Унинг кўнгли — нурлар водийси
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
Гулчеҳра Жамилова суратига чизгилар
Бир инсон ҳақида айтилган кўпларнинг турфа фикрлари бўлиши мумкин, аммо энг тўғри таъриф ҳар кимнинг ўзи ҳақидаги фикридир. Ҳеч ким одамни ўзичалик билмайди ва ўзичалик тўғри таърифлай олмайди. Беназир шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг устозимиз Зулфияхонимга атаб ёзган бағишлов шеъридаги қуйидаги мисра эсингиздадир:
Шеъримга нур аралаш тўкиласиз,
маликам,
Ўзингизни ўзингиз хўп биласиз, маликам…
Юқоридаги мен айтган фикрни шоирона тарзда жуда ўхшатиб айтган-а…
Мен нимага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Гулчеҳра Жамилова ҳақида ёзаётган битикларимни инсоннинг ўзини ўзи билиши ҳақидаги фикрлар билан бошладим? Чунки Гулчеҳранинг ижодида ҳам шу фикримни тасдиқлайдиган сатрлар бор:
Ишқ ҳомийси — менинг кўнглим,
Нур водийси — менинг кўнглим…
Ким нима деса десин-у, мен бу сатрларга жуда ишонаман. Чунки Гулчеҳра менинг синашта синглим. У билан “Саодат” журналида бир неча йиллар бирга ишлаганмиз. Аёлнинг муҳаббати энг аввало оиласига бўлган муносабатида намоён бўлади. Ўз турмуш ўртоғига садоқат сақлаган, ўз фарзандлари учун жонини нисор қилган аёлдагина кўпларга, дейлик, халқига, миллатига чинакам садоқат, чинакам муҳаббат бўлиши мумкин. Оддийгина қилиб айтсак, бир одамни эплаб севган одамгина катта муҳаббатларга қодир бўлади. Гулчеҳрада шундай муҳаббат бор. Биргина мисол. Барча касбдагилар, шу жумладан, журналистларнинг ҳам ўз соҳасида кўзга кўринарли ишлар қилиб қўйгач, мансаб, лавозим маъносида имкониятлари кенгаяди. Гулчеҳра ҳам ҳақли равишда “Саодат” журналининг бош муҳаррир ўринбосари даражасигача кўтарилган эди. Биламизки, “Саодат” журналининг нуфузи нуқтаи назаридан қарасак, бу яхшигина кўтарилиш эди. Аммо Гулчеҳра ўзи ариза ёзиб ишдан бўшади. Чунки ўша йили тилаб олган қизалоғи мактабга чиқиши керак эди.
— Уни мактабга ўзим олиб бориб, ўзим олиб келишим керак. Уйимга яқин жойда ишлашим керак, — деди ва шундай қилди. Шундай пайтлар бўлдики, журналимизда ишлаб юрган пайтлари шароит моддий жиҳатдан турмуш ўртоғига таянч бўлишни талаб қилди. Гулчеҳра баъзиларга ўхшаб дардини дастурхон қилмади. Кимларнидир ёзғириб, нималардандир шикоят ҳам қилмади. Тинмади, тинчимади. Ёзди. Саксонинчи, тўқсонинчи йиллар босма нашрларининг энг фаол муаллифларидан бўлди. Бу меҳнаткашлик Гулчеҳрага фақат моддий манфаат эмас, маънавий тақдирланишни ҳам ато этди: у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони билан мукофотланди.
Аксарият журналистлар битта йўналишда ёзишга ихтисослашган бўлади. Гулчеҳра ҳам “Саодат” журналида ишлаб юрган пайтларида асосан хотин-қизлар йўналишида, қадриятлар билан боғлиқ мавзуларда кўпроқ ёзарди. Донишманд бобо, бувиларидан иқтибослар келтирарди. Ҳатто унга:
— Гулчеҳра, энангизни бир кун бизникига жўнатиб юборинг, битта мақола ёзай, — дея ҳазил ҳам қилардим. Биздан сўнг у уйига яқин жойда — “Сиҳат-саломатлик” журналида масъул вазифада ишлай бошлади. Бирданига бир йўналишдан иккинчисига ўтгани ёзганларида сезилмади. Аммо бу жараённинг ичида юрган одам билади: қадриятлар ҳақида ёзиб юриб, тиббиёт мавзусида яхши мақола ёзиш анча ўрганиш, анча меҳнатни талаб қилади. Гулчеҳра табиатан жуда меҳнаткаш бўлгани боис тиббиёт мавзусини жуда тез ўзлаштирди. Тиббий ҳаётга тез киришиб кетди. Кейинги йилларда унинг қаламига мавзу берадиган ҳудудлар жуғрофияси яна ҳам кенгайди.
Бугун фарзандлари ёнига кирди, Гулчеҳранинг ижод имкониятлари яна ҳам кенгайди. Кейинги пайтда кетма-кет нашр қилинган “Ўзим билан юзма-юз”, “Нур водийси” китоблари ўша имкониятларнинг самарали якунларидан бири, деб биламан. “Юзма-юз” китоби “Ойдин қишлоқ қиссаси” бадиаси билан бошланади. Ундан сўнг “Сендаги тонгларим қуёшли” бағишлови келади… Бизнинг ўқувчиларимизда сюжетли асарларни ўқишга мойиллик кучли. Бадиа билан ўқувчини ушлаб туриш қийинроқ. Аммо Гулчеҳранинг бадиаси шавқ билан ўқилади. Ўзи айтганидек, кўнглидаги нур сатрларни нурлантириб туради. Бу — муҳаббат нури. “…Намхуш майсаларнинг хушбўй иси димоғимга урилди. Гуллар япроғидаги ёмғир томчилари биллурдек ярқирайди. Дарахтларнинг барглари ҳам тозариб, яшиллиги янада ортгандай…” Кўз олдингизга Гулчеҳра тасвирлаётган унга қадрдон қишлоқ эмас, ўзингизнинг қишлоғингиз келади. Майли-да, гуллар эмас, янтоқ, оқбошлар ўсаётган бўлсин…. Майли-да, зилол сувлар эмас, бўтана сув оқаётган бўлсин… Иқтидорли қўл тутган қаламнинг кучи шунда: муҳаббат хотираларини уйғотади, соғинч хотираларини уйғотади. Мен адиблар, шоирлар ижодини севимли қиладиган муҳаббат туйғуси ҳақида гапирсам, ҳеч қачон “Она муҳаббати”, “Ватан муҳаббати, фарзандга муҳаббат” деб ажратмайман. Ажратиш — хато. Чунки муҳаббат — яхлит туйғу. Одам боласи юрагининг бир бўлагига бошқа севгини, бошқа бўлагига яна бошқа севгини жойлаб яшамайди. Шу маънода Гулчеҳранинг “Сендаги тонгларим қуёшли” бағишловининг давомидаги “Тўмарис ва Широқ”, “Болага буюклар ҳақида гапирайлик”, “Қишлоғим жадидлари” каби мақолаларда ҳам туғилган тупроққа, унинг фидойилари ва келажагига бўлган иссиқ бир муҳаббат, яхлит бир муҳаббатни ҳис қиламан. Биттагина “…Ватанда яшаб туриб ҳам уни соғинар экансан баъзан” деган сатрнинг ўзи ҳам юқоридаги фикрни айтишга имкон беради.
Гулчеҳранинг сўнгги йиллар ижодининг маҳсули бўлган ҳар икки китобдаги мақолаларнинг энг кўпи китобхонлик мавзусида ёзилган.
Муаллиф бугунги сиёсатимиз марказида турган китобхонликка ундаш мавзусига ўзига хос йўсинда ёндашади. “Ўқи, китоб бер”, деган даъватлардан қочади. Китоб билан боғлиқ армонлар, қувончлар, оғриқларни сувратлантиради. “…Аспирантлик йилларим эди. Турмуш эҳтиёжига кўра ўн дона қимматбаҳо китобни букинистик китоб магазинига топширдим. Улар орасида таниқли шарқшунос олим Бартольд асарлар тўплами ҳам бор эди. Уйга қайтгач, хотиржамлигим йўқолиб, ухлай олмадим. Эрталаб ишга бормадим.
Ўша китобларни қайтариб олиш учун дўконга бордим. Аммо китоблар ўша куниёқ сотилиб кетган экан. Кейин бу китобларни узоқ изладим. Аммо топа олмай армонда қолдим….”
“…Китоб дўконига бир борганимда профессор Мушкетовнинг “Туркистон” деб номланган китобини кўриб қолдим. 25 сўм (ўша пайтда бу пул маошимнинг тўртдан бир бўлаги эди) пулим йўқлиги учун харид қилолмадим. Уйга бориб, рафиқамга бу китоб тафсилотларини, бугунги армонимни гапириб бердим. Эртасига ишдан келсам, столим устида “Туркистон” китоби турибди. Хотиним ойлик маошидан уйга бир буюм олиш учун йиғиб юрган пулига шу китобни сотиб олибди”. Бу — Гулчеҳранинг академик, дунё таниган гематолог олим Саиджалол Баҳрамов билан қилган суҳбатларидаги битиклар.
“Китоб дўконида иккита қизнинг суҳбати қулоғимга чалинди:
— Қара, бу китобнинг юзидаги суврати чиройли экан. Гулга қўшиб берсам, ўртоғимнинг туғилган кунига совға қилсам бўларкан.
— Китоб олиб келибди, деб энсаси қотмасмикан?
— Ёнига яна бирор дурустроқ нарса қўшарман…”
Бу ёзувчининг кундалик ҳаётидаги юрагини оғритган бир воқеа.
Чақириқлар, ундовлар ўқувчининг эсида қолмаслиги мумкин, аммо бундай сатрлар эсда қолади ва ўқувчига нима қилиш ва қилмаслик илмидан нималардир ўргатади. Синчиклаб қаралса, Гулчеҳранинг ижодида яна бир ўзига хослик кузатилади. У қисқа сатрларга чўнг мазмунни чиройли сингдира олади. Дейлик, назмда:
Том устидан ерга отди ўзини
Лолақизғалдоқ,
Тўлиб кетган эди юраги.
Юрак, қушим, парвозга шайлан.
Қафасингни синдир, парчала.
Сендан бошланади Озодлик.
Дейлик, насрда: “Чинниқоп” деб аталган бир қатрасимон нарса бор. Унда айтилишича, чинниқоп музейда сақланар экан. Томоша қилгани келганлар унинг нима учун ишлатилишини билишмабди. Шунда музей директори изоҳ берибди:
— Қадимда ота-боболаримиз карвонлар билан узоқ сафарларга чиққанида йўлда ўзларининг эҳтиёжларига ишлатадиган чинни буюмлар синмаслиги учун махсус шундай ғилофларда олиб юришган экан. Бугун учун бу арзимаган нарсадек туюлиши мумкин. Аммо ўша давр нуқтаи назаридан қарасак, аждодларимизнинг эҳтиёткорлик, покизалик каби фазилатлари бўртиб кўринади. Ва адиба бу ихчамгина битикда қўли гул, яратувчан халқимизни бир қадар ишонарли тарзда гавдалантира олган.
Бу икки китобда ҳам турли жанрдаги асарлар бор: бадиалар, эсселар, мақолалар, шеърлар, ҳикоялар, ҳажвиялар, ҳатто драматик асарлар…
Озгина муддат ноширлик қилганман. Тажрибам бор. Агар Гулчеҳра китоб қилишдан аввал унинг мундарижаси ҳақида мен билан гапиришганда, мен бу битикларни тамоман бошқача шаклдаги китоб қилиб берардим. Лекин нафсиламрини айтганда, китоб масаласида синглимиз тенгдошларига қараганда анча баракали хирмон кўтарган: “Умр ҳикматлари”, “Қоядаги атиргул”, “Мовий барқут сири”, “Ёруғ кун”, “Мен борман, ҳаёт”, “Хизрни кўрган одамлар”… Китобнинг номларига ҳам ҳавас қилса бўлади, ёруғ, умидлар тирик…
Барча китобларни ўқиб чиққач келинадиган асосий хулоса ҳам шу туйғуларга яқин. Аждодларимиз яшаб ўтган, биз яшаган, авлодларимиз яшайдиган юртимизда яхшилар, яхшиликлар кўп. Кимдир, кимлардир:
— Йўқ, ундай эмас, кўзингизни каттароқ очинг, — деб оёқ тираб турган бўлса-да, журналист, адиба, шоира Гулчеҳра Жамилова бу китоблари билан:
— Йўқ, барибир яхшилар ва яхшиликлар кўп, — дея улардан ҳам баттарроқ ўжарлик билан оёқ тираб турганга ўхшайди. Яна гап аввалига қайтамиз. Ахир унинг ўзи “Кўнглим — нурлар водийси”, деяпти-ку. Севиб, нурли кўнгил билан қараган кўзга юрт ҳам, миллат ҳам, халқ ҳам чиройли кўринади. Бу чирой қаршисида мавжуд хатоликлар, иллатлар кичраяди, рангсизланади…
Гулчеҳра энди донишмандлик фаслига кирди. Ёзиш имкониятлари кенгайди, маҳорати ошди. Тафаккури теранлашди. Шундай экан, бу тиниб-тинчимас, раҳматли Ойдин опамиз таъбири билан айтганда, ўзини ўтга, чўққа урадиган синглимга саломатлик тилаб, меҳнатларининг қадри буюришини истайман.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.
