Ҳаммаси келажак авлод учун

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тартибда ўтказилган 73-мажлис баённомасининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 186-сонли қарори асосида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали ташкил этилган.

Бугунги кунга қадар филиалда маънавий-маърифий ва илмий соҳада бир қанча ютуқларга эришилди. Жумладан, илмий соҳа бўйича “Мусиқа санъатида ижрочилик маҳоратини такомиллаштиришнинг долзарб муаммолари: анъанавийлик ва замонавийлик”, “Қорақалпоқ халқ мусиқа санъатини ривожлантиришда дирижёр-композитор Абдирейим Султанов ижодининг ўрни ва аҳамияти”, “Таълим тизимида мусиқий-назарий фанларнинг тутган ўрни ва аҳамияти”, Композитор Марқабай Жиемуратов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Замонавий мусиқа санъатининг долзарб масалалари” мавзуларида илмий-амалий ва халқаро конференциялар ташкиллаштирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 20 апрель куни қабул қилинган “Олий таълим муассасаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, маҳорат дарсларини ўтказиш, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг малакасини оширишни ташкил этиш вазифалари белгиланган эди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида бир нечта хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолашга эришдик. Хусусан, ҳозирги кунда Қозоғистон Республикасининг Қурманғази номидаги Қозоқ миллий консерваторияси, Т.Саттаров номидаги Тожикистон миллий консерваторияси ва Мирзо Турсунзода номидаги Тожикистон давлат санъат ва маданият институти, Италиянинг ­Л’Акуила шаҳридаги “Альфредо Казелла” консерваторияси, Хитой Халқ Республикасининг Ухан мусиқий консерваторияси билан ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.

2025 йилнинг 15 февраль куни Италиянинг Л’Акуила шаҳридаги “Альфредо Казелла” консерваторияси билан халқаро грант асосида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ушбу ҳамкорлик келишуви асосида 2025 йилнинг 12-18 май кунлари Италия давлатининг Л’Акуила шаҳридаги “Альфредо Казелла” консерваториясида “ItARTs” лойиҳаси доирасида “Ўзбек ва қорақалпоқ операларининг пайдо бўлиши” мавзусида семинар ташкиллаштирилди.

2025 йил 25-27 март кунлари Қозон шаҳрида Жиганов номидаги Қозон давлат консерваториясининг 80 йиллиги ва Қозон консерваторияси Халқ чолғулари оркестри ташкил этилганининг 60 йиллигига бағишланган Халқ чолғулари оркестрлари ва ансамблларининг халқаро танлови бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг “Чолғу ижрочилиги” кафедраси профессори, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони соҳиби, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, композитор Ҳикмат Ражабов раҳбарлигида ташкил этилган “Жайҳун” халқ чолғулари оркестри 1-ўрин ва “Айдин” ансамбли 2-ўринни олишга муваффақ бўлди.

Шу йил апрель ойида таълим масканимизга машҳур француз дирижёри Натали Марен маҳорат дарсларини ўтиш мақсадида ташриф буюрди. Франциялик дирижёр филиалнинг “Халқ чолғулари” оркестри ва иқтидорли талаба-ёшлар томонидан жонли тарзда ижро этилган куй-қўшиқлар билан кўтаринки кайфиятда кутиб олинди. Шунингдек, Натали Марен томонидан 2025 йил 15 апрель куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида, Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг симфоник оркестри билан ҳамкорликда концерт дастури ташкил этилди.

2025 йил 10 май куни Хитой Xалқ Республикасидаги Ухан мусиқий консерваторияси билан тузилган ўзаро ҳамкорлик шартномаси асосида 2025 йилнинг 15-16 сентябрь кунлари филиал директори — камина, “Умумкасбий ва ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси доценти в.в.б. Ж.Чаршемов ва талаба-ёшлар биргаликда Хитой Халқ Республикасига бориб, мастер класс ва концерт дастурлари ташкил этдик. Ҳозирда филиалнинг 4 нафар иқтидорли талабаси Ухан мусиқий консерваториясида академик мобиллик асосида ўқишни давом эттирмоқда.

Жорий йилнинг 30 сентябрь ва 1 октябрь кунлари эса бизнинг маскан ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида италиялик санъат ва маданият соҳаси ходимлари билан ҳамкорликда “ItARTs” лойиҳаси доирасида фестиваль ташкил этилди. Фестиваль Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Концертнинг I қисмида республика ва халқаро танловлар лауреати — “Жайҳун” халқ чолғулари оркестри томонидан бадиий раҳбар, “Шуҳрат” медали соҳиби, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Ҳикмат Ражабов дирижёрлигида Жоаккино Россинининг “Севилиялик сартарош” операсидан парча, Эдуардо ди Капуа, Жованни Капурронинг “О Соле мио”, Италия композиторларининг асарларидан попурри, Луижи Денсанинг “Фуникули-фуникула”, Эрнесто де Куртиснинг “Торна а Сурриэнто”, Жоаккино Россинининг “Каватина фигар”, Жозепп Вердининг “Травиата” операсидан “Застолная песня” каби Италия мусиқа санъатининг машҳур асарлари алоҳида маҳорат билан ижро этилди.

Иккинчи бўлимда италиялик талабалар томонидан Клаудио Монтеверди, Франческо Кавалли, Доменико Скарлатти, Доменико Чимароза, Россини Жоаккино, Жозепп Верди, Жакомо Пуччини операларидан парчалар ижро этилди. Фестивалнинг иккинчи кунида италиялик тажрибали устозлар томонидан ўтказилган маҳорат дарслари талаба-ёшлар учун унутилмас тажриба мактаби вазифасини бажарди, десак, муболаға бўлмайди. Чунки улар ўзларининг назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлади. Энг асосийси, мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқалар янада мустаҳкамланиб, мусиқа санъати ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшди.

Филиал талабаларининг мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишларини ошириш ва мусиқий билимларини янада бойитиш мақсадида Ўзбекистон давлат консерваториясининг маҳоратли ва тажрибали профессор-ўқитувчилари ва хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокида “Маҳорат дарслари” ташкиллаштирилди. Хусусан, Анталия давлат Симфоник оркестри созандаси, Акдениз университети доценти Лейла Байрамоғуллари, Тошкент Гёте институти билан ҳамкорликда фортепьяночи М.Зеккини ва рояль устаси Т.Бросс, франциялик композитор ва пианиночи Жуанна Гоодале билан Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали профессори Ҳикмат Ражабов бошчилигидаги “Халқ чолғулари” оркестри ва Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали доценти Полат Тнибаев бошчилигидаги симфоник оркестрлари билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида концерт дастурлари бўлиб ўтди.

Шунингдек, филиал миқёсида, республика миқёсида ташкиллаштирилган катта тадбирларда филиалимизнинг “Халқ чолғулари” оркестри ва “Симфоник” оркестрлари фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби, доцент Полатбай Тнибаев раҳбарлигидаги “Симфоник оркестр” томонидан 2024 йил 22 февраль куни П.Чайковскийнинг “Симфония №1” номли, 11 декабрь куни Людвиг Ван Бетховен куй басталаган “Симфония №5” номли концерт дастури, 2025 йил 22 май куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида филиал талаба-ёшлари иштирокида Сергей Раҳманиновнинг “Алэко” операси (Александр Сергеевич Пушкиннинг “Лўлилар” поэмаси асосида, Владимир Немирович-Данченко либреттоси) саҳналаштирилди. 2024 йил 26 апрель куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида хормейстер М.Кулчигаева ва дирижёр М.Зухуровлар раҳбарлигида Антонио Вивалди контата “Глориа” номли талаба-ёшлар хори ижросида жонли концерт дастури бўлиб ўтди.

Фахр билан айтиш мумкинки, филиал ташкил этилган йили 47 нафар талаба ўқишга қабул қилинган бўлса, ҳозирда талабаларимиз сони 241 нафарни ташкил этади. 2025 йили илк битирувчиларимиз ўқишни муваффақиятли якунлаб, 10 нафар талаба магистратурага қабул қилинди.

Қувончлиси, Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали жорий ўқув йилини янги бинода бошлади. 30 сентябрь куни филиал янги биносининг очилиш маросими тантанали равишда бўлиб ўтди. Филиалнинг янги биноси 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, талабаларнинг билим олишлари учун барча шароитлар яратилган.

Рудакий АЛЛАНБАЕВ,

Ўзбекистон давлат консерваторияси

Нукус филиали директори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =