Тўй — намойиш эмас, балки ҳуқуқий ва ахлоқий келишувдир

(Иккинчи давра суҳбати)

Шарифа САЛИМОВА:

— Азиз муштарий! Биз тўйларимиз ҳақидаги ўтган йилги “давра суҳбатимиз”да қатор олимларимизнинг фикр-мулоҳазаларини сизлар билан ўртоқлашган эдик. Аслида, тўй орзуси дунёга келган ҳар бир гўдак билан бирга туғилади, у билан бирга ўсади, камолга етади. Ота-она топганини тўйга сарфламоқ орзусида тер тўкади. Ва ниҳоят… Кумушбиби мисол париваш қиз “остонаси тиллодан” уйга “Ёр-ёр” садолари остида илк бор латиф қадамларини қўяди. Уни хаёлдаги Отабеги кутади. Ота-она эса енгилгина нафас олади: “Худога шукур, болаларимнинг бахтини кўриш насиб этди!” Бироқ… хаёл бошқа, ҳаёт бошқа. Демак, давра суҳбатимиз яна тўйларимиз ҳақида…

 

Дилбар ҒУЛОМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

— Донишманд халқимиз асрлар оша муқаддас оила қураётган ёшларга доимо “Тўй устига тўй бўлсин, босган изларинг гул бўлсин”, деб дуо бериб келган. 3000 йиллик тарихимизнинг ўз тўйлари бор. Бугун Президентимиз бошлаб берган янги давр — Янги Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ҳар бир инсон учун зарур бўлган бахт тушунчаси, инсон қадрини улуғлаш, унинг қонуний манфаатларини таъминлаш масаласи устувор вазифа бўлиб турибди.

Мамлакат ҳаётида юз бераётган ҳар қандай ўзгариш, амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, оилада намоён бўлади. Шу боис ҳам оилаларда тинчлик ва осойишталик, соғлом муҳит, мўътадилликни таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардандир. Зеро, аҳил ва мустаҳкам оила — юрт таянчи, унинг ишончи, келажаги, миллат шарафини юксакларга кўтарадиган меҳр-мурувват ва маънавият ўчоғи ҳисобланади. Оиламиз тинч бўлса, жамиятимиз осойишта, фаровон бўлади, фарзандларимиз эса тўла-тўкис маънавий-руҳий муҳитда вояга етади.

Шу ўринда жамият тараққиётида маънавий баркамол ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим эканини ҳисобга олиб, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларни мустаҳкамлаш ҳар бир инсоннинг вазифаси, деб биламан.

Замонавий ёшларни оилавий ҳаётга мақсадли тайёрлаш тақозо этилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони, 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.

Бироқ ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий имкониятлар яратилиб берилишига қарамасдан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашдаги дунёга келаётган мавжуд муаммолар бундан юз йиллар аввал ҳам миллат зиёлиларини жиддий ташвишга солиб, бонг уришларига сабаб бўлган бидъат қолдиқлари ҳамон тараққиёт йўлидаги улкан ғовлар эканлигини эслатиб турибди.

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира:

— Чиндан ҳам тўй дегани кимларгадир йиллар давомида берган тўёналарни йиғиб олиш мақсадида ташкил қилинган анжуман эмас. Тўй — йиллар давомида қўни-қўшни, қариндош-уруғларнинг дастурхонидан еб-ичмишларни қайтариш учун уюштирилган йиғин ҳам эмас. Ўғил-қизлар тақдирини боғлашда кўпнинг дуосини олиш мақсадида режалаштирилган иш ҳам эмас (гарчи буларнинг ҳаммаси тўйнинг таркибида бўлса ҳам).

Тўйнинг таърифи, мазмун- моҳияти бу саналганларнинг ҳаммасидан улуғроқ, муҳташамроқ. Тўй миллатимизнинг аср- асрлардан буён даврларнинг баланд-пастликларида тобланиб келаётган руҳиятининг бир суврати, бир жонли шакли. Хотираларимиз учун нечоғлиқ қадрли бўлмасин, биз кечаги тўйларни камчиқим, файзли деб алқаб, бугунги тўйларнинг устидан чизиқ тортмоқчи эмасмиз. Биз истаймизми-истамаймизми, ҳар миллатнинг бугунида бугунги ботиний ҳаёти аксланади. Шу маънода бугунги тўйларнинг ҳам замонасига яраша қувонтирадиган жиҳатлари бор. Авваллари ҳовлиларда ўтадиган тўйларда мезбонларнинг қўл-оёғи тинмасди. Хизматдан тинкаси қурирди. Орзулаган йиғинида орқаси ер искамаганлари қанча! “Бир чўқим ош емабман”, деганлари қанча бўларди. Ҳозир шаҳарлар тугул, қишлоқларда ҳам тўйлар тўйхоналарда ўтади. Жой ташвиши, идиш-товоқ ташвиши йўқ. Яқин-яқинларгача тўй эгаси қариндошларга дастурхон тузаш учун “солиқ” соларди. Кимдадир сомса, кимдадир патир ташвиши бўларди. “Кўпга қиляпман, қандоқ чиқаркан?” — деб ўзимизнинг ҳам ҳадик ичида уринган пайтларимиз бўлган. Ҳозир пул бўлса, жангалда шўрва. Истаган таому пишириқлар муҳайё. Меҳмон ҳам атаганини чўнтагида кўтариб, енгилгина бораверади. Хонанда ташвиши ҳам йўқ. Истаганингча ҳофизу ҳофизалар хизматга шай. Шундай экан, нега тўйлар борасида тез-тез фикрлашадиган бўлиб қолдик? Ҳатто бу масала давлатимиз сиёсатининг марказигача чиқди. Чунки биз… Биз десам, хато бўлар-ку-я, миллатимизнинг айрим қисмларининг ҳаёти фақат тўйга боғланиб қолди. Гўё бу жаҳон майдонида бошқа биз учун муҳим масала қолмагандек, “Ўғлимни уйлантиришим керак, қизимни чиқаришим керак. Мунча сеп қилишим керак, мунча одамга манови тўйхонада ҳамманинг оғзини ланг очиб қўядиган тўй қилишим керак”, деган мақсадларга боғланиб қолдик. Айнан ана шу мақсадлар “фарзандимга касб-ҳунар ўргатишим зарур, ўқитишим керак. Келажакда ўз оиласининг ташвишини ўзи гарданига олиши керак, ҳаётда ўрнини топиши керак”, деган зарурий масалаларга соя солди. Ва яна айнан шунинг учун ҳам ўрта мактабни аранг тугатган ўғил-қизларимиз тирикчилик важидан дунёнинг тўрт тарафларига сочилиб кетди. Ҳатто уларнинг мардикорликда, қора ишларда топган маблағларининг бир чеккаси ҳам тўйларга келиб туташа бошлади.

Шунинг учун ҳам халқимизнинг зиёли қисмидан бошлаб то халқ тақдирига масъул шахсларгача — ҳаммамиз тўйлар ҳақида жиддийроқ мулоҳаза юрита бошладик.

 

Дилбар ҒУЛОМОВА:

— Мени, айниқса, тўй-ҳашамлардаги исроф қаттиқ ташвишга солади. Ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деб бежиз айтмаган. Исроф қилиш ўрнига ёлғиз кексалар, ночор оилаларга ёрдам бериш, ўқув-шартнома пулини тўлаёлмаётган фарзандларнинг бошини силаш, кутубхоналар қуриш, қарзга кириб қолган бир мўминга ёрдам бериш савоблигини қачон англаб етамиз? Тан олишимиз керакки, тўй-маросимлардаги исрофгарчилик, бидъат ва хурофотлар кўплаб оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Инсон Аллоҳ берган ризқни исроф қилиши, илмга йўналтирмаслиги худди кундуз куни шам ёқиб, йўлда кетаётган сўқирга ўхшайди.

 

Шарифа САЛИМОВА:

— Шу ўринда улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 110 йиллар аввал “Ойина” журналининг 1914 йилги 21-сонида эълон қилинган “Ёшларға мурожаат” мақоласидаги ёниқ хитоби ёдга тушади: “…Ҳамватанларимиз мулкини сотиб тўй қилганидек, сиз-да, ҳатто, лозим бўлганда мулкингизни сотсангиз-да ўғлингизни замонча ўқумоқиға саъй қилсангиз. Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!..” Бу башорат эдими ёки миллатни огоҳлантириш?

 

Мунаввара УСМОНОВА,

Саодат” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира:

— Шу ўринда бир воқеани айтиб берай. Яқин бир танишимиз қиз узатди. Ҳамма ташвиш тўй арафасида бошланди. Ўзи айтган вақтга тўй кунини белгилаган йигитнинг онаси бўлажак қудаларидан ҳол сўраган бўлиб, келин тушадиган уйларнинг ўлчамини олганлигини айтиб, бозорда жиҳозларни бирга танлашганида, қиз томон тўёнаю барча йиғиб-терганини жамлаганда ҳам танланган жиҳозларнинг ярмига етмаслиги аён бўлган. Оловланган эр: “Ҳеч қанақа тўй бўлмайди, фотиҳани бузамиз. Унга келин эмас, жиҳоз керак экан. Бирор бойнинг қизини келин қила қолсин. Қиз боқиб, балоғатга етказиб, илму ҳунар ўргатиб, ҳаётга тайёрлаб: “Олиб кетаверинг, болам энди сизники”, деб қўлига тутқазар эканмиз-у, яна бизга шарти бор эканми? Эртагаёқ лаш-лушларини қайтариб юбор, орамизда ҳеч нарса қолмаслиги керак. Ўзимизга ўхшаган оддий одамлар топилиб қолар”, — дейди.

Аёл унга ёлвориб: “Фотиҳаси қайтган қиз номини оладими, дадаси? Кейин эшикдан биров сўраб келмайди-ку! Бўй етиб турган бир эмас, икки синглисининг тақдири нима бўлади?”

Шунда эр-хотин юз ўй, минг андиша билан яшаб турган уйларини сотувга қўйишади. Қайнонасининг кўнглидагидек сарполар билан кириб борган келинчак ўз бахтидан масрур эди. Аммо…

Кунлар кетидан кунлар ўтиб, қизининг ой-куни яқинлашиб бораётгани сари онанинг кўнглидаги ғашлик ортиб борарди. Бир томони ранглари сарғайиб, ҳолсизланиб, озиб-тўзиб кетган қизининг соғлиғидан хавотир олса, бир томони…

Ёмон туш кўриб, чўчиб уйғонган аёл сим қоқиб, қизидан ҳол-аҳвол сўради. “Ойи, аҳволим яхши эмас. Қоним кам, қон босимим кўтарилиб, юрагим тинмай ўйнайди. Кеча текширувдан ўтдим, “даволанишга ётинг”, дейишди. Аммо ойижон рухсат бермаяптилар”, — деди. “Ўзим бориб, уйингдагилардан рухсат оламан, харажатларини ўзимиз тўлаймиз”, деганига қизгина кўнмади.

УЗИ текширувидан сўнг ҳомила ўғил экан, дейилганини эшитган қайнона келинчакка: “Келинпошша, уйингиздагиларга айтинг, барибир етти кунда ақиқа қилиб қўй сўйилади. Онангиз беш-олтита хотинни бошлаб келса, мен ҳам икки овора бўлмай, гапимдаги улфатларимни чақириб оламан. Барибир бир камингизни қилишади, каттароқ телевизор олишса, залга қўйиб, ярашиғини қилиб қўярдим. Кераксиз буюм олиб қўйишмасидан эртароқ айтсангиз, ҳаракатини қилишади”, — деди.

Келинчак уйидагиларга айтишга ботинмади. “Турмуш дегани ёшгина жонга жазо дегани экан, ўша пайтда ажрашиб кетсам бўларкан. Оилам яхши бўлиши учун шунча сарф-харажат қилиб ўтирган ота-онам учун сингилларим, укамни ўқитиб, уйли-жойли қилиш ҳам катта муаммо. Энди нима бўлади?” деган сўзлар айланарди хаёлида.

Ҳамма нарса тахт. Ҳали туғилмаган чақалоққа олинган кийимлар орасида мактаб ёшига етганида кийса бўладиганиям бор. Куёв, қуда-анда дегандек, ҳаммасига аталган сарполар тугунларга жойланган, фақат туну кун яхши хабар кутишади. Ҳомиладор келинчакнинг эса кундан-кунга ранги заъфарон тус олиб, ҳоли абгор бўлиб борарди…

Дармонсизликдан силласи қуриб қолса ҳам уйидагиларга лом-мим демайди. У ота-онасининг ҳурмати, чеккан заҳмати учун ҳам шу оилада яшаши, барчасига кўниши, чидаши керак эди…

Ярим тунда эшик қўнғироғидан чўчиб уйғонган онанинг юраги ҳаприқди. Эшик ёнида кўзлари йиғидан қизарган куёви титраб турарди. “Вой, келинг, болам, нима гап? Нега хафасиз? Чақалоққа бирор гап бўлдими-а? Ҳозир юрагим ёрилиб кетади, гапиринг…”

Куёвнинг: “Қизингиз жонлантириш бўлимида…” — деган хабари онани ҳушидан айираёзди…

Мен бу воқеани ҳозир қисқагина баён қилдим. Аммо қоғозга туширган изтиробларим, билмадим, неча варақни ташкил қилади? Тўй қилиб қиз узатиш ёки ўғил уйлаш барча ота-онанинг зиммасидаги бурч. Аммо тўйдан кейинги “тўй”ларни ким ўйлаб топган? Келин-куёв кўриш бахтига етказгани учун Яратганга шукроналар айтиб, дуо қилиб ўтириш ўрнига кийиму буюм ташвишида бозорма-бозор югурсак, бу нима деган гап?

 

Шарифа САЛИМОВА:

— Юқоридаги воқеа Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмасида тўй қиламан, деб катта қарз олган Солиҳнинг фожиавий тақдири билан уйқашиб кетган. Мана, юз йилдан сўнг эр-хотин фарзандини бахтли қилиш учун тайёр уй-жойини сотди. Илмдан узоқ, кибрли, бидъат босимини ҳақиқат деб билган кимсаларга гулдек қизининг ҳаётини топширди ва жувонмарг қилди. “Бахтсиз куёв”да ҳам фожиа сабаби элликбошининг сўзларида ўз ифодасини топган: “Ўшал вақтда мен сизға айтдим, бекор исроф қилманг, куёвингиздан кўп оқча сўраманг, юртка обрў қиламан деб, ош-нон беруб, Худо ва расулининг буйруғидан чиқманг, дедим. Сиз менинг сўзимни қулоқға олмадингиз ва шариатга бўйсунмадингиз ва мени беобрў қилдингиз, мана, куёвингиз қарздор бўлган экан, мулк-ашёдан ва ширин жондан ажрабдур. Сиз ҳам жонингиздан ширин қизингиздин ажралдингиз”.

 

Шоҳистахон ЎЛЖАЕВА,

тарих фанлари доктори, профессор:

— Аслида, халқимиз тўйлари қадимдан маънавий бойлик, жамоавийлик ва камхаржлик асосида ўтказилган. Тўйлар уруғлар ва оилалар ўртасидаги ижтимоий келишув вазифасини бажарган. Никоҳ ва тўй орқали оилаларнинг алоқаси мустаҳкамланиб, маҳалла ва қўни-қўшнилар орасида баҳамжиҳатлик юзага келган. Барча маросимлар маҳалла жамоаси билан бирга амалга оширилган. Оила ва маҳалла оқсоқоллари тўйдаги барча масалаларни келишиб, адолатли ва ҳамма учун манфаатли қарорлар қабул қилган. Бу жараён халқимизда шарқона демократия белгиси сифатида қаралган: ҳар бир қарор якка шахс ёки бойнинг хоҳиши билан эмас, балки жамоа фикри ва анъанаси асосида қабул қилинган. Қадимги Хоразм, Бақтрия ва Даван давлатларида тўйлар нафақат икки ёшнинг иттифоқи, балки уруғлар ва оилалар ўртасидаги ижтимоий келишув сифатида ҳам аҳамиятга эга бўлган. Никоҳ ва тўй масаласида ота-оналар ва оила оқсоқолларининг розилиги ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Куёв томонидан қизга берилган қалин никоҳнинг муқаддаслигини ва оилавий келишувини белгилаган. Барча ишлар тўлиқ жамоавий келишув ва қўл меҳнати билан амалга оширилган. Маслаҳат оши — тўй олдидан барча харажатлар, неча киши тўйга айтилиши-ю, тўйни қандай ўтказиш кенгашиб олинган. Инсоният тарихини никоҳ институтисиз тасаввур этиб бўлмайди. Никоҳ — бу фақат икки ёшнинг оила қуриши эмас, балки жамиятда инсон қадри, аёл шаъни, масъулият ва ҳуқуқий маданият қай даражада эканлигини кўрсатувчи мезондир. Қадимги манбаларга назар ташласак, бу масала бугунгидан кам эмас, балки айрим жиҳатларда ота-боболаримиз биздан кўра анча пухта ва инсоний ечим топганини кўрамиз.

Сўғдча никоҳ шартномаси орқали биз давлат, жамият ва шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, оила ҳуқуқи, оила муносабатлари ва қадриятларини тушуниб оламиз. Сўғдча никоҳ гувоҳномасида инсон қадри ва оилавий ҳуқуқлар аниқ белгилаб берилган. Сўғд давлати ҳуқуқий маданиятида никоҳ оддий оилавий маросим эмас, балки икки томоннинг ҳуқуқ ва бурчларини аниқ белгилаб берувчи расмий шартнома сифатида қаралган. Буни сўғдча никоҳ гувоҳномасининг мазмуни яққол тасдиқлайди. Ушбу ҳужжатда инсон қадри, айниқса, аёлнинг ҳуқуқий ва ижтимоий мавқеи юксак даражада эътироф этилган.

Ҳақиқатан ҳам, халқимиз тўйлари нафақат маънавий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам жамоавийликни кўрсатган. Бугунги кунда эса тўйлар кўпинча дабдабали ва катта харажатлар билан ўтказилмоқда.

Аслида инсон озгина таом билан тўяди, оддий уйда ҳам яшаб улғаяди. Бугун оилавий кундалик харажатлар қолиб, катта-катта ақлга сиғмас даражадаги дабдабаларга берилиб кетмоқдамиз. Шу маънода кўпчилик кредит билан тўй қиляпти ва уни тўлай олмай, қон босими ошяпти. Бизнинг мамлакатда инсон қадри олий қадрият деб эълон қилинди. Инсонга умрни Аллоҳ берган. Уни хафа қилиш, кенг дунёни кўзига торайтириб қўйиш бизнинг демократик жамиятда тўғрими? Бугун тўйни орзу-ҳавас деб ортиқча дабдабага айлантираётган, тушунчалари тор, кибрли, кунда янги-янги нарсалар ўйлаб топадиган кимсаларнинг нағмаларига ўйнаш мутлақо мумкин эмас!

Илгари тўйлар миллий қадриятлар, жамоавийлик ва хурсандчилик бешиги бўлган. Ҳар бир таом, ҳар бир қадам халқимизнинг маънавий бойлигини, меҳнат ва ихлосини акс эттирган. Бугунги кунда эса ортиқча харажатлар ва дабдаба кўплиги инсонларни ташвишга солмоқда. Шу боис уларни қисқартириб, камхарж қилиш долзарб масалага айланди. Ёшларга ҳамма нарсаларни қилиб бериш шарт эмас. Ҳаёти учун керакли бўлган қимматбаҳо нарсаларни ёшлар ўзлари ишлаб топсин, меҳнат қилсин, керак бўлса, бизга ўхшаб моддий қийинчиликлар синовидан ўтсин. Ҳалолликни, меҳнат қилишни, сабрни, адолатни, инсонийликни ўргансин. Биз катталар ёшларда баъзан учраб турадиган камчиликлар учун масъулмиз. Агар биз тўйларни дабдабабозликдан йироқ тарзда ўтказишга қайтсак, давлат ва жамиятни қийнаб келаётган ярим муаммолар ечилиши мумкин.

 

Шарифа САЛИМОВА:

— Ортиқча исрофгарчилик, миллий қадриятлардан узоқлашиш, шунча имкониятга қарамай, турли бидъатларни ўйлаб топиш ва урфга киргизишга барҳам бериш учун ҳаммамизга бериладиган савол: шахсан биз бугун нималардан воз кечишни истаган бўлардик?

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА:

— Шахсан мен бугун нималардан воз кечишни истаган бўлардим?

Айрим вилоятларимизда ҳали ҳам “тўй столида ароқни оқизиш” обрў ҳисобланади. Дунёдаги талотўплар, бир миллат орасидаги тушунмовчиликлар одамзодни ақлдан оздирай деб турган бир пайтда сархуш қилувчи ичимлик ичиб, ақлдан озиш ғирт нодонлик эмасми? Ичганнинг ҳам кучи кетади, ҳам ақли. Замон олдимизга қўяётган мақсадлар ҳар доимгидан ўн чандон ақлли бўлишни талаб қилиб турган замонда пул тўлаб ақлни йўқотиш…

Тўйлар фонограмма ашулаларга рақс тушиладиган дискотекага айланди. Ўртада жазавага тушиб ўйнаётган оломонга қараб, баъзан ваҳимага тушасан. Шовқин-сурон… Ашуланинг бирор сўзини тушунмайсан, эшитмайсан… Гурс- гурс сас қулоғингга тепади… “Кўнгли ўлдимикан буларнинг?” дейсан. “Дилхирож”га қулочини кенг ёзиб рақс тушадиган серзавқ аждоднинг авлодларими шулар ростдан?” дейсан…

Авваллари бир-иккита бўлсаям ўртада табрик айтиларди. Кўпни кўрганлар ёшларга икки оғизгина насиҳат қиларди. “Тўй мажлис эмас”, деб табрикларга ҳам барҳам берилди. Майли, ўйин-кулги бўлсин, аммо ўзимизга ярашиқли бўлсин. “Қуралай, кўзи қуралай, ҳали бераман додингни”, деган ҳаё либосларини ечиб ташлаган ашулага ҳам ўйнайдими аёл киши?.. Ҳозир “исломий тўй” деган яна бир тўй шакли амалда. Ҳеч ким ҳеч кимнинг эътиқодига дахл қилолмайди. Жамиятимиз демократияга қараб кетаётган экан, эътиқод масаласи ихтиёрий. Аммо бундай шаклдаги тўйларда бутунлай ўйин-кулгидан воз кечиш, менимча, у қадар тўғри эмас. Айниқса, никоҳ тўйларида ёшлар ҳаётида бир марта бўладиган ҳодисани азадек жим ўтириб, еб- ичиш билан ўтказиш уларнинг унутилмас лаҳзаларига нисбатан ҳурматсизликдай кўринади менга. Баъзи вилоятларимизда ҳали ҳам ФҲДЁ бўлимида никоҳдан ўтилгач, йўлда машиналар пойгаси қилиш, машина капоти устида шампань шишаларини уриштириб ичиш каби нокерак одатлар сақланиб қолган.

Тўйдан аввал севги изҳор қилиш маросимининг турли-туман шакллари пайдо бўляптики, бу маблағ билан боғлиқ янгиликлар, эҳтимол, қўли узунроқ оилалар учун билинмаётгандир. Лекин эплаб-сеплаб тўй қилаётган оилаларга юк бўлиб тушаётгани сир эмас. Тоғларга бориб, осма кўприкда севги изҳор қилиш, Туркияга бориб, кемада муҳаббатини айтиш… Буларни кўргач, бундайроқ оиланинг йигитлари ҳам чиранади, қизларнинг олдида паст кетгиси келмайди. Ана қарзу, мана қарз…

Хуллас, сўзликларимизда “меъёр” деган чиройли бир сўз бор. Ҳар бир миллатни ҳаётда миллат сифатида ушлаб турадиган меъёрлар бор. Унутганларга шу кунларда турли воситалар билан такрор-такрор уқтириляпти. Ҳар қандай меъёрсизлик кишини хунук кўрсатганидек, миллатнинг ҳам ҳуснига соя солади. Эҳтимол, қайсидир бир исталмаган нарсалардан воз кечиш инсоннинг ўз қўлида эмасдир, аммо тўйлар билан боғлиқ нохушликлардан воз кечиш ўз қўлимизда. Бу ишни ўзимизни бир силкитиб, қилсак бўлади. Шундай экан, қийинчилик билан топган маблағларимизни аждаҳодай еб ётган, миллат сифатида яна ҳам юксалишимизга тўсиқ бўлаётган иллатлардан кечайлик. Бир мартага кечиб кўрайлик, фойдасини ана ўшанда кўрамиз.

 

Шарифа САЛИМОВА:

— Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда бир йилда ўртача 300 минг атрофида тўйлар ўтказилиб, уларнинг умумий сарф-харажати қарийб 3 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу қай бир кичикроқ давлатнинг бюджети дегани. Айнан мана шу харажатларнинг тахминан 20 фоизи давлат ғазнасига солиқлар орқали тушар экан. Хулоса ўзингиздан.

Шарифа САЛИМОВА ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =