Тараққиётнинг муҳим қадамлари

Бугунги кунда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг чинакам тараққиёт сари йўл очаётган муҳим қадамлари ҳисобланади. Ортга қайтмас бу ислоҳотлар нафақат таълим сифатини яхшилаш, балки ёш авлодни замон талабларига мос, рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда. Илм-фан ва технологиялар тез суръатлар билан ривожланаётган бугунги дунёда ўзгаришларга мослашиш ва инновацияларни жорий этиш олий таълим тизимининг асосий вазифаларидан бирига айланган.

Бу жараёнда нафақат янги ўқув дастурлари ва педагогик технологиялар киритилмоқда, балки олий ўқув юртларининг бошқарув тизими ҳам янгиланмоқда, халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш механизмлари йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, таълим ва илмий-тадқиқотлар интеграцияси кучайтирилмоқда, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш тизими кенгаймоқда. Натижада олий таълим нафақат касбий билимларни бериш манбаи, балки янги фикрлар, инновациялар марказига айланмоқда.

Ислоҳотлар мамлакатимизни халқаро таълим майдонида рақобатбардош қилиш, ёшларнинг билим олиш ҳуқуқини кенгайтириш ва уларни дунёқараши кенг инсонлар сифатида камолга етказиш имконини беради. Шу йўл билан таълим тизимимиз ҳақиқатан ҳам чинакам тараққиётга қадам қўймоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Таъкидлаш керакки, бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим таянчи — бу илм, маърифат ва янгича тафаккур асосидаги ижтимоий ислоҳотлардир. Айниқса, олий таълим соҳасида сўнгги йилларда бошланган туб ўзгаришлар халқимизнинг келажагига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, янги авлодни илм-фан, инновация-технология ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирмоқда. Бу ислоҳотлар — оддий ўзгаришлар эмас, балки тарихий илдизларга таянилган, буюк алломаларимиз ва жадидларимиз орзу қилган юксалиш йўлининг мантиқий давоми, десак, муболаға бўлмайди.

Айнан Мирзо Улуғбек, Хоразмий, Алишер Навоий, ибн Сино, Беруний каби кўплаб алломаларимиз илм-фанни жамият тараққиётининг юраги деб билган. Улуғбек “илм йўқ жойда адолат йўқ”, дея таъкидлаган бўлса, жадидлар — Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхоновлар эса халқни қутқариш йўлини замонавий таълим, мактаб ва маърифатда кўрган. Бугун уларнинг орзулари, миллатни уйғотиш йўлидаги фидокорона курашлари олий таълимдаги ислоҳотлар тимсолида ўз аксини топмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев алломаларимизни юксак қадрлаб, “Агар биз буюк аждодларимизнинг илмий мероси ва маънавий қадриятларини чуқур ўрганиб, улардан сабоқ олмасак, замон билан ҳамқадам бўла олмаймиз”, — дея бежиз эътироф этмаганлар.

Дарҳақиқат, бугун олий таълимда халқаро аккредитация тизими, талабалар академик мобиллиги, таълим ва илм-фанни интеграциялаш, чет эллик профессорлар иштироки, замонавий инновацион лойиҳаларнинг жорий қилиниши — буларнинг барчаси маърифатпарвар аждодларимиз интилган юксак тараққиёт сари дадил қадамдир.

Энг муҳими, бу ислоҳотлар фақат техник ёки ташкилий ўзгаришлар эмас — улар ўзликни англаш, миллий ғурурни уйғотиш, ёш авлодни маънавий етук ва замонавий билимларга эга шахс сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бугунги талабалар — кечаги жадидлар орзу қилган, эртанги Янги Ўзбекистонни барпо этадиган авлоддир. Шундай экан, бугунги олий таълимдаги ҳар бир ислоҳот — бу ўзликка қайтиш, тарихдан илҳомланиб, келажакка дадил қадам ташлашдир. Бу — нафақат тизим ислоҳоти, балки миллат тафаккури, маданий юксалиш ва маънавий уйғонишнинг янги босқичидир.

Олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳаёти мисолида тўхталадиган бўлсак, қарийб 100 йилга яқин тарихга эга университет нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ҳамда жаҳон иқтисодиётининг турли соҳаларида фаолият юритаётган юқори салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаб келмоқда. Университетни тамомлаган битирувчилар Марказий Осиё ва дунё миқёсида давлат ва нодавлат ташкилотларида турли даражадаги лавозимларда фаолият юритиб келаётгани ҳам ушбу университетнинг нуфузи юқори эканлигини кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 февралда қабул қилинган “Иқтисодиёт соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига Тошкент молия институти ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтни қўшиш асосида қайта ташкил этилди.

Университетда 14 та факультет ҳамда 38 та таълим йўналишлари мавжуд бўлиб, ҳозирда жами 45 мингга яқин талабага сифатли таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Университет қошида 2 та академик лицей ва 6 та техникумда профессионал таълим берилмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2500га яқин профессор-ўқитувчилар фаолият юритиб, уларнинг илмий салоҳияти 60 фоизни ташкил этади. Бу борада ёш олимларни қўллаб-қувватлашга, уларни ҳар томонлама рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва илмий салоҳиятни ошириш юзасидан тегишли “Йўл харита”си ишлаб чиқилган бўлиб, истиқболда 100 фоизга олиб чиқиш кўзда тутилган. Қувонарли ҳолат шуки, ёш олимлар ва тадқиқотчилар нуфузли хорижий ОТМлари билан илмий тадқиқот ишларини олиб бориш масаласида юқори даражада ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган, бу ўз навбатида олиб борилаётган илмий ишларнинг савиясини янада оширишга ва илмий натижаларни амалиётга кенг жорий қилиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалаларида қўл келмоқда. Университет ахборот-ресурс маркази фондида маҳаллий, хорижий ва замонавий адабиётлар жамланган.

Университетда ҳозирда барча таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича халқаро рейтинглардаги “ТОП-300”таликка кирувчи университетларнинг ўқув режалари ва фан дастурлари асосида янги малака талаблари, ўқув режалар ва фан силлабуслари ишлаб чиқилган. Испаниянинг Барселона университети, Буюк Британиянинг Лондон иқтисодиёт мактаби ҳамда Манчестер университети, Испаниянинг Валенсия университети ва Буюк Британиянинг Суррей университети кабилар шулар жумласидандир.

Университетда Буюк Британия, Австрия, Индонезия, Россия ҳамда Беларусь давлатлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилган. Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университети чет мамлакатларнинг 250дан ортиқ олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик битимлари асосида иш олиб бормоқда.

Университетда илмий-амалий лаборатория ва инновацион тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда, 3 та йўналишдаги инновацион марказлар, илмий-амалий лабораториялар фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан, Нобель мукофоти соҳиби, профессор Раэ Квон Чунг раҳбарлигидаги “Янги иқлим инновациялари маркази”, “Microsoft” компанияси билан ҳамкорликдаги ўқув-илмий лаборатория ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ислоҳотлар самараси ўлароқ, университетда ўқув жараёнлари тўлиқ халқаро стандартлар асосида, таълимнинг кредит-модуль тизимида ташкил этилган. Ҳар бир таълим йўналишида инглиз тилида дарс жараёнларини олиб боришга ихтисослашган гуруҳлар мавжуд. Университетнинг 5 та таълим йўналиши халқаро аккредитациядан ўтказилганлиги жуда катта ютуқларимиздан бири ҳисобланади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети миллий ва халқаро рейтингларда юқори ўринларни қайд этиб келмоқда, хусусан, университет “QS Stars” рейтингида 5 юлдуз олган Марказий Осиёда иккинчи ва Ўзбекистонда биринчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. “QS WUR Asia” рейтингида Осиё қитъасида 401-ўринни, Марказий Осиё ОТМлари орасида 23-ўринни, Ўзбекистон ОТМлари орасида 3-ўринни қайд этган.

Университетда жами 10 дан ортиқ талабалар турар-жойларида талабалар вақтларини мазмунли ўтказишлари учун “Караоке” клуби, киберспорт хоналари ҳамда касб-ҳунар тўгараклари, алоҳида сузиш ҳавзаси, спорт мажмуалари ташкил этилган. Талабалар ўз иқтидорларини юзага чиқаришлари учун университетда турли маданий тадбирлар уюштирилмоқда.

Университетда “фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси” узлуксизлигини таъминлаш юзасидан соҳа ишлаб чиқариш ташкилотларида кафедра филиаллари ташкил этилган бўлиб, талабалар бевосита ўз мутахассисликлари бўйича турли тижорат банклари, молия ташкилотлари, суғурта компаниялари, бюджет ташкилотларида, кўплаб корхона ва ташкилотларда “5+1” форматида амалий машғулотлар олиб боришади. Яна бир янги қувонарли тажриба қўлланмоқдаки, битирувчи талабаларнинг битирув малакавий ишлари ҳимоялари ҳам 100 фоиз амалиёт жойларида ташкил этилмоқда, бу эса ўз навбатида истеъмолчилар учун кадр танлаш, талабалар учун эса ишга жойлашиш имкониятини бермоқда, мазкур тажриба ўзини оқламоқда ва “назария-амалиёт” уйғунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Университет битирувчиларига мамлакатимизнинг иқтисодиёт ва бошқа соҳаларида талаб юқори эканлиги сабабидан битирувчиларнинг иш билан таъминланиш кўрсаткичи ўртача 98 фоизни ташкил этмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаларга кенг қамровли таълим, юқори малакали профессор-ўқитувчилар, амалий тажриба, халқаро алмашинув дастурлари, замонавий инфратузилма, тадбирлар ва клублар, илмий изланишлар, кампус ҳаёти, молиявий ёрдам каби имкониятлар тақдим этиши нафақат маҳаллий ОТМлари орасида, балки халқаро даражада ҳам нуфузини ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, талабалар ўз устида ишлашлари учун Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (“Association of Chartered Certified Accountants” — ASSA) билан ҳамкорликда “ASSA” томонидан аккредитациядан ўтказилган “International institute of finance and accounting” инновацион илмий-ўқув стартап маркази, АТ-парк ҳамкорлигида “Digital finance” инкубация ва акцелерация маркази фаолияти йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, университет илм-фан, таълим ва инновацияларни ривожлантириш орқали иқтисодиёт ва инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ва келажак етакчиларини тайёрлашни ўзининг устувор мақсади деб билади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат таълим йўналишлари дунёда тан олиниб, университет халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтган олий таълим даргоҳларидан бири бўлганлигини қувонч билан эътироф этишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармонида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, Президентнинг 2024 йил 7 февралдаги “Иқтисодиёт соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам илмий фаолиятни жаҳон стандартлари асосида ташкил этиш, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада ошириш, илғор хорижий тажрибага эга илмий-педагогик кадрларни кенг жалб этиш каби масалалар устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад — таълим дастурларини халқаро талаб ва стандартларга мослаштириш, илғор хорижий тажрибаларни мамлакатимиз таълим тизимига жорий этиш ҳамда шу асосда бозор талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборатдир.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида юқорида келтирилган вазифалар ижросини таъминлаш, бугунги маҳаллий ва хорижий меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар тайёрлашда сифатли ва халқаро стандартларга мос таълим бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Амалий саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, университетнинг 5 та бакалавриат таълим йўналиши: молия, банк иши ва аудит, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, иқтисодиёт ва суғурта иши Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (“IAAR” (“НААР”)) томонидан ишлаб чиқилган стандартларга мувофиқ халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди. Халқаро аккредитация агентлигининг сертификатини олиш бу — университетнинг таълим сифати даражаси бўйича халқаро миқёсда эътироф этилишидир. Эндиликда ТДИУ бакалавр дипломини олган битирувчи шу дипломи билан Европа мамлакатларидаги исталган ОТМ магистратурасида таҳсил олиши имкониятига эга бўлади. Агентлик экспертлари бевосита аккредитацияга жалб этилган таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар ва дарс машғулотларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар билан таълим жараёнини ташкил этиш ва унинг сифати юзасидан суҳбатлар уюштирган. Шунингдек, халқаро экспертлар университетнинг аккредитациядан ўтаётган таълим йўналишларини тамомлаган собиқ битирувчилари билан ҳам интервьюлар ўтказган. Корхона ва ташкилотларга ташриф буюриб, бевосита иш берувчилар билан халқаро экспертлар ўртасида бўлиб ўтган мулоқотлар натижалари таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (“IAAR” (“НААР”)) вакили томонидан университетнинг тегишли таълим йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтганлигини тасдиқловчи сертификатлар топшириш маросимида Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (“IAAR” (“НААР”)), Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, республикамизда фаолият кўрсатаётган бошқа олий таълим ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Халқаро экспертлар Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори тарзда баҳолаб, ушбу ислоҳотлар кун сайин ўз самарасини бераётгани ва халқаро майдонда юртимизнинг нуфузи ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтишди. Бунинг яққол далили сифатида университет таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтганлиги, таълим соҳасини модернизациялаш, таълим жараёнини янги технологиялар асосида ташкил этиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, таълим тизимини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол натижаси эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Олиб борилаётган барча ислоҳотлар, шунингдек, таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан ўтганлиги мазкур таълим йўналишларининг халқаро миқёсда тан олиниши ҳамда таълим сифатининг янги босқичга кўтарилганлигининг яққол исботидир, десак, муболаға бўлмайди. Олий таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни юксак марраларга олиб чиқиш йўлида қўйилган дадил қадамлардир.

Тўлқин ТЕШАБАЕВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт

университети ректори,

иқтисод фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 14 =