Изланишлар самараси

Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча олий таълим даргоҳларида ўз фаолиятларини Президентимиз белгилаб берган тамойиллар асосида ташкил қилиш, соҳага жорий қилинган ислоҳотлар ижросини таъминлаш борасида жиддий изланишлар олиб борилмоқда, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Хусусан, Андижон давлат тиббиёт институтининг бугунги кундаги фаолиятига назар ташласак, алоҳида эътирофга лойиқ ютуқлар борлигига амин бўламиз.
Бу йил институт клиникаси тўлиқ олий ўқув юртимиз тасарруфига ўтди. Айни кунда клиникада жиҳозлаш ва пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Етти қаватдан иборат бўлган 2000 ўринли янги ўқув биноси клиника ҳудудида жойлашган. Бу талабаларга аудиторияларда олган назарий билимларини амалиёт билан боғлашларида жуда муҳим. Чунки институт клиникаси ва мазкур ўқув биноси ўртасида телемедицина тизими йўлга қўйилган. Клиниканинг ҳудудий жарроҳлик бўлимларида амалга оширилган операциялар тўғридан-тўғри ўқув хоналарига трансляция қилинади. Талабалар ушбу жараёнда шифокорга ўз саволларини бериш ва унга шу пайтнинг ўзида жавоб олиш имкониятига эга бўлишади.
Ўқув биносининг ҳар бир қаватида 28 тадан хона мавжуд. Барча ўқув хоналарида интерактив доскалар ва замонавий ўқув жиҳозлари ўрнатилган.
Бинода умумий 12 та маъруза зали мавжуд. Бинонинг иккинчи қаватида жаҳон стандартларига мос катта имкониятларга эга бўлган симуляция маркази жойлашган. Симуляция марказидан эса замонавий робот симуляторлари ўрин олган. Бу талабаларнинг олган назарий билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш имкониятини беради. Учинчи қават стоматология йўналишлари учун мўлжалланган бўлиб, энг замонавий стоматологик асбоб-ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланган.
Институтнинг Марказий илмий-текшириш лабораторияси ҳам қуриб битказилди. Ушбу бино 4 қаватдан иборат бўлиб, 400 ўринга мўлжалланган. Бинода 30 та ўқув хонаси, 21 та лаборатория хонаси, 1 та маъруза зали, 28 та кафедра мудири ва ёрдамчи хоналари мавжуд. 1 қаватли виварий бинолари, ташқи ёрдамчи бино ва иншоотларида қурилиш ишлари якунланиш арафасида.
Талабаларни турар-жой билан таъминлаш мақсадида навбатма-навбат янги иморатлар қуриб битказилмоқда. Жорий йилда ҳам давлат-хусусий шерикчилиги асосида 400 ўринга мўлжалланган янги талабалар турар-жойи фойдаланишга топширилди.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам якунланаётган йил самарали бўлди. Чунки бу йил АҚШ, Германия, Россия Федерацияси, Хитой, Корея давлатларининг нуфузли олий таълим муассасалари билан илмий, ўқув, клиник амалиёт масалаларида янги ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, замонавий тиббиёт муассасаларига мос равишда тажрибали мутахассисларнинг ҳам сони ортмоқда. Чет давлатларда малака ошириб келаётган профессор-ўқитувчилар, шифокорлар томонидан юқори мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Бу эса халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу каби заҳматли меҳнатларнинг самараси ўлароқ, ўз соҳасининг фидойилари қатор мукофотларга сазовор бўлишди.
Институтнинг 4 нафар профессор-ўқитувчиси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, 4 нафари ташаккурнома, 7 нафари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони, 1 нафари вазир фахрий ёрлиғи, институт профессор-ўқитувчиларининг 40 нафари вилоят ҳокими фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Травматология, ортопедия ва нейрожарроҳлик кафедраси мудири Қобил Худайбердиев II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди, “Йилнинг энг яхши шифокори” танловининг республика босқичида “Йилнинг энг яхши нейрохирурги” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллади.
“Корея халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси “KIWE”–2024”да Корея ихтирочи аёллари ассоциацияси томонидан госпиталь педиатрия кафедраси доценти Ҳурматой Ханкелдиева олтин медаль билан тақдирланди.
Врачлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультети неонатология кафедраси мудири, доцент Дилрабохон Эргашбоева эса “Йилнинг энг фаол олима аёли” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
Илмий фаолиятда ҳам ютуқларимиз талайгина. Институтда мавжуд 5 та ихтисослашган илмий кенгашлар сони яна 4 тага кўпайиб, бугунги кунда жами 9 та ихтисослашган илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилда институтнинг 6 нафар талабаси Президент ҳамда номдор давлат стипендияларига сазовор бўлишди. “Самарқанд–2020” V халқаро тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари олимпиадасида иштирок этган 20 нафардан зиёд талабаларимиз юқори ўринлар ва турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритиб қайтди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи институт бошланғич ташкилотининг фаол ёшлари “Йил эътирофи – 2024” тақдирлаш маросимида “Энг фидойи бошланғич ташкилот” номинациясида ғолиб деб топилди. Бу, албатта, ёшлар жамоасининг билимдонлиги ва жамоатчилик ишлари бўйича фаолиятининг натижасидир.
Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш иши (ўзбек, рус ва инглиз тилида), стоматология факультетлари таълим дастурлари Қозоғистон Республикасининг “ECAQA” маркази томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди. Халқаро аккредитациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномалар марказ томонидан тақдим қилинди. Бу эса институт учун юқори натижа, албатта.
Андижон давлат тиббиёт институтида амалга оширилаётган ибратли ишлардан яна бири халқаро илмий-амалий анжуманлар тез-тез ташкил этилаётганлигидир. Зеро, бундай тадбирлар ўзаро тажриба алмашиш билан бир қаторда талабаларнинг илмий салоҳияти кенгайишида муҳим роль ўйнайди.
Институтда ўтган йили 9-10 ноябрь кунлари ана шундай анжуманлардан бири бўлиб ўтди. Унда Россия, Германия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Непал каби давлатларнинг ҳамда Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳаси етакчи мутахассислари иштирок этди.
“Хирургия ва комбустиологиянинг долзарб муаммолари” мавзусига бағишланган мазкур халқаро илмий-амалий конференция ҳам барчада катта таассурот қолдирди.
Дарҳақиқат, Андижон давлат тиббиёт институти жамоаси таълим-тарбияни бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш учун астойдил изланяпти, ҳаракат қиляпти.
Кўриниб турибдики, изланиш бор жойда натижалар қувонарли бўлаверади.
Одинахон ҲУСАИНОВА,
Андижон давлат
тиббиёт институтининг
матбуот котиби.