Чиғаноқлар қабристони

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Болаликда ҳайратнинг кўзлари катта бўлади. Болалигимда ўзим соҳилида сигир боқиб, ўртоқларим билан қувлашиб ўйнаб юрадиган Чирчиқ дарёси кўзимга қирғоғи кўринмайдиган дунё ҳовузлари — денгизлардан ҳам бепоён кўринарди. Оппоқ кўпикли тўлқинларини чайқатиб-чайқатиб оқизиб кетаётган дарёмизнинг кўм-кўк сувлари мовий осмон билан бирлашиб кетгандай эди. Қуёш ботиши арафасида дарё соҳилидаги азим чинор дарахтининг тепасига чиқиб, кўзим тиниб кетгунча оқимга тикилиб ўтирардим. Осмондан қанотларини йиғиштириб, дарёга тошдай шўнғиган балиқчи қушлар тумшуғида биланглаб турган каттакон балиқни илинтириб кўкка кўтарилганда ҳаяжон ва ҳайратдан юрагим қафасидан чиқиб кетгудай типирчилаб қоларди. Эҳтимол, ўша пайтда дарёнинг суви ростдан ҳам кўп бўлгандир. Негаки, дарё катта-кичик еттита ирмоққа бўлиниб оқарди. Ирмоқлар орасидаги оролчаларда хушбўй ҳидли юлғунлар, оппоқ гулхайрилар, гулининг ифори бошни айлантириб юборадиган ёввойи жийдалар бир-бирига чирмашиб, қалин тўқайзор пайдо қилганди. Юлғунлар орасида тўсатдан пайдо бўлиб қолган юмронқозиқ, типратикан ёки қамишлар орасидан сузиб чиққан қундузлар тўқайга кириб қолса, қайтиб у ердан чиқа олмайдигандай туюларди.

Мен шалваримни тиззамгача кўтариб олиб, дарёнинг қирғоққа яқин саёз жойларига тушиб, сув кечишни яхши кўрардим. Чунки оёқларим орасидан оқаётган сув вужудимни эркалаб, силаб ўтарди. Аммо баъзан оёқларим орасидан ўтиб қайтаётган қувноқ балиқчалар, ҳатто шапалоқдай-шапалоқдай япалоқ чиғаноқлар баданимда титроқ уйғотар, ҳатто чўчитиб ҳам юборарди. Соҳилга яқин жойларда чиғаноқлар жуда кўп эди. Бувим бизга: “Соҳилдаги қумларни синчиклаб қарасаларинг, чиғаноқлар тўнларини ташлаб кетган бўлади. Майда-майдаларини териб келинглар. Қуритиб, укангнинг бешигига мунчоқ қилиб осиб қўямиз. Лекин тағин сувдан тирик чиғаноқни ушлаб қобиғини ёриб, ўзини ўлдириб қўймаларинг, уям Худонинг безарар жонивори, уволи бор”, — деб тайинлардилар.

Бувимнинг айтишича, дарё бўйларидаги қамишлар-у юлғунлар, ёввойи арча-ю маймунжонлар, кўрсичқон-у сувкаламушларнинг ҳам одамларга, табиатга фойдаси бор эмиш. Уларга ҳам Худо керакли вазифани буюриб қўйган эмиш.

— Бувижон, ўша чиғаноқларни уйимизга олиб келиб боқсак-чи? — сўради бир куни акам.

— Ундай қилма, болам. Чумолининг ҳам уйи бузилмасин. Ҳар бир нарса ўз ерида униб-ўсади. Ўша чиғаноқни ушлаб, секин қулоғингга олиб бориб тинглагин-да, унинг ичидан дарёнинг шовуллаши, шамолнинг ғувуллаши эшитилади. Агар сен чиғаноқни уйда боқсанг, у бундай овозларни эшитмайди, кейин ўша овозларни соғиниб ҳалок бўлиши мумкин, — дедилар бувим.

— Назира қизим, ўзинг ҳам, ўртоқларинг ҳам чиғаноқларни ҳадеб қўлингизга олиб ўйнаб, уларни қийнаманглар. Сиздан сал нарида, гарчи кўзингизга кўринмаса-да, онаси хавотир билан кузатиб турган бўлади. Боласини қутқариш қўлидан келмагач, сизларни қарғайди. Қарғиш ёмон нарса. Табиатдаги ҳамма нарсани Худо яратган.

Биз ана шу ҳикоялар асосида қишлоғимиз табиатини, дарё-ю сойларини, янтоғ-у гиёҳларини, уришқоқ чуғурчуқлари-ю ўзини само ҳукмдори деб билган балиқчи қушлари, чаққон типратиканлари-ю муғомбир чиябўриларини севиб, уларни дўст билиб катта бўлганмиз. Ёзда супадаги ҳовлида юлдузларга тикилиб уйқуга кетар эканмиз, уккиларнинг ваҳимали сайроғи, кўршапалакларнинг шарпасиз қанот қоқишлари, чигирткаларнинг чириллаши бизни аллаларди. Орадан йиллар ўтди. Мактабни битириб, шаҳарга ўқишга кетдим, кейин ишладим. Рўзғор, бола-чақа ташвиши билан анча пайт қадрдон дарё бўйига боролмадим. Ҳар гал ота уйимга меҳмон бўлиб келганимда, укаларим, онам дарёда сув камайиб кетаётгани, одамлар деҳқончилик ҳам қилмай қўйгани ҳақида ташвишланиб гапириб қолишарди. Ҳа, дердим-у, бунинг қанчалик фожиа эканлигини тасаввур қилмасдим.

Бу галги меҳмонга келганимда, укам:

— Опа, жиянларни дарё бўйларига олиб чиқиб келай. Сувнинг салқингина шабадасида жазирамани сезишмасин, — деб қолди.

— Яхши таклиф, нега энди мен бормаслигим керак? Ахир у ердаги ҳар бир туп сувтол шохларида, ҳар бир ирмоқ соҳилларида менинг болалигим қолган. Бу ҳақда жиянларингга ўзим гапириб бераман, — дедим-у, ҳаммадан олдин машинага чиқиб олдим. Укам: “Ўзимиз ҳар доим юрадиган “Чангалли ота” қабристони томонда йўл йўқ, дала ҳовли эгалари йўлларни тўсиб олган”, деб машинаси рулини Карьер томонга бурди.

Очиғи, мен дарёнинг Роҳат кўлига олиб чиқадиган йўлнинг бу тарафларини унутиб ҳам юборгандим. Ўлай агар, укам гидлик қилмаса, яккам-дуккам сувтоллари-ю онда-сонда кўзга ташланаётган сўқмоқлар бир пайтлар юришга тўсқинлик қилган ваҳимали тўқайзор эканлигини билмасдим ҳам. Ниҳоят, машинани қатнов йўл чеккасида тўхтатди.

— Пастга ўзимиз тушамиз, — деди қуйи томонга эниб кетган сўқмоққа ишора қилиб. Жийда топган жиннидай қувониб кенжатойимнинг қўлидан тутдим-у, нишаб йўлдан елиб кетдим. Йўл бизни соҳилини қум босган сой ёнига олиб борди.

— Алишер, шунчалик ҳам беўхшов ҳазил қиласанми, бу Қиёт ариқ-ку, нега дарёга бормадик? — дедим сойнинг нариги чеккасидаги қизил “Жигули”га тикилиб. Шу чоқ “Жигули”дан тушган майка- шортикдаги бир киши сафар халтасини титганча биз томонга “хорижликларми?” дегандай қайта-қайта қаради.

— Нега ҳазиллашаман, опа? Ўзингиз чўмилиб катта бўлган Чирчиқни танимаяпсизми? Бу ҳув бирда сув кўпайиб кетиб, дарёдан ўтолмай йиғлаб ўтирганингизда тоғам ҳарбийларнинг вертолётида қутқариб олиб кетган учинчи ирмоқнинг ороли-ку, — деди укам.

— Ие, унда биринчи, иккинчи ирмоқлар қани?

— Ирмоқлар сизни кута-кута чарчаб қуриб қолди, — хўрсинди укам.

— Ойи, мана бу қанақа суяк? Росаям қаттиқ экан, — дея оёғи тагидаги қумни тепкилаётган Сардор аста эгилди-да, ичидаги чиғаноғи ўлиб, вайрон бўлган косаси (скелети)нинг бир палласини қўлига олди. Югуриб бордим. Чиғаноқнинг кўкиш, қорамтир шапалоқдек палласи. Биз чиғаноқларнинг ана шу мустаҳкам паллалари орасидан бошларини чиқариб, сувўтларини ейишларини завқланиб кузатардик. “Ажойиб-а, шу шиллиққурт уйини ўзи билан олиб юради. Улар шу уйча ичида кейинчалик қимматбаҳо марваридга айланар экан. Чиғаноқнинг ўзи марваридга айланармикан ёки уйчага кириб қолаётган қумларми? Наҳотки бир куни ўша марваридни кўрсак!” деб ҳаяжонланардик. Лекин бирор марта ҳам қуриб-қақшаб кетган қумлар орасидан уларнинг вайрон бўлган уйчасини ёки уйча деворига қапишиб қуриб қолган танасини кўраман деб ўйламаганман. Узоқ вақт кўрмаган қадрдонимни топиб олгандек уни энтикиб ушладим. Кўзларим ёшланди. Нажот қидириб сув бўйига бордим.

Бир пайтлар барқ урган сувўтлар орасида юзлаб чиғаноқлар сузиб юрарди. Қанча тикилмай, бугун уларни тополмадим. Мунғайиб укамга қарадим. Бу орада ўртанча ўғлим қум орасидан яна бир мажақланган чиғаноқ косасини топиб олди. Мен серрайиб туриб қолдим. Болаларим югуриб-югуриб яримта-юримта чиғаноқ “уйча”ларини теришга тушиб кетишди. Мен беихтиёр ярми куйиб кўмирга айланган ёввойи жийда тагига ўтириб олдим. Кўзим тиниб, қулоғим ғувулларди. Шу пайт оқ чарлоқларнинг товушидан сесканиб кўзимни очдим.

Улардан бири нақ бошим устида икки бор айланди-да, ниманидир ташлаб юборди. Чўчиб оёғим остига қарадим. Бир қарич келадиган зоғора балиқ қум устида жон талвасасида типирчиларди. Беихтиёр уни ердан кўтардим. Буни кўрган балиқчи қуш кўнгли хотиржам тортиб, узоққа учиб кетди.

— Ана, опа, бувимнинг: “Табиатдаги барча нарса — жонивор-у ўт-ўлан, ҳашарот-у қурт-қумурсқагача одамзоднинг дўсти, яхшиликни унутмайди”, деган гаплари рост эканми? Назаримда, кекса балиқчи қуш сизни таниди, сизни меҳмон қилиш учун балиқ ташлади. Ҳозироқ уни қовуриб ейишингиз мумкин, — дея жилмайди укам.

— Ҳа, — дедим хўрсиниб, — совға учун раҳмат! Балки бу ҳам дарёдаги сўнгги балиқдир. Яхшиси, мен уни жойига қайтараман. Менга раҳмат дейди, ўзидан кўпайса ҳам, ажабмас, — дедим-да, тез-тез юриб бориб, балиқчани сувга қўйиб юбордим. У бир зум гарангсиб тургач, думларини ликиллатиб сузганча ўтлар орасига кириб кўздан йўқолди.

Наҳотки биз шу балиқчи қушча ҳам бўлолмадик? Наҳотки бутун бир қишлоқ аҳолиси биргалашиб, боғ-роғларимизни гуллатган, шириндан-шакар сабзавотлар етиштиришимизга замин бўлган саховатли дарёмизни асраб қолишга ҳаракат қилмадик? Нега мен онамнинг ҳасратларини эшитганимда, оппоқ тўлқинлари билан мени эркалаб катта қилган Чирчиқ дарёсидан хабар олмадим? Бир табиат жонкуяри сифатида тегишли ташкилотлар эшигига танда қўймадим. Ахир юрт пуфласа шамол турарди-ку. Эҳтимол, оёққа қалққанимизда, дарёмиз йўлларда бўлар-бўлмасга бўлинмаган, ожизгина ирмоққа айланиб қолмаган бўларди-ку… Шу хаёллар юрагимни ғижимлаб турганда ўғилларим бир халта чиғаноқ паллаларини келтириб оёқларим остига тўкди.

— Ойи, қаранг буларнинг кўплигини… Энди уларни нима қиламиз? — деди кенжатойим қоп-қора кўзларини жавдиратиб. — Бунинг ичида яшаган чиғаноқлар ҳозир қаердайкин-а?

— Уларни мана бу жийда тагига кўмамиз, — дедим кўзда ёш билан.

— Вой, ўлиб қолган чиғаноқнинг ўрнига уларнинг синиб қолган уйчасини кўмса ҳам бўлаверадими? Тоға, кейинги гал келганимизда ҳам чиғаноқ суякларини териб буларнинг ёнига қатор қилиб кўмиб қўяйлик. Ўшанда одамлар бу ерни чиғаноқлар қабристони деб атайди, — деди ўғлим миқ этмасдан чуқур қазиётган укамнинг қўлларидан ушлаб.

— Энди қирғоқдан бунақа синган садафларни топа олмайсан, — деди укам. — Энди чиғаноқлар йўқ.

— Улар қаёққа кетишди, денгизгами?

— Уларнинг укаларини кеча ўзимиз томондаги ирмоқда кўрдим. Чиғаноқлар роса кўпайишяпти. Бироқ энди улар соҳилга чиқишмайди, маза қилиб ирмоқда — оналарининг ёнида, сувўтлар орасида бехавотир яшайверишади, — деди укам.

Гарчи бу гап тўқималигини, бу ерда энди дарё ҳам, чиғаноқлар ҳам қолмаганини билсам-да, укамнинг гапларига ишонгим келди. Чунки оққан дарё оқмасдан қолмас, дейишади-ку. Зора ҳаммамиз бирлашсак, хатомизни тўғриласак. Дарё сувини бағрига қайтарсак. Яна қишлоғим болалигимдагидай боғ-роғларга, серҳосил далаларга айланса… Чиғаноқлар-у балиқлар дарё сувларида чайинавериб ялтираб кетган тошлар орасида бир-бирини қувалаб ўйнаса, беғубор оппоқ тўлқинлар юзида баландларга сакраса. Мен эшилиб, тўлғаниб оқаётган дарёда қулочини катта отиб сузаётган набираларимга сахий табиат, саховатли ҳамқишлоқларим ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилсам…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + seven =