Чўққини кўзлаган инсон

(Мингбулоқлик фермер Солижон ХЎЖАМОВ фаолиятига назар)

Мингбулоқнинг табиати ҳам, об-ҳавоси ҳам бошқача. Йил сайин обод бўлиб, шаҳар мисол фаровонлашаётганини айтмайсизми! Фермеру тадбиркорлари янги замон билан бирга ҳамнафас қадам ташлаб, янги Мингбулоқни бунёд этишмоқда. Пахтакору ғаллакорлари, боғбону ишбилармонлари ютуқлари билан нафақат вилоят, ҳатто республика миқёсида ҳам оғизга тушиб боришаётир.

Ҳар бир юртда чўққиларга интилиб яшайдиган лочин каби азаматлар бўлади. Улар фақат олдинга қараб, маррани баланд олиб, юксакларни кўзлаб яшайдилар. Мингбулоқлик шундай оловқалб инсонлардан бири Солижон Хўжамов ҳақида шу боис бир сўз айтишни анчадан бери ният қилиб юргандим.

У билан туман ҳокимияти майдонида кўришдик. Солижон Хўжамов муддаомизни билгач, замонанинг олди бўлган автомашинасида туман марказидан унча узоқ бўлмаган “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Пахтакор кўчасидаги уйга олиб борди.

Солижон ака “Алишер ака, ҳў Алишер ака!” деб хонадон дарвозасидан ичкарига кирди. Ичкаридан етмиш ёшлар чамасидаги очиқ чеҳрали нуроний бизга пешвоз чиқди. Биз билан эски қадрдонлардек кўришгач, ичкари уйга таклиф қилди.

Алишер ака Машраббоев қирқ йилдан ортиқ ўзбек тили ва адабиёти фанидан муаллимлик қилган, салкам йигирма йил мактаб директори бўлиб ишлаган зиёли бир инсон экан. Алишер домла Солижон акага устоз бўлиш билан бирга маслакдош дўст-улфат ҳам экан.

— Мингбулоқда мени ва ота-боболаримни яхши биладиган кишилардан бири, — дея Солижон ака домласига ишора қилиб, бизга юзланди.

Алишер ака журналист эканимизни, Хўжамов ҳақида ёзиш учун келганимизни эшитиб, жуда хурсанд бўлиб кетди. Домла Намангандаги кўплаб ижодкорларни яхши билар экан. Ўзи ҳам ижод қилиб, бир нечта китоб чиқарган экан.

— Қаҳрамонни тўғри танлабсизлар, — деди Алишер Машраббоев. — Солижон ҳар бир ишга астойдил ёпишади. Ўзига ишонч билан ҳаракат қилади. Режалаган лойиҳаси натижасини олдиндан кўра билиш иқтидори бор. Гапирган гапининг устидан чиқадиган лафзли, оқибатли инсон. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам зиммасидаги режаларни бажаришнинг уддасидан чиқадиган, худо берган омадли фермер. “Оқ қум” массиви ҳудудидаги ерларда деҳқончилик қилади. Маҳалладошларининг тўй-маъракалари усиз ўтмайди. Одамларга кўпчиликка билдирмасдан саховат кўрсатиб, завқланади. Эл-юрт ичида одамлар унинг ҳаққига дуо қилишаётганида кўрсатган эҳсонлари ҳақида эшитиб қоламиз. Сахийлик, қўли очиқлик хислати ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган фазилат.

Айниқса, Сардобадаги сув тошқини фалокати бўлган кунлари Солижон Хўжамовнинг кўрсатган саховатпешалигини одамлар тез-тез гапиришади.

Яхшиси, ўша воқеани ўзи гапириб берсин, деб Алишер ака Солижон акага юзланди.

— Тошқин ҳақидаги фалокатни эшитишим билан ҳаракатга тушдим, — дея қаҳрамонимиз ҳикоясини бошлади. — Маҳалладаги кўрпа тикадиган аёлларга тез фурсатларда 60 та кўрпа тайёрлашга буюртма бердим. Хайрия сафарига тайёрланаётганимизни билгач, турмуш ўртоғим Холпошшо ҳожи она ҳам пенсиясидан йиғиб юрган пулини қўшди. Йўлкирасини келишиб, хусусий юк автомашинасини ёлладим. Ёғ, ун, кўрпаларни Сардобага олиб бордим. Биз олиб борган хайрия юкларини омборнинг кўринадиган жойига алоҳида қўйишди. Маҳаллий раҳбарлар катта раҳмат айтиб, миннатдор бўлишди. Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан оқиб келаётган хайрия юкларини кўриб, Ўзбекистонда шундай инсонпарвар одамлар кўплигидан фахрланиб кетдим.

Энг таъсирлиси шу бўлдики, Мингбулоққа қайтиб келгач, ҳайдовчи йигит йўлкира учун келишилган маблағни олмади. “Ҳожи ака, савобга биз ҳам шерик бўлиб қолайлик”, деб ўтиниб туриб олди. Ҳайдовчининг мардлигини қаранг! У ўзининг ҳам савобли, ҳам ибратли саховатини кўрсатди.

Шу ва бошқа эзгулик, сахийлик, инсонпарварлик ва эҳсон ишларига катта ҳисса қўшгани учун Солижон Хўжамов “Саховат” кўкрак нишони билан тақдирланган.

— Олтмиш олтига кирсангиз ҳам ўн-ўн беш ёш навқирон кўринар экансиз, боиси нимада? — деб Солижон акадан сўрадим.

— Менимча, яхши турмуш ўртоқ, қобил фарзандлар, ҳалол меҳнат, ота-боболар, устозлар, кексалар дуоси, тинмайин меҳнат қилиш, жисмоний чиниқиш каби омиллар кишини навқирон кўрсатади деб ўйлайман. Болалигимда катта отам раҳматли Хўжамберди ва катта энам Оппоқ буви қўлида тарбия олиб, жуда кўп нарсаларни улардан ўрганганман.

У ўн тўққиз ёшидаёқ уйлангани, йигирма ёшида қиз фарзандли бўлгани, Андижоннинг Шаҳрихон туманидаги қишлоқ хўжалигини механизациялаш техникуми автомобиль факультетини битиргани, бундан қирқ беш йил аввал “Газ-53” русумли юк автомашинасини ҳайдагани, ота касби ҳайдовчилик экани ҳақида эслади.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари фермерлик ҳаракати Мингбулоқ туманида мамлакатда биринчилардан бўлиб йўлга қўйилганди. 1997 йили Солижон Хўжамов ўн гектар майдонда “Соҳибқирон” номли фермер хўжалигини ташкил этди. Авваллари туманда ер майдонлари шўрланиши юқори, балл банитети паст бўлган. Ҳар гектардан бор-йўғи 14-16 центнердан ҳосил олинган. Орадан шунча йиллар ўтди. Қанчадан-қанча фермер хўжаликлари курашларга дош беролмай тугаб кетди. Хўжамовга ўхшаган ишнинг кўзини биладиган, замон билан ҳамнафас бўлган фермерлар кенгайиб, гуллаб-яшнади. Бу йилга келиб “Соҳибқирон” фермер хўжалигининг икки юз гектар ер майдони бор. Ҳар гектар майдондан 45 центнердан юқори сифатли пахта ҳосили етиштирилди. Ғалла ундан ҳам баракали ҳосил берди. Гектаридан 70 центнердан буғдой олинди. Боғлардаги хурмо, бодом, олма, гилослар ҳам юқори даромад келтирди. Фермер хўжалигида эллик нафар ишчи-ходимлар доимий иш билан таъминланган. Мавсумда эса 150 нафар ишчи жалб этилади.

