“Билмам, адашдимми ё тўғри қилдим?”

Сарлавҳага қарабоқ, ҳойнаҳой, Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова ижросида янграган ва мухлислар қалбидан муқим жой эгаллаган машҳур қўшиқ ҳақида сўз борса керак, деб ўйлагандирсиз. Нафсиламрини айтганда, маънавий оламни бойитишда миллий қўшиқларимизнинг ҳам ўз ўрни бор. Бироқ ҳозир гап билиб ё билмай, балки, адашган ҳолда, маънавиятнинг юксалишига берилаётган “зарбалар” ҳақида. Янада аниқроғи, сўз масъулияти, айтаётган ахборотимиз, билдираётган фикримиз маънавият дарахтининг илдизига болта бўлиб тушмаслиги ҳақида.

“Фауст”ни ким ёзган?

Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида “А” ҳарфи билан бошланадиган 5 та давлатни санаб беринг” деган саволнинг жавобини эшитиб, кўзларимга ишонмадим. Ахир, “Австралия, Америка, Антарктида, Азарбайжан, Амстердам” деб жавоб берган респондент унча-мунча одам эмас, нақ миллионлаб обуначига ва ундан ҳам бир неча бор кўпроқ кузатувчига эга машҳур вайнер эди-да…

Жавобдан сўнг пайдо бўлган биринчи савол шу бўлдики, наҳотки олий маълумотли актёр ва режиссёр бўлган бу инсон Антарктиданинг қитъа, Амстердам эса шаҳар эканини, қолаверса, ўзбек тилида “Азарбайжан” эмас, “Озарбайжон” дейилишини билмаса… Ахир бу фарқларни жўғрофиядан жилла қурса, мактаб ўқувчиси даражасида  хабари бор ҳар қандай киши яхши билади-ку…

Борингки, энди бу одам бир вайн қилибди-да, деб юқоридаги ҳолатга кўз юмдик ҳам дейлик. Лекин ўзининг журналистика соҳаси бўйича магистрлик дипломи борлигини ўрни бўлса-бўлмаса тиқиштирадиган, ҳам диний, ҳам дунёвий илми бор одам кўзингизга тик қараб туриб нотўғри ахборот айтса-чи?

Тан оламан, мен ижтимоий тармоқда фаол эмасман. Бироқ баъзан шундай ахборотларга дуч келганимга азбаройи андиша қиламан. Ҳозиргача одамлар блогерми, журналистми, диний уламоми ё олимликка даъвогарми эканини билолмаётган бу акахонимиз ўзининг навбатдаги “даъвоси” билан интернетни “портлатди”. Эмишки, дунёга машҳур “Фауст”ни Гёте эмас, Гейне ёзган экан. Яна у жанобнинг маърузаларини тинглаб ўтирган издиҳомга, жумладан, биз кузатувчиларга қарата “Сиз “Фауст”ни ўқимагансиз, шунинг учун уни ёзган Гейнени ҳам билмайсиз”, дейишига ўласизми?

Эҳтимол, жаҳон адабиётининг “билимдони” суҳбатидан баҳраманд бўлганлар орасида йўқ бўлса бордир, лекин уни ижтимоий тармоқда кўрганлар орасида улуғ немис шоири Гётенинг машҳур асарини аслиятда ўқимаган бўлса-да, дилбар шоиримиз Эркин Воҳидов таржимасидаги “Фауст”ни ўқиганлар минг-минглаб экани бу ақллининг хаёлига ҳам келмаган-ов…

“Қовун тушириш” борасида айрим депутатларимиз билан бемалол беллашадиган бу домлажон яқинда яна бир бор хол қўйди. Эмишки, унинг мухлисларидан бири Достоевскийнинг “Ақллилик балоси” ҳақидаги маърузаларидан масрурланиб, уни давом эттиришни сўраган. Нетонгки, “бадиий тилда” гапиришини ҳар суҳбатида қайта-қайта такрор этадиган, тилимизда “бадиий тил” тушунчаси йўқлигини, балки “адабий тил” ва “бадиий асар тили” тушунчалари мавжудлигини билмайдиган магистр жаноблари “Ақллилик балоси” Фёдор Достоевскийнинг асари эмас, балки Александр Грибоедов қаламига мансублигидан ҳам бехабардир.

“Самарқандга борсам мен агар”

Юқоридаги фикрлар ижтимоий тармоқ атрофида бўлгани учун бироз баҳсли бўлиши мумкин. Чунки ундаги ахборотлар таҳлил қилинмайди, назоратга олинмайди ва тўғридан-тўғри тарқатилади. Лекин телевидение-чи? У ҳам назорат доирасидан чиқиб кетдими? Телевидениедан тарқатиладиган ахборот аҳолининг онгини ўзгартирадиган даражада қудратга эгалиги унут бўлдими?

Бежиз бундай деяётганимиз йўқ. Айтиш жоизки, “Маданият ва маърифат” телеканали энг севимли дастурларни намойиш этадиган, шу билан бирга, халқимиз маънавиятини бойитадиган, маърифий ўсишига хизмат қиладиган каналлардан бири. Бироқ айрим кўрсатувларни кўрганда, фикримиз тескари томонга ўзгариб кетганини ўзимиз ҳам билмай қоламиз.

“Қақнус” худди шундай маърифий кўрсатувлардан бири. Унинг бошловчисидан тортиб, меҳмонларигача шеърият ихлосмандлари қалбидан муқим жой олиб улгургани ҳам бор гап. Бироқ шундай суҳбатлардан бирига таклиф этилган шоир ва адабиётшунос олимнинг Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Самарқандга борсам мен агар” деган машҳур шеърини Хуршид Даврон асари деб тақдим этса, нима дейишни ҳам билмай қоларкансиз…

“Равшан” тарихий асарми?

“Сиз эфирдасиз” дастури ҳам “Маданият ва маърифат” телеканалининг энг оммабоп кўрсатувларидан бири. Уни мамлакатимизнинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолиси кўради, десам, лоф эмас. Чунки унда иштирок этувчилар орасида бошланғич синф ўқувчилари ҳам, пири бадавлат отахону онахонлар ҳам борлигига кўп бор гувоҳ бўлганман. Шунинг учун ҳам бундай кенг аудиторияга эга кўрсатувда янграган ахборот атомдан кучли бўлади. Шунинг учун ҳам оммага тақдим этилаётган ҳар қандай маълумот минг бир чиғириқдан ўтиши керак. Ўзимиз билмаган маълумот ёки тўғри деб билган хато халқни чалғитиши, нотўғри хулосага олиб келиши мумкин.

Фикрларим қуруқ бўлиб қолмаслиги учун биргина мисол келтирсам. Мазкур кўрсатув бошловчиси саволни ўқиб эшиттираркан, соврин учун қўйилган китобни эълон қилди. Унинг айтишича, ғолибга “Равшан” тарихий асари насиб этаркан. Камига қўшиб қўйди: “Мана, китобнинг муқовасига “Ўзбек халқ оғзаки ижодидан” деб ёзилган экан. Демак, бу китоб тарихий роман”. Мен-ку миллионлаб мухлислар қатори, уни эшитяпман, лекин у бошловчи (яна ўзини тележурналист санаса керак!) менинг “дод” деб юборганимни эшитдимикан?!

* * *

Эътибор қилган бўлсангиз, биз ҳеч бир “қаҳрамонимиз”нинг исм-шарифини келтирмадик. Чунки мақсадимиз кимнидир ёмонотлиқ қилиш эмас. Аксинча, ҳамкасбларимизни, жумладан, сўз билан ишлайдиган барча-барчани сўз масъулиятини ҳис қилишга чақириш. Токи, биз тақдим этадиган маълумот, етказадиган ахборот ёки билдираётган фикримиз, адашибми ё билиб-билмаган ҳолда, маънавият дарахтининг илдизига болта бўлиб тушмасин!

Темир ҚУРБОН.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + sixteen =