“Ёмғир мактублари”ни ўқиб…
Таниқли шоир Зоҳиджон Оловнинг янги китоби чиққанини эшитгандим. Китобни изласам, танишлардан олиб ўқисам ҳам бўлар эди. Аммо муаллифнинг қўлидан олганга нима етсин! Ниҳоят, ўша кун ҳам келди китобни шоирнинг ўзидан олиб, уйда ўзгача бир завқ билан мутолаа қилдим. Илк шеърларидан муаллифнинг юракдан ёзганини ҳис қила бошладим.
Зоҳиджон сўзларни шунчаки, зўрма-зўраки ишлатмайди, балки ҳар бир фикр, ташбеҳ ортида ўқувчини ҳис қилиши, масъулият сезиши кўриниб туради. Чунки уларни оилангиз билан бемалол, бехавотир ўқиш мумкин. Аслида, яхши китоб мулоҳаза қилиш, руҳий қувват олиш, ўзингизни қайта кашф этиш воситасига айланмоғи керак.
Шеър — бу қалбнинг яширин оҳанги. У инсоннинг энг нозик туйғуларини жонли сўзга айлантира олиш қудрати инъикоси. Қаламдан тўкилган ҳар бир мисра, ҳар бир сатр, аслида, инсон руҳининг ойнадаги аксидек. Шеър шоирнинг ўз ҳиссиёти ва орзу-армонлари билан инжа суҳбатидир эҳтимол… Зоҳиджон Оловнинг “Ёмғир мактублари” шеърий тўпламини ўқиб, мана шу фикрлар бот-бот ўтди хаёлимдан. Китоб гўёки қалб мусиқаcига йўғрилган.
Ёмғир — поклик, руҳий тозаланиш ва тоза умидлар тимсоли. Ёмғир оҳангидаги ҳар бир мисра ўқувчини ўйлантиради, хотираларини титратади, қалбидаги севги, соғинч, орзу ва ҳоказоларни уйғотади. Бу тўпламдаги шеърлар гоҳ ёмғир қатраларидек майин, гоҳ кучли шамолдек шиддаткор, гоҳ булоқдек жилвали, гоҳ мўйсафид тоғлардек ўйга толдиради…
Муҳими, унинг шеърлари мағзини чақиш учун ўқувчида оз бўлса-да адабий билим-кўникма, тайёргарлик бўлиши керак. У енгил-елпи, олди-қочди, бачкана сўз ўйинидан иборат, таги бўш “ҳолвайтар”ларга парво ҳам қилмайди. Бундан “бозори чаққон”, кукуруздай тез ҳазм бўладиган “шиғир”ларни у жуда майда нарсалар деб билади, наздимизда… Балки буни замон тили билан профессионализм дейиш мумкиндир!
Шоир ўз сатрларини қалбдан қалбларга мактуб каби узатади. Шеъриятнинг зукко, нуктадон шайдолари бу мактублардан ўз кечинмалари, ҳаётий изтироблари ва орзуларини топиши мумкин. Шоир қаламидаги самимият, сўзларнинг наво каби қулоққа яқин янграши, табиат ва инсоннинг моҳиятан уйғунлашуви — бу тўпламнинг асосий лейтмотиви, десам хато бўлмас.
Келинг, бир-икки оғиз таассуротимизни китобга ном сифатида танланган “Ёмғир мактублари” шеъридан бошласак:
Агар бу мактубни ўқий олса тош,
Эриб битар эди муз каби шундоқ.
Елкалари титраб, тўкиб юм-юм ёш,
Мунғайиб қоларди энг пурвиқор тош.
Сатрлардаги ёмғир йўллаган мактублар шу қадар таъсирли ва юракдан чиққанки, ҳатто жонсиз тош ҳам “ўқиганида”, унинг қудратига дош беролмаслиги уқтирилади. Бу ерда тошнинг “эриши” орқали ҳиссиётнинг кучи кўрсатилмоқда. Шоирнинг сўзлари, дарди, юракдаги олови тошни ҳам муз каби эритиши мумкинлиги айтилмоқда. Тош, аслида, ҳаракатсиз тимсол. Аммо шеърда у титраб, йиғлайдиган даражага етказилади. Бу мисралар билан сўз кучининг таъсири қанчалик катта эканини ифода этган. Ҳатто “пурвиқор”, яъни бақувват, ўлмасдек туюлган тош ҳам шу сўзлар таъсирида заиф, мунғайган ҳолга тушиб қолади. Бу сатрларда шоир сўз қудрати, дарднинг таъсири ва юракдан чиққан илтижони кўрсатган. Сўзларнинг ҳатто жонсиз тошни ҳам титратиб, эритиши, юрак қонидан атиргул ясаб, ёрига тақдим этиши мумкинлигини Зоҳиджон Оловнинг шеърларида учратиш мумкин.
Шу ўринда “Шеърий атиргул” шеърига эътибор қаратамиз:
Фақат битта савол, кичик муаммо,
Ҳа, менсиз ҳам ечим топар кўп мушкул.
Юрак қони билан сиз учун аммо,
Ким ясаб беради шеърдан атиргул?!
Севги дунёси инсон қалби билан боғланган олам. Шу боис қалб севги хасталигига чалинса, муаммолар унинг зиндони бўлади. Бу “кичик муаммо” дейилса-да, ошиқ учун у ҳаётий масала. Ошиқ севганининг кучига, усиз ҳам қийинчиликларни енгиб, йўлини топа олишига ишонади. Сатрларда ўзини камтарона қўйиш ҳамда ҳақиқий муҳаббатдаги беғаразлик акс этган. Севги оддий ҳиссиёт эмаслиги, балки юракдан чиққан туйғу сифатида талқин қилинади. Шоирнинг шеърлари юрак қони билан ёзилгандек, чин севги ҳам қалбнинг энг тубида қайнайди. “Ким ясаб беради шеърдан атиргул?!” Атиргул — гўзаллик, меҳр ва муҳаббат рамзи. Шоир севгисини шеър орқали гулга айлантиради. Унга кўра, севганига юрак қонидан ҳосил бўлган атиргулни ҳеч ким тақдим этолмайди. Бу сатрларда ошиқ ўзининг севги йўлидаги ўрни ва беназирлигини ифода этади.
Зоҳиджоннинг “Онамга хат” шеъри кишини янада ҳайратлантиради:
Бу шунчаки мактуб, шунчаки шеър бу,
Парво қилма, ўғлинг бироз девона.
Тандирга ўт қалаб хатимни ёқ-у,
Ширин нон пишириб қўй менга, она.
Шоир ўз шеърини содда қилиб кўрсатади. Гўёки бу оддий хат ёки шеърдек. Лекин, аслида, унинг қалбидан чиққан ҳар бир сўз — меҳр ва соғинчнинг ифодасидир. Шунингдек, у ўзини камтарона, ҳазиломуз тарзда тасвирлайди. Унинг юракдан чиққан самимий туйғуларини онаси осон қабул қилиши учун шеър ёзишини “девоналик” деб атайди. Зоҳиджон шеърида “хатни сақлаш шарт эмас, унинг ичидаги иссиқ туйғуни ҳис этсанг бас”, деган фикрни билдирган. Хатнинг ўзи эмас, балки ундаги руҳ, юрак тафти муҳим. Шоир “хатимни ўқигач, уни сақлама, ёқиб юборавер” дейди. Лекин бу “бефарқлик” эмас, балки “менинг сўзларимдан сенга иссиқлик, меҳр етиб борса бас, қоғози керак эмас” деган маънода. Ёнган хатнинг олови — нонга айланади. Она унинг хатини ёқади, аммо шу оловда ширин нон пишириб, ўғлига ҳадя қилади. Яъни, “ўғлининг шеърий сўзлари ёқилса ҳам, она қўлида ризққа айланади”, деган гўзал рамзий маъно бор. Бу сатрларда шоир онага бўлган соғинчини самимий ва рамзий тарзда ифодалаган. Оддий хат ва шеър орқали у она меҳрини, болалик ширин хотираларини ва юракдан чиққан меҳрнинг ўлмас қийматини тасвирлайди.
“Холамнинг боғи” шеъридаги ушбу:
Беш ўғил ўстирган бағри кенг бу боғ,
Борсам — қувонарди, қовоқ уймасди.
Ҳар не шўхлигимга чидарди, бироқ
Ҳатто номига бир ранжиб қўймасди, —
сатрларида шоир учун бу боғ болаликнинг маскани экани айтилади. Бир ўқишда шундай. Аммо синчиклаб назар солсангиз — шоир ватан моҳиятини шу “холасининг боғи”даги эркинлик, беташвишлик қирралари орқали акс эттиради. У Ватан моҳиятини бир кичик миқёсда очиб беради. Шунинг учун ҳам:
Истагим қаерда юрсам-да, асло,
Унутмай кимлигим она қишлоғим.
Бошим шаҳарларга етса ҳам аммо,
Холамнинг боғида турсин оёғим, —
деган сатрлар ила шеърини якунлайди.
Ҳозирги ёш ижодкорлар орасида буюк сиймоларнинг ўлмас ғазалларига мухаммас боғлаётганлар, эҳтимол, оз эмасдир. Бироқ Зоҳиджоннинг ёзганлари мени ҳамиша ҳайратда қолдирди. Эркин Воҳидов арузни жонлантириб, унга замонавий руҳ бағишлаган бўлса, Зоҳиджон Олов ҳам уни гўё тадрижий жиҳатдан ўз замонига мослаштиришга интилади:
Кўзлари гулхан ёқиб, ўҳ, жисму жоним чўғласа,
Қаҳри бирла гулдаҳан куйган дилимни тиғласа,
Гар Зоҳиджон кўксини айлаб кабоб ёр сихласа,
Ҳажр тиғидин не ғам ҳар дам Навоий йиғласа,
Кимки бўлди пора-пора бағри, осон йиғлагай.
Бу банд унинг шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ғазалига ёзган “Йиғлагай” мухаммасидан олинган. “Гулдек лаб — тиғ”га айланганини зиддият орқали моҳирона тасвирлаяпти шоир. Ошиқнинг азобланиши шундай кучлики, ҳар қандай киши бунга дош бериши мушкул. Шоир ўз қисмати орқали бошқа ошиқларни ҳам севишга даъват этади, ҳам огоҳлантиради. Бу, албатта, мухаммаснинг биз англаган жиҳати, холос…
Яна бир шеърга тўхталгим келди. “Таъзим” шеъри хусусида. Шоир умри борича Сўзга, яъни каломга, шеърга, адабиётга садоқатли эканини таъкидламоқда. Бу ерда “Сўз” — илоҳий илҳом, маънавий бойлик тимсоли. Унга кўра, шоир бутун ҳаёти ва муҳаббатини Сўзга бағишлаган. Бу Сўзга ишқ қўйиш, уни юксак қадрлаш тимсоли.
Худо умр берсин, ҳеч бўлмаганда
Якунига етсин бошлаган шеърим.
Умрнинг ўткинчи экани маълум. Лекин Зоҳиджон: “Ё, Худо, бошлаган шеъримни тугаллашга умрим етсин”, деб илтижо қилади. Бу орзулар, ижодий ниятлар амалга ошишига умид ифодаси.
Менга қаймоғин бер олий ҳисларнинг,
Ҳар байтим ошиқда уйғотсин ғайрат.
Шоир юксак туйғуларнинг “қаймоғи”, яъни энг ноёб, энг тоза ҳисларни орзу қилади. Унинг байтлари ошиқ кўнглида илҳом, куч ва ғайрат уйғотсин, деб тилайди. Бу — шеърнинг тарбиявий ва руҳий қудратига ишонч.
Шеърим ўқиб, ухлаб қолган қизларнинг
Тушларига кирсин Навоий Ҳазрат.
Бу мисралар ғоят самимий ва рамзий. Қизлар шеърни ўқиб ором олса ҳам, тушларига буюк шоир — Алишер Навоий киришига ишора, бу — соф адабий тахайюлдир. Яъни Навоийнинг улуғворлиги, турк адабиётида бир доналиги уни шеърият султонига айлантирганидан ташқари, биринчи рақамли ошиқ бўлишини ҳам таъминлаган. Аслида, Фарҳоду Мажнунларнинг ботинида Навоийнинг сийрати бор-да. Йўқса, Мажнун Қайслигича, Фарҳод танбал шаҳзодалигича қолмасмиди?! Ана шундай идеал ошиқни туш кўриш адабиёт маликаларининг орзуси экани исбот талаб қилмайди. Шоир, афтидан, шунга ишора қилади…
Албатта, бир ёзишда Зоҳиджон Оловнинг янги китобдаги янги шеърларини бутунлай шарҳлаш мушкул. Бунинг устига, камина адабиётшунос ҳам эмасман. Шунчаки завқимни ичимга ютолмадим, бир оғиз сўз айтиб бўлса-да, катта адабиёт йўлидан дадил бораётган шоир укамни қутлагим, ижодига барака тилагим келди.
Назаримда, шеъриятга ихлосманд ҳар бир юракка “Ёмғир мактублари” севги ва софликдан ҳисса улаша олади. Бу китоб — қалбни мусаффо қиладиган, туйғуларни ювиб, озод этувчи кўнгил жобуркаши, қалб фарроши. Ундаги ҳар бир мисра гўё янгидан ёққан ёмғир қатрасидай юракка қўнади. Унга янгича ҳиссиёт, янгича кайфият бағишлайди. “Ёмғир мактублари” нафақат шеърият ишқибозларига, балки ҳаётда самимият ва муҳаббатни излаётган ҳар қандай инсонга йўлдош бўлишини истардим. Шундай экан, азиз юртдошим, бу китобни албатта ўқинг — ундан Сиз ҳам юрагингизга мос оҳангни топасиз.
Саодат МУСАЕВА,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
