Кўзойнак таққан қиз

Шуҳрат МАТКАРИМ

 (ҲИКОЯ)

Муаллиф ҳақида:

Шуҳрат Маткарим – 1960 йилда Туркманистоннинг Тошҳовуз туманида туғилган. 1985 йилда Хоразм давлат педагогика институти (ҳозирги УрДУ)нинг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган.

Таниқли ўзбек  шоири  Матназар Абдулҳаким  ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира-эссеси, “Кун шундай бошланади” қисса ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган.

“Йилон”, “Салав”, “Қум этагида Оқ уй”, “Мақар” каби қиссалар муаллифи.

Эрнест Хемингуэйнинг новеллалари ва Василий Шукшиннинг қатор асарларини аслиятдан ўзбек тилига таржима қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси­­ аъзоси.

— Ассалом, Холбой оға!

Холбой ялт этиб қарайди. Яна ўша кўзойнакли қиз. Чулликдин1. Сариқ юзи сепкилли. Қошиқдеккина юзига нисбатан анча узун бургут бурни ярашмайди. Уни кимдир қизни қисинтириш учун атай ёпиштириб қўйгандай. Қора, йўғон гардишли кўзойнаги ҳам ўхшовсиз. Холбой аввал гавда-ситрасига қараб уни 17-18 ёшлардами, деган эди. Унинг аллақачон йигирма бешга яқинлашиб қолганини ҳамхонаси Ёқутжондан эшитганида ҳайратини яширолмади.

— Навчун ҳайрон бўласиз? — маъноли жилмайди Ёқутжон. У оппоқ юзли, аллақачон жувон этига минган, меҳрибон, ёқимли аёл. Қирқлардан анча ўтган, турмушга чиқмаган. Кўнгли очиқ, доимо кулиб туради. — Насли шундай. Ҳаммаси ёш кўринади буларнинг. Яхши қиз, фақат… бахти келишмади.

“Унчалик хушрўй эмас-у”, демоқчи эди, аммо худди кўзойнакли қиз уни эшитиб тургандай бу гапни айтишдан истиҳола қилди.

— Барибир ўзларимизнинг қизлар яхши, тўғрими?

— Тўғри, — дейди Холбой ва юзини деразага буриб кўчага қарайди. Кечадан бери қор ёғарди. Кўчалар оппоқ. — Тўғри, — такрорлайди Холбой. — Ўзларимизнинг қизлар яхши-ии…

Холбой ўттиз-ўттиз беш ёшларда. Бўйдоқ. Ўзи такрорлашни яхши кўрганидай: “Бор эди бизда ҳам бир чобуксувор…”. “Худо сени ҳамма ишини йиғиштириб қўйиб, бир орқайин бўли-иб ясаган”, дерди Холбой унга. Ҳақиқатан ҳам, қизнинг қадди-қомати дейсизми, қошу қовоғи дейсизми, сутга чайиб олингандай оппоқ чеҳраси дейсизми, бир йигит орзу қилса ва етишса армонсиз ўтадиган эди. Холбойнинг у билан гап-сўзи олишиб қолганига беш йилдан ортиқроқ вақт бўлган эди. У ҳам иш одами эди. Бизнесмен. Турмушга чиқишга шошилмасди. Холбой ҳам у билан яқин муносабат ўрнатганидан кейин жуфти ҳалол масаласини ҳал қилдим, деб орқайин бўлган эди. Ола хуржунни бўйинга илишга бу ҳам қистанмади: “Қиламиз-да шу бир тўй деганни. Аллақачон иккимиз бир одам бўлган бўлсак, тўй нима, бу бир расмиятчилик-да”. Унга ўзидан ҳам ортиқ ишонарди. Нимага асосланган эди ўзи бу ишонч? Бугун ўйлаб қараса, қанчалик мантиқсиз бўлмасин, ўша ишонч Холбойнинг ўзига бўлган чексиз ишончига асосланган экан. Ҳа-ҳа, Холбой узун йиллар давомида ўзининг ишончига ўзи мўссайиб2 қолган экан. У эса бу ишончни бир кунда кунпаякун қилди. Одам бир лаҳзада борлиқдан йўқлиққа шўнғиши мумкинлигини ўшанда аниқ-тиниқ ҳис қилди у. Бу унинг учун шунчалик кутилмаган ҳол эдики, бутунлай ўзини йўқотиб қўйди. Депрессияга тушди-қолди. Аҳволнинг бунчалик чатоқлигини кўрган жўралари, бирга ишлайдиган ҳамкасблари Холбойни марказдан узоқроққа, юртига жўнатиб юборишди. Бунга ҳам, мана, уч ой бўлаётир.

— Яхшимисиз? — Холбой бош ирғаб алик олади.

Қиз ўнғайсизланиб кўзойнагига борган қўлини кескин тортиб олади. Ерга қарайди. Унинг ҳамма ҳаракатларида ўзининг борлигидан, жуссаси кичиклигидан, узун бурни қошиқдек юзига ярашмаганидан, кўзойнаги катталигидан ва ниҳоят овозининг ниҳоятда ёқимлилигидан қимтиниш бордай туюлади. Кўзойнакли қиз дувва қизаради. Шошилиб орқасига бурилади, илдам, деярли чопқиллаб жўнаб қолади. “У эса бундай пайтда, албатта, бир гап айтган бўларди. Хушрўйлигини билар ва унинг “даҳшатли” таъсирига қаттиқ ишонар эди”.

Бу жамоа Холбойни хушламайгина қарши олди. Унинг марказдан келганлиги, нуфузли ташкилотда ишлагани, улар эса шу ерда, дўппидеккина шаҳарчадаги қис-қисалоқда умрларини ўтказаётганларига худди Холбой айбдордек ёвқараш қилишади. Гўё ҳамма: “Хўш, катта шаҳарда ишлаган бўлсанг не бўпти, мана энди итимга ўхшаб орамизда юрибсан-ку”, деяётгандек. Жамоанинг бу муомаласидан Холбойнинг бир энсаси қотади, бир аҳамият бермаслик керак, деган фикр хаёлидан ўтади. Бу ерда Холбойга хушмуомалада бўлаётганлар ҳам бор. Масалан, ҳамхонаси Ёқутжон. Яна бири директор ўринбосари. Етмишлардан анча ошиб қолган, юзлари қип-қизил, тепакал қоринлас3 Тўравой ака. Директор яқин орада унинг ўрнига бошқа кишини тайинлаши ҳақида гап-сўзлар юрибди. Агар шундай бўлиб қолса, бу, албатта, марказдан келган киши бўлади, дейишади. Шунинг учун бу кекса ходим Холбойга ёқишга ҳаракат қилади — шу ерда ишлаб қолишдан умидвор.

— Сиз булардан хафа бўлманг, — кўнглини кўтаради Ёқутжон. — Булар шундин, ёввойироқ. Тоза келганимда мени ничик қисинтирганларини кўрсангиз эди-ии… Энди меннан яхши одам йўқ буларга. Шунинг учун…

Холбой бош ирғаб қўяди.

Кўзойнакли қиз Ёқутжон билан яқин. Қўли ишдан сал бўшаса, дарров Ёқутжон опасининг ёнига келади.

— Келдингми? — дейди Ёқутжон.

— Ҳовво, — дейди кўзойнакли қиз секингина.

Ёқутжон унга ортиқча эътибор бермайди. Ўз иши билан бўлаверади. Кўзойнакли қиз эса Ёқутжонга яқинроқ турган бўш стулларнинг бирига жойлашади-да, ерга қараб миқ этмай ўтираверади. Ҳар замон-ҳар замонда кўз остидан Ёқутжонга қараб қўяди. Кейин унинг кўзини шамғалат қилиб Холбойга кўз қирини ташлайди. Буни ҳеч ким сезмаса-да, ҳар сафар Холбойга қараганда ўғирлик устида қўлга тушган ёш боладай дувва қизариб кетади. Ёқутжон опасидан ҳам, Холбойдан ҳам тортинади.

— Эса мен кетдим, — дейди бир вақт кўзойнакли қиз деярли эшитилар-эшитилмас.

— Яхши, — дейди Ёқутжон ишдан кўзини узмай.

Бу ҳол ҳар куни бир-икки марта такрорланади.

— Сизни кўрмакка келади, — дейди маъноли жилмайиб Ёқутжон. — Аввал бу ерга кирмас эди.

Холбой ҳамхонасининг бу гапидан негадир озроқ оғринади.

— Бунинг менга не алоқаси бор? — Холбой одатича юзини четга буради. Кўзойнакли қиз бир сафар Ёқутжон йўқлигида кириб қолган, ҳамишагидай анчагина жим ўтирганидан кейин, секингина бошини кўтариб: “Чой дамлаб берайми?” деб сўраган. Холбой шу воқеани эслайди. — Топган гапингизни қаранг.

— Сизни кўрмакка киради, — такрорлайди Ёқутжон Холбойнинг эътирозига аҳамият бермай. — Яхши қиз… Сизни ёқтириб қолган, — Ёқутжон хўрсиниб қўяди. — Қизлар ўзи шундай, керак вақтида тилини тополмай қолади. Кейин бутун умр…

Бу гаплар яна уни ёдига солади. “У эса ҳеч қачон “тилини йўқотмаган”. Аксинча, бидирлашдан тўхтамасди. Холбойдан ҳам “мазали-мазали” гаплар талаб этарди. “Сиз мени яхши кўрмайсиз. Агар яхши кўрганингизда айтар эдингиз. Қулоқларимни ёндириб шивирлаган бўлар эдингиз”. Холбой эса бундай эҳтиросли изҳорларни ортиқча деб билар эди. Унинг талабларига кулибгина қўя қоларди. Оқибат эса, мана. Ёқутжон бу гапларни не ердан билсин? “Гап бу ҳамиша юрагимизнинг юз фоиз акси эмас. Қайсидир файласуф айтганидай, биз кўпинча ҳақиқатни яшириш учун гапирамиз. Тўғри гап экан”.

— Ичи қисганидан4 кирса керак, — дейди Холбой.

— Мен буни билганимга кўп вақт бўлди, — ўзича жилмайиб гапида давом этади Ёқутжон. — Ишга сал кечиксангиз, дарров безовталаниб қолади.

“У билан бу қизчани сира-сира тенглаб бўлмайди, — ўйлайди Холбой. — У қандай эди. Бу…” Аммо кўзойнакли қизнинг ерга боқиб, қумриқушдай мунғайиб ўтиришларини эслаган Холбойнинг юрагига нимадир “тиқ” этиб уради. Нима у? “Шундай маъсум, тоза. Кўздан чет бўлади булар, аммо бундай қизлар… яхши хотин бўладилар. Йигитлар эса, эҳ, кўпроқ хушрўйларга интиладилар”. Яна уни эслайди. “Қанчалар чиройли эди. Қанчалар ишонган эдим. Дунёдаги ҳамма нарса ва ҳаммадан устун қўйдим. Аммо барчасини кунпаякун қилди. Наҳотки одам қадри шунчалик бўлса? Ода-ам қа-адри?!”

— Яхши ҳам уйланмасингдан олдин билиб қолдинг бу гапларни, — деган дўсти Холбойга. — Бир содани5 топиб олдим, деб ўйлаган у. Аммо сен қисинма. Ҳали олдингдан хира-хирмон қизлар чиқади. Чертиб-чертиб оласан! Ҳозирликча эса муҳитни алмаштириб кел.

Шундай қилиб келиб қолган бу ерга Холбой. Ёқутжон эса янги гап топади.

— Гўрсангиз йиловуқ6 бўлиб қолди бу қиз!

— Навчун экан?

— Билмийман. Хонага кирганда сиз бўлмасангиз, дарров йиғлаб юборади.

Холбой не дейишини билмайди.

Шундан кейин у ҳар куни эрталаб ишга келганида столининг усти тахланиб, супуриб-сидирилганини, қоғозлар тартибга келтириб қўйилганини сеза бошлади. Холбой Ёқутжонга қарайди. У маъноли жилмаяди. Кўзойнак таққан қиз эса Холбойга учрашса, салом бериб-бермай учиб қочади. Бора-бора Холбой ҳам уни кўргиси, гаплашгиси келадиган бўлиб қолганини сезади. Қиз тасаввурида сулувлашгандай, бурни анча кичрайиб, қўпол кўзойнаги ҳам ихчамлашгандай.

Бир сафар уни ўн кунларча кўрмади. Нохушланиб қолган экан. Буни Ёқутжондан эшитганида ташвишланди. Уни кўришни истаётганини сезди. Хонага жимгина киришларини, миқ этмай ўтиришларини ва сассизгина чиқиб кетишларини эслади. Кўз олдида унинг қаҳратон қишда совқотган қумридай мунғайиб ўтиришлари қайта-қайта жонланди. Шеър қуйилиб кела бошлайди:

Йиғлоқи қизга

Баҳор йиғлоқидир, булут йиғлоқи,

Заминнинг бағри тош, қирнинг бағри тош.

Эритмас, эримас минг ёққан билан

Ёмғирдан, кўзёшдан Хива билан Шош.

 

Қийиқкўз мўғулнинг қаҳри кўп қаттиқ

Йибитмас халқимнинг чеккан оҳлари.

Ҳамон зирқиратар Чингизнинг тийғи

Азоблар оналар чеккан воҳлари.

 

Минг йил беридаман. Қийнайман жоним

Маъюс кўзларингга қалққанида ёш.

Кўзларим қамашар, қамашар нурдан

Уммоннинг ортидан чарақлар қуёш.

 

Не дейман, ошиқман, ошиқ бандаман

Орзуси, ўйига кучи етмаган.

Қийнайди, қийнайди йиғлоқи бир қиз,

Кўнглимда кўкарган гулни билмаган.

 

Сўнгги сатрларни ёзар экан, Холбой жилмайиб қўяди. Аммо бу шеърни ҳали кўзойнакли қизга ўқиб берадими, йўқми аниқ билмайди.

 

1Чулликдин –  кичкинагина.

2Мўссаймоқ– орқайин бўлиб қолмоқ.

3Қоринлас – қорин қўйиб юборган.

4Ичи қисганидан – зерикканидан.

5Содани – соддани.

6Йиловуқ – йиғлоқи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =