“Кўнгилларга экарман сўз…”

“Ёшлик” журналининг илк нишонаси — 1982 йил 1-сонида ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) талабаси Абдумажид Азимнинг бир туркум шеърлари Абдулла Орипов оқ йўли билан эълон қилинганди. Мутафаккир шоир битган оқ йўлда шундай жумлалар бор эди: “Абдумажид шеърлари унинг келажагига ишонч билан қарашга асос беради. У сўз қадрини теран ҳис этади, шу сабабдан ҳам сатрлари равон. Ҳозир ҳар куни ўнлаб, балки юзлаб шеърлар яратилаётган бир пайтда эсда қолгулик бирор шеър ёзиш қийин гап. Чунки шеъриятга талаб ҳам унинг миқдорига мутаносиб равишда ўсиб бормоқда. Бу ўринда чуқур, оригинал мазмун катта аҳамиятга эгадир. Абдумажид ижодида юқоридаги талабларга жавоб бергулик ўктамлик бор. Албатта, адабиётда из қолдириш оқ йўл берган одамга эмас, ижодкорнинг ўзига боғлиқ. Ушбу ҳақиқатни укамиз ҳозирданоқ бутун масъулият билан англаб олишини тилайман”.

Шоирнинг илк туркуми “Баҳор келганда”, “Талабалик йиллар куйламоқда бот…”, “Менинг умид билан кўкка чўзган қўлларим…”, “Мен сенинг ёдингдан чиқдим. Унутдинг…” деб бошланадиган шеърлардан тузилган эди.

Бунга ҳам орадан қирқ йилдан ошиқ вақт ўтди. Бугун қўлимизда улуғ ёшга етган шоирнинг умр сарҳисоби — тўрт томлик шеърлар, таржималари турибди. Баъзи ижодкорлар турли услублар, шаклий изланишлар қилади. Турфа адабий оқимларни миллий тафаккурга пайванд этишга уринади. Қадим оҳанглар, халқона шеърият ва албатта, улуғ салафлари юрган йўлга содиқ қолароқ сермаҳсул ижод қилган Абдумажид Азим қўлида фонус билан пайкал оралаб юрган сувчига ўхшайди. Экинзорга яқин келган одам сувнинг шилдираши ва фонуснинг хира нурини кўради, холос. Сувчи меҳнати кўпинча беқадр қолади, аммо унинг заҳматидан пайкаллар яшнайди. Абдумажид Азимнинг содда, жайдари, ҳикматга йўғрилган шеърлари замонавий адабиётимизнинг муҳташам қасрига қўйилган бир ғиштдир.

Жаҳон шеъриятининг сара намуналарини ўзбекчага ўгириш орқали адабиётимизни бойитган шоир ижодини уч босқичда тадқиқ этиш ўринли бўлади.

1978-1995 йилларда яратилган шеърларда самимий туйғулар, беадоқ ҳайрат, юртга бўлган тийиқсиз муҳаббат, табиат манзараларининг тиниқ тасвирлари устуворлик қилганини сезиш қийин эмас. 1996-2015 йиллар оралиғида ёзилган шеърларда инсоний ва илоҳий муҳаббат мавзуси етакчи бўлса, 2016-2022 йилларда шоир ижодида афсус ва ўкинч, болалик соғинчи уфуриб турганини кўриш мумкин. Сўнгги йилларда ёзилган шеърларда эса шоир ўтган асрнинг 90-йиллар руҳиятига қайтгандай туюлади: муросасиз, ўжар ижодкор сиймоси кўз ўнгингизда гавдаланади.

Қўлига қалам тутган шоирнинг дунё — нафсга гинаси бўлади. “Сўз деҳқони эрур касбим, Кўнгилларга экарман сўз” дея ҳайқирган Абдумажид Азим дунёга шундай мурожаат этади:

Алам, ҳасратимни

Тушунгин бу кун,

Не боис фалакка

Исёнлар қилдим.

Юрагимни сенга

Кўрсатмоқ учун

Кўксимни ланг очиб

Қошингга келдим.

Абдумажид Азим сирти сокин, ботини нолакор шоир. Рўёга алдангандек кўринган қалбнинг жунбишга келганини ким ҳам кўрарди? Ижодкор қалбидаги шиддат-у шарора, сўнгсиз саволлар “Диллар биларми?” шеърида яққол кўринади.

Гузарлардан ўтсам урён,

Шиддатим селлар биларми?

Шарҳи дилим этсам баён,

Гунг-соқов диллар биларми?

 

Кўҳна оҳангларда битилган “Ой ўтлар қирда, юлдузлар сувлоқда. Икков сирлашайлик, кунсулув овлоқда” каби сатрлар шоир халқ оғзаки ижодини қанчалар нозик англашини кўрсатади.

Ўтган аср охири — 90-йиллар бошида ўзбек шеъриятида ижтимоий мавзулар етакчилик қилди. Ижодининг дастлабки даврида халқона оҳанглар устун бўлган Абдумажид Азим ҳам Абдулҳамид Чўлпон бобомизга эргашиб, исёнкор шеърлар битди.

 

Соқовман, бирор сўз келмайди тилга,

Жангари бўриман, ўрганмас қўлга,

Кирдимми ногаҳон боши берк йўлга,

Хато қисматимни мунча суйибман?

 

Ёки бўлмаса:

 

Ҳақсизлик деб аталган бу сиртмоқ бўйнимда,

Ў, бахтсизлик, қучдим сени тунлар қўйнимда.

 

Аслида, бу йўл шоир руҳиятига жуда мос эканини бугун эълон этилаётган шеърлари ҳам тасдиқлайди. Ўша даврда эрк, ҳақиқат, озодликка бўлган интилиш, турмушнинг абгорлиги, машаққатли ҳаёт, ҳақсизлик шоирлар учун асосий мавзу эди. Абдумажид Азимнинг “Фитрат нидоси”, “Мусофир”, “Эрк”, “Уйғон, Туркистон!”, “Нажмиддин Кубро нидоси”, “Рауф Парфига”, “Усмон Носир сўзи” каби шеърлари ўтган аср поёнидаги адабий манзарани яққолроқ тасаввур этишда муҳим ўрин тутади.

Абдумажид Азимнинг лирик қаҳрамони қалбни тафтиш этишни ўзликни англашнинг самарали йўли деб билади. Яссавиёна, Машрабона оҳанглардаги битиклар ана ўша англашга далилдир. Шоир қалбига назар солиб, ўз ҳолини шундай тасвирлайди:

 

Ёнди узвимдаги ҳар риштаи жон,

Мен хоби ғафлатдан бўлмадим ихрож.

Зиллу гуноҳимга кўтариб исён,

Лошим тўрт тарафга олиб кетди бош.

 

Шамолнинг тилида эркка салавот эшитган ижодкорнинг ҳаёт йўли кардиограмма чизиқларига ўхшайди. Чизиқнинг текис ва равонлиги — ўлим.

 

Ҳаёт — бир ялт этиб чақнаган чақмоқ,

Руҳимни ўрайди номаълум ҳислар.

Англайман, ҳар нафас омонат, илло,

Ўзимни ахтариб ҳақир дил бўзлар.

 

Ватан ҳақида шеър битган ижодкорлар орасида Абдумажид Азимнинг алоҳида ўрни бор. Шоир Ватанни она, ота, туғилган юрт тимсолида улуғлайди. Шу боис юрт шаънига битган шеърларида самимият, ҳарорат, изтироб уйғунлашиб кетади. Изтироб, афсус ва аламлар қоришиқ оҳанглар, аслида, Ватанга бўлган муҳаббат изҳори.

Олтмишдан ошган ижодкор ҳаётнинг оҳанжамаларига осонликча алданмайди. Қалам ва юрак ҳақ сўзни, рост туйғуларни куйлашни афзал билади. Бу чоғланиш ҳақиқий шеър завқи, ижод сурурини ҳадя этади. Сўз сеҳрини туяди соҳир қалам соҳиби. Шу маънода, назаримизда Абдумажид Азимнинг сўнгги йилларда ёзган “Мангу йўловчи”, “Ўхшайман”, “Қаҳратонлар чекиниб, юз очмоқда баҳорлар…”, “Қора”, “Қолдираман эртага мен изларимни…”, “Қодирий нидоси”, “Қисмат”, “Қул”, “Ёлғиз бўри”, “Шоир қисмати” каби ўнлаб шеърлари халқчил адабиётнинг сара намуналари қаторидан жой олишга ҳақли дейиш мумкин.

Олим ТОШБОЕВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + thirteen =