Ажиб давра
Илҳом АҲРОР
Муаллиф ҳақида:
Илҳом АҲРОР Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган.
Илк шеърий туркуми “Ёшлик” альманахида 1981 йилда эълон қилинган. Бугунгача ижодкорнинг “Тадорик”, “Тонгни қўриқлайман”, “Гулчин чиройлар”, “Уйқуга кўниккан тоғлар” номли шеърий тўпламлари, “Бозорга юзланган бола” ҳикоялар китоби ҳамда “Етти иқлим достони”, “Қалбни яшириб бўлмайди”, “Ўз кўнглининг мусаввири” илмий-маърифий рисолалари нашр этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Филология фанлари номзоди.
Ҳалима биби кечки салқинда дарвозаси олдига чиқиб ўтиришни одат қилган. У хонадонидан чиқиб, доимий жойига ўтирдими, суҳбатдошлари ҳам олдинма-кейин келиб атрофига жойлашиб оладилар. Улар келинлари кечки овқатга чақиришгунча суҳбатлашиб ўтирадилар. Гурунгдошлар нафақага чиққан, оила ташвишидан бир қадар тинган бўлсалар-да, уларнинг бари Ҳалима бибидан кичик ва уларнинг ҳеч бири хотиржамликда юзга юзлашаёзган бибига тенглашолмайди.
Бугун ҳам одатдагидай давра бўлди. Ҳалима биби қараса, йиғилганлар орасида Муяссар йўқ. У барчага савол аломати билан қаради. Суҳбатдошлар бунинг сабабини маълум қилишди. Унинг шаҳардан неваралари келгани, уйдагилари ёзги дала ишларига машғул бўлганликлари учун уларга Муяссар ая қараётганини айтдилар. Кимдир унинг кенжа ўғли жиянларини оталарининг қариндошлариникига боришига тўсқинлик қилаётганини ҳам шипшитиб ўтди.
— Нега қўймайди? — ҳеч кимдан садо чиқмагач, Ҳалима биби очиқ-яширин айбланаётган аёл ҳимоясига ўтди. — Ҳозир ҳамма дала юмушларига ботган. Айниқса, бу йил ўрикнинг йили бўлди. Уларни саранжомлаш осон эмас. Муяссар ўта андишали, ўғли ҳам жуда одобли. Улар бировларни ишдан қўйишни исташмаётгандир!
Аслида, аҳвол бундай эмасди. Муяссар шаҳарда турадиган қизининг болаларини ўзисиз биринчи бор кутиб олиши. Қизи: “Ойи, болаларим ёзги таътилни сизникида ўтказишмоқчи, у-бу ишларингизга қарашишади. Қишлоқ ҳаётини ҳам бир кўришсин”, деганди. Катта невараси синглиси ва укасини олиб келиб, бувисига топшириб кетди. Синглиси бўйига етган қиз, бу йил ўнинчи синфга, укаси эса саккизга ўтди.
Муяссарнинг неваралари бир қишлоқда истиқомат қиладиган оталарининг ака-укалари ва аммаларининг уйига боришларини айтганлари, аммо кенжа ўғли бунга қатъиян қарши эканлиги ўйлантирганди. Ўғли: “Амманг, амакиларинг келганингизни аллақачон эшитишган, нега сизларни кўргани ўзлари келишмайди? Нима, келсалар, ҳайдаб юборамизми?” дея жиянларини ниятларидан қайтармоқчи бўларди. Аслида, ўғилнинг эътирозида жон бор эди. Муяссар аянинг куёви ўн йиллар олдин Россияга ишга кетиб, қайтмаган. Узунқулоқ гапларга қараганда, ўша ерда бошқа оила қурган. Шу-шу қудалар орасида борди-келди узилган. Амма-ю амакилар шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги масофа, қолаверса, тирикчиликни важ қилиб, қадамларини узишган. Ҳозир жиянларининг улғайиб, қандай қиёфа олганликларини билишмасди ҳам.
Хуллас, тоға билан жиянлар орасидаги можаро телефон орқали шаҳарда қолган онага етиб бориб: “Бувинг билан тоғаларингга қулоқ солинглар”, деган қаттиқ танбеҳ эшитганларидан кейин барҳам топди. Аммо қовоқлари осилди.
— Кимдир бориб, Муяссарни чақириб келсин, — кутилмаганда кўпчиликка мурожаат қилди Ҳалима биби.
Кўп ўтмай даврада Муяссар ая ҳозир бўлди. Кўриниши, барча билан хижолатомуз сўрашишидан унинг ҳоли даврадагиларга маълум бўлган аҳволда эканлиги сезилди.
Ҳалима биби дилидаги гапни яшириб ўтирмади:
— Сен ўғлингга тўғри тушунтир, невараларинг хоҳлаган пайтларида оталарининг қариндошлариникига бориб келишсин. Боришсин, улар билан кўришишсин. Бунақада эл орасида гап кўпаяди, сизларни билиб-билмай айблайдиганлар топилади. Боришсин, қандай қарши олинишини уларнинг ўзлари кўриб-билишсин. Агар уларга яхши эътибор берилмаса, ўзлари оёқ узишади. Сизларнинг ҳақлигингиз ҳақида ўйлай бошлашади. Бунинг нимаси ёмон?
Бу гап кўпчиликка маъқул бўлди. Муяссар ая бундан мамнун бўлдими ёки хафа бўлдими, ҳеч ким билмасди, у бехос ўрнидан туриб уйи томон кетди. Барча бир-бирига қараб қолди.
Эртасига кечки пайт Муяссар ая келиб даврага қўшилди. У беҳад хурсанд эди, чунки ўғлининг фикрини ўзгартирганди.
Ҳалима биби ўзини унга эътибор бермагандай тутди. Унинг неваралари ҳақида ҳам бошқа гап очмади.
Даврадошлар бошқа мавзуга кўчдилар.
Бу сафар гурунг тамомила бошқача бўлди. Аниқроғи, Сокина аянинг оиласидаги ўрни муҳокамага тортилди.
— Уйига борганимда, унинг ўзини тутишига ҳайрон қоламан, — деди Моҳира ая, — хизматда келини билан жой алмашади. Ўтирганингда ёстиқни орқангга келини эмас, ўзи қўяди. Ўзи ҳам ёстиқсиз ўтирган бўлади. “Ўзингизга ҳам олинг”, дейман хижолат бўлиб. Уйига меҳмон келганда эътибор кўрмаган бир меҳмонга айланади.
— Келинимнинг феъли шунақа, — ўзини оқлашга тушди Сокина ая, — Менинг келиним баъзи келинлардай меҳмонлар олдида мушук, ёлғиз қолганингда йўлбарс эмас.
— Меҳмонлар олдида сени эъзозламаса, кейинги ҳурматдан нима фойда? — бўш келмади Моҳира.
— Иккингизнинг ҳам хатойингиз бор, — онахонларнинг диққатини ўзига тортди Ҳалима биби. — Моҳира, сенинг хатойинг Сокинанинг иззатталаб эмаслигини билмаганингда. Сокина, сеники эса ҳаётда ўз ўрнингни топмаганингда. Ота-онанинг келиндан ҳурмат кўриши ё кўрмаслиги уларнинг ўзига боғлиқ. Биринчидан, қайнона келин қилиши керак бўлган ишга ўзини урмаслиги лозим; иккинчидан, фарзандларининг ўзига ҳамиша эътиборли бўлишини талаб қилиши керак. Фарзанд эъзозламаган онани ҳеч қандай келин ҳурмат қилмайди. Ўзини мақтаяпти, деманглар-у, мен пенсия олган кунимнинг эртасигаёқ фарзандларимдан бири билан шаҳарга бораман. Харажат халтаси ўғил ё неваранинг қўлида бўлади. Расталар оша юриб, кўнглимга ёққан нарсани олдираман. Кейинги пенсиягача ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайман. Биласизлар, қизим шундоқ ёнимда — қўшни хонадонга тушган. Унга фақат ҳар эрталаб сут пишириб келишини тайинлаганман. Куёвим Ҳамиджон ўғлимдай бўлиб кетган. Ой охирида сут пулини унга бераман. Бошида ранжиган. “Бўлмаса, сутни бошқадан оламан, сизлардан олишимнинг яхши томони — нонушта пайти қизим ёнимда бўлади, дастурхон ёзиб, ўзи йиғиштириб кетади”, дедим. Шундан кейин сутнинг пулини оладиган бўлди.
— Ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз яшайсиз, ўғилларингизнинг турмуши яхши, уларнинг бириникида турсангиз бўлмайдими? — Ҳалима бибига қитмирлик қилди Моҳира ая.
— Кетсам, бу ҳовли ҳувуллаб қолади. Шу уйдаманки, ўғилларим кунда шу ерда. Кейин эрим раҳматлининг руҳи тинчдирки, шу ёшда соғ-саломат, тетик юрибман. Орангизда бирорта овқат пиширганимни кўрган борми? Йўқ. Ўғилларим, невараларимда машина бор. Телефонда келишиб олишади — бири тушлик келтирса, бошқаси кечки овқатни етказади. Ёнларида ҳамиша хотинлари ё қизлари бўлади. Кейин бемалол, ўзинг хон, кўланканг майдон бўлиб юрганингга нима етсин?
— Ҳалима бибига ҳамма ҳавас қилади, — деди синиқ товушда Сокина ая.
— Тўғри айтасиз, ўғил-қизлари умрларидан барака топишсин. Кунда оналарининг ёнида, — уни маъқуллади бир четда индамай турган Муҳсина ая.
— Шундай дейсиз-у, беш қўл баравар эмас-да! — бўш келмади Моҳира ая. — Ота-онасининг пенсия олишини кутиб турган фарзандлар ҳам бор. Шундайларнинг бири ҳазиллашган бўлиб деган экан: “Отам ўқитувчиликдан пенсияга чиққанлар, онам ишламаганлари учун фақат қарилик нафақаси оладилар. Отамнинг пенсиялари онамникидан уч-тўрт баравар кўп. Худо ота-онамдан бирини олиши шарт бўлса, олдин отамга тегмасин-да”.
— Бунга ким айбдор, ота-онанинг ўзи эмасми? — жиддий тортди Ҳалима биби. — Пенсия ё нафақасидан фарзандлари фойдаланишига йўл очган кимсалар уларга ёмонлик қилганлардир. Давлат кексаларга пенсияни яхши еб-ичиши, дам олиш масканларига бориши, керак бўлганда даволаниши учун беради, ўғилларнинг уй солиши, тўй-маъракалар ўтказиши учун эмас. Буни, айниқса, кексаларнинг ўзи билиши лозим. Ўз жигаргўшаларини арпа берилишини кутиб турган қўй-эчкига айлантириб қўймасликлари лозим.
Бу сўзлардан даврадагиларнинг бари негадир мулзам тортди…
