“Ўзбек тилининг миллий табиати”

Она тилимизда “жонкуяр”, “фидойи”, бирор нарса учун “ичи ачийдиган”, “куйди-пишди” каби сўзлар бор. Буларнинг замирида бир маъно яширинган: бирор кимсага ўта ғамхўр, бирор нарса учун жонини ҳам аямайдиган инсон тушунилади. Бинобарин, она тилимиз равнақи учун жонини ҳам аямайдиган, ҳар қандай даврада ўз фикрини айта оладиган, айни шу хислатларни ўз ҳаёт мазмунига айлантирган кишилар ҳам бор. Назаримизда, мана шундай инсонлардан бири Зуҳриддин Исомиддиновдир.
Зуҳриддин акани ўтган асрнинг 80-йилларидан бери биламан. Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида маълум муддат бирга ишлаганмиз. Асли журналист бўлган З.Исомиддинов адабиётшунослик, таржимашунослик соҳаларида салмоқли илмий тадқиқотлар яратган. Гап бу ҳақда эмас. Мен у кишининг она тилимиз олдидаги хизматларини: радио-телевидениедаги, газета-журналлардаги чиқишларини мунтазам кузатиб бораман. Бу орада масъул лавозимларда ҳам хизмат қилди. Лекин она тилимиз олдидаги масъулиятини бирор дақиқа унутмади, доимо жонсараклик билан бирор муаммони, унинг ечимини далиллар билан кўрсатиб берди.
Яқинда “Баёз” нашриётида Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Ўзбек тилининг миллий табиати” номли китоби босилиб чиқди. Мазкур китобда Зуҳриддин домланинг она тилимиз ҳақида билдирган кўп йиллик фикр-мулоҳазалари жам бўлган. Давлат тили масаласи, она тилимиздаги товушлар, тилнинг бойиш манбалари, сўз ўзлаштириш ҳодисаси ва имло муаммолари, халқ шеваларидан фойдаланиш масалалари, бадиий таржима ва унинг миллий тилга таъсири каби бир қатор муаммолар алоҳида мақолаларда, суҳбат-интервьюларда акс этган. Асосий урғу она тилимизнинг бугунги аҳволи, мавжуд муаммолар, уларнинг юзага келиш сабаблари ва ҳал этиш йўлларига қаратилган. Буни китобнинг мундарижасиданоқ билиб олиш мумкин: “Тил қандай пайдо бўлган?”, “Ўзбек тилининг миллий табиати”, “Тил ва маънавият”, “Ўзбек тилида товушлар фаоллиги”, “Шеванинг шикваси”, “Узбек эмас, ўзбекмиз” ва шу кабилар.
Одатда, 21 октябрь арафасида давлат тили масаласи “қўзғалиб” қолади, мақолалар чоп этилиб, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинади. Шу билан она тилимиз — ўзбек тилига бўлган “ҳурмат”имиз ҳам сўниб боради. Аммо Зуҳриддин Исомиддинов бу борада узлуксиз чиқишлар қилади, қайси минбардан бўлмасин, бу ҳақда бонг уради, жамоатчилик фикрини ўзбек тилининг келажагига қаратади, айниқса, ёш авлодни бу масалада бефарқ бўлмасликка ундайди, давлат тилининг нозик нуқталарига эътибор қаратади. Муаллиф фикрича, “Барча давлат ташкилотларида ўзбек тилидагина эмас, адабий тилда иш юритилиши шарт. Наманганлик муаллим наманганча шевада дарс ўта бошласа, тошкентлик актёр саҳнада ўз шевасида сўзласа, андижонликлар “анжанчасига” гапираверса, миллий яхлитлик барбод бўлади”.
Зуҳриддин домла томонидан турли йилларда ёзилган, лекин бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини асло йўқотмаган мақолалар, аввало, ўз номланиши билан беихтиёр кишининг эътиборини тортади. Мана ўшандай мақолалардан бири: “Имлони билмаган мулло бўлмайди”. Муаллиф она тилимизнинг миллий табиатидан келиб чиқиб, ҳатто тилшунос олимларимиз ҳам етарлича эътибор қаратмаган соҳаларни тадқиқ қилади ҳамда амалий тилшунослик учун ўта зарур бўлган назарий хулосаларни илгари суради: “Ҳолбуки, дунёнинг ҳамма халқлари четдан кирган сўз ва атамаларни ўз тилига мослаштириб талаффуз қилади, шундай ёзади ҳам. Араблар гавҳарни жавҳар, Чочни Шош дейди, чунки тўғрисини айтишга тили келишмайди. Биз эса, нима учундир, қайси тилдан сўз олар бўлсак, ўшанга мослашга уринамиз, бу орада она тилимиз хоссалари поймол бўлиб кетаётгани билан ишимиз йўқ”.
Зуҳриддин Исомиддинов билдирган фикрлар ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан қимматли. Чунки ҳар бир тилнинг ўзига хос инжиқлиги, миллий табиати бўлади. Лисоний бу ўзига хослик ҳар қандай сўзу ҳар қандай ифода тарзини қабул қилавермасликда ёки ўзига мослаб қабул қилишда кўринади. Тил шуниси билан тирик бўлади. Шундай экан, бундай қимматли фикр-мулоҳазалар ёзув амалиётида ҳисобга олиниши, бошқа тиллардан ўзлаштирилаётган сўзлар имлосида, албатта, ҳисобга олиниши зарур. Негаки, “Ўзбек тили бошқа тиллардан сўз олишга омилкорроқ. Луғатимиз хазинасининг ярмидан кўпроғини арабий, форсий ва русча-байналмилал сўзлар ташкил этади”.
Ушбу китобдаги ҳар бир мақола тўғрисида фақат ижобий фикр билдириш мумкин. Чунки муаллиф қараб чиқаётган мавзуни, тадқиқ этилаётган ҳар бир соҳани илмий-назарий жиҳатдан пухта ўрганиб чиққан, мавжуд фактлар қиёсий таҳлил қилинган, шундан кейингина назарий умумлашмалар тавсия қилинган. Буни “Ўзбек тилида товушлар фаоллиги” мақоласида ҳам яққол кузатиш мумкин. Муаллифнинг мана бу фикрига эътибор қаратамиз: “Ҳеч қайси даврда ўзбек алифбосида унлилар яхши ифода топмаган. Бунинг сабаби – “ўзбек тили ривожланиб, сингармонизмни йўқотган”лигини кўрсатиш ва шу орада алифбодаги ҳарфлар миқдорини рус тили алфавити миқдорига тенглаштиришга интилиш мақсадида айрим товушлар учун график белги (ҳарф)лар атайлаб олинмаган”.
Аслида, адабий тилнинг бойиш манбаи иккита: халқ шеваларидан сўз олиш ва бошқа тиллардан сўз ўзлаштириш. Назаримизда, ҳар иккаласи ҳам жуда муҳим. Халқ шевалари орқали ҳақиқий туркий, содда, кўпчиликка тушунарли, айтилиши қулай сўзлар кириб келса, бугунги ижтимоий-сиёсий вазият, илм-фан терминларига бўлган объектив эҳтиёж туфайли бошқа тиллардан сўзлар ўзлаштирилади. Демак, бу икки манбанинг ўзига хос ўрни бор. Лекин баъзида шева сўзларини қўллашда эътиборсизлик ёхуд адабий тилга нописандлик сезилиб қолади.
Хўш, бу борада Зуҳриддин домланинг фикрлари қандай? Унинг ёзишича, “Саводсиз ёки китоб ўқимайдиган одам шевада гапиради, шевасига мослаб ёзади ҳам. Зиёли одам эса адабий тилда сўзлашга ҳаракат қилади. Тўғри, шевалар билан адабий тил нормалари орасида анча-мунча тафовут бор. Шунинг учун баъзилар шевада сўзлаш табиийроқ деб ўйлашади. Бундай эмас. Биз умумўзбек адабий тилида табиий гаплашиш сари интилишимиз керак. Шева – элат тили, адабий тил эса – миллат тили. Бутун халқ адабий тилда сўзлашишга ўтгандагина миллат бўла олади”.
Эсимда, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими Насим Маматов ўзбек тилида қўшма сўзлар бўйича докторлик диссертацияси ёзиб, ҳимоя қила олмаган эди. Сабаби – Насим домла жуда кўп сўзларни қўшиб ёзиш ғоясини илгари сурган ва шу тариқа “Изоҳли луғат” сўзлигини бойитиш тарафдори бўлган эди. Таассуфки, фидойи олимнинг бу ғояси ўшанда амалга ошмади. Агар масаланинг туб моҳияти чуқур англаб етилганда, ўзбек тилидаги жуда кўплаб сўзлар имло, изоҳли ва терминологик луғатлардан жой олар, охир-оқибат ўзбек тилининг луғавий имкониятлари янада ошиб, минг-минглаб сўзлар билан бойиган бўларди. Ажабланарли томони шундаки, бу масала ҳозирги кунда ҳам ўз ечимини топган эмас. Фидойи олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг бу борадаги фикрлари ҳам жуда жўяли: “Қўшма сўз ўзбек тилида бисёр. Агар барча қўшма сўзлар луғатга олинса, луғатларимиз бинойидек бўп қолади. Аммо нима учундир, ўзбек тилшунослигида қўшма сўзларга қандайдир ўгай кўз билан қараш тамойили бор, уларнинг ҳатто чорак қисми ҳам қўшма сўз деб тан олинмайди. Аксар қўшма сўзлар эса ўзбек тилининг имло қоидалари тақозосига кўра ажратиб ёзилади”.
Юқорида таъкидланганидек, “Ўзбек тилининг миллий табиати” китобидаги ҳар бир мақола ёки суҳбат маълум бир лисоний ҳодисанинг мазмун-моҳиятини очиб беришга, мавжуд муаммо ва унинг ечимини кўрсатишга хизмат қилади. Чунки муаллиф тил амалиётида йўл қўйилаётган камчиликларни шунчаки қайд этмайди, балки уларнинг ижтимоий ривожланишдаги ўрни, миллий маънавиятимиздаги аҳамиятини рўйирост кўрсатиб беради. Айниқса, сўз қўллашдаги ўзига хосликлар, шаклан ўзбекча, аммо мазмунан русча қолипда ясалган сўз ва ибораларга жамоатчилик эътиборини тортади. Масалан, “маҳалла фуқаролар йиғини”, “Дилнозани мумкинми?”, “ҳашар йўли билан”, “тўрт нафар футболчилар” каби жумлаларнинг ўзбек тилида эканлиги, аммо ўзбекча эмаслигини далиллар билан кўрсатиб беради.
Зуҳриддин домла ўзбек адабий тили ва халқ шеваларининг ўзаро муносабатини, алифбо, тил ва имло масалаларини, таржима санъатининг она тилига кўрсатадиган таъсирини жуда нозик ҳис этади. Қувонарлиси, тилшунос олимларга нисбатан чуқурроқ идрок қилади, далилларни умумлаштирган ҳолда муҳим назарий фикрлар билдиради. Масалан, ҳозирги ўзбек имлосида баҳсли бўлиб турган “Хх” ва “Ҳҳ” ҳарфли сўзлар хусусида, ўзбек кирилл алифбосида “Гг” билан ёзиб келинган айрим сўзларни ўзбек тилида она тилимиз табиатига мос тарзда “Ҳҳ” билан ёзиш масаласини илгари суради. “Менимча, барча ҳолларда илмий принцип етакчилик қилиши керак. Тилимизда “ҳ” ҳам, “г” ҳам бемалол талаффуз этилар экан, тили келишмаган ўрис Гамлет деса, Гамлет деб кета бермай, энди Ҳамлет деймиз, араблар жавҳар деса, йўқ, тўғриси гавҳар, география бўлади, деб айтамиз”.
Хуллас, она тилимизнинг миллий табиати ҳақидаги ушбу китобда сизу бизни ўйлантирадиган, мушоҳадага чорлайдиган фикр-мулоҳазалар, ўй-кечинмалар жуда кўп. Назаримизда, “Ўзбек тилининг миллий табиати” ҳар бир ўзбек зиёлиси ўқиб чиқадиган, ҳар бир миллатдошимиз ўз онгу шуурига жо қиладиган асарлар сирасига киради. Ҳозирга қадар нашр этилган А.Рустамовнинг “Сўз хусусида сўз”, Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, Низомиддин Маҳмудовнинг “Тилимизнинг тилла сандиғи” каби китоблар қаторида севиб ўқиладиган, ҳар бир миллатсеварнинг қалбидан жой оладиган асар бўлиб қолади, иншооллоҳ.
Равшан ЖОМОНОВ,
Абу Райҳон Беруний университети профессори,
филология фанлари номзоди.