Отам авайлаган китоб
Ҳар гал китоб жавонимни очганимда, кўзим биринчи бўлиб Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романининг эски нашрига тушади-ю, ўтган асрнинг 60-йиллари охиридаги шу китоб билан боғлиқ бир воқеа ёдимга келади…
Бир умр пахта тозалаш ва тайёрлаш тизимида ишлаб, кўпчиликка бош бўлиб юрган отам Эшонқул Пардабоев гарчи йилнинг тўрт фаслида, кеча-ю кундуз деҳқонлар етиштирган пахта ҳосилини сифатли ҳолатда корхоналарга етказиб бериш ташвишлари билан банд бўлса-да, уйда дам олган пайтларида китоб ўқишга вақт топар эди. Жавонда муқаддас Қуръон-у ҳадис китобларидан тортиб, тарихий асарлар, илмий ва замонавий адабиётларгача терилган эди. Отам уларни навбати билан имкони борича ўқишга ҳаракат қиларди. (Уйимизда бобом — онамнинг отаси мулла Қунназардан мерос қолган, бундан 150-200 йиллар (балки, ундан ҳам олдинроқдир) аввал чоп этилган Қуръон бўлиб, отам уни жуда авайлаб варақлаб, бизни ҳам ёнига чорлаб, қироат билан мутолаа қиларди.
Эсимда, жавондаги китоблар орасида Алишер Навоий, Умар Хайём, Мирзакалон Исмоилий, Ғафур Ғулом, Миртемир, Ойбек, Саид Аҳмад, Шуҳрат, Асқад Мухтор ҳамда бошқа ёзувчи ва шоирларнинг асарлари, шунингдек, Абдулла Қодирийнинг романлари ҳам бор эди.
Отам негадир Абдулла Қодирийнинг асарларини ўқиб бўлганидан сўнг кўринмас жойга — жавоннинг орқа токчасига жойлаштириб, олдини бошқа китоблар билан тўсиб қўярди. Бунинг сабабини кейинроқ, биз юқори синфларда ўқиб юрганимизда айтиб берган ва биз ҳам, албатта, уларни ўқишимиз шартлигини уқтирган эди. Ҳамиша яширилган нарса кишининг эътиборини тортади. Мен ва опаларим ўша адабиётларни бир неча мартадан ўқиб чиқиб, роса таъсирланганмиз.
Бошланғич синфларда ўқиб юрган кезларим эди. Отам ва онам бир куни қариндошимизникига меҳмонга кетишди. Қайтганларида отамнинг қўлида қийиққа ўралган, жилди титилиб, ёзувлари кўринар-кўринмас ҳолатга келган бир китоб бор эди. Отам китобнинг жилдини қайта-қайта текислаб, варақлари йиртилган-йиртилмаганлигини текширди. Бу Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари эди. Опам отамдан: “Буни қаердан олдингиз?” — деб сўради. Отам воқеани айтиб берди.
Меҳмонга борган хонадонларида хонтахта қўйилган бўлиб, уй эгалари баландроқ бўлсин деб хонтахтанинг оёқлари тагига тўртта эски ноёб китобларни қўйишган экан (бунақа ҳолатларни ҳозир ҳам китобнинг қадрини билмаган айрим оилаларда учратиш мумкин). Отамнинг кўзи дарров уларга тушибди-ю, ҳаловати бузилибди.
— Меҳмондорчилик охиригача фикру хаёлим шу китобларда бўлди, — деди отам. — Уй эгасидан уларни қандай қилиб сўраб олишни ўйлаб ўтирдим. Кетар чоғимизда мезбондан шу китобларни менга беришини илтимос қилгандим, у кўнди ва: “Мана бу китоб эскириб, варақлари йиртилиб кетган, ташлаб юбормоқчийдим, бошқалари яп-янги, ҳали керак бўлиб қолади”, — деб Жулқунбойнинг китобини (отам Абдулла Қодирийни тахаллуси билан, яъни Жулқунбой деб аташни яхши кўрарди) қўлимга тутқазди ва: “Қаердан олганингизни ҳеч кимга айтманг, балога қолмайлик, бу нозик китоб”, деб қулоғимга шипшиди.
Отам китобни қўлидан келганича таъмирлаб, йиртилган варақларини елимлаб, текислаб, жавонга қўйди. Ушбу китоб 1959 йили Ўзбекистон давлат бадиий нашриётида 90 минг нусхада чоп этилган экан. Қаранг-а, ўша пайтларда одамлар китоб ўқишга, айниқса, миллатимизнинг юзи, фахри бўлган адибларнинг асарларини мутолаа қилишга қизиқар эканлар-да. Йўқса, 90 минг нусхада босилармиди? (Маълумки, Абдулла Қодирий 1938 йилда қатағон қилиниб, отиб ташланган. Адиб 1957 йилда оқланган. Демак, адибнинг “Меҳробдан чаён” асари у оқлангандан 2 йил ўтгач, нашр этилган).
Дарвоқе, гарчи уйимизда адиб асарларининг кейинги турли даврларда нашр этилган нусхалари бўлса-да, ўшанда отам авайлаб асраган ўша кўҳна китоб ҳамон жавонимиздаги китобларнинг энг сараси бўлиб турибди. Албатта, энди у орқадан яширилган ҳолда эмас, жавоннинг энг юқори токчасидаги олд қатордан ўрин олган.
Холида ПАРДАБОЕВА
