Хатар дарбозаси

Қулман ОЧИЛ

(Романдан боб)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Hurriyat” газетасининг шу йил 27 сентябрь 37-сонида чоп этилган “Балли, Қулман Очил!” сарлавҳали хитоби газетхонлар эътиборини тортди. Атоқли адиб ўз мақоласида ёзувчи, публицист ва таржимон Қулман Очил “ижодида кескин бурилиш” юз бергани ҳақида сўз юритар экан, “сафимизда ҳазиллашиб бўлмайдиган асл бир адиб пайдо бўлганига ишонч ҳосил қилгани”ни таъкидлаган ва бир саволни кўндаланг қўйган эди: “Хатар дарбозаси”ни қачон ўқиймиз, Қулман Очил?”

Куни кеча таҳририятимизга ёзувчи Қулман Очилдан қуйидаги иқрорнома келди:

“Аксарият ёзувчи ва шоирлар катта адабиёт даргоҳига журналистика эшиги орқали кириб келади. Журналистлик менинг ҳам умрим мазмунига айланган. Ўз вақтида гувоҳ бўлганларим — кўп ғаройиб воқеалар анчадан бери қоғозга тушгиси келар эди. Туширдим. Тиниб-тинчимас, ўтюрак ҳамкасбларимиз ҳақидаги “Хатар дарбозаси” романимдан бир жузини “Hurriyat”га илингим келди”.

Дунё деган шундайин

англаб бўлмас сир экан.

Абдулла Орипов

 

Чори Халил отга минди

Чори Халил яна йўлга отланди. Юрт кезишни яхши кўрса, нима қилсин! Имкон туғилди дегунча, одмигина кийиниб, қаншарига ойнаси камалак жилвали кўзойнагини қўндириб, елкасига уриниброқ қолган сумкасини илиб, эркин қуш каби қанот қоқса. Водийлару воҳалардан ошса, шаҳар-қишлоқлару овулларда, тоғу тошларда тунаса. Қўшнисидан бошқа ҳеч ким танимайдиган одамлар ҳақида ёзса. Ёзаверса. Сумкасидан дафтар-қалами, дафтар-қаламининг ёнидаги китобдан хатчўпи аримаса. У киролмаган эшик, суҳбатини ололмаган инсон бўлмаса. Тилини топса! Шу чоққача у ёғидан ўтиб, бу ёғидан ўтиб бўлса-да, топиб келяпти-ку! Аэропортларда, вокзаллару бекатларда сарғайиб кутиш, улов деганнинг унисидан тушиб, бунисига қараб чопиш, поездларнинг шалоғи чиқиб кетган вагонларидаги аччиқ тутун, автобуслардаги ур-йиқит, меҳмонхоналардаги жой танқислиги, жазирама, қора совуқ… Чидаса. “Тоққа чиқмасанг, дўлана қайда?” Қурум босган инжиқ шаҳардаги ётоқхона ёки ишхонада эснаб, мудраб, чарвидай тўнглаб ўтиргандан минг марта авло! Элкезарлик — унинг ўсмирликдан ардоқлаб келаётган орзуси. Газетадан берилган гувоҳномасига ҳам адабий тахаллуси “Элкезар” деб дарж этилган! Нимасини айтасиз, саргузаштга майли баланд саргашта йигит.

Кийимнинг одмию қулайини хуш кўришининг сабаби: тахи бузилиб, ғижим бўлиш хавфидан холи. Бошида енгилгина сурп кепка, эгнида кепкасидай кўкиш кўйлак, кўйлагига рангдош юпқа шим. Ҳар гал устига илар экан, ювилавериб ўнгиб кетган уст-бошидан унчалик кўнгли тўлмай, улар билан хайрлашиш фурсати келганини ўйлайди. Вақтини кўзи қиймай орқага ташлайверади: эртан, индин, кейинги ҳафта. Бошқа нима қилсин: дўконларда кийим-бош тўлиб-тахланиб ётган бўлса экан, маъқулини танласанг-у, пулини тўлаб олиб кетаверсанг! Ҳаммаёқ шип-шийдам. Аслида, пулдан унчалик ғам ейдиган жойи йўқ. Маоши бинойи. Ой оралатиб қалам ҳақи тегиб турибди. Ошиб-тошиб кетмаса-да, ўзининг еб-ичиши-ю қишлоқдаги онаси билан хотинига жўнатиши учун етади. Нолинса — айб. Ўзига қолса, одамларга, айниқса, чолларга дарров эл бўлиб кетса: “Қани, бува, бу йилги ҳосилдан гапиринг. Чўғи қалай?” “Бурноғи йил анча қурғоқчил келувди, улим. Худога шукур, бу йил кўкламида қарашиб турибди! Бувдойнинг бошоғи кўкракка уради…”

Жайдари одамлар билан гурунглашишнинг гашти бўлакча-да!

Шундай қилиб, тақдир шамоли уни яна йўлга бошлади. Бошлаши олдидан фикри расо ва тиниқ нашр — “Жумҳурият” газетаси бош муҳаррири Ориф Эгамберди навбатдаги буйруққа имзо чекди: “Махсус мухбир Чори Халил Чебаркўл туманига хизмат сафарига юборилсин”. Ҳар гал бундай ҳужжатни кўрганида Чори Халилнинг кўзлари “О. Эгам” деб чекилган имзодан ва “махсус мухбир” деган икки сўздан чарақлаб кетади! Таҳририятдаги етти бўлимда ўттиздан зиёд мухбир, етакчи мухбир, бўлим мудири бор. Бош муҳаррир ҳузуридаги махсус мухбир бош муҳаррирнинг ўзи каби — яктогина! Махсус, яъни кўпнинг орасидан танлаб олинган ва ишонч билдирилган ягона махсус мухбир. Ойлик маоши шунга яраша: бўлим мудириникидан ҳам ўн сўм зиёд. Топшириқни раҳбарнинг тўппа-тўғри ўзидан олганингга, тепангда алай-балай деб бошингни қотирадиган хўжайиннинг камроқ бўлганига нима етсин!

Уч йил аввал, профессор Ориф Эгамберди университет проректорлигидан газетага раҳбар бўлиб келганидан сўнг, қўл урган биринчи иши — шу лавозимни очган ва унга ўзи номзод танлаган. Танлар экан, негадир Чори Халилга тўхтаган. Кўпчилик буни олим билан унинг тақдиридаги ўхшашликка йўйган: иккови ҳам уруш кўрган, иккови ҳам қон тўккан, иккови ҳам фронтовик, икковининг ҳам дарди-касали бир.

“Чорибой отга минди! — деб таъриф берган спорт шарҳловчиси Шерпўлат Душаев. — Қандини урсин!” Ўша отнинг номи ишонч. Чори Халилнинг ҳар қандай чигал, можароли, жанжалли масалани ҳалол ва адолатли ҳал қила олишига комил ишонч. Бундай чигал топшириқларни бош муҳаррир дуч келган ходимига ишониб топширавермаслиги аён.

Ориф Эгамберди кўпнинг ичида, мажлисда гулдураган овозда гапининг “бердиси”ни айтган: “Чарибай — дадил йэгет, лафзи ҳалал. Калами дуруст. Канун-кайидани яхши билади. Тиллани рангига эмас, тазалигига караб баҳалайдилар”.

Оқ оралай бошлаган тўлқинсимон сочини орқага тараган бош муҳаррирнинг бу эътирофини “отга минган йигит” мўътабар унвон каби қабул қилган ва кўнглининг бир четида истак пайдо бўлганки, қани энди, ҳамма уни ана шу мўътабар унвон билан “махсус мухбир Чори Халил” деб атаса. Шу унвонни хосиятли тумордай бўйнига тақиб юрса!

Ориф Эгамберди — бағрикенг, ҳалол ва дангал одам. Шунинг учун уни ҳамма яхши кўради. Гапига қулоқ солади. Чори Халил устозини ранжитиб қўйишдан чўчийди. Айни ҳадикда маҳлиёлик ҳам йўқ эмас: бу дунёда донишманд деган улуғ зот бўлса, ўша зот — Ориф Эгамберди. Йўқ, унга ялтоқилик қилмайди, сиғинмайди, лекин меҳри, ихлоси баланд. Орзуси — ушбу меҳр ва ихлос ўзининг дилига доим нур ва фахр бағишлаб турса.

Ҳаётингда суянадиганинг, ихлос қўйган пири комилинг бўлгани — омадинг келгани! Баъзан ўзига сиртдан қарагудай бўлса, билиб-билмай устозига тақлид қилаётганини — ёзиши, феъли, салмоқлаб гапиришлари ўхшаб кетаётганини сезиб қолади. Ўхшаса-чи! Ўхшаса, нимаси ёмон? Аслида, Чори Халил ўзининг кимлигини яхши билади: жимжима гапларга тоқати бўлмаса-да, китобийлиги, хаёлпарастлиги, ўжарлиги бор.

Уни бошқа нашрларга, юқори лавозимларга таклиф қилишди: дурустгина маош, идора машинаси, тиббий хизмат имтиёзлари, квартира масаласида ваъдалар берилди… Кўнмади. Устозининг юзига оёқ боссинми! Ҳаётда нимагадир эришмоқ учун нимадандир воз кечиш даркор.

Газетхон Тошбиби Мусаеванинг шикоят хатида келтирилган фактларни текшириш учун унга тўрт кун муҳлат берилди. Бориши-келишига икки кун кетиши аниқ, Чебаркўл деганлари дунёнинг нариги буржида. Аввал поездда, кейин автобусда, ундан сўғин туяда-ю қора пиёда бориладиган овул… Йўғ-э, жуда унчалик эмасдир?

Бош муҳаррир ҳам, аёнки, йўлга тушаётган махсус мухбирнинг ўзи ҳам, бор-йўғи тўрт кунлик бу сафар Чори Халилни хатар дарвозасига рўпара қилиб, бошига талай савдолар солиши ва ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборадиган синовга айланишини хаёлига келтирмаган эди.

…Тонгги ғира-ширада вилоят марказида беш дақиқа тўхтаб ўтган поезддан тушиб, автовокзал ёнидаги бозор устидан чиқди. Келди-кетдисининг ҳисоби йўқ оломоннинг ғивир-ғивирию шивир-шивири авжида. Сотармон ҳам, олармон ҳам, асосан, қора-қура эркаклар. Бундай тунги бозор — енг ичида иш битирувчи олибсотарлар макони айни замонда шаҳарман деганнинг ҳаммасини забт этган. Қош қорайганда бошланади-ю, то миршаблар эрталаб оёққа қалқиб, хуфя тужжорларни олдига солиб қувламагунича тўхтамайди.

— Жинси шим бор, — деб шипшиди мўйловдор бир йигит унинг биқинидан келиб.

— Қаерники? — дея сўради махсус мухбир гўё шартта пул санаб беришга интиқ харидордай.

— Қаерники бўларди, Американики. “Монтана”!

— Нархидан келинг.

— Икки юз.

— Дуруст, — деб мужмалсиди харидор ва нари кетди. Чўнтагинг кўтармагандан кейин илож қанча?

Қўйни тўла товар бўлса керак, сарғиш костюми қаппайиб турган пакана бир одам “Фекон” кўйлакдан гап очди. Тугмалари қирсиллама эмиш. Демак, кўйлак ҳам хорижники.

— Қанча деяпсиз?

— Эллик.

Чори Халил энди норози бош ирғайди:

— Қиммат, ака, қиммат.

Қизил салтанатга путур етиб, мустабид тузум чок-чокидан сўкилиб бораётганини сезиш учун айни бир бозорга бош суқсангиз кифоя. Эл нима қилсин, давлат магазинлари ва корхоналаридан аллақачон барака кетиб, “хусусий” деган етти ёт тушунча ҳали онгларни тўлиқ ишғол қилмаган. Гугуртдан тузгача — ҳаммасига қирон келган. Тополмайсиз. Топилганда — тала-тала. Нарх-наво эса ўйнагани-ўйнаган. Ишсиз, бошсиз, эгасиз, ош-овқатсиз қолиб, оломонга айланган улус ўз билганича кун кўриш пайида. Шўро замонида тўкин-сочин куннинг ўзи бўлганми?

Автовокзал этагида аёллар ҳоким — овқат тўла челак, тоғора, қозон, манқали билан хўрандаларни емакка чорласа, сигарет кўтарган болакайлар кашанда овлайди. Кўмир тутуни кўнгилни айнитиб, кўзни ачиштиради. Элкезар сирланган пақирдаги нўхатли кескан ошни кўриб, яйраб кетди ва ҳаш-паш дегунча икки сопол косасини қора мурчдан қуюқ сепиб, ялаб-юлқаб ташлади. Хушхўр, хушҳазм, муҳими, арзонгина. Қорин тўқ — ғам йўқ.

Чебаркўлга борадиган сариқ автобус ярим соатдан кейин жўнар экан. Ўртадаги ўриндиққа чўкди-ю, ёнидаги сумкасига тирсак тираб, пинакка кетди. Етмиш чақирим йўлда эски автобус оз деганда икки соат ўрмалаши тайин.

Юзини кимдир дағал ва нам қўли билан силаб, бурнига хас тиққандай бўлди. Тепадан қуйилаётган муздай сувдан уст-бошининг шалаббоси чиқиб кетган. Ўзини четга олай деса, оёқ-қўли — зил-замбил, кўтаролмайди, бўйнига йўғон занжир солинган. Турмоқ илинжида қаттиқ силтанган эди, боши недир харсангга урилди. Оғзидан сўлаклари сачраганча акса уриб юборди.

Сесканиб кўзини очди ва қаршисидаги ўриндиқ суянчиғига калла қўйганини англади. Ойнага тортилган дағал парда орасидан мўралаётган қуёш тиғларини беаёв сочар, махсус мухбирнинг оёқ-қўли уюшиб, қотиб қолган эди. Офтоб нурида кўзлари шафақланиб кетди. Томидаги қия очиқ туйнукларидан гармсел ёпирилаётган “қўқонарава” лиқ тўла. Жой етмаганлар шундоқ полга ўтириб олган. Автобус нотекис йўлда дала-дашт оралаб уриниб-силкиниб бораётганига қарамай, ҳамма бирдай мудраган. Чори Халилни анчадан бери кузатиб келаётган бўлса керак, ёнидаги кўкала соқоли калта кузалган одам бир тебраниб олди. Тебранганида тиззасидаги каттагина каноп халтасидан чинни идишнинг шиқирлагани қулоққа чалинди.

— Полвонларнинг келбатини берасиз, — деди кўкала соқол ва Чори Халилнинг сумкасидаги “Sport” деган яшил ёзувга ишора қилди. — Биз томонларда мусобақа борми дейман?

Чори Халил аввал оғзини кафти билан ёпиб эснади ва маза қилиб керишиб олди:

— Ҳа, энди…

Кўкала соқол жавобни тушунмади. Элкезарнинг ўзи ҳам унчалик тушунгани йўқ. Гап орасида билдики, кийим-бошидан дори ҳиди анқиб турган ҳамроҳи — бугун шифохонадан чиққан. Борар манзили бир — Чебаркўл.

— Чеҳрангиз таниш, — деди кўкала соқол. — Сизни қаердадир кўрганман.

— Балки, — дея қисқагина жавоб қилди махсус мухбир Чори Халил. Унга қолса, ўзи изидан тушган одамни топиши муҳимроқ эди. — Амаки, балки сиз Ирисмат Мусаев деган одамни танирсиз? Анча машҳур дейишади…

Кўкала соқол у томон илкис бурилди ва нигоҳидаги қизиқиш — ҳайратга, ҳайрат дарҳол ҳадикка айланди.

— Нима эди? — хушламайроқ сўради. — Қариндошимисиз?

Чори Халил рад маъносида танглайини такиллатди.

Бу жавобдан кўнгли тўлмаган амаки юзини четга буриб, бошида бехосдан оғриқ тургандай кўзини юмди. Шу кетишда манзилга етгунларича очмади ҳисоб. Ўзини ухламишга солиб келаверди. Кўринишидан ҳали олтмишга бориб-бормаган, ранг-рўйи, эгни-боши тоза-озода, саратоннинг офтобини кам кўрган. Дабдурустдан журъатсиз дейиш қийин-у, лекин анча эҳтиёткор одам. Журналистнинг тахминича, қадалиб ишлайдиган майдароқ амалдор.

— Мен сизни танидим, ука! — деб юборди у бирдан ва аввал кўзи, сўнг чиройи очилиб кетди. — Сиз мухбир Чори Халилсиз. Телевизорда кўрганман!

Ёлғон устида қўлга тушган болакайдай ҳайратда қолган журналист базўр жилмайди:

— Оббо! Умрим бино бўлиб бир марта телевизорда чиқсам-у, шуниям эслаб қолганингиз қизиқ!

Амаки завқланиб кулди ва изоҳ берган бўлди: бетоб одамнинг телевизор томоша қилиш-у газета-журнал ўқишдан бошқа нима эрмаги қолади? Бунинг устига, кўрсатув икки-уч марта такроран берилган бўлса.

— Бу жигитни қаерда кўрганман, деб роса ўйладим. Телевизорда зўр гап айтгандингиз-да! “Қўшнисидан бошқа ҳеч ким танимайдиган одамлар ҳақида ёзсам”, деганингиз ёдингиздами?

Бу эътироф мойдай ёқиб кетган Чори Халил тасдиқ маъносида бош ирғади.

— Яна мақолангизни эсладим. Яқинда чиққанди-ку, “Бировга қолган кун”миди?

— Ҳа.

— Сарлавҳасини айтинг! Сарлавҳасиям зўр!

Чори Халил ундан меҳмонхона қаердалигини сўрагиси келмай турган эди, автобусдан тушганларидан кейин амаки яна тилга кирди:

— Айбга буюрмасангиз, Чорижон, бир таклифим бор.

— Айтинг.

— Ишингиз битганидан кейин, оқшом бизникига келсангиз. Уйим шу яқин орада, — у қўлини кунчиқар томон чўзди. — Ҳув сувминорани кўряпсизми? Биқинида нарвони бор.

— Ҳа, анча баланд экан.

— Ўша миноранинг ёнида, Саёҳат кўчаси, 11-ҳовли. Аблай аканики қаерда деб сўрасангиз, ҳамма билади.

— Фамилиянгизниям айтсангиз, хурсанд бўлардим.

— Нурбоев. Аблай Нурбоев.

Чори Халил қўлини кўксига қўйиб, миннатдорлик билдирган бўлди:

— Аниқ ваъда беролмайман, амаки, лекин ҳаракат қилганим бўлсин.

Ҳамроҳининг қандайдир дарди борлиги ва ўша дард Тошбиби Мусаеванинг эри Ирисмат Мусаевга дахлдорлигини сезиш учун қилни қирқ ёрган изқувар ёки валий бўлиш шарт эмасди. Иши ўнгидан келаётганидан енгил тортган махсус мухбир Чори Халил меҳмонхона томон шитоб одимлади.

Мусофирхонадаги жойини тайин қилиб, туман партия қўмитаси саркотибининг қабулхонасига кириб борганида котиба аёл бурнига пахта тиқилган хастадай палағда овозда унинг кимлигини ижикилаб суриштиришга тушди. Ташрифномасини кўргач, дик этиб ўрнидан турди-ю, икки қаватли заранг эшик ортида ғойиб бўлди. Зум ўтмай, оқ-сариқдан келган тўлароқ одамни бошлаб чиқди. Чори Халил уни таниди: саркотиб Сувон Санақулов.

— Хуш келдингиз! — деди мезбон ва эшикни ланг очди. — Марҳамат қилинг, Чорижон.

Мезбон гапирди, меҳмон жим қулоқ солди. Бу тоифа раҳбарлар гапини бўлишингни, фикр-мулоҳаза билан ўртага суқилишингни хушламайди. Буйруқ бериб, вазифа юклаб, натижасини сўраб ўрганган. Раъйига қараган маъқул.

— Ёш экансиз, эҳтиёт бўлинг, — деб очиқчасига огоҳлантирди Сувон Санақулов олдидаги хатдан кўзини узмай. Унинг хатдан ҳорғин нигоҳини узолмаётганининг сабабини Чори Халил сезди: ўзи бир ёқли қилолмаган жанжалга журналистни аралаштираётганидан ва яна ўзи мудҳиш хатардан огоҳлантираётганидан хижолатда.

Саркотибнинг гапларини эшитиб, Чори Халилнинг тасаввурида бетлари бужур, лаблари юпқа, ғазабнок бир одам жонланди ва қоп-қора қалин қошлари кўтарилиб тушди. Бу — хаёлидан “оббо, шундай денг” қабилидаги бир гап ўтганидан далолат. Бундай лаҳзаларда у кўнглидан жой олмоққа уринган ўша хавотирни кўтарилган қошлари жойига тушгунича унутади. Қулоғи ваҳимали гапларга кўникиб кетган. Манглайини секин силаб қўяди: “Пешонамдан кўраман”.

— Мусаев ҳеч балодан қайтмайди, — деди Сувон Санақулов. — Эски боксчи. Тоғ кўзига кесакча кўринмайди. Очиғини айтаман: сизни худо етказди, ука.

Сиртдан қараганда ғалати эшитиладиган бу гаплар беҳуда айтилмаётганини Чори Халил ғира-шира бўлса-да англаб турарди. Ёш бола эмас, кўп кўрган. Амалдор қавми журналист зотига дуч келса, икки оғиз тайинсиз, тузсиз-тутуриқсиз гапни минғир-минғир қилиб, тезроқ қутулиш пайига тушади: “Узр, мажлисим бор эди!” Чебаркўлнинг саркори бундай қилмади. Ўрта бўйли, думалоқ кўзлари ўйчан, чеҳраси очиқ бу одам шошилмай гапирарди. Қўллари этдор, бақувват, қарашлари синчков. Нигоҳи билан ичингизга кириб, бор ўй-хаёлингизни билиб олмоқчидай. Тахминича, саркотиб Чори Халилдай бир беминнат мулозимнинг келишини анчадан бери кутиб юрган-у, энди қулай фурсатдан фойдаланиб қолмоқчи. Аслида, бунинг ёмон жойи йўқ. Кўнглидаги бор гапни яширмасдан айтишга қарор қилган. Бу қарор замиридаги гапларнинг завқини туйган махсус мухбирнинг касб касали хуруж қилиб, ўзича талмовсираб, савол деганни ёғдириб ташлагиси келди. Келди-ю, ўзини базўр ушлади. Номсиз бармоғига узукдай ўралган яшил симни секин бураб қўйди: “Ҳозир ков-ковнинг мавриди эмас! Гап қистириб, фикрини бўлма!”

Суҳбат аввалида саркотибнинг Ирисмат Мусаевга тиш қайрайдиган бирор қасди йўқмикан, деган гумонга борди. Аммо шубҳаси асослидай кўринмади. Кўрингани — сабр-бардош бобида мезбон Чори Халилдан баланд экан. Неча бор ўйланиб, неча бор хўрсинди. Хўрсинишларидан сезилдики, саркотибнинг ичи тўла дард. Вазмин одам бўлишига қарамай, ўша дард асабларини еган. Бу унинг сезилар-сезилмай титраётган қўлларидан, совиткич ғириллаб турганига қарамай, кенг манглайи, чаккалари, бўйнида дам-бадам ялтираётган ва рўмолчаси билан артиб олаётган реза-реза томчилардан кўриниб турибди. Четдан қараб, уни шалвираган одам дея олмайсиз. Чори Халилнинг билишича, кўпчилик ҳайиқадиган, пойтахтда ҳам гапи кесадиган раҳбар. Биров жойидан қимирлатиши маҳол. Узунқулоқ гапларга қараганда, баландроқ жойлардан умиди йўқ эмас.

Ажабки, ҳаммага зарбини ўтказиб келаётган ана шундай устомон одамга жўнроқ бир боксчи беҳад азоб берган. Алам ўтказган. Камситган. Хўрлаган. Урмаган, сўкмаган, албатта, лекин туманнинг олий мақомли амалдорини — Доруғасини, яъни хўжайинини (дарров ўзига хос ва ўзига мос лақаб топганига қойилмисиз!) сариқ чақага олмаган. Доруға тутаб кетади. Сенинг гапларинг, сенинг топшириқларинг, сенинг қарор-марорларингга — менинг шашварим, деган-да ўша собиқ боксчи. Мажлисга чақирсангиз — келмаса. Қарор чиқариб, эл қатори унинг хўжалигига ҳам вазифа юкласангиз, бажармаса. Ҳисобот талаб қилсангиз, вақтида тақдим этмаса. Тепкилагандан нимаси кам? Ҳай, майли, деб, катта бошингизни кичик қилиб, ўзингиз олдига борсангиз, лоақал уйидан чиқиб, саломингизга алик олишни ўзига эп кўрмаса! Дала-даштни айлангани кетган эмиш. Басирини топибди: дарвозасининг олдида иккита ҳашаматли машина ялтираб турибди. Бири оқ, иккинчиси кўмирдан ҳам қора…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − thirteen =