Бугундан қониқиш, эртадан — фахр

Ҳар йилнинг сўнгги кунлари “Йил давомида нимага эришдим, нимага эришолмадим?” деган савол ва янги йил режаларига доир орзу-умидлар билан ўтади. Инсон ҳаёти шундайки, у қанчаданқанча ютуқларга эришмасин, ғолиблик чўққиларига кўтарилмасин, барибир, янада салмоқли марраларни кўзлайди, қулочини катта ёзади. Олдинга қараб интилиш шиддатини сусайтирмайди. Ҳаётнинг ёзилмаган қонунларидан бири шундай.

2025 йил мамлакатимиз тарихида энг ёрқин, сермаҳсул, дунё миқёсида фақат бугун эмас, келгуси йилларда ҳам расман эътироф этиладиган йил бўлиб қолади. Ички ва ташқи сиёсатда, халқаро алоқаларда, иқтисодиётда, одамлар турмуш тарзи, ёшлар онг-тафаккурида юз берган ўзгаришларни ёдга олишнинг ўзи бу йилни кейинги тўққиз йилнинг Бобо йилига айлантиради.

Кўзлаган мақсадларимизга изчиллик билан эришмоқдамиз, дунё жамоатчилиги кўз ўнгида Янги Ўзбекистон деган мамлакат жадаллик билан қад ростлаётир, бу мамлакатнинг олий инсоний, маънавий-ахлоқий қадриятлари, шарафли режалари шаклланмоқда.

Миллатнинг бугунги ва эртанги қудрати унинг сандиқда асраётган маблағида эмас, илмий-техникавий тафаккури, имон-эътиқоди, улуғ аждодлар йўлига садоқати, замонавий илмларни пухта эгаллаётган ёшларимиз қўлга киритаётган ютуқларда намоён бўлиши шундоққина кўриниб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимиздаги ўн мингдан ортиқ мактабларга 10 миллион нусха китоб етказиб бериш кўзда тутилгани биз, ижодкорлар учун ҳам фахрли, ҳам масъулиятлидир. Негаки, ёш китобхонлар қўлига етиб борадиган асарларнинг маънавий-маърифий таъсирчанлиги ғоят катта аҳамиятга эга. Бу табаррук ишни Ёзувчилар уюшмаси бир неча йиллардан бери изчил амалга ошириб келмоқда. Китобхонлик борасидаги янги вазифа — ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан маънавий-маърифий йўналишдаги журналларнинг ўрта мактаблар кутубхоналарига бундан буён ҳам бепул етказиб берилиши тарбия ишига, хусусан, китобхонлик савиясининг ошишига сўзсиз хизмат қилади. Бу эса янги 2026 йилнинг муҳим ютуқларидан бири бўлади, албатта.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали

бош муҳаррири.

 

Омонлик бўлса…

Мамлакатимизда давом этаётган ислоҳотларнинг 2025 йилги самараси ҳақида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида батафсил сўз юритилди.

Қўшимча қилиш мумкин бўлса, айтай. Биринчиси: қонунийликни сақлаш йўлида эришилган ҳар битта воқеа Ватан ва жамиятимиз равнақи йўлида хизмат қилмоқда, деб айтиш мумкин. Иккинчиси: давлатимиз раҳбарининг узоқ ва яқин хориж давлатларига ўнлаб сафарлари ва ўтказган мулоқотлари ниҳоятда мароқли бўлмоқда. Учинчиси: халқаро аниқ фан олимпиадаларида ўғил-қизларимизнинг муваффақиятларидан бошимиз осмонга етмоқда. Умуман, ҳар бир ватандошимизнинг ютуғи халқимиз, Ватанимиз ва ислоҳотларимиз ютуғи ҳисобланади.

Ўтган йил шахсан каминага ижод борасида фавқулодда омадли келди. Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги “Қаҳр” қиссаси, Худойберди Тўхтабоевнинг болалигидан ҳикоя қилувчи “Болажон бобомнинг болалиги” қиссаси ҳамда Жеймс Жойс ҳаёти ва ижодига бағишланган “Жойс” роман-эссеси чоп этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шафелигида салмоқли “Танланган асарлар”им босмадан чиқди.

