Нонушта ва газета

Туркия ва дунёнинг бошқа кўплаб юртларида одамлар нега эрта тонгни газета ўқиш билан қарши олишади?

Жамият аъзоларининг бир-бирига ўзаро ҳурмати бўлмаса, аравани қуруқ олиб қочиш кўпаяди. Ваъда берилади, бажарилмайди.

Аммо бу энди Сирдарё вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталарига тааллуқли эмас, деб айта оламиз. Чунки вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бугун одамларимиз ижтимоий тармоқларга қанчалик ружу қўймасин, жамият ҳаётида газеталарнинг муносиб ўрни борлигини алоҳида таъкидлаб келади.

Шу сабабдан ҳам бугун “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталари у кишининг кўмагида қаддини тиклаб бормоқда. Таҳририят биноси таъмирланиб, янги қиёфа касб этганлиги, замонавий янги компьютер, совутгич ва бошқа техника жиҳозлари учун маблағ ажратилгани биз — журналистларни қувонтирди.

Кечагина “энди газеталаримиз тақдири нима бўлади?” деган хавотир бор эди. 2024 йилни ёруғ ва шинам хоналарда бошлаган таҳририятимиз ходимлари билан энди янги режалар устида ишлаяпмиз. Хусусан, “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталари таҳририяти қошида медиа марказ ташкил этиш, уни ривож­лантириш; мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, газеталаримиз музейини ташкил этиш; республика ва қўшни давлатлар босма нашрлари ходимлари иштирокида “Газеталарнинг ижтимоий ва индивидуал онгдаги аҳамияти” мавзусида амалий конференция ташкил этиш кабилар режаларимиз қаторидан ўрин олган.

Ўз навбатида таҳририятда узоқ йиллардан бери фаолият олиб бораётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева, нафақат вилоятимизда, рес­публикада ҳам маҳоратли журналистлар ҳисобланган Муҳаммадали Аҳмад, Ҳасан Абдувоҳидов, Тўлқин Аҳмадалиевлар шинам ва ёруғ хоналарда кўтаринки руҳда ижод қилиш билан бирга, ёшларга ижод сирларини ўргатиб келишмоқда. Уларнинг изидан бораётган Хуршида Нишонова ҳам бугун республика нашрларида кўзга кўриниб, ўз чиқишлари билан доимий иштирок этмоқда. Бу ўринда алоҳида эътироф этиш мумкинки, “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири, воҳамиздан етишиб чиқаётган кўпгина ёш қаламкашларнинг устози Аҳмадали Шерназаровнинг ижодхонаси “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталари таҳририятига яқин бўлганлиги учун ҳам у киши устоз-шогирд анъанасида бизнинг жамоа билан ҳаммаслак.

Замон билан ҳамнафас тарзда “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталарининг ҳам ижтимоий тармоқлардаги “Telegram”, “Facebook”, “Instagram” саҳифалари мунтазам ишлаб турибди. Номига мос тарзда янги веб-сайтни ишга тушириш арафасидамиз.

Мақсадимиз эзгу, ниятларимиз холис. Воҳамиз отахон газеталарининг ривожи йўлида ҳамкорлик қилмоқчи бўлганлар учун ҳамиша эшикларимиз очиқ. Сирдарё журналистикасининг ўтмиши гўзал, бугуни обод, келажаги эса фаровон бўлишига ишонамиз. Бунга вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев томонидан қўйилган маънавий-молиявий тамал тоши асос бўлиб хизмат қилади, десам, муболаға бўлмайди. Шароит замонавий, ойлик маошлар етарли бўлган ташкилотга иш сўраб келувчиларнинг ҳам сони ортиб бормоқда. Энди таҳририятимизда иш сўраб келувчиларни иқтидорига қараб саралаш имкони бор. Яратиб берилган қулайлик ва имкониятлар, ўйлайманки, келгусида “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталарида тобланиб, бугун эл орасида машҳур бўлган халқ шоирлари Тўра Сулаймон, Ҳалима Худойбердиева каби атоқли ижодкорларнинг етишиб чиқишига хизмат қилади. Қолаверса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира, сенатор Ҳаётхон Ортиқбоева, сенатор Фарҳод Боқиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқулов, профессор Равшанбек Маҳмудов, марҳум шоир Рустам Эмин, шоиралар Баҳор Холбекова, Норинисо Қосимова каби элимиз ардоғидаги ижодкорларнинг бу даражага етишида “Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья” газеталарининг алоҳида ўрни бор. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин.

Ўз навбатида биз, журналистларнинг олдидаги асосий, муҳим вазифаларимиз қуйидагилардан иборат: муштарийларимизга газеталар саҳифаларида ёритилаётган ҳар қандай мақола, маълумот, хабар ёки бошқа чиқишлар ҳар қандай ёлғон ва сохтакорликдан холи эканлигини, холислигини англатиш. Газеталар жамоатчиликни тўғри маълумотлардан хабардор этишини, қиёсий, таҳлилий, танқидий, мулоҳазали мақолалар орқали ижтимоий онг ривожига улкан ҳисса қўшишини тушунтириш. Замонавий таълим ёшларда шакллантирадиган билим, кўникма, малака, мантиқий фикр­лаш, креатив ёндашув, ижодий қобилиятни ривожлантириш каби жиҳатларнинг барчаси газета ўқиш орқали инсонда шаклланишини уқтириш. Бу жараён шу вақтгача ҳам шундай эди, хоҳлаймизми-йўқми, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини уларнинг онгига сингдиришимиз лозим.

Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига Туркия давлатидан келиб, ўқувчиларга сабоқ бераётган ўқитувчи Режап Акиш шундай деди:

— Туркияда одамлар уйқудан туриб, газета ўқишади. Кўчага чиқиб, матбуот дўконларидан газета сотиб олишади. Бекат, сайилгоҳлар, боғларда одамларни газета ўқиган ҳолатда кўплаб учратасиз. Жамиятда бўлаётган ўзгаришларга бефарқ эмасман. Мен Туркияда ҳам, Ўзбекис­тонда ҳам, очиғи, жуда кам учратдим газета ўқиб ўтирган миллатдошларингизни. Менимча, юртингиздаги кишилар ҳам доимий, ҳар куни газета ўқиб борсалар, ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Хорижий фильмларда одамлар уйқудан уйғониб, газета ўқишга киришишлари бежиз эмас. Нега? Чунки эрта саҳардан газета мутолаа қилиш олимларнинг тадқиқотларига кўра, кўзни равшанлаштиришга, фикрнинг, қуввам ҳофизанинг тийранлашишига ҳам хизмат қилар экан.

Демак, эрта тонгдан маънавиятимиз юксалишини, ҳам кўзларимиз равшанлашишини истасак, фикрлар чархланишини хоҳласак, газета ўқийлик, газета ўқийлик ва яна газета ўқийлик!

Тўғри, ҳар бир халқнинг ўз менталитети, қиёфаси бўлади. Одатлари каби. Жумладан, ўқишда, мутолаада ҳам. Майли, айтайлик, ўқирманлар нонуштадан аввал эмас, нонушта қилиб бўлгандан кейин ўқишсин. Нонуштадан кейин ўқишмаса, тушлик қилиб олгандан кейин ўқишсин. Ҳеч бўлмаса, кечга бориб ўқишсин. Лекин нима бўлганда ҳам ўқишсин-да. Ахир бир пайтлар ҳар бир уйга, ҳар бир хонадонга бир қучоқ маънавият сарчашмалари — газета-журналлар келган, уларни катта-ю кичик ютоқиб ўқишган.

У пайтлар интернет, ижтимоий тармоқлар йўқ бўлган, дейсизми?

Тўғри, аммо бу ўқимасликка, фақат телефонга тикилиб миянинг ғовлашига кўникиб ўтиришга асос бўла олмайди. Маънавиятга бефарқ бўлмаган миллат, барибир, газетасиз яшай олмайди.

Дарвоқе, қаердадир ўқиган эдим: “Газета — миллатни тирилтиради”. Бу ҳикматона фикрни ким айтган бўлса ҳам, назаримда, юз карра ҳақдир.

Албатта, бунинг учун газеталар ҳам ўқишли, жасоратли, муштарийларни қизиқтира оладиган даражада бўлиши керак. Бунинг учун эса…

Бу ҳақда — кейинги мулоҳазаларимизда фикр юритамиз.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

“Янги Сирдарё” ва “Новая Сырдарья”

газеталари бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =