Ғор ичидаги хазина

Мана, йигирма йилдирки, 80 ёшли Обид ота ёлғиз. Далаю дашт, қир-адир, тоғу тошлар кезади. Доривор гиёҳларни тўплаб, табибларга сотади ва шу тариқа тирикчилигини ўтказади. Қишда масжид, чойхоналарда тунаб, баҳорни қаршиласа, ёз ойларида чўпонлар ўтови ёки яйловдаги майсалар устида ухлаб, тонгни қарши олади.

Унинг болалиги Болалар уйида кечди. Ота-она дийдорини кўрмаган. Жигар-яқинларини эслаш тугул, ҳатто улар ҳақида ҳеч нарса эшитмаган. Балоғат ёшига етгач, ҳамқишлоғи Ҳалимага уйланди. Афсуски, аёли билан салкам қирқ йил яшаса-да, фарзанд кўриш насиб этмади. Аёли оламдан ўтгач, ота бутунлай ёлғизланиб қолди. Обид ота ҳукумат берган уйини сотиб, пулини ўзи тарбияланган Болалар уйига ҳомий сифатида топширди. Кейин ўзига эрмак топди. Дала-даштдан ўт-ўлан, гиёҳ териб тирикчилик қила бошлади. Отахон камгап.

У Комилбой — сирдош ошнаси билангина дилдан суҳбат қурарди. Дўсти ҳам оламдан ўтгач, Обид ота бутунлай ёлғизланиб қолди. Қария Болалар уйига тез-тез бориб, қўлига илинганини ташлаб, болаларни ўйнатиб, яйраб қайтади. Умрининг мазмуни ҳам шу энди. Мана, қиш ҳам тугаб, қарияга яна эрмак бошланди. Ёмғирли кунлар бўлишига қарамай, бугун ҳам у тоғ-тошлар бағрида кезиб юрибди. Ёмғир эса шаррос қуймоқда. Уст-боши шалаббо бўлиб, совуқдан қалтирай бошлади.

Гулхан ёқиб, исиниб олмоқчи бўлди. Шох-шабба тўплаб, арқонга боғлади, сўнг бошпанага арзигулик жой қидира бошлади. Ёғоч ҳассасига таянган ҳолда елкасидаги қопни орқага ташлаб, иккинчи қўлида ўтинни кўтарганча анча юрди. Шу пайт унинг кўзлари тоғ бағридаги унча катта бўлмаган ғорга тушди. Ҳаллослаб етиб келиб, ичига аста бошини суқди. Қоронғиликка кўзи ўрганмадими, ҳар қалай, қоқилиб йиқилди, сўнг ўзини тиклаб, ўтирди. Кейин ўрнидан туриб, мункиллаганча гулхан ёқишга уриниб кетди. Терган нам ўтинлари ҳадеганда аланга олавермади. Гулханни аранг ёқиб, қопидан егуликларни чиқариб, ўртага ташлади. Олов тафти қарияга ҳузур бағишлади. Ажин босган қўлларини қалтиратганча анча вақт ёнаётган оловга чўзиб, хаёл суриб ўтирди. Ғорнинг ичига разм солди: “Анча кенг экан”, деб қўйди ўзига-ўзи. Тамадди қилиб олгач, олов атрофида кийимларини қуритди. Шу пайт унинг кўзига ғорнинг бурчагида ғимирлаётган бир нарса чалиниб қолди. Бориб қараса, каттагина тошбақа. Уни қўлига олиб, анча вақт тикилиб ўтирди. Нон ушатиб, унинг олдига қўйди. Кейин ғор ичидан ташқарини бироз кузатиб ўтирди. Ёмғир бир маромда ёғиб турарди. Отанинг завқи ошиб кетдими, ҳайтовур, тунни шу ерда ўтказишга қарор қилди. Барибир, борар эшиги йўқ, боз устига, ёлғизликни хуш кўради. Гиёҳлар етилишига ҳали эрта. Бу ерга келганининг боиси, қишда чойхонада роса зериккан. Ғор ичида тошлар устида ётиб ухлашнинг иложи йўқ. Чол кучи етган жойидан кўчира олган тошларини олиб, бир томонга тера бошлади. Анча вақт тош кўчириш билан машғул бўлиб, терлаб кетди. Гулхан тафти ғор ичини иситиб юбормаса-да, файз киритгандай бўлди. Чопонини тошлар устига ёйиб, аста ёнбошлади. Қопини бошига ёстиқ қилиб ташлади. Ўй-хаёлларга берилиб, узоқ вақт бир нуқтага боқиб ётди. Шу тобда кампири билан ўтган кунларини ёдга олган бўлса, ажабмас. Ёки дўстини эсладими, ҳар қалай, хаёллар қарияни узоқ саёҳатга чорлади. Ёлғиз инсоннинг кўрган куни қурсин. Боз устига, қарилик. Бу паллада одам ёш боладай бўлиб қоларкан.

Сал нарсани кўнглингга олиб қоласан. Ўтган умринг кўз олдингда гавдаланаверади, тўйиб-тўйиб йиғлагинг келади. Обид ота ҳозир ғор ичида ётиб, шу ҳолни бошидан кечирарди.

У ўрнидан туриб, қўлига пичоғини олди ва ғорнинг чап томонидаги тошларни чиқариб, тошбақага уя қурмоқчи бўлди. Ота билмайдики, тошбақа учун бутун тоғ уя. Пичоқнинг тошларга кучи етмади. Кейин қопидан илдиз ковлайдиган тешасини чиқариб ишга солди. Анча вақт уриниб, бир қарич чуқурликдаги тошларни олиб ташлади. Иш давомида кутилмаганда теша нимагадир тегиб, жаранглаб кетди. Қария ҳайрон бўлиб, ўша жойни яна урди. Яна темир жаранги ғор ичида акс-садо берди. Отанинг қизиқиши ортиб, тез ишга киришиб, ғор сирини билишга ошиқди. Майдалаб кўчира-кўчира, охири тошлар орасидан юмалоқ, оғир бир темирни чиқариб олди. Обид ота ҳам анойилардан эмас. Дарҳол пичоғини олиб, уни қиртишлай бошлади. Бу қандайдир қўнғироқ эди. Топилмани узоқ томоша қилиб, нималигини англай олмагач, белбоғига тугиб, кўп ўйлаб ўтирмай, қишлоғига йўл олди. Ҳансираган кўйи зилдай темирни кўтариб, қош қорайганда қишлоққа кириб келди. Чойхонада тунаб, тонг оттиргач, соатсознинг устахонаси томон йўл олди. Уста қўнғироқни узоқ текширди ва деди:

— Оға, бу кумуш қўнғироқни қаердан олдингиз?

— Э сўрама, тоғдан топдим, болам, — деди Обид ота ютиниб.

— Роса уч ярим кило экан вазни. Бойиб кетибсиз-ку, оға, — деди кулиб, — менга сотмайсизми?

— Қанча ақчага оласан, болам?

Уста атрофга қараб олгач, эшикни маҳкам ёпди ва шивирлаб деди:

— Иккита отнинг хунини бераман, оға, розимисиз?

— Розиман, болам, бор-барака қилдим, олавер, — дея қўл силтади отахон.

Соатсоз бир даста йирик пулларни санаб, отанинг қўлига тутқазди.

Ота хурсанд. Ортидан соатсоз келиб, шивирлаб қўйди:

— Отам, туя кўрдингизми йўқ, ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп, — деб иккаласи кулишиб олишди.

Обид ота ўша куни кампири ва дўстининг руҳига атаб чойхонада элга худойи ош берди. Эртасига ўзига янги уст-бош харид қилди. Кейин қишлоқдаги муҳтож оилаларга, қолган пулини масжидга тақсимлаб, дуо олди.

Отанинг қидиргани шу дуо эди. Яна қўлимга пул тушса, энди Болалар уйига бераман, деб ният қилди. Лекин қўнғироқ ҳақида ҳеч кимга лом-мим демади.

Орадан кўп ўтмай, қизиқ воқеа рўй берди. Қишлоқдан соатсоз кўчиб кетибди, деган овоза тарқалди. Айтишларича, соатсоз шаҳардан данғиллама уй, устахона сотиб олганмиш, жудаям бойиб кетганмиш, уйидан хазина топиб олганмиш, шу каби деди-деди, миш-мишлар болалаб кетди.

Бир куни чойхонада Обид отага қариялар газета кўрсатишиб: “Ўқинг, оқсоқол, бу бизнинг соатсоз бўлади, қаранг, газетага чиқаришибди”, — дейишди.

— Мен саводсизман, ўқиб бера қолинглар, — деди қария.

— Қисқаси, бизнинг соатсоз уйининг пойдеворидан узоқ тарихга эга, ҳиндларга тегишли кумуш қўнғироқни топиб олиб, уни жуда катта пулга ҳукуматга сотибди, қаранг, бахти бор экан, шоввознинг! — дейишди мўйсафидлар.

Обид ота ютиниб қўйди ва аста сўради:

— Агар мен ҳам шундай қўнғироқча топиб олсам, ҳукумат берган пулга Болалар уйи қуришга етган бўлармиди?

— Иккита Болалар уйини қурардингиз, оқсоқол, — дейишди чойхўрлардан бири.

Обид ота ўша куниёқ тоққа йўл олди. Тўхтаб-тўхтаб, дам олавериб, кечаси аранг манзилга етиб борди. Ғор ичида тунаб, тонг отиши билан ишга киришди. Ғор ичини бутунлай кўчириб кўрди, лекин бошқа хазина топилмади. Қариянинг ҳафсаласи пир бўлиб ғордан чиқди. Яна бир кун тоғ бағрида ўт-ўлан териб, қишлоққа қайтди. У амин бўлдики, азал-азалдан мозий сирларини яшириб келаётган жойлар ҳали кўп экан. Мана шу воқеа рўй берганига ҳам бир йилдан кўп вақт ўтиб кетди.

Не-не шоҳу султонлар, бой-амалдорлар яширган хазиналарнинг қанчаси она ер остида ётгани ҳақиқат. Қолаверса, уруш-жангларда яшириб қўйилган хазиналар ҳам беҳисоб. Фақат шоҳ-султонларгина бойликларини баланд тепалик, тоғу тошлар орасига яширганлар. Англияда ака-ука кўза ясовчилар ҳам қирда тупроқ ковлаётиб, беҳисоб хазина топишган.

Ўтрор, Туркистон, Сайрам бағрида ҳам ҳали кўплаб қадимий ёдгорлик ва беҳисоб хазиналар топилиши мумкин. Чунки бу тарихий ва сеҳрли ўлкаларда ҳали тизимли қазилма ишлари олиб борилмаган. Ўзимизнинг авлиёлар макони бўлган Сайрам диёрига кимларнинг қадами тегмади дейсиз? Не-не анбиёлар, олим-уламолар яшаб ўтган бу она заминимиз ҳали бизга қанчадан-қанча тарих сирларини очиб беради. Хазина бу фақат олтин-кумушда эмас, оддий бўлса-да, тарих тилсимини оча олса, келажак тарихи учун янгилик ярата олса, у тарихимиз зарварақларини янада бойитади.

Ҳа, серқуёш Ватанимизнинг бағри тилсимларга бой.

Равшанбек УБАЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + twelve =