Бир-бирига чирмашган муаммолар

Бугунги кунда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси энг долзарб масалалардан саналади. Кунда-кунора табиатга зарар етказиш ҳолатлари аниқланмоқда. Дарахтларни ўринсиз кесишдек кечирилмас ишлар ортида, айниқса, айрим масъуллар тургани жуда ачинарли, албатта. Ҳозирги кунда қайсидир тадбиркорга қурилиш учун жой керак бўлиб қолса, даставвал у ердаги дарахтларни “қуритишга” ҳаракат қилаётгани сир бўлмаса керак…

Афсуски, асрий чинорлар ҳамманинг кўз ўнгида кесиб кетилаётган бир пайтда қатъий чоралар кўрилмаётир. Бу борада жойлардаги экология соҳаси масъулларида журъат етишмаётгандек, назаримда. Соҳанинг расмий ахборот манбаларида хас-чўп ва хазонларни ёққан, чиқиндини белгиланмаган жойларга ташлаган элдошларимизга жарималар белгилангани ҳақидаги хабарлар кўп учрайди. Бироқ табиатга жиддий зиён етказган бирорта амалдор ёки тадбиркорга жазо тайинлангани ҳақида етарли маълумотларга кўзимиз кам тушади. Бундайлар жазоланган тақдирда ҳам бу ҳақдаги ахборот ёпиқлигича қолаётгани ғалати.

Мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги Экология ва иқлим ўзгариши бошқармалари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари белгиланмаган жойдан тупроқ ва қум қазиб олаётган кишилар тегишли жавобгарликка тортилгани хусусида деярли ҳар куни хабар тарқатади. Гўёки экология соҳасининг бундан бошқа жиддий ҳуқуқбузарликлари йўқдай. Аслида, йирик корхоналар, қурилишлар авжида кетаётган объектларда табиатга, атроф-муҳитга қанчалик зарар етказилаётгани ўрганилса, истаганча ҳуқуқбузарликлар, жиноят ишлари ошкор бўлади. Чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаган ва белгиланмаган жойдан қум ва тупроқ қазиб олиб жаримага тортилганлар фақат оддий аҳоли қатламига мансуб юртдошларимиз экани таассуфланарлидир.

Мамлакатимизда ҳар бир шахс қилган ҳуқуқбузарлиги ёки жинояти учун қонун олдида жавоб бериши лозим. Лекин ана шу салбий ҳолатларни келтириб чиқараётган асосий омиллар таҳлил қилинадими?

Масалан, чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаб кетиш, аслида, рухсат қилинмаган жойдан қум ва тупроқ қазиб олиш билан узвий боғлиқ ҳуқуқбузарлик саналади. Ҳар иккала муаммо тартиб билан йўлга қўйилса, осон бартараф қилинган бўлар эди.

Агар қишлоқ жойларига эътибор берилса, ҳар йили ариқ ва зовурлар тегишли идоралар техникалари воситасида қазилиб, тупроқ ва лойлари шундоққина ёқасига ташлаб кетилади. Агар бу тупроқ ёки лойлар ўз вақтида олинмаса, у яна ариқ ва зовур ичига нурайди. Натижада сув йўллари келгуси қазув ишларига қадар баттар кўмилиб, балчиқ бўлиб қолади. Бундай ҳолатда зах сувлар ернинг юза қисмига кўтарилиб кетади. Бундай ҳолат ва тоза сувларнинг ариқларда равон оқмай, суғориш ишларининг ёмонлашуви эса оқибатда қишлоқ хўжалиги тармоғининг издан чиқишига сабаб бўлади.

Яқинда Хоразм вилоятида захкашнинг муҳофаза зонасини ковлагани учун катта жарима белгилангани ҳақидаги хабарга кўзим тушди. Тўғри, расмий ҳужжатларда рошлар муҳофаза зонаси деб белгиланган бўлиши мумкин. Аммо ҳар йили қазилаверганидан тоғдек уюлиб кетиш ҳолатидан унинг заррача муҳофазалиги ҳам қолмасдан, мавжуд сув йўлларини кўмиб юборувчи манба бўлиб тураверади. Шу сабабдан ҳам ариқ ва зовурлар қазилганда пайдо бўладиган тупроқ ва қум уюмларини маҳаллий ирригатор, қишлоқ хўжалиги масъуллари ёки фермер ҳамда кластерлар тавсияси билан ўз вақтида олиб фойдаланиш учун аҳолига рухсат бериш лозим. Акс ҳолда, қишлоқ хўжалиги ёхуд ирригация тизими зиён кўриб, аҳвол сира яхшиланмай қолаверади.

Кўпчилик яхши эслайди, бундан 20 йиллар муқаддам қишлоқ жойларда иморат тиклаш учун жамоа, ширкат ҳамда фермер хўжаликлари балл бонитети паст ерлардан тупроқ қазиб олиш учун “хандақлик” ажратиб берарди. Ҳар йили ўнлаб одам ана шу “хандақлик”дан иморат учун лой ва тупроқ олгач, данғиллама иморатлар тикланиб, оилалар обод, хуррам бир масканга айланарди. Бу хуррам ва бахтиёрликка асқатган “хандақлик” эса яна 10-15 йиллар давомида аҳоли томонидан чиқинди, гўнг ташланадиган жойга айлантириларди. “Хандақлик” чиқинди билан тўлиб-тошгач эса усти тупроқ билан яхшилаб кўмиб, компост тайёрланарди. Бир-икки йил шундай ҳолатда турган компост далага маҳаллий ўғит сифатида ишлатиларди.

Бугунги кунда чиқинди полигонлари тобора тўлиб-тошиб, янгисини яратиш ўта мушкул бўлиб қолаётган бир паллада бундай тажрибаларни тартибли равишда қўллаш фойда келтириши мумкин. Жойлардаги муаммоларни қишлоқ жойларга бориб, аҳоли ва қишлоқ хўжалиги, ирригация ходимлари билан учрашиб, фикр ва мулоҳазаларини обдан ўрганишга бел боғланса, айни муддао. Шунда бир-бирига чамбарчас ва узвий боғланиб қолган муаммолар ўз-ўзидан ечимини топган бўлармиди?

Эрпўлат БАХТ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =