Қардош шоирнинг барҳаёт ижоди

2025 йил 21 февралда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев имзолаган Фармонда бу йил “Бахтиёр Ваҳобзода йили” деб аталиши ва улуғ шоирнинг 100 йиллик юбилейи нишонланишини эшитиб, қувонган эдим. Менга ҳам бориш насиб қилармикан, деб ўйлагандим ич-ичимда. Ахир у — туркий халқларнинг буюк академик шоирларидан бири ҳисобланади.

Сентябрнинг охирги ҳафтаси кутилмаган хабар мени ҳам оловлар юрти Озарбайжонга бошлади. Янги халқаро аэропорт биносига кириб боргач, кечикмаганимга шукрлар қилиб, йўловчилар қаторига ўтирдим. Мендан кейин Тоҳир Қаҳҳор келдилар. “Қозоқбой ака ҳозир келиб қоладилар”, деб ташқарига қарадилар. Салдан кейин Қозоқбой ака ҳам етиб келди. Биргалашиб самолётга чиқдик. Уч соатча учиб, дастлаб Шаржа шаҳрига қўндик.

Худди ёзга ўхшайди. Чўл иссиғи тафти ёқимсиз туюлади. Икки олим самолётда ҳам, ерда ҳам тинмай суҳбат қуришди. Кўнгли яқин одамларнинг гапи тугамайди. Мен у ёққа қарайман, қуёшдан куйган чеҳралар, бу ёққа қарайман, паранжили қора кўзлар. Ташқари жудаям иссиқ. Хайрият, Боку йўналишига чорландик. Самолёт салқингина экан. Яна икки ярим соатда Ҳайдар Алиев аэропортига эсон-омон қўндик.

Бизни нозиккина, узун бўйли Шоҳида исмли қиз ва кўркам Улфатбей — раҳматли шоира Фергана Хонимнинг ўғли кутиб олди. Аёллар бошқа автоуловга жойлашдик. Ҳайдовчимиз шоиранинг ўғли экан. Гўзалликда Дубайга тенглашадиган Боку шаҳри меҳмонларга қучоқ очганча яшнаб турибди. Шоҳиданинг бувиси Тошкент озарбайжонларидан, Тузел тарафда яшаркан. Қолган уруғ-аймоғининг бари Озарбайжон фуқаролари. Қизимиз Бокуда Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясида ишларкан, тўрт-беш тилда гаплаша оларкан. Бизни маҳобатли меҳмонхонага жойлаштиришди. Деразадан қарасам, Каспий денгизи чайқалиб ётибди. Шоҳида мени денгиз соҳилига олиб чиқди. Суратларга тушдик. Эски шаҳарни айландик. Боку тўрт фаслда турфа ороланади, томоша қилиб чарчамайсиз. Денгиз шамолига чидасангиз, бас. Денгиз гувиллайди. Олисдан кемалар карвони ўтади. Соҳилга ошиқлар келаверади.

Бокуда ва Шакида Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси ва Юнус Эмро институти Боку маркази ва Шакидаги Озарбайжон давлат педагогика университети филиали ҳамкорлигида халқ шоири, академик Бахтиёр Ваҳобзоданинг 100 йиллигига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди. 29 сентябрь куни биринчи навбатда биз, тадбир иштирокчилари Озарбайжон умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев ва академик Зарифа Алиева ҳамда Бахтиёр Ваҳобзоданинг фахрий хиёбондаги қабрларига, кейин шаҳидлар хиёбонига гуллар қўйиб, зиёрат қилдик.

Бокуда бўлиб ўтган тадбир ТуркПА котибияти бош котиби Меҳмет Сурайё Эрнинг табрик ва кириш сўзи билан бошланди. У анжуманни олиб боришни модератор ва Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ҳикмат Мамедовга берди. Тадбирда Озарбайжондаги Отатурк маркази директори Низомий Жафаров, халқ шоири, сиёсий арбоб Собир Рустамхонли ҳамда Туркиядаги иқтисодиёт ва илмий текшириш институти президенти, собиқ парламент депутати Ибрагим Эртан Юлеклар сўзга чиқишди. Тадбирларда, асосан, Бахтиёр Ваҳобзодани таниганлар, дўст-ёрлари, таржимонлари, қадрдонлари, қариндошлари қатнашдилар.

