Юрагимиздаги ВАТАН
Таниқли шоир Ёрмамат РУСТАМОВ ижоди ҳақида ўйлар
Лаҳзаларимизга мўъжизалар туҳфа этаётган замонда яшаяпмиз. Эндиликда маҳаллаю қишлоқлар тизими ҳам рақамлаштирилиб, ҳар соҳадаги мураккаб масалалар ечими сунъий интеллект зиммасига юкланган. Юқори даражадаги медиасаводхонликни шакллантиришимиз зарур бўлмоқда. Айни вақтда миллий контент яратиш ғояси миямизда тинмай айланади. Илғор илмларни бош узра кўтариб, Учинчи Ренессанс даврига қараб бормоқдамиз. Демак, бугун киши бир дақиқа ўз устида ишламаса, нақ бир йилга кечикади, илгарига қараб бориши қийинлашади!
Лекин шундай туйғу бор… Замона қай томон силжимасин, у мудом илгаригидек ардоқли-азиз, гоҳ сокин, гоҳида қайноқ, баъзан ёқимли қўшиқ каби мумтоз, доимо қадру қиммати беҳад ва беқиёс, худди гавҳартошдек қалбларимизнинг ич-ичларини ёритади. Нигоҳимиз қадалган манзилу маконда дилга яқин манзараларни акс эттираверади бу туйғу…
Чексиз-чегарасиз далаю қирлар,
тупроқни ёриб яшашга чоғланаётган майсалар…
Бошоқлари олтинланиб
товланадиган буғдойзор…
Кечқурунлари уфқ ортига
ботадиган Қуёш…
Тераклар учига осилиб қолган Ой…
Ҳар баҳорда уйларимиз шифтидаги инига келиб бола очгувчи қалдирғоч… Кекса тут тепасидаги уясини ҳар ёзда адашмай топиб келадиган лайлаклар…
Бу сингари манзаралар шу қадар кўп, шу қадар ранг-барангки, ҳар кўрганингда беихтиёр бутун борлиғинг билан ўзингни шу азиз Ватанга дахлдор сезасан… Шу заҳотиёқ қалбингдаги ёниқ туйғу гўзал соғинчга эврилади.
“Шу юртда яшамоқ, ўлмоқ ҳам бир бахт” дея ёзади таниқли самарқандлик публицист шоир Ёрмамат Рустамов.
Сўнг бу шеъри давом этади, ҳар бир сатри кўнгиллардаги Ватан муҳаббатини улғайтиришга ундайди:
Чайқалиб турибди замину замон,
Адолат бир томон, ёлғон бир томон.
Вақти келганида фидо қилгин жон,
Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Ёрмамат, аслида, ажойиб педагог. У кўп йиллар Жомбой туманидаги мактаб ўқувчиларига сабоқ берди, ёш авлод таълим-тарбиясидаги фидойилиги, жонкуярлиги, тадбирли ва ташаббускорлиги эътиборга олиниб, бир қанча вақтлар мактаб директори бўлиб ишлади. Кейинчалик турли масъул лавозимларда хизмат қилди. Қай жойда фаолият кўрсатмасин, доимо ижод билан банд бўлди. Ёшларни Ватан учун нимадир қилишга чорлаб, ҳам педагог, ҳам шоир сифатида давраларда ўз гапини дадил айтаверди:
Бундаги ҳар ғиштни боболар қўйган,
Тупроғин ёрини суйгандек суйган,
Номин юрагининг тубига ўйган,
Ватанни мақтама, Ватанни кўтар!
Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси Ёрмамат Рустамовнинг турли йилларда ўнга яқин номдаги китоблари нашр этилган. “Муҳаббат бекати”, “Юртим нафаси”, “Кўнгилга ташриф”, “Қуёшни сиғдирган юрт”, “Мангуликнинг 30 лаҳзаси”, “Меҳр дарахти”, “Кўзгу парчалари” тўпламларини ўқувчиларга тортиқ этиш билан биргаликда жаҳон адабиёти дурдоналари — Сергей Есенин, Мария Цветаеванинг кўплаб шеърларини ўзбекчага ўгирган.
Миллатпарварлик, айни чоғда ватанпарварлик туйғулари билан қоришган шеърлар гарчи оддий сатрларда баён этилса-да, уларнинг ўзаги асл қадриятларимизга бориб тақалади.
Меҳмон келса эшикдан,
қўли доим кўксида,
Дўстга бағрини очар, қўяр боши устига.
…Кўҳна чарх гирдобидан
омон ўтувчи шу халқ,
…Сўнгги дам тобутингга
елка тутувчи шу халқ.
(“Ўзбегингдан қолмагин”)
Ватан нима, аслида? Шу саволни ўзингга берганинг ҳамон юрагингнинг ичига боқасан. Бир мунавварликни кўрасан. Сўнг шу мунавварликдан куч олиб, атрофга тикиласан. Ва англаб етасанки, тонгнинг ҳароратида, қуёшдан тўкилаётган шуълаларда, гуллар навозишида, қушлар сайроғида, дарахтлар барги товланишида ажиб бир ўзгачалик, шу она заминга бир эркалик ҳисси бор! Табиатдаги мана шу ҳис кўнгилга дўнади, кўнгилда муҳаббатли садоларга айланади. “Ватан” сўзини такрорлагувчи бедор садолар бу. Шавкат Раҳмон айтгани каби: “Уйғониб кетаман… юракнинг энг чуқур ерида — оғриққа айланган туйғудан!”
Аслида, табиатнинг яхлит бир бўлагимиз, Ватан ҳам шу бирликнинг ўзида намоёндир. Ёрмамат Рустамов ана шу “яхлитлик”ни чуқур ҳис этади:
Кетсам, гиёҳлардан излагин мени,
Изла майсаларнинг шивирларидан,
Қадрдон боғлардан излагин мени…
(“Кетсам”)
Ёрмаматнинг ҳар қандай мавзудаги шеърлари ичида Ватан “мана мен” дея бўй кўрсатиб туради. “Шу юрт учун болангни асра” демоқчи бўлади у (“Болангни асра”). “Кўнгил обод бўлса — Ватанинг обод” дея таъкидлайди яна (“Тўққизинчи май”). Сўнгра шеърлар шу тахлит авж пардага кўтарилаверади:
“Ватан кимга Каъба, ким учун тупроқ, У менинг кўзларим тубидаги тоғ” (“Илтижо”), “Ўзбекман демоққа қўрқмасман энди, Хилватда турмасман, ҳуркмасман энди” (“Ўзбек”), “Юртим деган мардларни қўллайдиган замон бу…”, “Таърифини битмоққа етмагай асло умр” (“Осиёда бир диёр бор”), “Сенинг битта парчангман, Сенсиз бахтни нетарман” (“Изҳор”), “Ватанни ватандаги гумроҳдан ҳимоя қил” (“Ҳимоя”), “Элим, кўкка етган қўлинг муборак, Гулларга бурканган йўлинг муборак” (“Кўклам қўшиғи”), “Отам ётган бу заминни ҳеч кимсага бермасман” (“Самарқанд”), “Даладаги деҳқоннинг арт пешона терини, У жимгина севади, шу бир парча ерини” (“Ватан”)…
Капалак бир кунгина умр кўраркан. Қаранг, у кун давомидаги умрида жуда гўзал яшайди. Учиб-қўниб, кўрган кўзларни қувнатади, гулу гиёҳларга парвона бўлади, уларни суйиб эркалайди, япроқларда ажиб ҳидини, ҳароратини қолдириб кетади. Инсон ҳам ўз ҳаёт йўлларида ёруғ из қолдириб ўтсам дейди. Шу мақсад билан Ватан хизматида бўлади, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, илгарилайди. Ватанга биздан нима қолади? Аслида, тақдиримиз Ватан тақдири билан боғланган экан, юрагимизнинг ҳар бир зарбида Ватан овози янграб туриши керак, шундай эмасми? Ёрмамат Рустамов бу ҳақда ёзаётиб, гўёки ўзини саволга тутаётгандек бўлади:
Етдингми юртинг қадрига,
Малҳам бўлдингми дардига?
(“Нима дейсан?”)
Юрт тақдири учун куйиниш шоирлик қисматидир. Шоирнинг ўзи шу қисматига рози бўлиб яшайди, мудом рангин орзу-умидлари билан яшаб нафас олади, тафаккурини созлаб, қайта-қайта синовлардан ўтказади, ҳис-туйғулари кучига таянади.
Юрт осмонида порлаган қуёшнинг ҳарорати бор бўйи билан шоиримизнинг сатрларига кўчади:
Кенг, ёруғ йўлга чиққан
оғир юкли карвон бу,
Янги дунё, янги сўз,
Янги Ўзбекистон бу…
(“Янги Ўзбекистон”)
Ёрмамат Рустамовни ватанпарвар шоир дегим келади. Унинг жасоратли юраги бор. Эзгулик томон етакловчи оловнафас сатрлари бор. Зеро, ижодий изланишлар бундай сатрлар салмоғини яна бир неча ҳиссага ошириши шубҳасиз. Бу кун эса уни ёзаётган яхши шеърлари билан, албатта, табриклаш керак.
Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.
