Келажак мутахассислари учун яратилган замонавий шароитлар

Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети нафақат ўзининг бой тарихий мероси ва илмий анъаналари билан, балки замонавий таълим ва илм-фан учун яратилган кенг имкониятлари билан ҳам минтақада етакчи олий таълим муассасаларидан биридир. Университетда таълим сифатини ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун қулай ва самарали илмий муҳит яратиш мақсадида кенг кўламли инфратузилма ва шароитлар яратилган.

1935 йилда асос солинган бу қадимий илм маскани бугунги кунда нафақат Хоразм, балки бутун мамлакат таълим тизимида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Ҳозирги кунда университет таркибида 10 та факультет, 43 та кафедра фаолият юритиб, ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Таълим муассасасида 100 дан ортиқ бакалавриат йўналишлари ва 40 дан зиёд магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Бугун бу даргоҳда 26 мингдан ортиқ талаба билим олаётгани унинг салоҳияти ва нуфузини яққол намоён этади. Урганч давлат университети замон талаблари даражасида рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, илмий ва маънавий марказ сифатида юксалишда давом этмоқда.

Университетнинг асосий таянчи — бу илмий салоҳиятли, юқори тажрибага эга профессор-ўқитувчилар жамоаси саналади. Улар нафақат дарс берадилар, балки талабаларга чуқур назарий билим ва мустаҳкам амалий кўникмаларни сингдирадилар. Жамоа таркибида фан докторлари, профессорлар, илмий унвонга эга олимлар, шунингдек, хорижий мамлакатларда тажриба орттирган малакали мутахассислар фаолият олиб боришлари — ўқув жараёнининг замонавий ёндашувлар асосида ташкил этилишига хизмат қилмоқда. Ҳозирда 60 нафардан зиёд фан доктори, 345 нафар фалсафа доктори фаолият юритмоқда. Қолаверса, профессор ва доцентларимиз сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Ана шундай кучли илмий салоҳият ва тажрибага таянган ҳолда Урганч давлат университети талабалари келажакда рақобатбардош, мустақил фикрловчи ва юқори малакали кадрлар сифатида шаклланиб бораётганлари билан фахрланиш мумкин.

Бугунги кунда Урганч давлат университетида илм-фан тараққиётига хизмат қилувчи 6 та Илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. Бу кенгашларда 12 та ихтисослик бўйича илмий даражалар берилиши йўлга қўйилган.

Ушбу илмий кенгашлар нафақат ёш олимларнинг изланишларига йўл очади, балки фан ва амалиётнинг янги ютуқларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Айниқса, ўз диссертациясини ҳимоя қилаётган тадқиқотчилар учун кенг имкониятлар яратилган бўлиб, бу эса минтақамизда илмий муҳитни янада юксалтиришга, салоҳиятли кадрлар сафини кенгайтиришга замин яратмоқда.

Илм-фан, инновация ва амалиёт уйғунлиги — Урганч давлат университети фаолиятининг бош тамойилидир. Бу ёндашув орқали таълим жараёни фақат назария билан чекланиб қолмай, балки амалиёт билан чамбарчас боғланади. Университетда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, стартап лойиҳалар, халқаро грантлар ва илмий марказлар фаолияти — буларнинг барчаси талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, уларнинг ташаббускорлиги ва янгилик яратишга бўлган иштиёқини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Натижада ёш авлод нафақат билим эгаллайди, балки ўз ғоялари ва илмий ишланмалари билан жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган, глобал миқёсда рақобатлаша оладиган кадрлар сифатида камол топади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда даргоҳда 3 та йўналишда фаолият юритувчи 6 та замонавий илмий лаборатория мавжуд бўлиб, улар илм-фан ва инновацияларни амалиётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги лабораторияси янги маҳсулотлар яратиш, кимёвий таҳлиллар ўтказиш билан шуғулланиб, диссертациялар, ихтиролар ва монографиялар билан ютуқларга эришмоқда. Геоахборот тизимлари лабораторияси қишлоқ хўжалиги ва тупроқшуносликда геоахборот технологияларини (ГАТ) қўллаш орқали фойдали моделларга эришмоқда. Материаллар хусусиятлари ва яримўтказгичлар физикаси лабораториялари илмий мақолалар, ихтиролар ҳамда докторлик ишларига асос бўлмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбалари лабораторияси эса самарали қуёш панеллари, шаффоф қопламалар ҳамда инновацион қурилмаларни яратишга хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда ушбу лабораториялар негизида бир қатор докторлик диссертациялари ёқланганлиги, “Scopus” журналларида мақолалар эълон қилингани, монографиялар чоп этилганлиги, фойдали моделлар ва ихтиролар яратилгани — УрДУ илмий салоҳиятининг ёрқин тасдиғидир.

