Башарият қайиғи
Байрам АЛИ
Муаллиф ҳақида: Байрам АЛИ – Қашқадарё вилоятида туғилган. “Болангман, дунё”, “Куз ёмғирлари”, “Босириқ” каби насрий китоблари чоп этилган. “Шарқ юлдузи” журналида фаолият юритади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ёки улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг авлодларга васияти
“Чексиз кенглик қаршисида қайиқда ўтирган одамнинг ҳеч нарсага арзимаслигини чол яхши биларди. Лекин инсон ўйлари билан Денгизга ва Осмонга тенглаша олади…”
Дин инсониятнинг энг катта маънавий таянчи ҳисобланади. Бироқ охирзамон тушунчасини фақат динга боғлаб тушуниш шарт эмас. Ер юзида зулм, фаҳш ҳамда ёвузлик мавжуд экан, инсоният тасаввурида дўзах ва қиёмат ҳақидаги қўрқув, қай бир кўринишда бўлмасин, мудом яшайверади. Фақат яшайверади эмас, балки дунё тубанлашгани сайин башарият таназзули муқаррар эканлиги ҳақидаги ҳадик ҳам орта боради. Эҳтимол, шунинг учундир, жаҳон адабиётининг асрлар оша унутилмасдан яшаб келаётган энг сара асарлари айнан мана шу ғояни ўз ичига сингдирган. Жумладан, дунё миқёсидаги улуғ адиб Чингиз Айтматов ҳам ўзининг “Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар” қиссасида “Оламни таназзулдан ким қутқаради?”, “Қандай қутқаради?”, “Инсоннинг ҳаёт олдидаги бурчи нималардан иборат?” каби умрбоқий саволларга жавоб излаган, таъбир жоиз бўлса, ўзининг бу борадаги муносиб жавобини айта олган.
Чингиз Айтматов ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, адиб ўзининг ҳар битта асарида миф, афсона ва ривоятлардан деталь сифатида унумли фойдаланади. Адибнинг қайси асари ҳақида гапирмайлик, ундаги бирор бир афсона ё ривоятни эсламасликнинг иложи йўқ. “Қиёмат” романидаги бўрилар ёки монастирдаги қўшиқ ҳақидаги афсона, “Асрга татигулик кун”даги “Она Байит” ёки “Қора нор” ривояти, “Қулаётган тоғлар”даги қайлиқлар ёки архарлар ҳақидаги афсоналар бунга етарлича мисол бўлиши мумкин. Адиб ўзининг бу услуби билан, менинг назаримда, гўёки бугунги маданият ва қадриятлар емирилиб, тобора ахлоқий таназзул ёқасига яқинлашаётган инсониятни халқ орасидаги қадимий афсона ҳамда ривоятлар асраб қолиши мумкин, демоқчи бўлганга ўхшайди… “Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар” асарида ҳам у ўзининг шу услубига содиқ қолган тарзда афсонани, янаям аниқроғи, Охота денгизи бўйида яшовчи кам сонли Нивих халқи оғзаки ижодида яшаб келаётган тюлень овловчилари билан боғлиқ кичик бир ривоятни асос қилиб олади. Билишимча, асар айнан шунинг учун Нивих халқи ёзувчиси Владимир Сангенга бағишланган.
Аммо “Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар” Айтматовнинг бўлак асарларидан шу жиҳати билан фарқланадики, адиб ўзининг бошқа асарларида ривоятлардан асарнинг фақат маълум бир қисми учунгина фойдаланса, мазкур қиссасини тўлалигича афсонанинг устига қурган.
Шу ерда Айтматовнинг ёзиш услубига хос бўлган иккита муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайман. Булардан биринчиси: аввало, денгизда рўй берган воқеа оддий бир афсона эди, ёзувчи уни бадиий ҳақиқатга айлантириб, ҳаёт ҳақиқати даражасига кўтаряпти. Иккинчиси: адиб ушбу афсона асосида ўзи ҳам мифга тортиб кетадиган бир ривоят тўқиб, асар мағзига сингдириб юборяпти. Бу ҳам бўлса, “Кўк сичқонча” тўғрисидаги ривоятдир. Менимча, “Кўк сичқонча” ривояти ҳақида гапиришдан олдин асар воқеаларини қисман эсламоқ ва уни таҳлил қилмоқ жоиз.
Ўқирман эсласа, асар Ўрхон бобо, Милхун, Эмрайин ҳамда ўспирин ёшига яқинлашаётган Кирискнинг тюлень овлаш учун денгизга чиқиши билан бошланади. Ойдинлаштириш лозим эса, Эмрайин Кирискнинг отаси, Милхун амакиси. Ўрхон бобо – овчилар жамоасининг бошлиғи ҳисобланиб, қариндошлик жиҳатидан уларга бегона. Асарда воқеаларнинг айнан денгизда рўй бериши, яъни одамзоднинг денгиз ва осмон орасидаги ҳаёт учун кураши тасвирланиши, шубҳасиз, рамзий, албатта. Ҳолбуки, қиссанинг асосий ғояси ҳам инсониятни йўқлик қарига ғарқ бўлишдан нима асраб қолиши ҳамда бунинг учун инсон қандай усулда кураш олиб бориши кераклигини тушунтиришдан иборат эди. Шунга қарамай, биз инсон ва денгиз воқеасини рамзлаштирмасдан, оддий ҳаётий воқелик сифатида қабул қилган тақдиримизда ҳам қисса ўз зиммасига олган бадиий юкини бемалол оқлаган бўларди.
Муаллиф жуда кўп ўринларда Ўрхон бобонинг хаёлот оламига, ички кечинмаларига мурожаат этади. Асар бошроғида унинг ўзи кема ясаган дарахт билан гаплашгани келтириб ўтилса, ўртароғида Лувр ўрдак ҳақида, ундан сал қуйироқда Сув париси билан боғлиқ илоҳий хаёллари ҳақида айтилади. Унинг бундай илоҳий хаёллари эса ўз-ўзидан бизнинг ёдимизга кема ясаб, дунёни ҳалокатдан асраб қолишга уринган Нуҳ пайғамбар ривоятини солиб юборади…
Аслида, Ўрхон бобони ҳар қандай тимсолнинг ўрнига қўйиб фикр юритишимиз мумкин. Диний жиҳатдан олиб қарасангиз, Ўрхон бобони хоҳ Муҳаммад алайҳиссалом денг, хоҳ Исо алайҳиссалом ёки Нуҳ алайҳиссалом, ушбу ҳар битта тимсолга у ғоявийлиги билан, барибир, муштарак. Рост эмасми – кема бўрон ҳалокатига учраб, йўловчилар жонини асраш учун қолган озгина сувдан ҳамма ичганида Ўрхон бобо ичмай ўзининг улушини Кирискка қолдиради. У нега шундай қилади? Ахир бола унга томчи қони қўшилган қариндош эмас эди-ку, Ўрхон бобони қандай масъулият бундай қилишга мажбур этди экан?..
Агар яхшилаб эътибор қилсак, у бу ерда фақат сувдан ичмадигина эмас, балки ўз жасорати билан инсоннинг келажак авлод олдидаги бурчини эсга солиб, Милхун ҳамда Эмрайинларнинг ҳам тасаввурини буткул ижобий томонга ўзгартириб юборяпти. Ўшанда Ўрхон бобо ўз ризқидан кечиб, уни Кирискка илинмасдан, ҳеч бўлмаганда оғиз ҳўллаганда эди, Милхун билан Эмрайин ҳам унинг ҳаракатларини такрорламаган ва оқибатда инсониятнинг авлодлари олдидаги мангу бурчи бажарилмасдан қолган бўларди. Мана шу сифатлари билан Ўрхон бобо образи инсониятни ўзгартирадиган, башарият учун ўзини жавобгар ҳисоблаган ва охир-оқибат дунёни ҳалокат ёқасидан асраб қолиши мумкин бўлган ўта буюк инсон тимсолидир. Лекин мен ҳали юқорида бу образни исталган тимсолнинг ўрнига қўйиб таҳлил қилиш мумкинлигини эътироф этгандим. Бу сўзимнинг исботи ўлароқ, мабодо Ўрхон бобони одам деб ҳисобламасдан, ўз фарзандлари учун ҳеч нарсасини аямайдиган, фарзандлари учун мудом ўзини қурбон қилиб келаётган она табиат, борлиқ рамзи деб ҳисобласак ҳам, асар ғоясига оид ҳақиқатлар ўзгармасдан қолади.
Мана, ниҳоят, асарнинг фалсафий жиҳатдан энг кульминацион нуқтаси – Кириск касал бўлиб иситмалаб қолганда онаси унга айтиб берган “Кўк сичқонча” ҳақидаги ривоятга ҳам етиб келдик. Ўша ривоят тахминан шундай бошланади: “Онаси ялиниб-ёлвориб, уни сув ичишдан тияр эди. Ташналикка чидасанг, касаллик сендан қочади, деб тушунтирарди.
− Чидагин, жон болам! – дерди у. – Ичингда “Кўк сичқонча, менга сув бер!..” деб тинмай қайтаравер. Сўрагин, жоним, кўк сичқончадан сув сўра. У югуриб келади ва сенга сув беради… Фақат тинмасдан, чин дилдан сўра…”
Ўшанда иситма оташида ёнаётган Кириск онасининг айтганини қилиб, кўк сичқончани чақира бошлайди. Сидқидилдан, комил ишонч билан “Кўк сичқонча, сувингдан бер, кўк сичқонча, сувингдан бер…” деб тинмасдан ёлворади. Ва мана шу усул билан у ўз нафсини тийиб, бутун бир қийноқли кечани енгиб ўтади. Кейинчалик денгиздаги ташналикда ҳам онаси айтиб берган айнан шу “Кўк сичқонча”нинг югуриб келиши ва унга сув беришига бўлган ишонч Кирискнинг бардошига бардош қўшади, уни муқаррар ҳалокатдан омон сақлайди…
Ўқирман эсга олса, шунга ўхшаган яна бир исломий ривоят бор. Алқисса, Ҳаж сафарига отланган тақводор бир одам йўлда чўпон кишининг чайласида тунаб қолибди. У саҳарда ибодат қилиш учун уйғонса, чўпон чайланинг бир бурчагига ўтириб олиб “Оқ қўйнинг калласи, қора қўйнинг калласи… Менам Худонинг умидвор бандаси!” деб намоз ўқиб ўтирган эмиш. Ҳалиги одамнинг бундан жуда жаҳли чиқибди. Чўпонни куфрда айблаб, шартта туриб, унинг чайласини тарк этибди… Аммо у бир куни Ҳаж зиёратига етиб, Каъбани тавоф қилаётган пайтда “Сен нега бир мўминнинг қалбидаги ихлосини сўндирдинг?” деб кўкдан ваҳий келган экан… Худди ўша чўпонда бўлганидай, “Кўк сичқонча” ҳам бу ерда Нивих халқининг эътиқоди тимсоли, Яратган билан боғланишнинг битта усули. Биз асар сюжетидан келиб чиқиб, инсоният Осмон билан Денгиз, яъни Тириклик билан Ўлим ўртасида азалий кураш олиб боради ва уни олисларда Саодат чўққиси денгиз қирғоғидаги “Олапар” мисоли чорлаб туради, деб билсак, инсон мана шу курашга бўлган куч ва бардошни, матонатни эътиқоддан олади, деган ечим келиб чиқади. Янаям аниқроғи, банда ич-ичида кечаётган руҳоний жангларни фақат эътиқод билан бостириши, шу йўл билангина нафси дамини қирқиши мумкин, деб тушунмоқ ўринли.
Лекин ривоятнинг аҳамият бериш шарт бўлган яна бир ингичка қирраси бор. Ахир асарда айтилаётган сичқонча оддий эмас, айнан кўк сичқонча! Ҳар қалай, сичқончанинг кўк эканига муаллиф томонидан алоҳида урғу берилган. Хўш, сиз кўк сичқонча ҳақидаги ривоятни яна қаерда ўқиган ёки эшитган эдингиз? Балки бу сичқон мақола бошроғида ҳам сиз билан биз эслаб ўтган – дунёни ҳалокатдан қутқармоқчи бўлган Нуҳ пайғамбарнинг кемасини тешган ўша машҳур кўк сичқончадир?! Ҳа, менимча, шундай. Айтматов аслида тўқиган мана шу миф-ривояти мисолида ўзи яратган парадокс билан халқларнинг турли-туман эътиқоди ўртасидаги тафовут пардаларини сидириб ташламоқчидай, назаримда…
Алқисса, шунча рамз ва символларни, шунча улкан ғояларни ўз ичига сиғдиролган мазкур асар “Дунёни ким қутқаради?”, “Қандай қутқаради?” каби умумбашарий саволларга хулосавий ечим билан якун топади. Бу хулоса шундан иборатки, дунёни ўзгартириш учун бомбардимон урушлар олиб бориш ёки оламшумул инқилобларга ҳомийлик қилиш шарт эмас. Одамзодда биргина Ўрхон бобонинг жасорати бўлса, бас, дунё тубдан ўзгаради. Башарти, ҳар битта инсоннинг авлодлари олдидаги мангу бурчи ҳам, аслида, шудир…
Қолаверса, сиз ва биз билан замин чексиз фазо узра денгиздаги қайиқдай чайқалиб турибди. Ўрхон бобонинг ҳаёт тажрибаси, Эмрайиннинг ибрати, Кирискнинг матонати унутилар экан, у “Олапар” чўққисидан тобора олислашиб бораверади…
