Узук

(ҳикоя)

Эри вафот этганидан кейин Ҳайдарсиз ўтган ҳар кун Марҳабо учун узундан-узоқ туюларди. Тонгда уйғониб, деворга илиб қўйилган суратига қарайди. Гўёки унда Ҳайдарнинг меҳри, табассуми, сўзлари сингиб қолгандай, юрагига илиқлик югуради, ҳузур бағишлайди. Ҳайдар ўлимидан олдин қўлидаги никоҳ узугини ечиб, унга тутқазгани ҳали ҳам Марҳабонинг кўз ўнгида турибди:

— Бу мендан ёдгорлик. Уни асра. Узук қўлингда бўлса, мен ҳам сен биланман, — деганди.

Шу гапдан кейин узук Марҳабо учун нафақат зийнат, балки муҳаббат ва вафо рамзига айланди. Ўзиникига қўшиб уни ҳам тақиб юрар, ҳар гал қараганида, эрининг нафасини ҳис қилгандек бўларди. Турмуш ўртоғи билан ўтган дамларини эслаб, йиғлаб оларди.

Аммо қиш қаттиқ келган йили совуқ, муҳтожлик жонидан ўтди. Ғамлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотларининг таги кўриниб қолган. Печкадаги охирги кўмир ҳам ёниб бўлган, кундузги муздек шамол эшик остидаги тирқишидан кириб, танини титратарди… Рўзғорига ёрдам берувчиси йўқ. Ноиложликдан узукни сотишга қарор қилди. Қўлидан ечар экан, кўз ёшларини тия олмади. Қишлоқдаги савдогар аёлникига борди. Аёл узукни айлантириб, обдан кўздан кечирди.

— Айтган нархимга рози бўлсангиз, ҳозир пулини санайман, — деди у синовчан нигоҳ ташлаб.

— Илтимос, бир оз қўшинг, — Марҳабонинг овози титраб чиқди.

Иккови келишди. Пулни олиб, уйига қайтаётган Марҳабонинг юрагида бўшлиқ пайдо бўлди. Гўё ҳаётининг бир бўлагини сотгандек, кўнгли хижил эди. Ўша кеча Марҳабо узоқ вақт ухлай олмади. Кечаси эса эри тушига кирди. Ҳайдар унга узоқдан қараб турганмиш. Юзида норозилик аломати акс этиб турганмиш.

“Узукни нега сотдинг?” дебди Ҳайдар.

“Йўқ, йўқ, сотганим йўқ…” деб ўзини оқлашга уринарди у.

“Алдаб нима қиласан? Мен сендан уни асрашингни сўрагандим. Узук муҳаббатимиз рамзи эди-ку!” У шундай деди-ю, юзини терс буриб, ғойиб бўлди. Марҳабо чўчиб уйғониб кетди. Қўлини пайпаслади. Узуги йўқ! Юраги тез-тез урар, пешонасидан совуқ тер оқарди. Ўтириб, нафасини ростлади. Қулоғида эрининг гаплари ҳануз янграб турарди.

— Астағфируллоҳ!.. Астағфируллоҳ!.. — дея пичирлади аёл. — Бошқа чорам йўқ эди, мени кечиринг.

Эртаси куни эса тонг саҳарда қаттиқ тарақлаган овоздан уйғонди. Бир зум нима бўлганини англай олмай турди. Қараса, девордаги сурат ерда ётибди. Ҳайдарнинг руҳи кезиб юргандек сесканиб кетди. Суратни эҳтиёткорлик билан олиб, чангини артди. Деворга осиб, узоқ тикилди. “Эримнинг руҳи безовта бўлгандир…” деб кўнглидан ўтказди. Ойнасининг бир бурчагидан узунасига тушган кичик ёриқдан Ҳайдар унга қараб тургандек туюлди.

— Арвоҳлар ҳақида айтилган гаплар рост экан-да… — деди пичирлаб. — Узукни бугуноқ бориб қайтариб оламан!

Нонушта қилишдан олдин икки калима Қуръон ўқиб, эрининг руҳига бағишлади. Сўнг апил-тапил кийинди-да, кечаги пулни олиб, ўша аёлникига жўнади.

— Илтимос, узугимни қайтаринг, — деди кўзлари намланиб.

— Бу узукнинг қандайдир сири борми? — сўради тижоратчи аёл ҳайратомуз оҳангда, ниманидир яшираётгандек.

— У марҳум эримдан қолган ёдгорлик эди. Икки кечадан буён тушимда мендан узукни сўраяпти.

Тижоратчи аёлнинг юзидан ранг қочди. Бир лаҳза лол бўлиб турди. Аммо ичидаги қўрқувни сиртига чиқармади. Уям тонггача кўз юммаганди. Сабаби, ётишидан олдин узукни шунчаки қўлига тақиб кўрганди. Ечиш ёдидан кўтарилиб, ухлаб қолибди. Тушида унга юзи аниқ бўлмаган, кўзлари ғамгин кимса қараб турганини кўрди. Кейин совуқ қўли билан узукни бармоғидан суғураётгандек бўлди. Қўрқувдан уйғониб кетди. Шу бўйи уйқуси қочиб, эрталабгача ўтириб чиққан эди.

— Мана, олинг, — деди у шоша-пиша ичкаридан узукни олиб чиқиб. — Менга керак эмас!

Марҳабо суюниб кетганидан узукни бағрига босди ва дарҳол тақиб олди.

— Раҳмат сизга, — деди кўзи ёшланиб.

Ўша кеча Марҳабо тиниқиб ухлади. Эри қайтиб тушига кирмади. Фақат елкасидан майин сабо силаб ўтгандек бўлди. Шу илиқликдан уйғонди. Тонг отган, деразадан нур тушиб турарди. Узукни қуёшга тутиб, бармоғига қаради. Узук аввалгидан-да ярқираб турарди…

Саодат МУСАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =