Эзгу йўл бошида…
Ўткир РАҲМАТ
Эркин ҳаволарга юзларин тутган,
Бахту тахт насибдир сиз авлодларга.
Эртасидан фақат ёруғлик кутган,
Сўзим шу ойчеҳра, алпқоматларга:
Гуллари ранго-ранг чаман сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Лол айлаб жаҳон тўрт тарафини ҳам,
Ошадир элларнинг ҳурмати сизга.
Келди юрт шаънини, шарафини ҳам
Елкада кўтармоқ навбати сизга.
Кўкка етар учқур саман сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Сеҳрли тонглардан муждалар олиб,
Борарсиз тап тортмай нурли кун сари.
Бирингиз олиму бирингиз толиб,
Кундан-кун безалар умр дафтари.
Юксалар ифтихор, чин шаън сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Эзгу йўл бошида қилманг андиша,
Тушманг ҳеч разолат сояларига.
Қулоқ эмас, юрак тутинг ҳамиша,
Она Ўзбекистон ғояларига.
Токи саодатлар экан сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Кенгликлар нафаси сизга ёр бўлса,
Бор бўлса тоғларнинг қудрати, шони.
Умидвор нигоҳлар ишончдан тўлса,
Топилар ҳар ненинг албат имкони.
Орзулар сирлашгай дилдан сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Қутлуғ қадамларнинг нияти пойдор,
Сизга ярашмайди бу йўлда толмоқ.
Келинг, ҳайиқмасдан айланг ихтиёр,
Аждодлар юкини баланд кўтармоқ.
Кўзланган мақсадлар улкан сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Илмга, билимга доим ташнасиз,
Китоб-ла банд этиб мудом ёдларни.
Дунёга овоза бўлиб яшайсиз,
Қилиб ихтирою кашфиётларни.
Тафаккур отлиғ зўр маъдан сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Боқинг, ареналар сизга мунтазир,
Сизни кутар интиқ музаффарлик ҳам.
Олға юринг доим ҳозиру нозир,
Зафар байроғини кўтариб илдам.
Ғурур улғаймоқда чиндан сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Кўзларни яшнатса гулгун муҳаббат,
Садоқат тўлдирса кўнгил хонасин.
Сўнмаса қалбларда ёниқ ҳарорат,
Қўлингизга тутиб ишонч номасин —
Кетар сарбон ҳам бир йўлдан сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Дунёда бетакрор, улуғдир бу юрт,
Ишқи уйғоқ этсин юрагингизни.
Толенгиз у билан бўлар доим бут,
Унутманг, унга кўп керагингизни.
Унутманг, бу ойдин гулшан сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
Руҳингиз кўтарсин илҳому мадад,
Ўзлик машъаласи қалбга ўт солсин.
Шу эл эъзоз топсин сиз сабаб фақат,
Қолса сиздан фақат шу Ватан қолсин!
Ахир йўлга тушар замон сиз билан,
Миллатпарвар элу Ватан сиз билан!
