Катта ишонч ва ғамхўрлик ифодаси
Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият саналган Янги Ўзбекистонда Давлатимиз раҳбари томонидан илк кунларданоқ алоҳида аҳамият қаратиб келинаётган муҳим масалалардан бири, бу — юртда тинчлик-осойишталик ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдир.
Мамлакатимизда 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида белгиланган.
Бу сана Ватанни севган, унинг тинчлиги, барқарор тараққиёти ва фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган ҳар бир юртдошимиз учун ҳам бирдай қадрли байрам, аслида.
Касб байрами муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг ходимлар ҳамда фахрийларга йўллаган байрам табриги ҳамда бир гуруҳ ҳамкасбларимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги бутун тизимга берилган баҳо, билдирилган катта ишонч ва ғамхўрлик ифодаси бўлиб, ҳар бир ходим зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди, албатта.
Табрикда Президентимиз соҳа ходимларининг фаолиятига юксак баҳо бериб, “Ушбу қутлуғ айёмда, аввало, Ватан олдидаги муқаддас қасамёдингизга доимо содиқ қолиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида ўз зиммангиздаги ғоят муҳим вазифаларни юксак масъулият билан адо этиб келаётганингизни алоҳида таъкидлашни истардим”, дея эътироф этди.
Дарҳақиқат, бугун тизимда фаолият самарадорлигини ошириш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда ходимларнинг масъулиятини кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар изчиллик билан олиб борилмоқда.
Сўнгги 9 йил ичида Президентимизнинг бевосита раҳбарлиги билан ички ишлар органлари тубдан ислоҳ қилинди. Бугунги кунда ички ишлар органлари халқ манфаатларига хизмат қилувчи халқчил тузилмага айланиб бормоқда.
Шахсий таркибнинг асосий қисми бевосита ҳудудларда, маҳаллаларнинг ўзида хизмат ўтамоқда.
Жойларда барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик, хусусан, “маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритаётганлиги бу борадаги саъй-ҳаракатларда асосий омил бўлмоқда.
Сўнгги йилларда жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ёндашув тубдан ўзгарди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳужжатда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш барча раҳбарлар учун устувор вазифа этиб белгиланди. Ўтган йилги таҳлилларга кўра, криминоген вазият оғир деб топилган 1 235 та маҳалла туман-шаҳар раҳбарларига номма-ном бириктирилди.
Қарор доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 419 та маҳаллани ўз ичига олган 84 та “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан кўзланган мақсад ушбу масканларда ходимларнинг хизмат самарадорлигини ошириш, тезкорлигини таъминлаб, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришдан иборат.
Президентимиз табрикларида ушбу йўналишдаги вазифалар изчиллик билан олиб борилаётганлиги қайд этилиб, йил давомида жами маҳаллаларнинг ярмидан кўпида жиноят содир этилмагани, ёшлар, аёллар ва ишсизлар ўртасидаги жиноятчиликнинг кескин камайишига эришилгани таъкидланган.
Чиндан ҳам турли соҳавий хизматлар ходимлари томонидан амалга оширилган тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган 9 ойида олдини олиш лозим бўлган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга камайди. Қотиллик, ўғрилик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, безорилик жиноятлари, йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада қисқарди.
Давлатимиз раҳбарининг табригида, шунингдек, халқимиз осойишталигини таъминлашга қаратилган ҳаракатларни изчил давом эттириш, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш бўйича тезкор-профилактик тадбирларни кучайтириш, ички ишлар органларида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш, аҳолини кибержиноятларнинг таҳдид ва таъсиридан ишончли ҳимоя қилиш каби масалалар келгуси фаолиятимизнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилди.
Шу боисдан ҳозирда тизимда фаолиятни рақамлаштириш ва “инсон омилини” камайтириш чоралари кўрилмоқда. Барча ҳудудларда “Хавфсиз шаҳар” тизимининг сунъий интеллект асосида бошқарилувчи “Қалқон” номли дастурий платформаси ишга туширилди. Унга 60 308 та видеокузатув камераси ҳамда вазирлик ва идораларнинг 37 дан ортиқ маълумотлар базалари интеграция қилинди.
Шу ўринда айтиш керакки, сўнгги йилларда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг хизмат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш борасидаги ишлар тизимли олиб борилаётганлиги ҳар бир ходимнинг кундалик ҳаётида ўз аксини топмоқда. Чунки оиласидан кўнгли тўқ, уйида ҳаловат бўлган ходимнинг хизмат фаолиятида ҳам унум бўлиши табиий, албатта.
Тизимда интеллектуал ва профессионал билим даражаси юқори, маънавий-ахлоқий сифатлари баланд бўлган ходимларни тарбиялаш масаласига ҳам эътибор берилмоқда. Албатта, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходим, аввало, ўзининг билими, маънавияти ва дунёқараши билан ажралиб туриши керак. Ички ишлар органларида кадрлар салоҳиятини ошириш, жумладан, замонавий фикрлайдиган, янгиликка интилувчан ва ташаббускор ходимларни етиштириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки Ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлиги бевосита тизимда хизмат қилаётган кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ.
Ички ишлар вазирлигининг барча ҳудудлардаги академик лицейлари ҳамда Нукус шаҳридаги Темурбеклар мактабида келгусида юрт посбони бўлишга аҳд қилган янги авлод вакиллари камол топмоқда. Жорий йилда соҳа учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида бир қатор ижобий ишлар қилинди. Хусусан, ИИВ Академияси кундузги таълим шакли қабул квотаси 900 кишига оширилди, кейинги ўқув йилидан 1100 нафарга етади.
Ўз навбатида, ходимларнинг маънавий дунёқарашини ривожлантириш мақсадида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!” деган ғояни амалиётга татбиқ этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.
Ички ишлар органларида ўтказилаётган “Маънавият ойлиги”, “Уч авлод учрашувлари”, “Фахрийлар ҳафталиги” каби тадбирлар, таркибий ва ҳудудий ички ишлар органларида ташкил этилган музейлар, “Ватанпарварлик хонаси”, хотира бурчаклари, аввало, ёш ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, соҳа фахрийларининг келгуси авлодларга намуна бўладиган фаолиятини оммалаштириш, Ватанимиз мустақиллиги ва эл-юртимиз осойишталиги йўлида азиз жонларини фидо қилган ҳамкасбларимиз хотирасини абадийлаштиришга, энг асосийси, ходимларда ватанпарварлик туйғуларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бугун тизимда хизмат қилаётган барча ходимларнинг бош мақсади — халқимизнинг, Президентимизнинг бизга билдирган юксак ишончини оқлашдан, фаолиятимиз орқали халқимизнинг давлатдан рози бўлишига эришишдан иборат.
Шундай экан, ишонч билан айта оламизки, Янги Ўзбекистонда янги ички ишлар органлари тизимини шакллантириш жараёнида ҳар биримиз халқ манфаатлари йўлида фидойилик ва садоқат билан хизмат қиламиз.
Хуршидбек РЎЗИЕВ,
Ички ишлар вазирининг
маслаҳатчиси,
подполковник.
