Ҳалқа

(Ҳикоя)

Чол узоқдан боланинг овозини таниди: сирка ичган хўроздек чийиллаган овоз гоҳ баралла эшитилар, гоҳ сўниб қоларди. Бобонинг кўкайини куйинди ҳидидек ёқимсиз бир нима қаттиқ ачиштирди: ҳойнаҳой, гўдак бугун ҳам йиғлайвериб, овози бўғзидан чиқмай қолганга ўхшайди.

У қурилганидан бери икки табақаси бир вақтда очилмаган эски, шалоғи чиққан дарвозанинг кичкина ўрта эшигини оёғи билан тепиб очди: алмисоқдан қолган, ҳар очилганда занг тортган ошиқ-мошиқлари дардли ғичирлайдиган эшик сал қолди қўпорилиб тушишига.

Уй олдидаги кекса гужум соясида урчуқ йигириб ўтирган кампир дарвоза дарчасининг тарақлаб очилишига зарра эътибор бермади. Юмушини давом эттирди: ғириллаб айланаётган урчуқбошнинг шардозини ёшига ярашмаган эпчиллик билан боши узра чўзиб-чўзиб калавага ўрарди.

Лекин бобосини кўриши билан аранг оёқда турган гўдакнинг масъум чеҳрасида қуёш порлади. У ҳамма нарсани унутиб, талпанглаганча бобоси томон интилди. Бобо ва набира ачомлашишга улгурмади: боланинг белига боғланган пилик ип таранг тортилиб, уни таққа тўхтатди — мувозанатини йўқотган бола орқаси билан ғадир-будур, ўйдим-чуқур қоқ ерга ўтириб қолди.

Чол йиғламоққа чоғланган неварасини даст кўтариб олар экан, гужум томон юрди: улкан дарахт танасига боғланган ип салқи ташлади…

— Отамдан!.. Отамдан!.. Мана, мен келдим… Яна йиғладингми?! Ўўў, момаси яна Алпомишимни дарахтга боғлабди-да. Ҳа, ҳали тўхтаб турсин, бу момонгнинг таъзирини берамиз… Ў, отажоним-а! Яна йиқилибсиз-да! Мана, ҳозир ипни ечамиз. Мана-мана!..

Бобо боланинг белига маҳкам танғилган ипнинг тугунини ечар экан, тирноқлари ачишиб кетди. Чолнинг кўксига бошини қўйган гўдак эса ич-ичидан хўрсинарди. Тийиқсиз бу изтироб чолнинг ғазабини қўзғаб, дарди дунёсини қоронғи этди. Кўксида бўрон бўлиб қўзғалган бу нафратни тилига чиқаришга улгурмади.

Туйқус қарға қағиллагандек кампир ғазабнок гапира бошлади:

— Мегажин қиз, бир сўтакни деб бизларни шу кўйга солди!!! Мана бу кўкиягини бизларга ташлаб, ўша шумқадам билан пул излаб кетди-борди! Мен унинг зорманда чирқилловиғини дардимга газак қиламанми?! Ўзи бир ҳафтадан бери қўлим шишиб, буйрагим оғриб, белимни ололмайман. Бу жонимнинг эговининг овози тинса денг. Дарахтга боғламасам, қонимга ташна қилди. Ҳали ўзи текис ерда юролмайди-ю, ҳовли-ҳаётнинг тўрига қочгани-қочган. Икки марта анави ертокнинг ичидан топиб келдим. Говзомбирдан ҳам қўрқмайди бу чакагинг ўчгур! Чаёнми, илонми чиқиб ўлдирса, қутулардим бу дарди бедаводан!!!

Шу ерга келганда чол чидаб туролмади, портлади:

— Аааай, аҳмоқ, сангнафас, ўчир овозингни! Худодан қўрқ!!! Гўдакнинг оҳи уради сен бефаҳмни! Болада нима айб, онаси ташлаб кетган бўлса?! Ўйловсиз қиз!.. Шу нодонни ҳам сен туққансан, сен тарбия бергансан. Бир нарса десам, қопағон итдай оғзимдан қопдинг, энди бас қил!!!

Кампир кўз остидан эрига чақчайиб қаради: чолнинг қорайиб, тутақиб кетган юзидаги ижирғаниш ва нафрат кампирнинг тилига тушов солди.

Қўлидаги урчуғини шиддат билан йигира бошлади.

Ҳамон хўрсинишини босолмаган гўдакни бағрига босганича ҳовли тўридаги ерток томон йўл олган чолнинг димоғига тупроқ ҳиди урилди.

Шундагина бобо гўдакнинг уст-боши тупроққа беланганини, ҳар йиқилганида юзига сачраган чанг гардидан боланинг юзи кир тортиб кетганини фаҳмлади.

Неварасининг тупроқ ювган юзида ёш томчилари намиқиб қотиб қолган эди.

Бола ерток бошига етиб келганида ҳаммасини бирдан унутди: “Абу, абу, абу!” деганча ерга тушишга интилди.

Чол набирасини авайлаб ерга қўяр экан, гўдак юлқиниб унинг қўлидан чиқиб, алпан-талпанг юрганича бир нарса излагандек ерток атрофини айланишга тушди.

Гўдак излаганини топди: қаердандир оппоқ капалак учиб келди, у ертокнинг бетартиб шохлари узра қанотларини қоқиб, чанг ўтирган барглари четига қўнишга чоғланарди.

Бола қийқириб кула бошлади: “Абу, абу, абу!”

У қўлларини чўзиб, капалакни ушламоқчи бўларди.

Бобосидан таралаётган ачқимтир тер ҳиди, ертокнинг баргларидан анқиган ширин бир ифор, оппоқ капалакнинг қанотларидаги нурли тасмалар ҳалқаларга, олтин ҳалқаларга айланиб, гўдакни нурли оғушига олди: ҳалқалар, ҳалқалар… олам ҳалқаларга тўлди.

Темирпўлат ТИЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + twenty =