Қаноатсизлик ортидаги кулфат

Кишилик жамияти эркагу аёлдан пайдо бўлган. Аёл зоти ҳаётда онамиз, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Аёл киши, аввало, она сифатида қадрланади. “Жаннат оналар оёғи остида”, деб марҳамат қилинади.

Шариатга кўра, аёл турмуш ўртоғига итоатсизлик қилса, аввало, унга чиройли насиҳат қилиш, бу таъсир қилмаса, ётоғини алоҳида қилиш, бу ҳам кор этмаса, унга озор бермайдиган даражада уришга изн берилади.

Эркаклар ҳам ўз аёллари билан гўзал муомалада бўлиши, тинч-тотув турмуш кечириши лозим.

Фаҳм-фаросатли, зукко аёл эрининг мол-мулкини кўз қорачиғидай асрайди. Эрининг борида ҳам, йўғида ҳам ҳурматини жойига қўяди. Пардозни кўчага чиққанда эмас, эри ишдан келишига қилади. “Эрингга эътиборли бўлгин, чунки у сенинг учун ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, дея бежиз айтилмаган.

Мақоламизнинг кириш қисмини шу ерда мухтасар қиламиз.

Турли оила можаролари изидан йўлга тушамиз.

Учрашув

Аёл кўзини очса, соч-соқоли оппоқ, узун оқ либослари ўзига ярашган, файзли, нур юзли нуронийлар рўпарасида турибди.

— Сиз кимсиз, мен қаердаман?

— Сен туш кўрмаяпсан! У дунёдаги ҳаётинг тугади. Сен энди чин дунёга етиб келдинг. Охират ҳаётинг бошланди. Биз виждон кўзгусимиз.

— Виждон кўзгуси?! У нима дегани, тушунтириб бера оласизми?

— Бу манзил охирги йўлнинг бошланиши.

— Нима, мен ўлдимми?

— Фоний дунё тили билан айтганда, сен вафот этдинг!

— Мен ўлмадим! Нега мен ўлишим керак? Мен ўлмаганман!

— Нега ҳайрон бўляпсан, нима, ҳеч ўлмайман, деб ўйлаган эдингми?

— Ўлим ҳақ эканини яхши биламан, негадир шошиб қолдим. Касалхонада туш кўраётган эдим, анча тузалиб ҳам қолган эдим.

— Унинг шартларини ёлғиз Аллоҳ билади.

— Энди нима бўлади, савол-жавоб бошланадими?

— Бошланди, десак ҳам бўлаверади. Олган ҳар нафасинг ва гапирган сўзингдан тортиб, бутун умрингнинг ҳисобини берасан!

— Йўғ-э, қанақасига?

— Ҳисоблашишга тайёрмисан?

— Тайёрман, аммо роса қўрқиб кетяпман. Етарли даражада Аллоҳга қул бўла олмадим. Менга яна бир марта имконият, ҳаёт тақдим этилса, яхши инсон бўлишга ваъда берар эдим.

— Дунёда яхши инсон бўлишинг учун сенга кўп фурсат ва имкон берилган эди. Сен улардан тўғри фойдалана олмадинг.

— Мен қўлимдан келгунча мўмина бўлишга ҳаракат қилдим, лекин бошимга шундай синовлар келдики…

— Демак, ўзингни ўлдирмоққа аҳд этдинг!

— Бошқа иложим қолмаган эди.

— Жон Аллоҳнинг омонати эмасми?

— Тўғри, аммо бошимга келган шунча мушкулотдан кейин ўзимни қўлга ололмадим.

— Аммо Аллоҳнинг ўзи сени қутқарди.

— Агар ўзимни ўлдирмаганимда нима бўларди?

— Жон неъмати инсонга унинг ўзи хоҳлагани учун эмас, Аллоҳ иродаси билан тақдир қилинади.

— Аммо мен қурбон бўлдим. Чиройли оила қуриш имкониятини бой бердим.

