Нурли ҳаёт сари…
Баъзан инсон энг қоронғи тунларда ҳам тўғри йўл топа олади. Ўша йўл уни бир эшикка олиб келади. Бу эшикдан кириб, қайтиб чиққанида эса ўзини, ўзлигини бир қадар юксакда англаган бўлиши мумкин.
Биласизми, гоҳида ҳаёт сени кўз ёшларингдан тортиб чиқаргандек, баъзан эса кулгиларингдан қувват олиб учиргандек бўлади. Ҳа, инсон яшар экан, кўнглидан умидсизлик шамоллари ҳам, шукроналик нурлари ҳам ўтиб турди! Қачондир мен ҳам ҳаётнинг энг оғир синовидан ўтгандим — касаллик тинкамни қуритганди, юрагимни оғриққа тўлдирганди. Кунларимда қувончлар бўлса ҳам, кўнглим уларни илғай олмас, гўё ҳамма нарсага қизиқишим сўнгандек эди.
Бир кун келди, тақдир мени янги йўлга бошлади. Ҳаётимдаги ўша кунни ҳамон аниқ эслайман: 2024 йилнинг 1 апрель тонги эди. Мен бир эшик олдида тўхтадим. Оддийгина эшикдек кўринарди, аммо мен учун у эшикдан кириш гўё янги, нурли ҳаёт сари қадам қўйиш билан баробар бўлди.
Ўша ерда мени кутиб олган одамлар борки, улар меҳр билан қарашди, ёрдам қўлларини чўзишди. Бу илиқликни кўриб, кўнглимда кўпдан бери йўқ бўлган бир ҳис уйғонди: умид. Ана шу умид менга куч берди. Шунда англадимки, мен ишхона эшигидан эмас, жаннатдан бир бўлакка қадам қўйибман.
Бу жой — “Янги Ўзбекистон” газетаси таҳририяти бўлди.
Аввалига ишга кирар эканман, “Ишлаб кета олармиканман?” деган хавотирлар кўнглимни безовта қиларди. Чунки одамлар билан гаплашиш менга оғир туюлар, қалбимда касалликдан қолган изтироблар турар эди. Аммо муҳаррирнинг меҳрибон қаршилаши, ҳамкасбларнинг самимий муомаласи секин-секин руҳимдаги қоронғиликни ёрита бошлади. Бу жамоа менга иш жойи эмас, қалбим учун даво бўлди.
Кўрдимки, инсонлар бир-бирини фақат иш юзасидан эмас, қалбан ҳам қўллаб-қувватлар экан. Кимдан ёрдам сўраманг, ўз ишини бир четга суриб бўлса-да, ёнингизга келади. Энг қизиғи, улар менинг ўша даврдаги касаллигимни билишмасди. Лекин уларнинг самимияти, беғараз меҳрлари менга ҳаётга қайтишга ёрдам берди.
Газетамизда ўзига хос одатлар бор: ҳар бир ходимнинг туғилган куни катта байрамдек ўтади. Муҳаррир бошчилигида бутун жамоа йиғилиб, самимий табриклар айтилади, эсдалик совғалар берилади. Ютуқларга эришган ходимлар эса катта шукуҳ билан эътироф этилади. Ҳар шанба куни эса ҳамма спорт залига йўл олади. Ўша пайтда на муҳаррирнинг мансаби, на оддий ҳайдовчининг вазифаси аҳамиятли бўлади — ҳамма бир хил, ҳамма бир сафда.
Баъзи бир ташкилотларда одамлар иш тугашини интизорлик билан кутиб, “Тезроқ уйга кетсам эди”, дейишади. Мен эса ҳеч қачон уйга шошмаганман. Чунки мен учун бу маскан оддий иш жойи эмас, балки катта бир оила. Бу оилада бир кишининг қайғуси ҳам, қувончи ҳам бир. Кимдир қийинчиликка дуч келса, ёнидагилар кўмакка шошади.
Албатта, ҳар бир жамоада камчиликлар бўлади. Балки бу ерда ҳам бордир. Лекин мен ҳали ёмон муносабатни кўрмадим. Рақобат борми? Ҳа, бор. Лекин у фақатгина ўсишга, ўрганишга, яхшиликка хизмат қилади.
Газетанинг ўзига хос ифори бор. Шу ифорда мен ўзимни топдим, нонимни ҳам, номимни ҳам топдим. Бу ерда мен дўст, опа-ака, дардкашларни учратдим.
Баъзан шамол сочларимни тўзғитса, гўё у ҳам мени рашк қилаётгандек. Қуёш эрталаб иссиқлиги билан юзимни силаса, мен билан бирга қувонаётгандек туйилади. Чунки бундай жамоа, бундай самимият ҳамма жойда ҳам учрайвермайди.
Дарахт бир жойда кўкаради, дейди доно халқимиз. Балки бир кун келиб бошқа жойларда ҳам ишларман. Балки умрим охиригача шу ерда қоларман. Буни ҳеч ким билмайди. Аммо бир нарсани аниқ айта оламан: мен “Янги Ўзбекистон” газетаси жамоасида ишлаётганимда ўзимни чинакам бахтли ҳис қиламан.
Зулхумор АКБАРОВА,
“Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири.