Ўша куни Шамахи, Габала, Исмаилли, Ўғиз, Шаки йўлларини автоуловда босиб ўтдик. Тўрт юз километрдан ортиқ йўл қирғоқлари қалин дарахтзор ўрмонлар ва ҳар жойда сайёҳлар учун гўзал дам олиш масканлари билан қуршалган экан. Шакига етдиг-у, “бундай гўзал жойларда қандай ёзмай бўлади?” деб ўйладим. Бахтиёр Ваҳобзодани шоир қилган Кавказ табиати, кўкликлари, кўҳликлари бўлса керак, деган ўй хаёлимдан ўтди. Йўлларда тўхтадик: ҳамма жойда бизни фақат озар халқига хос меҳр ва меҳмоннавозлик намойишидай ҳаяжон ва тўкин дастурхонлар билан кутиб олишди. Ҳар ресторанда миллий куй-қўшиқлар янграйди.

Тадбирларнинг иккинчи асосий қисми 30 сентябрь куни Бахтиёр Ваҳобзоданинг она шаҳри Шакида, Озарбайжон давлат педагогика университетининг Шаки филиалида давом этди. Унда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Жавоншир Файзиев модераторлик қилди. Меҳмет Сурайё Эр, Туркиянинг Озарбайжондаги элчиси Бирол Окюн, давлат арбоби Гасан Гасанов, туркиялик сиёсатчи Ибрагим Эртан Юлек, Осман Мастон, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Али Масимли, Маҳмуд Ўзер, депутат Вигар Искандаров, Филиз Қилич, Қадим Дурмаз, профессор Қозоқбой Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган таржимон-олим Тоҳир Қаҳҳор, қирғизистонлик шоир Олтинбек Исмоилов, Митат Дурмуш, Наманган вилоятидан шоира ва таржимон сифатида камина Бахтиёр Ваҳобзоданинг юксак шеърияти ҳақида сўз айтдик.

Сўзга чиққанларнинг барини айтишим сабаби, буюк шоир тўғрисида хотира ва билганларини айтиш саодати бор иштирокчилар эди улар. 100 йиллик юбилейлар кўпдир, аммо ватанпарвар, озодлик куйчиси Бахтиёр Ваҳобзоданинг юбилейи ҳаммасидан бошқача табиий, самимий ўтди. Мен ҳам билганларимдан айтдим: 1980 йил ёзида Тошкентда “Озарбайжон адабиёти ва санъати” декадасига қаттиқ тайёргарлик жараёни бошланган эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига мени ҳам чақиришиб, қардош шоирларнинг шеърларини беришди. Академик шоир Бахтиёр Ваҳобзода, ленкоранлик Шакар Арслонларнинг шеърлари таржимаси менинг чекимга тушди.

Мен у пайтлар Москвадаги Максим Горький номидаги адабиёт институтида ўқир эдим. Жуда тезлик билан Бахтиёр Ваҳобзоданинг ўзбек шоири Рамз Бобожонга ёзиб берган китобидаги асарларни ўгиришни бошладим. Ва улар республика газеталарида пайдар-пай босилди.

Ўшанда “Тошкент оқшоми”, “Ёш ленинчи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарининг янги сонларини олиб, анжуманга бордим. Озарбайжон адабиётига бағишланган муҳташам тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов “Тошкент оқшоми” газетасида чиққан “Бири сансан, бири ман” шеърини илк марта қўшиқ қилиб айтди. Гулдурос қарсаклар садоси остида муаллиф миллатлараро дўстлик ҳақида гапирди ва шеърларнинг таржимаси учун ёш шоира — каминага раҳмат айтди. “Менинг таржимон қизим”, деб мени алқади. Ўша кўркам саройда бизни таништиришди. У миннатдорлик билдириб: “Энди сен Озарбайжоннинг ҳам қизи бўлдинг”, деган эди. Тадбирга Москвадан келган шоир, “Огонёк” журналининг бош муҳаррири Владимир Сафронов: “Русча шеърларингдан бер, миллион ададлик журналда сенга саҳифа бор, қизим”, деб илтифот қилди. Озарбайжон шоирининг Тошкентдаги дуоси доим ёмонликлардан асради ва озар адабиётига мени бир умрга ошно қилди.

