Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари Буюк Британия ОАВ диққат марказида

ЛОНДОН, 28 октябрь. “Дунё” АА. Британиянинг “London Post” электрон нашрида “Тошкент–Брюссель: Европа билан ҳамкорликнинг янги босқичи” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар берди “Дунё” АА мухбири.

Ушбу мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Европа ҳамжамиятлари билан алоқалари 1992 йил 15 апрелда Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши билан бошланган. Дипломатик муносабатлар 1994 йил 16 ноябрда ўрнатилган, 1995 йилда эса Брюсселда Ўзбекистоннинг элчихонаси очилган, у ҳам Европа Иттифоқидаги ваколатхона вазифасини бажаради. 2011 йилдан буён Тошкентда Европа Иттифоқи делегацияси фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Бельгия пойтахтида Европа Иттифоқи етакчилари билан музокаралар ўтказгани ҳамда унда кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилгани материалда алоҳида таъкидланган.

Бундан ташқари, Британия сайтида Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Европа билан ўзаро тушуниш, очиқлик ва ишончни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ташқи сиёсатининг мантиқий давоми бўлиши билдирилган. Мазкур ҳужжат савдо ва сармоядан тортиб, фан, технология, маданият ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олиши таъкидланган.

Материалда ўтган давр мобайнида Европа Кенгаши Президенти Ўзбекистонга уч марта – 2019, 2022 ва 2025 йилларда, шунингдек, Европа Комиссияси Президенти 2025 йилда ташриф буюргани халқаро ҳамкорлик алоқаларининг тобора ривожланиб бораётганидан далолат экани қайд этилган.

Манбада, шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2025 йил 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи”нинг биринчи саммити бўлиб ўтгани ва унда Европа кенгаши ва Европа комиссияси президентлари ҳамда Марказий Осиё давлат раҳбарлари иштирок этгани алоҳида урғуланган.

“London Post”да эълон қилинган материалда иқтисодий ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтилган. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг январидан августигача бу кўрсаткич 4,5 миллиард доллардан ошгани, Европа компаниялари билан амалга оширилган лойиҳалар портфели эса 30 миллиард еврога етгани алоҳида эътироф этилди.

Мақола якунида: “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга расмий ташрифи ва Европа Иттифоқи билан янги, кенг қамровли алоқаларнинг ўрнатилиши ўзбек дипломатияси тарихида муҳим воқеа эканлиги айтилди. Бу қадам Ўзбекистоннинг Европадаги мавқеини мустаҳкамлабгина қолмай, ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш, сармояларни жалб этиш, технологиялар, инновациялар ва ғоялар алмашиш учун кучли туртки бўлиб хизмат қилади”, – дейилади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 12 =