурликни, коррупцияга йўл қўйилиши ҳолатларини кўриб, дилинг вайрон бўлади. Ҳаётини ҳалоллик, тўғрилик, ҳақиқатни севиш билан безаган устоздек инсонлар бугун орамизда етишмаяпти. Шунинг учун ҳам ушбу китобни ҳар бир зиёли раҳбар тегишли хулосалар билан ўқиб чиқиши ниҳоятда фойдали бўлар эди. Мутолаадан сўнг Хоразмнинг асл фарзанди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Эркин Самандарнинг ҳаётий фаолияти, шахсияти муносиб ота бўлиш учун катта ҳикмат, виждонли ва ҳалол раҳбар бўлиш учун эса ҳавас қилгудек тўғри йўл эканлигини англайди ҳар бир ўқувчи. Фақат ўқиш керак, уқиш керак бундай китобларни. Қисқаси, тоғнинг маҳобатини, одатда, узоқларда туриб кўриб бўлганидек, Эркин Самандарнинг тадқиқотларга, таҳлилларга бой ижоди ва умр дафтари йиллар ўтган сари юксалиб, сайқаллашиб бораверади. Зеро, яхшилардан яхшиликни англаб, унга эргашмоқ буюк ибратдир. “Менинг отам” ҳаммамизга яхши ибрат битиги бўлибди.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.