Қуш уясида кўрганини қилади, қушчалар-чи?

Тоҳир Тошкентнинг Навоий кўчасидаги ошхона эгаси. Ошхонанинг жиҳозлари анча уриниб қолган бўлса-да, овқатлари мазали ва арзон. Ишга барвақт келган кунларим машинамни қўйиш баҳонасида у билан бироз суҳбатлашаман. Унинг мен ёқтирмайдиган одати бор — чекади. Тамаки тутунидан заҳарланавериб қош-киприклари ҳам сийраклашиб, рангпар бўлиб кетган.

Бугун ҳам тамаки қутиси устига ўт олдиргичини қўйиб, шогирди билан чой ичиб ўтирган экан. Эски қадрдонмиз, ўтиринг, деб бир пиёла чой қуйиб узатди.

— Ёшингиз ҳам етиб қолгандир, пенсияни расмийлаштирдингизми? — сўрайман ундан.

— Ҳа, яқинда олтмишга кирдим, Аллоҳга шукур, — деди у. — Ўн бир ёшимда ошхонада ишлайдиган отамга ёрдам бериб тураман деб ёнига кирганман. Мактабда тузук-қуруқ ўқимадим ҳам. Ризқ-насиба шу жойда экан. Отамнинг дуосини олиб, унинг касбини давом эттирдим. Бир кам эллик йил шу соҳанинг нонини еб, бола-чақа боқяпман.

Ҳаддим сиққан инсонлар билан тўғридан-тўғри, тортинмасдан гаплашаверишга одатланганман.

— Анови зормандадан ҳам олиб турасиз-а? — сўрайман чойдан ҳўплаб.

— Биласиз, қанд касалим бор, айрим оғайнилар: “Кечки овқатдан аввал эллик-юз грамм отвогин”, деб маслаҳат беришарди. Эллик грамм ҳалқумдан ўтса бўлди, бекатимни йўқотиб қўярдим. Яқинда бир воқеа сабаб бу палакатдан қутулиб олдим.

— Жуда яхши иш бўлибди-ку?! Барча ёмонликлар калити ҳам ароқдан дейдилар, кўплар ичкилик туфайли саломатлигидан айрилиб, қийналиб юришибди. Қандай қилиб ташлавордингиз?

— Бир куни ўн ёшлардаги иккита неварам “кока-кола”ни стаканга қуйиб, бир-бири билан уриштириб ичишаётган экан. “Нима қиляпсанлар?” десам, “Дода, сизга ўхшатиб ичвоммиз”, дейишди. Жуда ёмон таъсир қилиб кетди. Ўша дақиқадаёқ ўзимга сўз бердим: “Ҳозирдан бошлаб ароқ ичишни ташлайман”. Бу ишимдан ўзим ҳам, аёлу болаларим ҳам хурсанд.

— Донолар ҳеч бўлмаганидан кўра, кеч бўлгани ҳам яхши дейишади. Охири бахайр бўлибди. Қўлингиздагини ҳам ташласангиз, нур устига нур бўлар эди.

Шу пайт қўл телефоним жиринглаб қолди. У билан хайрлашар эканман, яхши ният қилдим: ажаб эмас, кейинги сафар учрашганимизда чекишни ҳам ташлаб юборса?

Муҳаммад Кенжа

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + seven =