Университет бугунги кунда халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириб, 35 дан ортиқ мамлакатнинг 200 дан зиёд нуфузли олий таълим муассасалари билан шартномалар имзолаган. Ушбу ҳамкорликлар доирасида академик алмашинув дастурлари, қўшма илмий лойиҳалар ва таълимий ташаббуслар изчил ривожланмоқда. Натижада талабалар ва профессор-ўқитувчилар хорижий олийгоҳларда ўқиш, ўқитиш ва илмий изланишлар олиб бориш имкониятига эга бўлиб, бебаҳо тажриба орттирмоқдалар. Энг асосийси, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, таълим сифатини ошириш мақсадида АҚШ, Германия, Словения, Туркия ва Россия каби қатор мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан хорижлик профессор-ўқитувчилар мунтазам жалб этилмоқда. Улар нафақат маърузалар ўқиб, балки семинар-тренинглар ўтказиб, ёшларнинг билим ва кўникмаларини глобал талаблар даражасига кўтаришга хизмат қилмоқда. Халқаро миқёсдаги бундай ташаббуслар Урганч давлат университетининг нуфузини юксалтириб, уни минтақадаги энг илғор олий таълим масканларидан бирига айлантириб бормоқда.

Урганч давлат университети нафақат билим маскани, балки ёшлик қувончлари, орзу ва интилишлар майдонига айланмоқда. Бу ерда 50 дан ортиқ турли тўгараклар фаолият олиб бориб, ҳар бир талабага ўз иқтидорини юзага чиқариш, янги қизиқишларни кашф этиш имконини бермоқда. Спорт майдонларида тўп сураётган ёшлар, саҳнада миллий қадриятларни акс эттираётган истеъдодлар, интеллектуал ўйинларда тенгсиз билимини синовдан ўтказаётган талабалар, фестивалларда қалбларни жўш урдираётган санъаткорлар — буларнинг бари Урганч давлат университети ҳаётининг ёрқин манзарасидир. Энг муҳими, бу фаолиятлар орқали ёшлар нафақат билимли мутахассис, балки мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, баркамол шахс сифатида камол топмоқда. Чунки бу даргоҳда ҳар бир талаба учун эшиклар кенг очилган, имкониятлар эса чексиз!

Академик ва молиявий мустақиллик берилганининг самараси сифатида намоён бўлаётган бугунги ютуқлар Урганч давлат университетини янада замонавий, халқаро талабларга мос таълим масканига айлантирмоқда. Талабалар учун барча қулайликларни ўзида жамлаган ахборот-ресурс маркази, электрон таълим платформалари, рақамлаштирилган ўқув тизими — буларнинг барчаси таълим жараёнининг сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Олис масофадан келиб таҳсил олаётган ёшлар учун яратилган қулай ва хавфсиз ётоқхоналар эса нафақат яшаш шароитларини, балки таълим олиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш имкониятини ҳам беради.

Урганч давлат университетининг барча бинолари бугунги замон талаблари асосида жиҳозланган бўлиб, кенг ва қулай аудиториялар, амалиёт хоналари ҳамда замонавий лабораториялар талабаларнинг сифатли таълим олиши учун хизмат қилмоқда.

Ҳар бир факультет ўз соҳаси бўйича замонавий техника ва ускуналар билан таъминланган махсус ўқув хоналарига эга. Бу эса талабалар учун нафақат назарий билимларни эгаллаш, балки уларни реал амалиётда синаб кўриш имконини беради. Факультетларда фаолият юритаётган инновацион лабораториялар эса ёшларнинг илмий изланишлари ва креатив ғояларини рўёбга чиқариш майдонига айланган. Ана шундай шароитлар туфайли талабалар назарий билимларини амалий тажриба билан уйғунлаштириб, келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида шаклланиб бормоқдалар.

Айниқса, 2025 йилнинг ёзида университетда барпо этилган янги замонавий Ахборот-ресурс марказининг фойдаланишга топширилгани таълим сифати ва илмий фаолият учун улкан имкониятлар очди. Мазкур марказ талабаларнинг мустақил таълим олиш жараёнида ишончли ҳамроҳ бўлиб, илмий-ахборот ресурсларига кенг йўл очиб берди.

Янги Ахборот-ресурс маркази ўзининг ҳажми, замонавий жиҳозлари ва қулайликлари билан таълим муассасалари орасида алоҳида ўрин тутади. Бу марказ бир вақтнинг ўзида 1000 нафар китобхон ва тадқиқотчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, университетнинг барча факультетлари ва талабалар турар-жойларида жойлашган филиал кутубхоналар билан уйғун фаолият олиб бормоқда.

Марказнинг китоб фонди 23 038 номдаги 315 511 нусхадан иборат бўлиб, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, илмий ва бадиий адабиётлар кенг турларини ўз ичига олади. Бу хилма-хиллик ўқув жараёнининг барча босқичлари учун етарли бўлиб, талабалар ва ўқитувчиларнинг турли соҳалардаги илмий эҳтиёжларини қондиради.

Шунингдек, махсус эътибор кўзи ожиз талабалар учун яратилган қулайликларга қаратилган. Брайл ёзувидаги 92 номдаги 267 нусхадаги ўқув адабиётлари, шунингдек, электрон аудиокитоблар ва махсус эшитиш мосламалари билан жиҳозланган компьютерлар билим олиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Бу эса университетнинг инклюзив таълимга бўлган эътиборининг амалий ифодасидир.

Ахборот-ресурс маркази замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ жиҳозланган. 166 та компьютер интернетга уланган ҳолда фаолият юритиб, талаба ва олимларга жаҳон миқёсидаги илмий маълумотлар базаларига эркин кириш имконини яратади.

Бу марказ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг unilibrary.uz ягона электрон кутубхона платформасига муваффақиятли интеграция қилинган. Ушбу платформа орқали фойдаланувчилар электрон китоблар, илмий мақолалар ва бошқа таълимий ресурсларга онлайн кириш имкониятига эга бўлиб, таълим жараёни янада самарали ва замонавий даражага кўтарилди.

Янги кутубхона университет ва вилоят миқёсида таълим ва илм-фан ривожига катта туртки беради. Боиси, замонавий кутубхона ўқув жараёнининг сифатини тубдан яхшилайди, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини оширади. Бу ерда илмий тадқиқотлар самарадорлиги ошиб, янги инновациялар ва кашфиётлар юзага келишига замин яратилади.

Марказда яратилган шароитлар ёш авлод вакилларини илм-фанга жалб қилиш, уларнинг профессионал даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, махсус эҳтиёжли талабалар учун яратилган имкониятлар таълимдаги тенглик тамойилини мустаҳкамлайди.

Замонавийлик, кенг имкониятлар ва инновацион ёндашувлар нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам танилган илмий-тадқиқот масканларига айлантиради. Бу эса ёш олимлар учун катта истиқболлар эшигини очади, мамлакатимиз илм-фанининг жаҳон майдонида янада обрў-эътибор қозонишига хизмат қилади.

Сардор ХОДЖАНИЯЗОВ,

Абу Райҳон Беруний номидаги

Урганч давлат университети ректори в. в. б.

педагогика фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 4 =