— Фермерчиликда тармоқларни кўпайтирган ютади, — деб сўзини давом эттирди суҳбатдошимиз. — Техникаларимиз етарли. Чет элда ишлаб чиқарилган дон ўриш, пахта териш комбайнларимиз бошқа фермерларга хизмат кўрсатиб, даромад келтирмоқда. Учта автобусимиз йўловчи ташиш хизматига жалб қилинган. Хитой технологияси асосида мошни қайта ишлаш цехини ишга туширганмиз. Етти гектар ҳовузда балиқ етиштирилаётир. 2009 йили республика “Ташаббус” кўрик-танловининг ғолиби бўлганман. Фермер хўжалигида томчилатиб суғориш, ерни лазерда текислаш каби илғор усуллардан самарали фойдаланмоқдамиз. Хитойдан пахта уруғи олиб келиб экиб, юқори ҳосил олдик. Илм-фан ютуқларини қишлоқ хўжалигига жорий қилиш яхши натижа бермоқда. Фермер хўжалигимизда пахтани фақат машинада териш тажрибаси йўлга қўйилди.

От ўрнини той босар, дейдилар. Ўғиллари Соҳибжон ва Саиджонлар ҳам ота изидан бориб, фермер хўжаликларда раҳбар.

Беш фарзанд, ўн саккиз невара, уч чевара — Солижон ота Хўжамовнинг бойликлари, давлати. Ҳожи ота уларнинг одоб-ахлоқли, билимли бўлиши учун намуна бўладиган даражада ҳаракат қилиб, бошқа оилаларга ўрнак кўрсатиб келмоқда.

— Устозларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

— Отам раҳматлидан ҳайдовчилик, деҳқончилик маданиятини ўрганганман. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Набижон Қорабоев, машҳур инженер тадбиркор Абдуқаҳҳор Салимов, номи кўпчиликка таниш бригада бошлиғи бўлган Абдусалом Раҳимов каби устозлар фаолияти биз учун ҳаёт мактаби бўлган. Амаким Турсунбой Хўжамов туманимизда биринчи механизатор бўлган. Собиқ шўролар давридаёқ шахсий трактори бўларди. Одамларнинг беминнат оғирини енгил қилиб юрарди, маҳалладошлари тўй қилса, ўтин олиб келиб берарди. Қўли очиқ, элпарвар инсон эди. Яқинда масжидимиз имоми жума намозида амакимнинг шундай яхши ишларини эслаб, элдан уларнинг ҳаққига дуо сўради. Қўзимга ёш келди. Яхшиликнинг мукофоти шу бўлса керак, деб мен ҳам дуога қўшилдим.

— Солижон жуда маърифатпарвар ва зиёга интилувчи инсон, — деди Алишер ака. — У “Оқ қум” массивидаги собиқ колхоз идорасини мактабга айлантириб, оталиққа олган.

— Кўпгина чет давлатларни ҳам кўрган жаҳонгаштасиз, шуларни ҳам ёзиб олайлик, — деб қаҳрамонимиздан сўради ҳамкасбимиз, таниқли журналист, Мингбулоқ туман газетаси бош муҳаррири Қосимжон ака Акбаров.

— Ҳа, саёҳатга ишқибозчилигимиз баланд, — деди Солижон ака самимий кулиб. — Франция, Германия, Италия, Қатар, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, МДҲ давлатларида бўлганман. 2019 йили Беларусга бориб кўргазма ташкил қилдик. 2021 йили Президент ташрифи доирасида Туркияда бўлдим. 2024 йили Қозон шаҳрида ўтган халқаро анжуманда қатнашдим. Қаерга борсам, ниманидир ўрганиб қайтаман.

Ҳа, тиниб-тинчимас қаҳрамонимиз Солижон Хўжамов тўрт чақириқдан буён туман кенгаши депутати сифатида ҳам фаол. Яна ҳавас қилса арзийдиган хислатлари ҳам кўп. Гул ўстиришни яхши кўради, шахматни ақл гимнастикаси деб зурриётларига ҳам ўргатган. Футболга ишқибозчилиги жуда баланд…

Солижон Хўжамов Ўзбекистон футбол терма жамоамиз жаҳон чемпионатига йўлланма олганидан жуда хурсанд. Нияти — Америкага бориб, футбол майдонларида терма жамоамизга ишқибозчилик қилиш!

Мана сизга замондош қаҳрамонларимиз ҳақида бир шингил ҳикоя…

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Қосимжон АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзолари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =