Лидер бўлиш — қўлингизда!

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановнинг “Лидерлар китоби” асарини ўқий бошлаганимда ҳайратим ошди. Қойил, китоб шу қадар халқона ёзилганки, уни ўқиган сари мутолаа денгизига шўнғиб кетганингизни билмай қоласиз.

“Ҳамма ўқиши шарт” деб аталган мақолада фикрлар лўнда, содда ва тиниқ баён этилган. Айрим китобларни ўқисангиз, зерикиб, уйқунгиз келади. Йўқ, “Лидерлар китоби” эса борган сари сизни сергак торттиради. Ҳар бир мавзу охирида “Қайдлар учун” деган бўлимча бор. Унда “Мен нимани тушундим?”, “Менга ёқди” ва “Хулоса” деган сўровлар бор.

Китобдаги қизиқ ҳангомалар, ривоятлар, латифалар, мантиқий жумбоқлар бамисоли оҳанрабодек ўзига тортади. Беихтиёр лидер деганда раҳбар, бошқарувчи деган тушунчалар ёдга келади. Асло ундай эмас. Раҳбарнинг маънавий қиёфаси, унинг жамоадаги ўрни ҳақида психологик руҳдаги китоблар кўп чиққан. Лидер амалдор бўлмаслиги мумкин, раҳбар ва етакчилик бир-биридан фарқ қилиб, етакчилик — бу кўпчилик эмас, балки бир шахс ёки шахслар гуруҳини ифодалайдиган, юқоридан пастга йўналтириладиган хусусиятга эга бўлган ҳокимият кўринишларидан биридир. “Етакчи” (“Лидер”) сўзи инглиз тилидаги “Leader” сўзининг таржимаси — “етакчи, бошчилик қилувчи” маъноларини беради. Лидер гуруҳдаги фаоллиги сабаб, ҳокимият йўқлиги учун раҳбардан фарқ қилса-да, етакчига айланади. Машҳур олим, академик Владимир Квинтнинг ёзишича, “етакчи маълум маънода стратегияни жонлантирувчи шахсдир”. Отабек Ҳасанов лидерликнинг ўзига хос жиҳатларига дунё олимлари билдирган фикрларни таққослайди.

Ушбу китобда “Лидерлар” телеграм каналининг “7 саволга 7 жавоб” рукни орқали бериб борилган савол-жавоблар кўринишидаги ажойиб суҳбатлар матни келтирилган.

Фикрни баён этишда аниқ савол қўйиш ва унга мос жавобни ифода этиш китобхон учун энг қулай ва мўлжалга етиб борадиган шакл ҳисобланади. Масалан, ушбу бобдаги еттинчи саволни ўқийлик.

“Отабек ака, бу жудаям кўпчиликни қизиқтиради, яъни сизни танимаганлар, билмаганлар сиз ҳақингизда яқинроқ билишни хоҳлайди. Ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз, хоббиларингиз, қизиқишларингиз…”

Жавоб қуйидагича: “Хоббим — спорт. Ҳар бир раҳбарда бугун яхши кўрган спорт тури бўлиши керак, яъни руҳий босим-стрессни ечиш учун. Бугун иш жуда кўп, масъулият катта раҳбарларимизда. Мен бугун ҳақиқий ватанпарвар раҳбарларни кўриб турибман, керак бўлса, 24 соат ишлаётганларини ҳам биламан.

Ҳар бир раҳбарда стрессни тарқатадиган, чарчоқларни ёзадиган омиллар бўлиши керак, лекин бу спиртли ичимлик ёки ўйин-кулги эмас.

Спорт керак ва шарт бизга бугун, ҳар бир инсонга! Нега, биласизми? Руҳан ва жисмонан саломатлигимизни мустаҳкамлаш учун. Биз Академия ўйингоҳида ҳафтада бир-икки марта футбол ўйини ташкил этамиз. Якшанба куни катта теннис ўйнашга ҳаракат қиламан. Шунингдек, дам олиш кунлари кўпроқ оиламга вақт ажратишга, фарзандларим билан суҳбатлашиш, театрга, кутубхонага боришга ҳаракат қиламан. Оила — муқаддас. Келажак учун уйимда икки нафар лидер (фарзандларим) тарбиялаяпман. Агар телеграмдаги каналимга эътибор қаратиб, ёнимда турган кичик лидерларимга аҳамият бермасам, бу менинг энг катта хатом бўлади.

Биласизми, лидерда шавқ бўлиши керак, сиз ҳамма нарсани иштиёқ билан қилишингиз керак, футбол ўйнаяпсизми, унда иштиёқ билан футбол ўйнанг. Уйда баъзида таом пишириб тураман, албатта, иштиёқ билан. Эркак кишиларнинг овқати нима учун аёл кишиникидан ширин чиқади? Сабаби овқат тайёрлаш — аёл кишининг кундалик иши, қолаверса, у бир вақтнинг ўзида уч-тўртта юмушни бажаради, эркак киши таом пишираётганида эътибори фақат шу ишда бўлади, иштиёқ билан тайёрлайди ва натижада овқати ширин чиқади. Ишхонадаям бугун мен шу ишни сифатли бажараман, деган кайфиятда ишлаш керак.

Генри Форд айтганидай, “Ҳар куни ишга хурсанд бўлиб келадиган ва уйига шошилиб, хурсанд бўлиб кетадиган инсон энг бахтли инсондир”.

Қолаверса, саломатлигингиз жойида бўлсагина, ҳаммаси яхши бўлади. Сиз фақатгина ақлий эмас, жисмоний ҳам бақувват бўлишингиз керак. Тасаввур қилинг, сиз ақлан салоҳиятлисиз, кунига ўнталаб китоб ўқийсиз, лекин соғлом эмассиз, кўринишингиз нимжон, демак, сиз лидер эмассиз. Лидер ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам маънан бақувват бўлиши керак. Ҳақиқий лидер бўлиш эса, албатта, ўз қўлингизда, ҳаммаси ўзингизга боғлиқ.

Муаллифнинг ўзига хослиги шундаки, у китобхоннинг рўпарасида тургандек фикрлайди ва суҳбатдошини мулоҳаза юритишга, мантиқий силсилага қўшилишга ундайди. Ўқувчи беихтиёр “Ҳақиқатдан ҳам шундай!” деб юборганини билмай қолади.

Бошқа бобларни ўқиганингиз сайин муаллифнинг янги қирраларини кашф этасиз. Ҳаётда комил инсон бўлиш учун одам боласидан нималар талаб қилинади? Умуман, бу дунёда комиллик нима учун керак? Бу йўлда инсон учун китобнинг ўрни қандай? “Лидерлар китоби”да шу саволларга ҳаётий мисоллар орқали жавоб оласиз.

Кутилмаган саволлар китобхонни қизиқтириб қўяди. Айтайлик, тўртинчи суҳбатда мана бу саволга назар ташланг: “Нима учун кўп нарсани биламиз-у, лекин амалга оширишга келганда қўрқамиз ёки қийналамиз?”

Жавобни ўқиймиз: “Бу ҳол фақат бизда эмас, бутун дунёда бўлаётган муаммодир. Машҳур университетларда ҳам иқтисодиётдан дарс беради ёки тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича дарс беради, лекин шу одамнинг ўзининг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати ўртача, яъни шунча қонун-қоидаларни, назарияларни билади-ю, нега ўзи миллионер эмас? Биласизми, бунинг психологик тарафини ҳам инобатга олиш керак. Масалан, мен баъзи бир инсонларни биламан. Инглиз тили грамматикасидан 100дан 95 олади, уч мингдан ортиқ сўз билади, лекин инглиз тилида хорижлик инсон билан 5 дақиқа ҳам гаплаша олмайди. Сабаби, унда қўрқув бор, тортинчоқлик бор. Ёки яна битта мисол: баъзи бир дўстларимнинг машина ҳайдаш учун гувоҳномаси бор, уйида автомобили ҳам бор, лекин ҳайдай олмайди. Билими бор, шаблон ёдлаш бўйича чемпион, ҳамма белгиларни билади, йўл қоидаларини ЙПХ ходимларидан яхши тушунади, лекин бошқара олмайди. Кўникма йўқ, қўрқув бор”.

Китобнинг “Чет элда нималарни кўрдинг?” сарлавҳали мақоласи янада диққатга сазовордир. Ер куррасининг бошқа жойларидаги одамлар ҳаёти тасаввуримизни ўзгартиради.

Сиз ҳаётингиз даврида отангиз ўгитларини эслайсизми? Агар дўппини ерга қўйиб, ота-она сизга қилган насиҳатлар ҳақида мулоҳаза юритиб кўрсангиз, кўп нарса ютасиз. Мана, Отабек Ҳасановга отаси айтган ўгитлари:

“Кам гапириб кўп эшит, китобни сев, ўқи, хулоса чиқар, риоя қил! Олимларни, устозу мураббийларни ҳурмат қил, эъзозла. Уларга ишон, ардоқла, чунки улар сени саодатга, бахт ва комилликка етаклайди.

* * *

Болам, агар бир иш учун раҳбариятдан мақтов эшитсанг, бу жамоамнинг меҳнати дегин, бу жуда муҳим. Агар бирор-бир иш учун танбеҳ эшитсанг, бу менинг хатоим дейишни билгин. Шундагина сенинг ёнингда яхши ва фидойи инсонлар йиғилади”.

Қанчалар ҳаётий гаплар.

Китобнинг бешинчи бўлимида инсоният алломалари, донишмандлари айтиб қолдирган бебаҳо айтимларни саралаб келтиради. Донолар фикрлари китобга ўзгача безак бахш этган.

Китобда Эзоп масаллари, ҳаётий ҳангомалар, Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”и, ижтимоий тармоқлардан олинган қизиқарли ҳикоялар, машҳур зотлар сабоқлари ҳам ўрин олган.

Кўпинча бир китоб ўқиганда, келган жойига хатчўп қўйиш одатимиз бўлган. Айрим ҳолларда детектив асар бўлса, уйқусиз тунлар ҳисобига тугатиб қўйишни маъқул кўрамиз. Отабек Ҳасановнинг “Лидерлар китоби”нинг ҳар бобини ўқигандан кейин ўй-хаёлларга берилиб, ёзилган сатрларни ҳазм қилсангиз, хато бўлмайди.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two − one =