Ҳурлик учун курашган буюк публицист
(Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 151 йиллиги)
Халқимиз донишмандларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий серқирра фаолиятининг бир йўналиши публицистикадир. У жадид мактабларини ташкил этиш, янги фанларни киритиш, ривожлантириш, зарур ҳолларда уларни мустамлакачилар тажовузидан асраш йўлида журналистикадан унумли фойдаланган ижодкордир.
Шу боис Беҳбудий публицистикасида таълим мавзуси катта ўрин тутади. Янги фанларни мактаб дастурларига киритиш, дарсликлар яратиш, уларга мос муаллимларни тарбиялаш ҳам унинг диққат марказида бўлди. “Уламо тарбияхонаси мактаб ва мадрасадир. Агарда ўшал мактаб ва мадрасада муаллим ва мударрислари олим бўлса ва шогирдлариға кўнгли илан таълим берса, албатта, илм ҳосил қилар. Агарда муаллимни(нг) ўзи, ҳозирги аксар мактабдор ва мударрислардек, камҳафсала ва ёинки камилм бўлса, ёинки илми бўла туруб, усули таҳсилдан хабарсиз бўлса, они шогирдлари нодон қолур”.
Бу билан нафақат мактаб, балки олий маълумот берадиган мадрасалар ислоҳига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлади. Туркистон мадрасаларида тафсир, ҳадис, тиб, ташриҳ, ҳайъат, ҳандаса, иқтисод, сиёсат, география, тарих каби фанлар ўқитилмаслиги битирувчиларнинг ҳаётда зарур бўлган билимларсиз қолишига сабаб бўлаётганини танқид остига олиб, бой ва мутасаддиларни унинг олдини олишга чорлади.
“Сукут сақлаб юраверсак, беш-ўн йилдан кейин янада нодонроқ бўлиб қоламиз, хор бўламиз. Шунинг учун ҳам жим юришимиз етар! Диний мадраса ва мактабларимизни ислоҳ этайлик!”
Таълим муаммолари очиб берилган “Мажлиси имтиҳон”, “Мутолаахона”, “Таҳсил ойи”, “Мактабларга рухсат олмоқ тариқаси”, “Миллатлар қандай тараққий этарлар?”, “Эҳтиёжи миллат” каби қатор мақолалари унинг маърифий публицистикасига мисол бўла олади.
Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, илм ва фандан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур”, деган машҳур фикри ҳам унинг маърифий публицистикасида янграган.
Баъзи мутахассислар Беҳбудийнинг чор Россияси давридаги публицистикасида сиёсий мавзу кам эканлигини ёзадилар. Аслида эса ундай эмас. Унинг сиёсий публицистикаси “Тараққий” газетасида чоп этилган “Хайрул умуру авсатиҳо” мақоласи билан жамоатчилик эътиборига тушган (маълумки, мазкур газета ҳукумат томонидан тезда ёпилади). Бу мақоласида Беҳбудий исломий ҳикматга таяниб, “энг яхши иш — ўрта йўлни тутиш” ғоясини илгари суради. У жамиятдаги муаммоларни ҳал этишда ҳаддан ошиш ёки мутлақ рад этиш эмас, балки ақл, илм ва мувозанат асосида ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлайди. Мақола жадидчилик ғояларини тарғиб қилиб, халқни маърифат, ислоҳот ва тараққиётга чақирган муҳим сиёсий публицистик асар ҳисобланади.
