Ҳукумат учун оғриқли савол
Амалдорлар ва уларнинг оилалари даромадларини мажбурий декларация қилиш тизими 2022 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди, аммо қарийб 4 йилдан бери ортга суриб келиняпти.
Солиқ қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа мутасаддилар мазкур тизимни ишга тушириш ҳақида қайғурмаётган кўринади. Ёки агентликнинг кучи етмаяпти.
2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги даромад ва мулкни декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 2021 йил 13 ноябрда Вазирлар Маҳкамасига киритган. Бироқ ҳукумат ҳужжатни ҳозиргача Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этгани йўқ.
Агентликнинг маълум қилишича, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими аллақачон тайёр бўлган, 2023 йилдан буён Божхона қўмитасида синов тариқасида ишлатилмоқда. Қонун лойиҳасининг ўзи эса ҳамон ҳукуматда ва шахсий маълумотларни очиқлаш билан боғлиқ қисми такомиллаштирилмоқда.
Солиқ қўмитасига чиқсанг, Коррупцияга қарши курашиш агентлигида дейишади. Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан сўрасак, ҳукумат ўтказмаётганини айтишади. Ҳукуматдан сўрасак, Солиқ қўмитаси ишни чала ташлаб қўйганини баҳона қилади.
Хуллас, сан солар, ман солар, отга емни ким солар?
Ишончсиз “Ишонч телефони”
Энергетика вазирлигининг ишонч телефон рақами ишламаётгани ҳақида мурожаат қилишмоқда.
Аслида вазирликдагилар қишда уйқуга кетишади. Баҳор келиб, кунлар исиганда уйғонишиб, яна матал тўқишни бошлайдилар.
Манба: platforma.uz