Омонлик бўлса, ижодий режалар катта.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

ёзувчи.

Масъуд кунлар ҳали олдинда

Мақсуд Шайхзода бир шеърида замоннинг тез ўтишига файласуфона назар солиб, шундай деганди:

Йиллар ўтар:

Душанба,

           сешанба, чоршанба каби…

 

Ҳа, замон югурик келар экан. Мана, ҳаш-паш дегунча 2025 йилни ҳам кузатадиган бўлиб турибмиз. Худога шукур, 2025 йилнинг баҳори мўътадил, ёзи хийла иссиқ, кузи эса жуда сербарака келди. Декабрь бошлангунича ҳаво илиқ, ёқимли бўлиб турди. Деҳқонлар далада ҳар қанча ҳосили бўлса, бафуржа йиғиштириб олди, ёпилмаган томлар ҳам бемалол ёпилиб, қишга тахт қилинди.

Катта ҳаёт — мамлакатимизнинг қўшни давлатлар, шунингдек, жаҳон айвонидаги ўрни эса янада барқарорлашаётганини кўриб турибмиз. Эҳтимол, биз бу жараёнларнинг ичида яшаб келаётганимиз учун ўзимизга ҳали унча сезилмаётгандир, аммо орадан ўн, йигирма йиллар ўтгач, унинг кўлами, залвори яққолроқ намоён бўлади, иншооллоҳ.

Биз шуғулланадиган адабиёт, маданият соҳасида ҳам ишлар худди шундай омадли бўлди, назаримда. Биргина, балки, жуда “жузъий” мисол келтирадиган бўлсам, мен ҳали Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, ҳали Миллий кутубхонада, яна бошқа жойларда бўлиб ўтаётган ўнлаб, йигирмалаб китоб тақдимотларида қатнашдим, бир қанча ажойиб асарлар майдонга келаётганига шоҳид бўлдим. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, ўзбек адабиётининг келажакда буюк адабиёт бўлишига ишониб боряпман.

Газетхон биродарларимизга ҳисобот тариқасида айтайки, ўтаётган 2025 йилда икки китобим нашр этилди, ўнлаб мақолалар чоп қилдирдим, уч китобга масъул муҳаррир бўлдим. Ҳозир 2026 йилда чоп этилишини мўлжаллаб, нашриётларга икки китоб топширганман. Яна икки китоб тахт бўляпти.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон – Қирғизистон” дўстлик жамияти раҳбари сифатида қилинган катта-кичик ишлар, Қирғизистонга меҳмон бўлиб бориб ёки Ўзбекистонга келган қирғиз дўстларимиз билан ўтказган йиғин-анжуманлар, бу жамиятнинг “Оқбура” сайтида эълон қилинган қирққа яқин илмий-маърифий мақолаларим икки қардош эл ўртасидаги адабий-маданий биродарликни янада кучайтиришга хизмат қилади, деб умид қиламан.

2026 йил ҳам ҳар биримизнинг, бутун мамлакатимизнинг ҳаётида қут-баракали йил бўлиб келсин, яратган Эгам эл-юртимизга қўлдан келганича хизмат қилишимизни, ҳар бир ҳалол ва софдил инсонга меҳнатлари рўёбга чиқишини насиб этсин, деб тилайман.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

адабиётшунос олим.

Бу ришталарни узиб бўлмайди

Кеча тушимга онам кирибди. Ҳеч кирмаган эди. Қандайдир мендан хафадек кўринди. Гапларимга ҳам жавоб бермади. Ҳайрон бўлдим. Ҳаётлигида онам мени жуда яхши кўрар эди. Еру кўкка ишонмасди. Кейин онам менга “сингилларингдан хабар ол” дедилар ва кетиб қолдилар. Ярим тунда уйғониб кетдим. Сира ўзимга келолмасдим.

Ўйлаб қолдим:

Ўтиб бораётган 2025 йилда сингилларимни йўқладимми? Уларнинг ҳолидан хабар олдимми? Шу ўйлар менга сира тинчлик бермасди. 2025 йил кўз ўнгимдан ўтди. Нималарга улгурдим-у, нималар чала қолди? Ижодда катта ютуқларга эришган, катта-катта танловларда ғолиб бўлганим ёки мақолаларим билан тилга тушганим ҳаммаси бир томон-у, синглимни йўқлаб бормаганим бир томон эди.

Айтишингиз мумкин, сингилни йўқлашдан ҳам юксакроқ нарсалар бор-ку! Юртда қанча ижобий ўзгаришлар, изчил ислоҳотлар, халқ руҳиятидаги янгиланишлар ва турмушдаги юксалишлар муҳим эмасми? Шунча ҳаётбахш янгиланишлар турганида дабдурустдан сиз сингилни йўқлашни устун қўйяпсиз, дейишингиз мумкин. Балки сизнинг гапларингизда ҳам жон бордир, аммо юртимизда амалга оширилаётган “инсон қадри учун” тамойили диёримизда яшаётган ҳар бир инсон қадрини кўтариш, имкониятларини юзага чиқаришга кўмаклашиш, ҳаёт даражасини юксалтиришни тақозо этади.

Демак, гап қадр ҳақида кетар экан, бу ишни энг аввало ўз синглингизни, опангизни, ака-укангизни йўқлашдан бошлаш керак, аслида. Ҳадиси шарифларда буғдойни пайҳон қилиш катта гуноҳ, лекин сингилни йўқлаш учун йўлни яқин қилиш мақсадида буғдойзорни пайҳон қилган ака кечирилар экан. Ўзи, аслида, мамлакатдаги барқарорлик, тинчлик, тотувлик, миллатлараро иноқлик қадрдонлар ўртасидаги ришталарнинг мустаҳкамлиги билан чамбарчас боғлиқ.

Биз барпо қилаётган Янги Ўзбекистонни бир оила деб билсак, ички руҳият ва ички тафаккурнинг юксаклиги, қадрдонларни қадрлашдан бошланади. Ўз ака-укаси ёки опа-синглисининг, ота-онасининг қадрига етган одам бошқаларни ҳам эъзозлайди. Ана шундай гўзал туйғунинг юракда ниш уриши эса сингилни йўқлашдан, уни ҳимоя қилиш ва муваффақиятларидан қувонишдан бошланади.

2026 йил мамлакатимизда Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб эълон қилингани замирида қадрдонликни, аҳоли ўртасидаги қадрдонлик ришталарини маҳкам боғлаш, маҳаллада яшаётган ҳар бир одамнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, маҳаллаларни обод ва гўзал кўринишга келтиришдек мақсадлар мужассам десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Яна бир гап: Давлатимиз раҳбари ҳам қадрдонликни, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни жуда қадрлайди. Бунинг исботи сифатида илгари бир-бири билан бориш-келиш имконияти чекланган Марказий Осиё давлатлари халқлари ўртасидаги дўстликни таъминлаш учун улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Бугун бутун Марказий Осиё халқлари қўлларини дуога очиб, Президент Шавкат Мирзиёевни алқашмоқда, узоқ умр тилашмоқда. Билсангиз, илгари бир ариқнинг нариги томони Тожикистон, бу томони Ўзбекистон бўлиб, ака сингилни, ука опасини ёки қавм-қариндошлар яхши ва ташвишли кунларида бир-бирини йўқлай олишмасди.

2026 йилда ҳам халқ руҳиятида, тафаккурида зоҳир бўлган гўзал фазилатлар — бир-бирини қадрлаш, инсон инсонга дўст деган тамойил бардавом бўлишини тилаб қоламан. Шу лаҳзаларда синглимга қўнғироқ қилдим.

— Акажон, сизмисиз? Қанчалик соғинган эдим сизни! Келяпсизми? Куёвингизга айтай, тайёргарлик кўрай, жиянларингиз қанчалик қувонади! Акажон, мен сизни яхши кўраман…

Фахриддин БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 10 =