 

Уларнинг турмуши чиройли бошланди. Данғиллама бўлмаса-да, мўъжазгина ҳовлига келин бўлиб тушди. Изма-из икки фарзандли бўлди. Ташвиш ҳам шунга яраша ортиб борди. Хотин уйда болалар тарбияси, эр эса рўзғор ташвиши билан банд, ойда топгани учма-уч етади. Келин ота уйида эрка ўсмаганми, турмушдаги камчиликлар асабига тега бошлайди. Арзимаган нарсаларни баҳона қилиб, ота-онасиникига кетишни одат қилади.

Учрашув

— Эрингдан, оилангдан кўнглинг нега бирдан совиди?

— Етишмовчилик сабаб. Уйимизга ҳафтада бир-икки кило гўшт кирарди, ҳомиладор пайтимда ҳам, кейин ҳам кўнглим тусаган нарсани емаганман, дастурхонимиз ҳеч қачон бут бўлмаган.

— Сабр қилиш лозим эди. Булар уйга кетиб қолишга сабаб бўлолмайди.

— Эрим келишган йигит, хушторлари шунга яраша, деган гумонга борганман.

— Шубҳа иймонни емиради, эшитмаганмидинг? Эрингни неча марта қўлга туширгансан?

— Пойлоқчилик қилмаганман, аммо рашким баланд эди, бу рост.

 

Эрининг биргина синглиси бор. Аввалига апоқ-чапоқ яшаган янга ва турмушга чиқмаган қайнсингилнинг оралари кейин бузилади. Икки ҳафтада ота-онаси зиёратига келиб, янгасининг қош-қовоғига базўр чидарди.

Учрашув

— Мен келин бўлиб тушганимда қайнсинглим университет талабаси эди. Табиатан қизғанчиқман, у эса менинг шахсий буюмларимни сўрашдан ҳеч тийилмасди. Йўғимда эса хонамни титар, кўнгли истаган нарсасини олиб кетар эди.

— Қўли очиқлик, муроса, деган гаплар бор эди у дунёда. Мол-дунё кимлардан қолиб кетмайди. Буюмларинг камайиб қолармиди ўшанда?

— Йўқ, айтдим-ку, қизғанчиқ ўсганман, деб.

— Оиланг тинчлиги учун у билан муросага боришинг кераклигини билмасмидинг?

— Билардим, лекин ғурурим йўл қўймасди.

 

Бир сафар фарзандларини олиб, уйига аразлаб кетгани ҳолда бир йилга яқин қолди. Ота-она бошчилигида катта гуруҳ уч машинада келиннинг кўч-кўронини кўтариб, хонадонни ҳувуллатиб кетди. Келиннинг кетиб-келишига кўниккан қўни-қўшнилар ҳайрон, лол. Ажрашаман, болаларни ўзим боқиб оламан, деб туриб олди. Йигит ҳам унинг йўлини тўсмади, кўнгли совиган эр хотинининг кетидан бормади. Жанжал чиқармаслик учун ҳатто қайнона уйига фарзандларини кўришга ҳам бормади. Ўзи пиширган ош, айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ўзи есин, деди. Бу орада ажрашиш учун судга ариза беришга ҳам улгурди.

Учрашув

— Ҳар оиланинг ўз сири бор. Уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаслик, эрни шарманда қилмаслик тақозо этилади.

— Тўғри, бу масалада ҳам афсусдаман.

— Эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал. Ота-онанг ажрашиш ишига шунчалик енгил қарадими?

— Улар менинг гапимга ишонишар эди. Эрим мени мунтазам урар, ҳақоратлар, хўрлар эди, деганман.

— Аслида-чи?

— Рости, эрим меҳрибон инсон, фарзандларини суярди. Менга қўл кўтармаган. Аёллар билан юрарди, деб туҳмат қилганман.

— Ажрашиш, талоқ қўйиш Аршни ларзага келтиради. Судга мурожаат қилишнинг боиси нима эди?

— Ажрашиб болаларимга алимент ундириш, эримни шарманда қилишни ўйлаганман.

— Дуруст эмас. Оиланг бағрида оч қолаётганмидинг?

— Йўқ, уни жазоламоқчи эдим!

— Шунинг учун эрингнинг ишхонасига бориб, шикоят қилган экансан-да?

— Аламимни ичимда сақлаш қийин бўлган оғир пайтлар эди.

— Сен маърифатли аёл бўла туриб, маҳкамада ҳам эрингнинг шаънига бўҳтон ағдардинг.

— Гўллик қилдим, ўшанда ундан тезроқ қутулишни истаган эдим.

— Суд ярашиш учун маълум вақт берди.

— Бу вақтга келиб ақлим кирди, кейин судга бошқа мурожаат қилмадим.

 

Белинг тўла бола, фарзандларинг катта бўлиб, ўзлари сени топиб олади, деган мўйсафидларнинг гапларига куёв кўнмади, фарзандларини етим қилгиси келмади.

Келин ўз хонадонига қайтгач, ширин турмуш узоққа чўзилмади. Сал ўтмай, яна эски “ашулалар” бошланди — рўзғорда камчиликлар, фарзандларга кийим-кечак етишмаслиги, эрнинг ишга эрта кетиб, кеч қайтиши. Яна рашк, эрининг тўғри қадам ташламаётгани ҳақида ўйлаб топилган ҳикоялар давом этди.

Учрашув

— Бир марта таъзирингни еб қайтдинг, кейин яна эски ҳунарингни бошладинг…

— Фарзандларим соғлом улғайишини, кўзи тўқ бўлишини истаган эдим.

— Ота-онангга “эрим уради, суради”, дея ёмонлашдан тийилмадинг.

— Бировнинг орқасидан гапириш, бировга туҳмат қилиш одат тусига кириб қолган экан, ўзимни бошқара олмадим.

— Атрофингда сенга насиҳат қиладиган яқин дўст, қариндошларинг йўқмиди?

— Ота-онам, қариндошларимнинг унча-мунча гапларига қулоқ солмасдим, ҳаётимни ўзим ҳал қиламан, деган тушунча билан яшадим, қайсарлик қилдим.

— Ҳозир ҳам пушаймон эмассан, шундайми?

— Кўзим очилгандек. Камчиликларни тузатишга имкон берилса, ундай қилиқларимни қайтармаган бўлардим. Эримни ҳеч қачон хафа қилмасдим.

 

Йигит моли ерда, эрнинг иши юришиб кетди. Жамиятдаги эътибори юксалди. Келин пошшанинг егани олдида, емагани орқада. Эски уйини бузиб, янгисини тиклаб олди. Мебеллар алмашди. Фарзандлар олий маълумотли, кейин уйли-жойли бўлишди. Этаклари невараларга тўла бошлади.

Хизмат юзасидан эр хорижга тез-тез чиқиб турар, ҳар сафар ноёб, камёб нарсалар кўтариб келарди. “Уй омбори” тоза, асл буюмлар билан тўлди.

Учрашув

— Аёл фаҳм-фаросати билан эрига ҳузур бағишлаши, хонадонига файз-баракот келтириши керак. Сен эса эрингнинг асабини қайраш билан ўтдинг.

— Афсусдаман.

— Мол-мулкини асраш ўрнига уни сарфлаш билан овора бўлдинг. Унинг розилигини олмасдан мулкни ҳуда-беҳудага сочдинг. Аёл киши эрининг изнисиз бировга ҳадя бериши жоиз бўлмайди, деган ҳикматнинг тескарисини қилдинг.

— Эрим ўшандай пайтларда “менинг хабарим бўлса, ҳалол” дегувчи эди. Эътиборсизлик қилдим. Ҳадя бериб, кимларнидир севинтирдим, аммо эримни хафа қилиб қўйганимни энди тушуняпман.

— Эрингга итоат қилмай, доно, зукко аёл мақомига эришолмадинг. Унинг тоқатидан зиёд нарсаларга мажбур қилмаслик керак эди.

— Эримнинг кайфиятига қарамай, ўринсиз саволлардан тилимни тия олмаганим, гина сақлаб ҳафталаб, ойлаб унга қовоқ-тумшуқ осганим, кўнглини олишга ҳаракат қилмаганимни назарда тутаётган бўлсангиз, ҳақсиз, айбимга иқрорман.

— Ана, энди асосий мавзуга яқинлашдик. Ўз уйида тинчлик-хотиржамлик топмаган эр осойишталикни бошқа жойдан излаб қолиши, шариатга тўғри келмаса-да, бор гап.

— Ҳаммаси ўша телефонимга келган “SMS”дан бошланди, кетидан Телеграм каналга юкланган суратлар мени қуюшқондан чиқариб юборди.

— Наҳотки 25 йилда ҳам эрингни таниб ололмаган бўлсанг?

— У кишининг менга хиёнат қилмасликларига ишонардим, албатта. Аммо ўша куни…

— Эринг ишдан қайтганда бафуржа гаплашиб олсанг бўларди. Телефонда жеркиб гаплашганинг етмаганидек, ишхонасига нима учун бординг?

— Ҳақиқатни излаб…

— Хўш, топдингми уни?

— Воқеанинг асл сабабини ўрганмасдан қизиққонлик қилдим. Менга ҳар нарса аён, деб билибман. Шунинг учун пичоқ ишни битириши керак, деб хом ўйлабман.

— Бир гуноҳсиз одамни ўлдирмоқнинг бадали нима эканини биласанми?

— Билмайман.

— Бир инсонни ўлдирган бутун инсониятни ўлдирган билан баробардир. Бу охиратда абадий оташда ёнмоқ деганидир.

 

Рашк илоҳий туйғу, мўмин кишига хос хусусият. Аммо мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир. Рашк билан шубҳа-гумон фарқланади. Гумонга бориб, аёл ўзининг умрига зомин бўлди. Бошқа аёлга пичоқ ўқталиб, уни юрак хуружига мубтало қилди. Ўзини хазон қилди. Ўртада фарзандлар етим қолди. Онали етим — гул етим, отали етим — шум етим.

Учрашув

— Янглиш иш қилдим. Кўп пушаймонман.

— Сен бу ерда ёлғон гапирмадинг, тўғрисини айтмаганингда, ростини сенга айттиришар эди. Одамлар жаҳаннамга сабабсиз тушмас экан, шундайми?

— Шундай.

— У дунёга сиғмаган зулмни жаҳаннам тозалайди.

— Энди менинг аҳволим нима бўлади?

— Сен ўзинг нима деб ўйлайсан?

— Билмайман.

— Аввало сендан кундалик ибодатларни сўрашади.

— Имкон қадар бажаришга ҳаракат қилганман.

— Бу жуда муҳим.

— Агар қолганларини бажаролмаган бўлсам-чи?

— У замон Ҳақ ризоси учун қилинган амаллар ёрдамга келади…

 

“Исломда инсонга сажда қилиш йўқ, агар бўлганида, аёлларнинг эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим”. Ушбу ҳадиснинг-да маъноси аён: аёл эрига итоатда яшамоғи, борига тоқат қилмоғи керак. Бошқа ҳадиси шарифларда аёл киши фарзларни адо этиб, эрига итоатда бўлса, жаннатнинг истаган эшигидан кириши айтилган. Эрга итоат қилиш аёл кишининг қадрини пастлатмайди, аксинча, бу унинг қадрини улуғлайди. Ахир хотинига итоат этган эрга жаннат ваъда қилинмади-ку.

Шунингдек, эркакнинг ҳам аёлига нисбатан масъулияти бор. Аёл кишининг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланиши учун эркак масъул, бу эркакнинг зиммасида. Оилани моддий жиҳатдан таъминлаш эркакнинг вазифаси. “Аёллар эркакларнинг туғишганларидир”, деб бежиз айтилмаган.

Ҳаёт сир-синоатларга тўла. Ҳақиқий бахт ҳис-туйғуларни жиловлашдан, эр-хотиннинг эҳтиёж ва мажбуриятларга ҳурмат ҳамда масъулият билан ёндашишидан, гина-кудуратга берилмай, аразлашмасдан, яхши-ёмон амалларга сабр қилишидан иборат эмасми?

Эр-хотиннинг ўзаро келишиб, бир-бирини тушуниб яшамоғида катта наф, эзгулик бор: ажримлар бўлмайди, болалар етим қолмайди, жамиятга хотиржамлик инади…

Аброр ҒУЛОМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × five =