Барча жадид газеталарни тўхтатган Николай ҳукумати ўз нашри ҳисобланган “Туркистон вилоятининг газети”да жадид публицистларига ҳам гўёки майдон очади. Буни 1908 йили жадид мактабларига ҳужумлар кучайган даврдан олинган мисолда кўриб чиқамиз. Маҳаллий тилни яхши билган газета муҳаррири Н.Остроумов шу йили тараққийпарварлар билан қадимчилар (аслида, уларнинг “Охранка” буюртмасини бажарган) ўртасида фитна қўзғайди. Масалан, Раҳматулло Раҳим жадидларни нодонга чиқариб, улар очган мактабларга қарши “Бузуқ мактаб боласи усули жадида” сарлавҳали мақоласини чоп этади. Унга қарши ёзилган Беҳбудийнинг “Таърих ва жуғрофия” мақоласини эълон қилади. Лекин илоннинг ёғини ялаган миссионер муҳаррир сўзбоши ёзиб, мақоланинг “попугини пасайтириб”, ўқувчи муҳокамасига ташлашга мажбур бўлади. Шундай бўлса-да, мақола катта шов-шувга сабаб бўлган. У тезликда “Охранка” томонидан рус тилига таржима қилиниб, раҳбариятга етказилади (бу таржима ва изоҳ Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланмоқда – Ҳ.С.).
Мақолада жуғрофия фанининг зарурати соясида жадидчилик ғоясининг моҳияти очиб берилади: “чунки бугунги талаба, кўрамиз, эртага илмли аъзомиз бўлурлар… ояндадаки киборимиз — бугунги гуруҳ сағиримиздин (ёш болалар, кичкиналар — Ҳ.С.) ташкил топилур керакки, бунлар ва асл замонадин ва асл замонамизни бизим бобдаки афгорларидан (яра, жароҳат — Ҳ.С.) огоҳ бўлсунлар. Аҳли замонамизни яҳудий, армани ва ўзга ажнабий ҳаммамлакатларимизни тараққийи миллий ва илмий ва маданияларидин ва биз мусулмонларга қаю йўл ва сабаб ила ғалаба қилғонларидан бехабар бўлуб, аларға балки мағлуб бўлмаслигимиз йўлларини, лозимдурки, билсунлар, билиб муқобала бўлмаслик қоидасинча ҳаракат қилуб, дин ва миллатимизни сохласунлар”.
Ўзликни сақлаш йўлида ўзгаларга мағлуб бўлганимиз сабабини англамоқ, қолаверса, энди уларга ютқазмаслик, муте бўлмаслик чораларини ўйламоқ даркор. Бунинг учун мустамлакачи ҳукуматга очиқ қарама-қарши турмай, армон бўлиб келаётган илмли жамият қуриш учун қайғурсинлар, деган хулосани айтади. Бунинг учун ўтмишда боболар мавқеи қай даражада бўлганлигини кўрсатиб беради. “Замони собиқда жисмоний ва руҳоний ва маънавий қалъа ва ҳудудларимиз бор эдики, алар сабаби-ла миллат ва динимиз муҳофаза ва маросими малфуф (ҳимояланган, ўралган — Ҳ.С.) қолур эди. Ҳозирги замонга на ҳад қолди, на ҳудуд, на қалъа қолди”.
Қисқача айтганда, публицист буюк салтанатнинг фожиасини очиб беради. Муаллифнинг маҳорати шундаки, бунда ўзаро ички ихтилофлар, илмга бефарқлик буюк давлатнинг емирилишига сабаб бўлишини далиллар билан исботлайди. Мақоланинг салмоқли бўлишида фактлар катта аҳамиятга эга. Бу фактларга публицистнинг дардли сўзлари йўғрилса, у сўзлар тошни ҳам эритиб юборади. Беҳбудий қанчадан-қанча мамлакатлар қўлдан кетганлигини қайғу билан тасвирлайди. Мақоланинг композициясини белгилаган жолис — суҳбатдошга мурожаат қилади: “Эй биродар, таърихи исломни қоралайдургон саҳифалари хулосасини натижасиндан сизға арз қиларманки, ер олами кетди, кетадур”.
Муаллиф Европанинг бутун Шарққа босқини соясида ўз ўлкамизнинг ҳам шу ҳолга тушганини ҳам билинар-билинмас тилга олган бўлади:
“Азиз жолисим, сизға сўйлаб турибман, фаҳмлайсизму? Ҳайҳот, ҳайҳот, умумий Осиё қитъасиға 600 милийун қадар мусулмон борки, андин 10 милийун Осиёи сафро ва жазиратул-Арабға сокин ва Усмонли ҳукуматиға тобеъ, 9 милийун Эронға, 6 милийуни Афғонға, 2 милийуни Бухоро, милийуни Хива, 1 милийуни Белужистон,12 милийуни Ҳайдаробод деган, 1 милийуни Уммон ва милийундан ками Жумҳур ҳукумати исломиясиға тобеъ бўлуб, бақя 50 милийуни Хитой ва 50 милийуни инглисға ва 50 милийун қадари, яна 40 милийуни Жазоир Баҳри Кабир мусулмонлари ила баробар Инглис, Франса, Каландия, Испания, Русия ва ўзга давли (давлатлар — Ҳ.С.) насрониясиға тобеъ… Биз Осиёи васатий (ўрта) ва шимолий сокинларидан Русия давлатиға тўғридан-тўғри тобеъ. Бухоро ила Хива ҳукуматлари давлатимизни ҳимоятиғадур. Юқорида баён бўлған ҳукумати исломияда фақат Усмонли ила Эрон давлатлари дохилий ва хорижий ишлариға мустақил ва қаламаси давла нуқтадора (бўйинсунилган — Ҳ.С.) насрониянинг барисини ҳамият ва нуфузиға тобеъ ва эркак-хотун кабидур”.
Публицистнинг “тўғридан-тўғри тобеъ. Бухоро ила Хива ҳукуматлари давлатимизни ҳимоятиғадур”, деган фикри эмас, балки “эркак-хотун кабидур” деган гапи чор ҳукуматига “тегиб” кетади. Беҳбудийдан энди сиёсатга аралашмайман, тавба қилдим, деган мазмунда изоҳ талаб қилишади. Лекин у тавба қилмайди: “Русияни ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмасмиз ва аммо “Таърих ва жуғрофия” унвонлик мақоламиз таърих ва жуғрофия ўқумоқни диний жилва этдирмоқ ва ёинки сарф илмий ва воқеий бир мақола эди. Сиёсий ва таассубий эмас эди…”.
Бу мақоладан кейин зиёлилар орасида Беҳбудийга нисбатан ҳурмат янада ошади. “Охранка”да эса унга хавфсираб қарай бошлайдилар.
“Ҳуррият — озодлик — свобода — эркинлик”, “Государственная Дума вакиллари хусусинда”, “Дума ва Туркистон”, “Муҳораба мусулмонларга ёқарму?”, “Баёни маъзурат”, “Баёни ҳол”, “Бир афсуслик хабар”, “Қабристони муслимин”, “Қонун”, “Тавзеҳ”, “Мунозара” ҳақинда”, “Икки эмас, тўрт тил лозим”, “Оҳ ва ҳасрат” каби мақолалари сиёсий мазмунда эди.
1917 йил Февраль инқилобидан сўнг Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сиёсий публицистикаси маърифий либосини ечгани кўзга ташланади. У ҳуррият учун курашга, кейинчалик озодликни сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш борасида кўплаб мақолалар ёзди. “Бухоро воқеалари ва дафъи туҳмат”, “Муҳтарам самарқандийларга холисона арз”, “Иттифоқ керак”, “Таҳрири нуфус”, “Мурожаатнома”, “Очлик балоси”, “Қозоқ қариндошларимға очиқ хат”, “Баёни ҳақиқат” каби энг сара сиёсий мақолалари фикримизга далил бўлади.
Масалан, Февраль инқилобидан кейин ёшлар билан кексалар ўртасида можаро чиқади. Беҳбудий айнан ана шу муаммони ҳал қилиш учун мақола битади. Унда дастлаб у нима сабабдан ихтилоф чиққанлигини очиб беради ва қайта иттифоқ тузишга чақиради. Барча аҳоли қатламини муросага чақиради, ялинади: “Эй, ҳазрат уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё! Эй, ғайратлик ёшлар! Нифоқ ва бир-бирға душманликни ташлангиз. Худо ҳаққи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтурғон фақира, етим ва бевалар ҳаққи бир-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлиға хидмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан хидмат ва яхшилик талаб этадур. Нафсоният ва ғурур эмас”.
Беҳбудий, одатдагидек, ибратли ҳадисни келтиради. Бу галги мисоли эса ўз ҳаётининг сабоқларидандир. Энг асосий гап — тўрт-беш киши билан тараққиётга эришиб бўлмаслигидир. “Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромға бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. “Ал-ажла минашшайтон!” (Шошган шайтондандур). Бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизға тараққий қилмоғингиз мушкулдур. Балки бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз. Мен ҳам йигирма йилдан бери ҳаракат қиларманким, тараққий пайдо бўлсун. Шуни сизлар ҳам билурсизки, ўн ва йигирма нафар ила тараққий бўлмайди ва бўлмас экан. Бинобарин, ўрта ва бу қадар имкон кўпроқ киши майл қилатурғон йўл ила тараққий этмоқ керак ва унсиз бошқа чора йўқдур”.
Юқоридаги кўчирмадан яна шулар маълум бўладики, Беҳбудий йигирма йиллик ҳаракатининг самараси оз бўлганлигини, бунинг учун барча бирлашиб, ҳамфикр бўлиб курашиш лозимлигини, акс ҳолда, бугунги авлод келажак авлоднинг қарғишига қолишини айтади: “Азиз ҳамшаҳарларим, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаки нафратларни ташлаб, худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъиланмоқ ҳаракатида бўлмоқ керак ва алан бизнинг бу ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб яна бошқаларға бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз ва бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрнига лаънат ўқурлар”.
Донишмандлар ҳар бир ишнинг хулосасини, натижасини аввалдан кўра олганлар. Беҳбудийни ҳам шундай кишилар тоифасига қўшгимиз келди. Бунда у агар ҳурриятни қўлдан бериб қўйсак, асосан, уч хил воқеа содир бўлишини айтади: “бизни асирлик даражасига” туширади (аслида ҳам тушдик), “юз йиллар ила кейин кетармиз” (70 йил ўтди), “авлодимиз ҳамда халқи олам… раҳмат ўрниға лаънат ўқурлар”, яъни ота-боболарни биз унчалик айбламасак-да, улардан ҳам хато ўтганлигини англаймиз. Бу хулосалар аҳли донишларга хосдир.
Беҳбудийнинг “Туркистон мухторияти” сарлавҳали мақоласи Қўқондаги воқеаларга бағишлангандир, ўзининг тили билан айтганда, “27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон мухторияти умумий мусулмон сиездида эълон қилинди. Муборак ва хабарли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлиш учун ифтихор этаман! Яшасун Туркистон мухторияти!”.
Ушбу мақоланинг аҳамияти шундаки, уни ўқиган киши ўша даврнинг қайноқ нафасини туяди, воқеалардан хабардор бўлади. Шунингдек, унда Беҳбудийнинг ҳаяжони сезилиб турибди.
Большевиклар ҳокимиятга келгунча Беҳбудий бошқача фикрда эди. Бу ҳақда “Баёни ҳақиқат” мақоласида “Биз истаймизки, Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда ўз бошлариға Русияни бир парчаси ҳисобланадурғон Туркистон ҳукумати таъсис этсак…” деб айтганди.
Ҳокимиятни большевиклар эгаллагач эса, бу фикридан қайтганлигини кўрамиз. Чунки у большевиклар — илгариги социалистлар партиясининг мақсадини билар, бир мақоласида уларни танқид остига ҳам олганди.
“Мусулмон мухториятчилари дейдиларки, биз ерли мухторият тилаймиз ва ҳам шуни эълон қилдук. Бизнинг ер ва амлокимизнинг тақсимини хоҳлайдурғонларға бутун жон ва имонимиз ила муқобала қилурмиз…”
Илгари мухториятли жумҳурият дейилганда Россия таркибида қолиб миллий жумҳурият тузиш тушунилган бўлса, ерли мухторият дейилганда улар Россиядан бутунлай узилган мустақил давлатни тушунар эдилар. Бунга ким қарши чиқса, улар билан курашамиз дейилаётир.
Демак, иттифоқ билан бутун Туркистон оёққа турса, Ватан мустақиллиги асраб қолиниши таъкидланади: “… билмоқ керакки, бутун Туркистон иттифоқ этса, қон тўкилмас. Ер ва амлок ҳам тақсим бўлмай қолур. Дин ҳам ривож топур… Бутун Туркистон иттифоқ этса, 15 миллийунлик бир қувват имлоға келурки, мунга ер титрайдур. Агар сўзумни фаҳмлатолған бўлсам ўзумни бахтли ҳисоблардим”.
Большевиклар таҳликаси кучайиб бораётган пайтда Беҳбудий “Қозоқ биродарларимға очиқ хат” мақоласини ёзади. Мақола мурожаатнома тариқасида битилган бўлиб, Туркистоннинг бўлиниб кетиши мумкинлигидан ташвишланиб ёзилгандир: “Азиз қариндошларим! Мусулмон биродарлар! Ҳаммангизға маълумдурки, Туркистон қозоғи, қирғизи, ўзбеги, туркмани, татари – ҳаммаси мўғул-турк болалари ҳамда жаҳонгир Чингизхон ва Темурнинг авлоди ёки оға-инидурлар. Туркистондаги араб, хўжа ва сайидларда ўз тилларини йўқотиб, билкулли (бутунлай — Ҳ.С.) турклашиб ва ҳатто арабликларини эсдан чиқориб, сиз турк ва мўғуллар ила ҳар жиҳатдан бирлашиб кетгандурлар. Туркистоннинг энг оз шаҳарларида ва баъзи тоғларида бир оз форс, яъни тожиклар борки, алар ҳам камоли мусулмон ва сиз ила ҳаммазҳабдурлар. Тирикчиликларининг ўзбеклардан фарқи йўқ даражададур.
Бовурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, лекин берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олур. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб мухторият йўлиға саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар, бул албатта шундайдур ва бул сўзға ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур”.
Беҳбудий мазкур тарихий вазиятдан тўғри фойдаланиш кераклигини айтиб, бунда қандай урф ёки одат бўйича яшаш масаласини кейинга суриб, ҳозирча мухториятни сақлаб қолиш шартлигини, вақт ўтгач, пушаймонликдан фойда бўлмаслигини тушунтиради.
“Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги барча мусулмонлар ва ҳам мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалға келишиға саъй ва ҳиммат этмоғимиз албатта керакдур. Агарда бизға ўз бошимизға, шариат, урф ва одатларимизға мувофиқ тирикчилик қилмоқ керак бўлса, ҳаммамиз вақтли низо ва манманликни қўйиб, ҳамма нарсани эсимиздан чиқариб, ёлғуз мухторият учун ҳар нимарсамизни фидо этмоғимиз лозимдур. Мундай фурсат ва замоннинг бизга қайтиб келиши маълум йўқ, қадрини билиб ишламоқ керакдур. Вақт ўтгандан сўнгра ўкинмоқ фойда эмас”.
Беҳбудий чўл аҳолисининг тараққийси учун шароит-йўл очиб берилишини, бунинг учун ушбу халқнинг зиёлилари бу қонунларни тузишларини, сўнгра давлатни ҳам ҳар бир халқдан вакиллар бошқаришларини англатади:
“Шунда билингки, қозоқ ўз бошиға, шаҳар халқи ва атрофи ўз бошиға эл билиб, бошқа-бошқа мухторият қилмоқчи бўлганда, иккиси ҳам муддаоға етмайдур. Сиз — қозоқ қариндошларимиз ори чўлдасиз, аммо сиздан бир кўб халқлар ҳам шаҳарларда ва шаҳарлар теварагиндадур. Тирикчилик шундай нимарсаки, чўл ила шаҳар ва қишлоқ халқини бир-бирига боғлагандир.
Бир-биридан ажралиб яшай олмайдур. Шаҳар халқи ила бирлашуб, мухториятни бошқарғонда сизларға зарар келмай, балки фойда келур.
Мухториятни бошқармоқ учун ёлғуз сизда кифоят этмаганингиз каби, ёлғуз шаҳар ва шаҳар атрофидаги халқ ҳам кифоят этмас, балки иккингизда кераксиз… Хулоса: мухториятни миллат мажлиси ҳар бир халқға нафъини кўзда тутуб қонун чиқарур. Агарда сиз, қозоқ биродарлар, турғун халқидан ажралиб, ўзга мухториятдан насиб бўлмас, азбаски, куч тарқалур… Биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак — уятдур, аҳмоқликдур. Турк томуриға болта урмоқликдур.
Онгла қозоқлар ўйласунлар, тарихга қарасунлар зиёли қозоқлар. Оврупонинг ихтилоф солиб, миллатларни ажратмоқ сиёсатиға ва иккиюзлилигиға қарасунлар. Бирлашган Туркистон халқининг бўлунмоғига ўзимиз сабаб бўлмасак эди. Барча ихтилофчилар ва бошқаларда албатта зарар кўрармиз ва ихтилофимизнинг жазосини тортармиз. У кунларимиза йиғлармиз, аммо фойда эмас”.
Айтиш мумкинки, Маҳмудхўжа Беҳбудий большевиклар ҳукуматни эгалласа ҳар қандай шароитда ўзга халқнинг мустақил бўлиб ажралиб чиқишига йўл қўймаслигини тушунган ва шунинг учун Россиядаги алғов-далғовлардан фойдаланиб, ажралиб олиш ғоясини илгари сурган.
Беҳбудийнинг сиёсий публицистикаси юрт озодлиги учун курашга бағишланган. Публицист имкони даражасида ҳаракатда бўлди, ёзди, халқни ватанпарварликка, бирликка, ҳурриятга чорлади. Унинг ўгитлари бугунги кунда ҳам жуда муҳимдир. Айниқса, унинг Туркистон бирлиги борасидаги фикрлари, амалий фаолияти дунёни янгидан бўлиб олишга иштиёқи кучайган империяларнинг бугунги талвасаси даврида янада аҳамиятлидир.
Беҳбудийнинг сўнгги кунлари Туркистон мухториятининг қонга ботирилиши ва большевиклар ҳокимиятни эгаллаганидан кейинги воқеалар билан бевосита боғлиқ. Айни пайтга келиб устоз олимларимиз Бегали Қосимов, Наим Каримов ва айниқса, Сирожиддин Аҳмедов изланишлари натижасида бу масалага анчагина ойдинлик киритилди. Беҳбудийнинг ўлимига Амир Олимхон ва унинг беклари сабаб қилиб кўрсатилар эди. Аниқланган ҳужжатлар эса большевиклар олиб борган сиёсат натижасида жадидлар дунёдан ёрдам сўраш учун Туркистондан чиқиб кетишга ҳаракат қилганликларини кўрсатди. Мунаввар қори етакчилигидаги гуруҳ чегарада ушланиб ортга қайтарилади. Беҳбудий раҳбарлигидаги гуруҳ эса Бухоро амирлиги ҳудудидан ўтаётганда ҳибсга олинади ва фитна қурбони бўлади. Бундай хулоса чиқаришга большевиклар ҳокимияти ва Бухоро амирлигидаги чор ҳукумати вакилининг ўзаро ёзишма (телеграмма)лари асос бўлади. Лекин сопини ўзидан чиқаришга ўрганган мустамлакачи унинг ўлимига Бухоро амирини сабабчи қилиб кўрсатади ва амирлик ҳудудини эгаллаб олиш учун бундан фойдаланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қароридан кейин махсус экспедиция тузилиб, изланишлар олиб борилаётган эса-да, афсуски, буюк сиймонинг қабри ҳалигача номаълум бўлиб қолмоқда. Улуғ жадид бобомизни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!
Ҳалим САИДОВ,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети профессори,
филология фанлари доктори.
