“Мажбурий” обуна тарафдориман…
Бир неча йил муқаддам Тошкент вилоятидаги туман халқ таълими бўлимлари (ҳозирги туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими)дан бирининг мудирини обунани ташкил этгани учун лавозимидан озод қилишди. Ҳатто қаерда обуна яхши йўлга қўйилса, ўша жой танқидга нишон бўлди.
Нима эмиш, газета-журналларни ўқиш дарс жараёнига алоқадор эмас эмиш. Нима эмиш, мажбурий обуна жуда катта хато эмиш. Дала ишларида қатнашиш, кўчаларни тозалаш дарсларга алоқасиз дейишса, тушунарли бўларди. Ҳаёт олдимизга қўяётган вазифаларни таъкидлаш, илғор иш тажрибаларини тарғиб қилиш қачондан буён кундалик турмушимизга зид бўлиб қолди?!
Ўйлаб кўринг, ўзингиз сотиб олган автомашина учун мажбурий суғурта бор. Лекин бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Нотўғри демайди. Ўзимнинг машинам, эҳтиёт қилиб ҳайдайман. Керак бўлса, бирор муаммо чиқса, ўзим ҳал қиламан, дея аюҳаннос солмайди. Жимгина ҳар йили суғурта полисини сотиб олади. Мажбурий ҳарбий хизмат ҳам муқаддас бурч. Ундан бўйин товлаш жиноят ҳисобланади. Мажбурий таълим — янада тўғри ва тушунарли. Лекин… маърифат ва маънавият зиёсини улашувчи матбуот нашрларига обуна бўлинг дейишса, буни қўйиб берсангиз, жиноятга, ноқонуний бир ёмон ишга тенглаштиришни истовчилар топилади.
Тўғри, ҳар ким ўзи истаган газета-журналга обуна бўлишга ёки бўлмасликка ҳаққи бор. Ҳеч ким “фалон нашрни ўқийсан”, дея мажбурлаши мумкин эмас. Аммо шу ўринда масаланинг бошқа томонини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Айтайлик, китобхонлик масаласи. Агар биз фарзандларимизга ёшлигидан “уни ўқи, буни ўқи” демасак, китобга ошно қилмасак, улар китоб мутолаасига меҳр қўядими? Ёки одам боласи ўз-ўзидан китобхон бўлиб қоладими? Йўқ, албатта. Шу боис газета-журналларга обуна бўлиш масаласида тарғибот-ташвиқотни, қўллаб-қувватлашни кучайтириш керак. Зеро, “мажбурий”, “ихтиёрий”, “обуна бўл десанг, ўзингдан кўр”, “фақат битта газетага обуна бўлсанг етади” деганга ўхшаш дўқ-пўписалар, огоҳлантиришлар бутунлай луғатимиздан олиб ташланиши шарт. Шунинг учун жойларда ҳокимият, вазирлик ва идоралар нашрларга обуна бўлиш учун тавсиявий кўринишдаги режаларни бемалол ишлаб чиқишлари мумкин бўлиши керак эмасми? Ҳозир эса вилоят, туман, шаҳар раҳбарлари ҳам ҳатто ўзлари муассис бўлган нашрлар учун ақалли тавсиявий хатлар чиқаришга чўчиб қолишган.
Хўш, нима қилмоқ керак? Обунани ўз ҳолига ташлаб қўйиш керакми? Ҳаммага маълумки, ўз ҳолига ташланган иш барбод бўлади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Одам боласининг табиатида танбалликка, дангасаликка мойиллик борлиги турган гап-ку!
“Бизга обуна нимага керак? Мана, ҳамма нарса телефонимда бор-ку”, деяётган раҳбарнинг биринчи галда маънавий олами қандай эканини ўйлаб кўрадиган вақт етди, назаримизда. Негаки, жойларда бўлганимизда, одамлар билан суҳбатлашиш асносида матбуот ходими эканимизни айтсак, асосан: “Ҳа, ҳозир одамлар газета-журнал ўқимай қўйишди-я”, дейишади. Бу гап гўё “сизлар беҳуда ишлаяпсизлар-да” дегандек эшитилади.
Шу мавзуда гап кетганда, ОАВ қаторида бўлган матбуот ва ижтимоий тармоқ, интернет нашрларини бир-бирига қарши қўйиш ҳоллари учраётгани сир эмас. Аслида, ҳар иккала тараф ҳам тингловчилар ва ўқувчиларга кўпроқ маълумот етказишдан манфаатдордирлар.
Шубҳасиз, улар бир-бирларини тўлдирадилар ва бу йўлда мақсад сари муайян марраларга эришилмоқда. Биз ҳеч қачон “фақат матбуот амал қилсин, ижтимоий тармоқ, сайтлар нари турсин”, дейишга ҳаққимиз йўқ. Дунёнинг қатор ривожланган мамлакатларида ижтимоий тармоқлар ҳам, интернет нашрлари ҳам, босма нашрлар ҳам ёнма-ён яшамоқда. Ким ўқувчилар қалбидан кўпроқ, ишончлироқ жой эгалласа, қандини урсин! Яъни нашрларнинг янги ва таъсирчан шакллардан боришга интилишини соғлом рақобат сифатида қабул қилиш керак. Очиқ тан олайлик, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар масала моҳиятини лўнда шаклда ва тезкор етказишади. Аммо кўп ҳолларда бирёқламалик, шошма-шошарлик ҳолатлари учрайди. Саводхонлик масаласини айтмасак ҳам, ўқимишли одам кўриб, билиб турибди.
Матбуот нашрларига келсак, уларда биринчи галда ўткир мулоҳаза, кенг таҳлил ва атрофлича мушоҳада юритиш устунлик қилади. Узоқни кўзловчи, ўқувчининг қалб тўрига етиб борадиган мақолалар албатта кўпайиши керак.
Яширишга ҳожат йўқ, даврий нашрларга обуна бўлиш кўрсаткичи йилдан-йилга пасайиб боряпти. Бундан ўн-ўн беш йил олдин 100 минглаб нусхада чиққан нашрлар бугун ўн-йигирма баробар кам ададда чоп этиляпти. Хўш, шу тарзда пастга шўнғиб бораверилса, охири нима бўлади? Саволни янада кўндалангроқ қўяйлик: қаёққа қараб кетяпмиз? Матбуотдан юз ўгириш, ундан мосуво бўлиш ҳеч кимни яхшиликка элтмаслиги аниқ-ку! Мабодо чиндан ҳам, босма нашрлар “ортиқча” бўлса, нима учун энг ривожланган давлатлардаги қатор газета ва журналлар ҳамон юз минглаб нусхаларда чоп этилмоқда? Нима учун АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Англия, Польша, Франция ва бошқа илғор юртлар босма нашрлардан воз кечмаяпти? Буларни ўйлаб кўриш, ибрат олиш, улги олиш шунчалар қийинми?
Ўзбекистон — илм-фанда, маданиятда, мафкурада эл-юрт назарига тушган мўътабар инсонлар Ватани. Буюк тамаддунлар бешиги. Халқимизни эзгу, ижобий қадриятлар асосида тарбиялаётган устозларимиз, умуман, ўзини зиёли деб ҳисоблайдиган юртдошларимиз наҳотки бу инқирозни сукут сақлаб қарши олишса? “Зиёли” сўзи ўзбек тилининг изоҳли луғатида “ақлий меҳнат билан шуғулланувчи; илмли, ўқимишли, маърифатли” деган таърифда ифодаланган. Чин зиёли ҳаётда фақат ўзи учун эмас, бутун жамият аъзоларининг савияси учун ҳам масъулдир.
Ўзбек адабиётида муҳим из қолдирган адиблардан бири Худойберди Тўхтабоев (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) бир йиғинда: “Мен халқимиз савияси ҳақида ҳамиша ўйга ботаман” деб жон куйдирганида нақадар ҳақ эди. Жамиятнинг олдинги сафида бораётган зиёлилар эл-юртнинг нафақат бугуни, балки эртаси учун ҳам ана шундай муносабатда бўлиши керак, албатта. Хусусан, биринчи навбатда босма нашрларни қўллаб-қувватлашлари, ўзлари қизиққан нашрларга обуна бўлишлари шарт. Мана, тунов куни телевидениеда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим: “Бизда қанча адабиёт муаллими бор, нега улар ҳеч бўлмаса “Шарқ юлдузи”ни ўқишмайди?” дея куюнчаклик билан фикр билдирди.
Дарҳақиқат, бугунги ўқитувчилар, бошқа нашрларни қўйинг, ўзларининг касбий соҳасига тааллуқли нашрларни ҳам “унутиб” юбориш даражасига етиб келишган, десак хато бўлмаса керак!
Шу ўринда газета-журналларга обуна бўлишнинг яхшиланишига халақит бераётган яна бир ҳолат бор. Бу нашрларни обуначига ўз вақтида етказиш муаммоси. Биз яхши эслаймиз, илгари маҳалла оралаб юрувчи почтальонларни кўпчилик хурсандчилик билан кутарди. Энди хат-хабарни, матбуот нашрларини эгасига етказиш пала-партиш ҳолатда. Баъзи жойларда кундалик газеталарни ҳафта, ўн кунда, ҳатто ундан ҳам кечиктириб олиб келишади. Бу соҳада тартиб ўрнатиш баъзилар назарида мураккабдек туюлади. Бизнингча, тартибга олиш қийин эмас. Қаранг, автомашина тезлигини оширган, ўрнатилган қоидаларни бузган ҳайдовчиларга жарима қоғозлари ўз вақтида етказиляпти-ку! Демак, ҳаммасини йўлга қўйиш мумкин.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бир неча йил муқаддам ўқитувчилар билан мулоқотлари чоғида “Мажбурий обунани йўқотамиз деб, ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик” дегани ҳамон ёдимизда. Ўшанда ахборот технологияси ривожланган мамлакатларда босма нашрлар миллионлаб нусхаларда чоп этилиши мисол сифатида айтилганди. Шу сўзларни дилимизга тугиб, кимлардан ўрнак олишимиз кераклиги ҳақида ўйлаб кўрайлик. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун, шаксиз, матбуот ҳам керак бўлади. Қолаверса, газета-журнал ўқимаган китоб ўқишни ҳам ёлчитмаса керак.
Қачонки, одам боласига болалигидан ўқиш, мутолаа ҳикмати, завқи сингдириб борилса, у ҳеч қачон бесамар кетмайди. Аксинча, бугунги кундагидек фақат телефон ё интернетга қарамлик кучайиб кетар экан, бизнинг “мажбурий обуна” дея қилаётган хавотирларимиз, “меҳрибончилигимиз” алалоқибат сариқ чақага қиммат бўлиб чиқиши муқаррар. Ахир бунинг кўринишлари, ҳосилалари аллақачон турмушимизда ўз аксини кўрсатмоқда. Бунга бугунги ижтимоий тармоқлардаги “ҳаёт манзаралари”нинг ўзи яққол мисол, кўзгу эмасми?
Хуллас, матбуотни қўллаб-қувватлаш, асраб қолиш зарур. Бунинг учун эса обунани биринчи галда фарзандларимиз таълим-тарбия оладиган мактаблардан, олий ва ўрта махсус таълим масканларидан, яна маҳаллалардан, маданият ва санъат муассасалари, қўйингки, жамики ташкилот ва корхоналар жамоаларидан бошлаш керак бўлади. Бу йўлда хоҳиш бўлса, истак бўлса, ечим албатта топилади. Маблағларнинг обунага “етмай” қолиши мумкин эмас. Зеро, кейинги етти-саккиз йилда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган шунча улуғвор ишлар, бунёдкорликлар, улкан ислоҳотлар рўёбга чиқарилаётган экан, биз обуна масаласини ҳал қила олмаймизми? Улуғ миллатимиз, халқпарвар ҳукуматимиз бу масаланинг ижобий ечимини албатта топади деган ишончимиз бор.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист.
