Ўзбекистон ва Хитой: Илм ва таълим соҳасидаги алоқалар янги босқичда

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорлик сўнгги йилларда барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Хитой билан ҳамкорлик — мамлакатимиз тараққиёти ва минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим омилдир”. Шу жараёнда таълим ва илм-фан соҳасидаги муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.

Сентябрь ойида Хитойнинг Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти университетларининг VIII энергетика конференцияси ҳамда Гансу провинцияси, Дунхуан шаҳрида “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги Университетлар альянсининг 10 йиллик юбилей конференцияси бўлиб ўтди. Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети (ТДМАУ) делегацияси бу нуфузли халқаро анжуманларда фаол иштирок этди.

Конференцияларда энергия хавфсизлиги, қайта тикланувчи манбалардан самарали фойдаланиш, рақамли иқтисодиёт ва “яшил технологиялар”ни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш ва таълим-илм соҳасида ҳамкорлик йўналишлари ҳам кун тартибида бўлди. Бу масалалар нафақат бугун, балки келажак учун ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Профессор-ўқитувчилар ва ёш олимларнинг қўшма тадқиқот лойиҳалари, талабалар ўртасида тажриба алмашиш дастурлари ва қўшма таълим йўналишлари йўлга қўйилди. Шунингдек, делегация энергетика, агротехнология ва инновация соҳаларида қўшма лабораториялар ташкил этиш, стажировкалар ўташни йўлга қўйиш, академик алмашинув дастурларини амалга ошириш ва халқаро грантларда иштирок этиш масалаларини илгари сурди.

ТДМАУ ва Хитойнинг Шимолий Хитой энергетика университети (“NCEPU”) ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди. ТДМАУ ректори Расул Тўраев ва “NCEPU” раҳбари Баи Хинжу ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини ташкил этишни назарда тутади. Бу келишув талабалар учун янги имконият эшикларини очади, олимлар учун эса илмий майдонни кенгайтиради.

Шунингдек, ТДМАУ ректори ва “NCEPU” халқаро таълим институти декани, профессор Қи Женг ўртасидаги учрашувда 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб ТДМАУ талабаларининг “NCEPU”да таҳсил олиши, қўшма илмий тадқиқотлар йўлга қўйилиши ва битирувчиларни Хитойнинг Ўзбекистондаги қўшма корхоналарида ишга жойлаштириш масалалари келишиб олинди.

Маълумки, 1958 йилда ташкил этилган “NCEPU” бугунги кунда “Хитой электроэнергетикасининг бешиги” сифатида эътироф этилган. Университетда 24 мингдан зиёд бакалавр, 15 мингдан ортиқ магистрант ва аспирант, шунингдек, 1000 дан ортиқ хорижий талаба таҳсил олмоқда. 3000 дан зиёд профессор-ўқитувчилар фаолият юритади, улар орасида 450 нафар профессор бор.

ТДМАУ ҳам ўз салоҳияти билан ажралиб туради. Университетда 5 та факультет, 20 та кафедра, 56 та бакалавриат йўналиши ва 15 та магистратура мутахассислиги мавжуд. 10 455 нафар талабага 339 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда, уларнинг 126 нафари илмий даражага эга. Илмий салоҳият кўрсаткичи 37 фоизни ташкил этади. Университет Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Хитой каби давлатларнинг нуфузли олийгоҳлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2024-2025 ўқув йилида 20 нафар хорижий профессор дарс берди, 58 нафар профессор-ўқитувчи эса хорижда стажировка ўтади.

Конференциялардан ташқари, делегация Пекин шаҳридаги “Center International Group Co.Ltd” компанияси фаолияти билан ҳам танишди. Компаниянинг инновацион технологиялари ва қуёш панеллари келгуси қўшма лойиҳаларда муҳим йўналиш сифатида баҳоланди.

Дунхуан шаҳрида бўлиб ўтган 8-“Silk Road (Dunhuang) International Cultural Expo” форуми ва Университетлар альянсининг 10 йиллик конференциясида ҳам ТДМАУ делегацияси иштирок этди. Форумда цивилизациялар ўртасида мулоқот, маданий меросни муҳофаза қилиш, сунъий интеллект ва ёшлар дипломатияси каби масалалар муҳокама қилинди. Иштирокчилар Могао ғорларидаги тарихий деворий нақшлар ва Будда ҳайкаллари билан танишиш имконига эга бўлдилар. Гонконг симфоник оркестри томонидан унутилмас концерт тақдим этилди. Шунингдек, “Mingsha Mountain” — “Шовқинли қум тоғлари” манзараси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Университетлар альянсининг юбилей конференциясида ТДМАУ ректори Расул Тўраев маъруза қилди. У ўз нутқида энергия хавфсизлиги ва барқарорликнинг бугунги ва келажак учун устувор йўналиш эканини қайд этди ҳамда Сурхондарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда қурилган Марказий Осиёдаги энг йирик қуёш электр станциясини икки давлат дўстлиги ва стратегик шериклигининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этди.

“Энергия хавфсизлиги ва барқарорлик — бугунги кун ва келажак учун устувор йўналиш. Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида амалга оширилган қуёш электр станцияси — бу икки давлат дўстлиги ва стратегик шериклигининг ёрқин намунасидир”, — деди Расул Тўраев.

Бундай нуфузли тадбирларда фаол иштирок этиш ва халқаро ҳамкорлик ташаббуслари нафақат ТДМАУнинг, балки, умуман, Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро нуфузини оширмоқда. Минтақада илмий-тадқиқот ва таълимий интеграция жараёнлари кучаймоқда. Энг муҳими, мамлакатимиз ёшлари замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар сифатида халқаро майдонда муносиб рақобат қила олади.

Шу маънода, ТДМАУ делегациясининг Хитой сафари амалий натижаларга эришилгани ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари билан Ўзбекистоннинг илм-фан ва таълим соҳасидаги халқаро нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Заҳириддин ТЎРАЕВ,

ТДМАУ Ахборот хизмати раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 7 =