2017 йилдан буён Фарида Леманнинг “Аёл ва булбул”, Табриза Пинҳоннинг “Келиб кўринг Астарани”, Гулли Томирлининг “Муҳаббат баҳори”, Озарбайжон халқ шоири Собир Рустамхонлининг шеърий китобларини таржима қилиб, чоп эттирганман. 2020 йил Бокуда “Man sarqliyam” номли шеърий китобим босилди. 2022 йил 120 нафар озарбайжон шоири шеърларини таржима қилиб, 408 саҳифалик “Озарбайжон шеърияти антологияси” китобини нашрдан чиқардим. Озарбайжон Ёзарлар бирлиги қошидаги “Нотавон” клубида ҳаёт муаллифлар билан тақдимот ўтказдик. Ўша йили мени Озарбайжон Ёзарлар бирлиги аъзолигига қабул қилишди. Ҳар сафар Бокуга келганимда устоз Бахтиёр Ваҳобзода қабрини зиёрат қиламан ва унинг шеърларини ўзбекчалаштирганимдан хурсанд бўламан!

Ўзбекистонда эса халқ артисти Ортиқ Отажонов ижросида жаранглаётган менинг таржимамдаги “Бир булоқнинг икки кўзи — бири сансан, бири ман, Бир олманинг икки юзи — бири сансан, бири ман” қўшиғи кўнгилларни хушнуд қилади. Бугун тақдир шоирнинг ёлғиз қизи Гулзорхонимга рўбарў қилди. Мен унинг Ўзбекистондаги синглисиман. Олқишлар садоси остида Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Мен Бахтиёрман” шеърини ўқиб бердим.

Кейинги тадбир юбиляр шоирнинг уй-музейида бўлди. Ҳар тарафда шоирнинг суратлари, катта паннолари билан бошланадиган музей хоналари портретлар, мукофоту унвонлари, турли китоблари, қўлёзмалари билан муштарак. Сув сатҳидан 1200 метр баландликдаги Кавказ тоғларининг орасида Шаки деган гўзал шаҳар бор. Маҳалла, кўчаларидан мухлислари мўралаб турган тоғли қишлоқда, бувиси билан бобосининг эркаси бўлиб ўсган Бахтиёр тўққиз ёшни тўлдириб, тоғдан шаҳарга тушиб ўқиган. Университетдаги тадбирда шоирнинг чевараси, Гулзорнинг 21 ёшли набираси Чингиз Абдуллаев шоирни ёдга солиб: “Менинг бобом!” деб фахр билан эслади.

“Бобом мен олти ёшимда у дунёга кўчиш қилган, кичкина эдим, лекин жудаям севаман уни!” дегани ҳаммага хуш келди.

Тадбир сўнгида Гулзор Ваҳобзода билан кўришдик. Мен қувонч билан Ўзбекистондан келтирган китобларимни яшил адрас сумкага солиб, ҳадя қилдим. У мени бағрига босиб, синглим (божим) деб, отаси ҳақидаги ҳужжатларни яна йиғаётганини айтди. Бокудаги уйларига меҳмонга чорлади, мен уни Ўзбекистонга таклиф қилдим.

Туркиялик шоирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорабоғ озод этилгандан кейин Фузулий шаҳрида қуриб берган муҳташам мактаби ҳақида эсладилар.

Ўзбекистон — Озарбайжон давлатларининг ҳамкорлиги мустаҳкамланаётгани тиллардан-тилларга ўтаётганининг исботи бу.

Дўстлик кўприги қурилишида озодлик, биродарлик куйчиси, халқ шоири, академик Бахтиёр Ваҳобзоданинг ҳам, уни ўзбек тилига таржима қилган Жамол Камол, Жуманиёз Жабборов, Тоҳир Қаҳҳор, Қозоқбой Йўлдошев сингари адибларимизнинг ҳиссаси катта.

Дилбар ҲАЙДАРОВА,

“Мураббий” газетаси бош муҳаррири,

шоира, таржимон,

Ўзбекистон ва Озарбайжон

Ёзувчилар уюшмалари аъзоси,

“Дўстлик” ордени соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =