Кино ва сериаллар савияси ҳақида қайғурадиган вақт келмадими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йилнинг 22 декабрида Республика Маънавият ва маърифат Кенгашида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда тилга олинган 9 та муҳим ташаббуслардан бири кино ҳақида бўлди.

Дарҳақиқат, бугун олтин фондга киритилган кино жавонидаги бебаҳо асарларни тилга олмасак, кинонинг маънавий асосини таҳлил қилишга арзийдиган фильмларни санасак, бармоғимиз ортиб қолади.

Ўзбекистон учун “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш яхши анъанага айланди. Бу тадбир қайта тикланганидан буён бутун дунё киноижодкорларини бирлаштирмоқда. Йилдан-йилга киноижодкорлар иштироки сафи билан тадбир кўлами ҳам кенгаймоқда. Юртимизнинг йирик шаҳарларида бўлиб ўтаётган кинофестиваллар жараё­­ни кино оламининг сир-синоатлари билан тобора жилоланиб бормоқда.

Ўтган йили сентябрнинг охири — октябрнинг бошида пойтахтимизда бўлиб ўтган мазкур кинофестиваль жараёнида япон киноижодкорлари билан бўлиб ўтган учрашув эса янада эсда қоларли бўлди. “Ўзбек кинофильмларидан қайси бири сизларга ёқади?” дея берилган саволга япон ижодкорлари томонидан берилган жавоб мен каби кўпчиликни ҳайратлантирган бўлса, ажаб эмас.

“Ўткан кунлар”, “Шум бола”, “Меҳробдан чаён”, “Маҳаллада дув-дув гап” каби кўплаб дурдона асарларнинг қийматини ҳамма билади. Бироқ “Абдуллажон” деган жавоб янграганидан кейин кўпчилик қатори менда ҳам “Нима учун?” деган савол туғилди.

“Абдуллажон” 1991 йилда Зулфиқор Мусоқов томонидан суратга олинган биринчи ўзбек илмий-фантастик комедияларидан бири. Ушбу жанр бизнинг киносаноатимизда деярли ривожланмаган. “Нима учун?” деган савол шу нуқтаи назардан туғилганлиги табиий. Бироқ ушбу саволнинг жавоби масалага ойдинлик киритади. Япон киноижодкорлари фильмнинг ўзаро инсоний оқибатлар ёритилган жиҳатларига юқори баҳо беришганини эътироф этишди.

Дарвоқе, келинг, фильмдан лавҳалар эслайлик: ўзга сайёралик болакай ҳалокат туфайли оддий ўзбек оиласига тушиб қолади. “Инсон” атамасини ўзига ўрнатилган қурилма орқали англайдиган болакайга жуда қисқа фурсатда одамийлик, ота-бола, ака-укачилик ўртасидаги ўзаро оқибат тушунчалари фантастика жанридан чиқмаган ҳолда оила қад­риятлари орқали шунақа чиройли сингдириладики, оиланинг кучи “гапирилмасдан” кўрсатиб қўйилади.

Кўплаб Шарқ давлатларида оилавий қадриятларнинг баҳоси юксак, бироқ келажакни, жумладан, оила қуришни ва фарзандларни вояга етказишни алоҳида дастурларга асосан режалаштирадиган ривожланган давлатлар қаторидаги Япония учун оила, фарзанд тарбияси жуда муҳим масала ҳисобланади. Ана шу масалада фильм­­да қисқа муддатда бола тарбиясига самарали таъсир кўрсатиш, унинг “онг қутиси”га оилавий қадриятларни, инсоний фазилатларни, маҳалла-кўй, қўни-қўшничилик қадриятларини сингдириш япон киноижодкорлари ва халқи томонидан долзарб жиҳат сифатида илиқ кутиб олингани шубҳасиз.

Ушбу мавзудаги мулоҳазаларимни билдириш учун яқинда фильмни яна бир бор томоша қилдим. Фильмнинг номи — “Абдуллажон” бош қаҳрамон бўлган ўсмир боланинг исми. Унинг имкониятлари чексиз. Истаса, “ака”сини бир сонияда олис масофадан уйга келтириб қўяди. Истаса, пул ясай олади. Оиладаги “ота-онаси”нинг орзуларини рўёбга чиқара оладиган бола. Аммо у “оила” аталмиш қўрғоннинг қадриятларига эга бўлмаган сайёрада яшайди.

Дарҳақиқат, оилага, халққа хос инсонийлик, бағрикенглик фазилатларини очиб бериш учун ўзга сайёралик болакай айнан бизнинг сарҳадимизга тушиб қолиши фантастика бўлса, унинг ўз сайёрасига кетаётгандаги ҳолати фантастикадан ҳақиқатга кўчади.

Муҳтарам Президентимиз кино саноатида меценатлик, яъни яхши киноасарлар яратиш йўлида киноижодкорлар олдида турган қатор моддий муаммоларни ўзгалар, масалан, ҳомийлар ёрдамига таяниб ҳал этиш масаласини илгари сурди.

Бугунги кунда ёшларнинг, болаларнинг ахлоқ-одобини, тарбиясини бузадиган лавҳалар тўлиб ётган фильмлар, сериалларнинг ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетаётгани, айниқса, ота-оналарни, қолаверса, бугун юртимизнинг эртанги куни учун ўзини масъул деб биладиган барча юртдош­ларимизни чуқур ўйлантириб қўйди.

Тақлидга ниҳоятда мойил бўлган ёшларимизнинг тарбиясиз, маънавий ахлоқи анча саёз қаҳрамонларга эргашаётгани аянчли ҳол, албатта.

Биз ана шундай савиясиз фильмлар ва сериаллардан воз кечишимиз учун уларнинг ўрнини тўлдирувчи турли жанрлардаги бақувват асарларни яратишимиз керак.

Забардаст режиссёрларимиз нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам уларни қўллаб-қувватловчи ҳомийларга муҳтож.

Баъзан фестивалларда юқори ўринни олган фильмларни кўриб, уларни тушунишим учун ё режиссёр ёки сценарист, жилла қурса, актёр бўлишим керакми, деб ўйлаб қоламан. Уларга сарфланган маблағ ҳам кичкина эмас.

Жаҳон стандартларига мос келадиган фильмлар дунёда кўп. Креатив ёндашув ҳам керак, аммо бундай ёндошув асл мақсаддан узоқлашиб кетмаслиги тўғрироқ бўлади.

Турли танловлар, фестиваллар учун эмас, халқ учун, фарзандларимиз тарбияси учун, маънавий озуқа олишимиз учун ижод қилишимиз керак.

Очиғи, мулоҳазаларимни оқ қоғозга тушираётганимда, аксарият фикрларимни “юмшатиш”га уринганимни сезиб қолдим. Негаки, бировларга қаттиқ гапириш, халқ таъбири билан айт­ганда, “тош отиш” тарбиямизга тўғри келмайди. Аммо бугун биз болаларимиз тарбияси ҳақида қайғураётган эканмиз, мамлакатимизнинг келажаги бевосита ёш авлод таълим-тарбияси билан чамбарчас боғлиқ экан, болаларимиз онгига, ахлоқ-одобига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатаётган фильмларни ғалвирдан ўтказадиган пайтимиз аллақачон келган. Бугун бир-биримизга “отадиган” танқид тош­ларимиз эртага ўз мевасини беради, деган умиддаман.

Катта экранларга узатиладиган фильмлар “сизу биз”лик, коррупция чангалидаги ғалвирда қолиб кетмаслиги учун, аввало, уларни ота-оналар муҳокамасига қўйишимиз айни муддао бўлади. Шундай қилсак, ўзлари фарзанд ўстираётган айрим киноижодкорларимизга ҳам ўзларининг бирламчи — ота-оналик бурчларини ёдга олишларига кўмаклашган бўламиз. Қолаверса, катта экранга узатиладиган барча ижод намуналари ҳам мутасадди ташкилотлар экспертлари хулосаларини олган ҳолда намойиш этилса, халқнинг норозилигига учраётган кўплаб мавзулардаги ижодий асарларнинг маънавий саёз лавҳаларини олдиндан кесиб ташлашга муваффақ бўламиз.

Ёш режиссёрлар устоз санъаткорлардан иборат ўзларининг таҳрир ҳайъатларини шакллантиришлари ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Мулоҳазаларим сўнгида “Ижтимоий тармоқларда чарх ураётган бемаза хорижий фильмлар (улардан ранг олган ўз фильмларимиз)-чи?”, — дея истеҳзо билан берадиган ўринли саволингизга тафаккурим доирасида жавоб беришга ҳаракат қиламан:

Ривоят қилишларича, бир донишманд ботқоқликка китобларини ташлаб, ўша ерга “Бу ерга бор бойлик­ларим — китобларимни кўмдим” деган ёзув осиб кетибди. Йиллар ўтибди ҳамки, ўтган-кетган ботқоқдан китобларни қидириш ҳақида ўйламабди. Ҳатто йўловчилардан кимда-ким ёзув­ни ўқиш учун тўхтаса, унинг устидан масхара қилиб куладиганлар ҳам топиларкан. Аммо вақт ўтиб, ҳаётда ютуқларга эришиш учун ўзини турли соҳаларда синаб кўриб, омади чопмаган бир йигитнинг эътиборини шу ёзув тортибди. У “Донишманд нима сабабдан ўз китобларини ботқоқликка ташлади-ю, яна бу ҳақда ёзиб кетди?”, — дея қизиқиш билан ботқоқликка тушиб, китобларни қидира бошлабди. Китоблар ботқоқлик четида, чуқурга ботмайдиган тарзда кўмилган экан. Қисқа вақт ичида йигит китобларни ботқоқликдан олиб чиқибди. Улар орасида бир китоб бўлиб, унда қуйидаги гаплар ёзилган экан:

“Умрим давомида йиққан бойлигим фалон дарахтнинг остига кўмилган. Ушбу китобларни ўқиган инсонга бойликларимни сарфлаш ҳалол бўлсин”.

Гап шундаки, биз бугун фарзандларимиз, ёшларимиз орасида шиддат билан оммалашаётган маънавий буз­ғунчилик ғояларига бой фильмларни чеклаш ўрнига, уларга тақлид қилиб фильм ва сериаллар яратаётганимиз ботқоқ четидаги ёзувни ўқиб, бир бор уриниб кўрмаган, уринмоқчи бўлганларнинг ҳам устидан кулиб, масхара қилаётган, ўз жонини сақлаб қолишни энг муҳим масала деб биладиган йўловчиларга ўхшаймиз.

Киноижодкорларни кино устаси деб қарайдиган бўлсак, устанинг бир маротаба тақлид қилиши минглаб шогирдларига тақлидни санъат деб қарашни ўргатиши мумкин. Салкам жанрга айланаёзган “бачканалик” ва санъат даражасига кўтарилган “кўчирмакашлик”дан воз кечмасдан туриб, ўзимизнинг асаримизни ярата олмаймиз.

Киночилигимизда миллий киноасар яратишда миллийликдан узоқлашмаслик креативликмасми, аслида?..

Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деган ажойиб ҳикмат бор. Бугун ижтимоий тармоқларда узатилаётган фильмлар, беҳаё саҳналарга бой сериалларни кузатиб, оғриқли нуқталаримиз ҳақида номутахассис инсонлар жар солаётган бўлса, демак, улар жамиятимизнинг ҳақли аъзолари. Ё ота, ё она, ё опа, ё сингил. Ёш авлод тарбиясига лоқайд бўлмаган ҳамюртларимиз. Уларнинг қайғуришлари бежизмас.

Кинодаги муаммолар ва оғриқли нуқталар ҳақида кино усталари гапирмасдан жим туришларини ҳам ё лоқайдликка, ё ҳафсаласи пир бўлганликка, ёки “бир-бирига тош отмаслик”ка йўйиш мумкин. Қачонгача?..

Зиёда АКБАРҚУЛОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 5 =