Алпомиш келбатли ботирсан, ВАТАН!

Абдумажид АЗИМ

ЎЗБЕК

Қизлари малика, йигитлари бек,

Ўзлари ерда-ю, ғурурлари осмон!

Таниб қўй,

Бу халқнинг номидир ўзбек,

Бу тоғу даштларни дейди Туркистон!

 

Бахши, ҳофизлари чечан, ўтнафас,

Улар куйлаганда булбуллар тинар.

Ўзбекка тўйлашни ўргатмагин, бас,

Исрофгар десанг гар, кўнгли оғринар.

 

Тилини суйганни жонидан суяр,

Сахийфеъл ва ҳақгўй, содда, тўпори.

Энг тансиқ таомин қўноққа қўяр,

Ҳиммату саховат ўзбекнинг бори.

 

Қай бир қавмларга оила-рўзғор юк,

Ёқтирар боламас, кучук боқишни.

Болам деб, жонини беради ўзбек,

Болам деб яшайди ўзбек яшаса.

 

Сабру қаноати боболардан мерос,

Борига шукр этиб, кўнади йўққа.

Ақлу заковатда бўлсанг-да мумтоз,

Ўзингча осмондан келма ўзбекка.

 

Уддалабсан осон яшашни, қойил,

Ўзбекка ўргатма қандай яшашин.

Жаҳонда биттадир ўзбек деган эл,

Қидириб овора бўлма ўхшашин!

 

ЖУМА ДЕВОНА

Элбоёнда тарқалди миш-миш:

“Ойга ошиқ Жума девона,

кечалари томда юрармиш,

ой ишқида ёниб урёна”.

 

Энасига айтади сирин,

учрашганин ой билан сойда:

“Эна, ойни менга оберинг,

тўй қилайлик келаси ойда”.

 

Энасига айтар дил ёзиб,

кеча ойдан олганин бўса:

“Фақат ойдир менга муносиб,

юрагимни ёндирган ўша”.

 

Эна эса бир сўз деёлмас,

ич-ичидан қовурилади.

Қидиради зир югуриб қиз,

калишлари едирилади.

Боряпти ёши ҳам қирққа,

болалар-ла ўйнайди чиллак.

Қизлар тегмас телба ошиққа,

ўсмирларга Жумабой эрмак.

 

Атайлабдан отишади гап,

девонага қувгина қизлар.

Энасини қўймайди тезлаб:

“Қачон совчи жўнатасизлар?”

 

Эна эса кўксини ушлар,

қадалгандай заҳарли бир ўқ.

Жума тентак гўдакдай йиғлар:

“Ойдан ўзга, эна, тенгим йўқ”.

 

Элбоёнда тарқалди миш-миш:

“Томдан учиб кетганмиш Жума,

осмонларда сузиб юрармиш,

юрагини қилиб у кема”.

АЁЛ УХЛАЯПТИ

Аёл ухлаяпти, уйқуларда у,

Сочлари жамалак бир қизни кўрар,

Тоғларга ястанган адирларда у

Найсонга чўмилиб, қизғалдоқ терар…

Эслар ўн саккизда келин бўлиб у,

Отасин йиғлатиб кетганларини.

Мусофир шаҳарда соғинчга тўлиб,

Онасига хатлар битганларини.

 

Аёл ухлаяпти чарчаган, толғин,

Кулар тушларида майин, беозор.

Қовоғи салқиган, юзлари сўлғин,

Митти елкасида

Қирқ йиллик рўзғор.

Фарзандларга она, эрига бекач,

Ҳовли, қозон-товоқ — эртаю оқшом.

Бола-чақам дея яшай бошлагач,

Ўзи-чун яшашни унутган тамом.

 

Қирқ йилки, ўзини ўт-чўққа уриб,

Изғирин шамоллар юзларин чаққан.

Рўзғорнинг не иссиқ-совуғин кўриб,

Ўчоғидан кириб, кулидан чиққан.

Бир қарасанг чўри,

Бир қарасанг она,

Ўзбек аёллари ҳаммаси ўхшаш.

Керакмас уларга қасру кошона,

Оила тинч бўлса бас,

Шу-да, бир яшаш!

 

Аёл ухлаяпти, уйқуларда у,

Балки кўраётир қизлик чоғларин.

Эрка болаликни — шодон, беқайғу,

Кўкларга ўрлаган Бойсун тоғларин.

Кетмас кўз ўнгидан дашту далалар,

Мактаб саҳнасида у куйлар ҳамон.

Жажжи қўғирчоққа айтиб аллалар,

Қувар капалакни қийқириб шодон!

ҲАЙВОНОТ БОҒИДА

Ҳайвонот боғида ажиб манзара,

Оҳу ва бўрилар яшар ёнма-ён.

Битта том остида кийик, тасқара,

Тулкининг жиғига тегади қуён.

Ҳайвонлар шоҳининг феъли ғалати,

Шернинг шерлигида қолмабди урвоқ.

Филнинг филлигидан қуруқ савлати,

Йўлбарслар мушук-ла тутинган ўртоқ.

Ҳайвонот боғида қушлар тутқунда,

Бургутлар ҳаккага масхара экан.

Лочинлик сиёғи ётдир лочинга,

Уйқучи бойўғли пинакка кетган.

Бир сўзни қайтарар тўтилар сайроқ,

Чийиллар қафасда шаллақи сиртлон.

Йўл-йўлли зебралар зерикиб узоқ,

Даштларни соғинар олис, бепоён.

Эшаклар ҳанграшиб отади ханда,

Жирафа бўйнини чўзади кўкка.

Шохларда имиллаб ўрмалар Панда,

Кенгуру қафасда тушади чўкка.

Кўлмакдан бошини кўтариб гоҳ-гоҳ

Атрофга совуққон боқади тимсоҳ.

Ҳаммага ҳуснини қилганча кўз-кўз,

Ўзин минг оҳангга солади товус.

Маймун писта чақар, қуриб чордона,

Худдики дунёда ундан доно йўқ.

Туяқуш қушлигин қилар баҳона,

Ортамиз дейишса, елкасига юк.

Уч юз йил яшаган тошбақа хумпар,

Тош коса ичидан оламга бўйлар,

Дунё ишларидан буткул бехабар,

Охурдан бошини кўтармас қўйлар.

 

ЎЗБЕКИСТОН

Ватан, Хоразмда ўсган бир гужум,

Олис аждодлардан хотирсан, Ватан,

Ватан, отам каби камтар, камсуқум,

Алпомиш келбатли ботирсан, Ватан!

 

Бу ёғи Андижон, у ёғи Устюрт,

Элим бир-бирига узанги йўлдош.

Қувончу дардларим айлади унут,

Зарра озоридан, кўзим тўла ёш…

Энтикиб Дарбандга ошганда довон,

Ҳаяжон босади шому наҳорда.

Ҳануз жаннатмакон Термизий бобом,

Соялаб ўлтирар Сайроб чинорда.

Самарқанд тарихнинг буюк онаси,

Қадимликда Римдан қадимдир, аён.

Шариф Бухоронинг зўр Афшонаси,

Ибн Синосига интиқ, нигорон!

Қанча талотўплар кечди не замон,

Қани Шоҳруҳия, Пойкенту Ўтрор,

Ёвга бош эгмади мулки Туркистон,

Фарзандлар улғайди ёвқур, қасоскор.

Шерюрак Широқнинг шахтини кўриб,

Дородай шоҳлар ҳам бермадими тан?

Тўмарис кўксидан чиққан ҳайқириқ

Ўзинг эмасмидинг, эй азиз Ватан?!

Ўзинг эмасмидинг ғаним йўлини,

Мангуберди бўлиб тўсолган тўфон.

Ўзинг эмасмидинг, жаҳон элини

Оғзига қаратган Темур Кўрагон…

Қанча Бухорийлар, Термизийларинг,

Кўкларга кўтарди илм машъалин.

Улуғбек осмонга тикиб кўзларин,

Фалак юлдузларин тузди жадвалин.

Қай бири шон талаб, қай бирлари нон,

Келмиш тупроғингга шоҳлар, фотиҳлар,

“Аҳволинг не бўлди, дея, Туркистон!”

Беҳбудий йиғлади субҳи содиқлар.

Ватан деб оҳ чекди Қодирий, Фитрат,

Чўлпону Усмонни кимлар сотдилар?

Жадидларни эмас, деворга тираб,

Ватаним, жаллодлар сени отдилар!

Бироқ сен, Ватаним, кўксингни кериб,

Ҳамиша интилдинг эрк, қуёш томон.

Минг йиллар сўнгида толе ярқираб,

Давлат қура олдинг, ҳур Ўзбекистон!

Боқаман елдайин учқур асримга,

Йилларга татийди унинг ҳар они,

Не буюк мўъжиза, қайтди бағрингга

Минг йиллар сўнгида Темурбек шони!

Ҳар қарич тупроғинг табаррук, суюк,

Олисларга кетсам, дилга ёр, Ватан.

Ўзинг буюклардан мен учун буюк,

Тенгсиз бахту ғурур, номус, ор, Ватан!

 

Номинг довруқлидир бутун дунёга,

Сенга ҳавасдадир дўст-қардошларинг.

Тилагим, кафтларим очдим дуога,

Асло эгилмасин мағрур бошларинг.

 

ЙЎЛЛАРИМГА ҚАРАГАНЛАР

Соғинчларим айтай сизга ич-ичимдан,

Кўз тешилиб йўлларимга қараганлар.

Шамолларга айланайин мен шу зумда —

Жовдирашиб мени мендан сўраганлар.

 

Шамол бўлай ўнгингизда, сўлингизда,

Сиз ғашланиб: “Бузди деманг бу тинчимни”.

Илтимосим, тангу тор бу кўнглингиздан,

Жой сўрасам, увол этманг ўтинчимни.

 

Ўкинмасман кўнглингизда бўлмаса жой,

Омон бўлинг,

Йўлингизни берсин Худо.

Ғийбат қилиб юзларимга чапламанг лой,

Танимайин, кўрмай туриб мени ҳатто!

 

Қўйинг мени ўз ҳолимга, ёлвораман,

Баҳорларнинг ифорига қониб тўяй.

Қизғалдоқлар ҳузурига мен бораман,

Адирларни алвон-алвон рангга бўяй.

 

Чеҳрайи ранг хазон янглиғ заъфарондир,

Ўтаяпман бу кечани кеча-кеча.

Сиз билмайсиз,

Юрак-бағрим тўла қондир,

Тамом қилдим қонларимни ича-ича.

 

Ажабланма аҳволимга рўйи-олам,

Шамолдирман, бу йўлларда ўжар, саркаш.

Ерга сиғмас, кўкка сиғмас чеккан нолам,

Дардларимга топилмайди бирон дардкаш.

 

Агар бир кун қиёматга қолса дийдор,

Мени мендан сўраганлар бўлманг дилтанг.

Осон эмас бир кечада ўлиш минг бор,

Йўлларимга қараганлар мени кутманг…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =