Тормозсиз пропаганда
ёхуд Соловьёвга жавоб
Куни кеча россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв ўзининг “Соловьёв LIVE” муаллифлик дастури эфирида Россия Украинада бўлгани каби постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатларда ҳам “махсус ҳарбий операция” ўтказиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Табиийки, бундай тажовузкорона чақириқ кескин ва ҳақли равишда норозилик муносабатларини келтириб чиқарди. ОАВда ёзилишича, жумладан, Арманистон ТИВ Соловьёвнинг сўзлари учун Россия элчисига норозилик нотасини топширган. Ўзбекистонда ҳам минг-минглаб юртдошларимиз, зиёлилар, депутатлар босқинчиликни тарғиб қилаётган бу кимсанинг сўзларини қоралаб чиқишмоқда. Хусусан, таниқли журналист Рўзибой Қўлдошев “Facebook”даги саҳифасида “Соловьёвни халқаро судга бериш керак” деб ёзди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов эса Соловьёвнинг “халқаро журналистлар ташкилотлари томонидан қабул қилинган журналист касб этика кодекслари қоида ва талабларини қўпол равишда бузганлигини” танқид қилди. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шерзодхон Қудратхўжа ижтимоий тармоқларда, жумладан, “Youtube” канали орқали бу чиқишга ўз муносабатини жонли эфир тарзида дарҳол баён қилди. Уни минг-минглаб юртдошларимиз қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз изоҳларида фикр билдиришмоқда. Қуйида Шерзодхон Қудратхўжанинг “Facebook”даги саҳифасидан олинган “Соловьёвга жавоб”и эълон қилинди.
Россиялик тележурналист Владимир Соловьёв тўғридан-тўғри эфирда аввал қоғозга ўраб келинган нарсани очиқ айтди: халқаро ҳуқуқни инкор этиш мумкин, суверенитет — шунчаки расмий атама, бошқа давлатлар эса бемалол “таъсир доираси” деб эълон қилиниши мумкин. “Бизнинг Осиё” деган формула тасодифий оғиздан чиққан сўз эмас, балки давлатларни объектга, чегараларни эса тўсиққа айлантирадиган соф мустамлакачилик тилидир.
Яна бир жиҳати, айниқса, ибратли: худди шу инсон бир пайтлар Украинага ҳужум қилиш — жиноят ва ҳалокатга олиб борувчи йўл эканини очиқ гапирган эди. Бугун эса ўша “жиноят” ҳеч иккиланмасдан “зарурат” деб қайта ёзилмоқда. Тушунтиришга ҳожати қолмаган пропаганда ана шундай ишлайди: у ўз хотирасини ўчиради ва томошабиндан ҳам шунга қўшилишни талаб қилади.
Албатта, Соловьёв шунчаки булбул каби сайраб, баланд овозда, жозибали, лекин ҳар доим ҳам сўзининг оқибати учун жавоб бермайди, деб айтиш мумкин. Ва жуда ҳам умид қилишни истаймизки, бу Россия олий раҳбариятининг расмий позицияси эмас, балки студия ички аудиториясига таъсир қилишга қаратилган навбатдаги пропагандистик чиқишдир. Аммо тарих кўп бор шундан далолат берадики, бундай “яккахон чиқишлар” камдан-кам ҳолларда фақат сўз бўлиб қолган.
Бежиз эмаски, Лао Цзы ҳали милоддан аввалги VI асрдаёқ огоҳлантирган:
“Фикрларингизга эътибор беринг — чунки улар ҳаракатларингизнинг бошланишидир”.
Катта сиёсатда овоз чиқариб айтилган фикр — энди фалсафа эмас. Бу — амалга оширилиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг репетициясидир.
Бу энди на баҳс, на таҳлил. Бу — урушни сиёсатнинг мақбул воситаси сифатида нормаллаштиришдир. Украина — прецедентга айланди, Марказий Осиё — овоз чиқариб айтилган хаёллар объекти, “таъсир доираси” эса хавфсизлик ҳақидаги сўзлар ортига яширилган ҳар қандай зўравонликни оқлаш учун универсал баҳонага айланмоқда.
Экран орқали “ҳар қандай халқаро ҳуқуққа тупурамиз” деб айтилганда, гап риторика ҳақида кетмаяпти. Гап — ният ҳақида. Тарих бундай баёнотларни ҳиссиёт сифатида эмас, балки далил сифатида қайд этади. Ва ҳар сафар унинг охири бир хил бўлади — эфирдаги алжираш билан оқлаб бўлмайдиган оқибатлар билан.
Бу мантиқнинг давоми очиқ-ойдин ва шу боис, айниқса, хавфли. Агар халқаро ҳуқуқ “мажбурий эмас” деб эълон қилинса, суверенитет эса шартли тушунчага айланса, пропаганда чизиб берган дунёда на иттифоқчилар, на келишувлар, на кафолатлар қолади. Фақат кучли томоннинг ҳуқуқи қолади — у эса “хавфсизлик” деб қайта номланади.
Бундай манзарада давлатлар субъект бўлишдан тўхтайди — улар жорий телевизион “далиллар”га қараб сурилиши, ўчирилиши ёки ўзлаштирилиши мумкин бўлган харита бўлакларига айланади. Бугун бу сўз билан айтилади, эртага — сиёсий тилда мустаҳкамланади, индинга — амалий ҳаракатга айланади. Сўзлар айнан шу тарзда оддий сўз бўлмай, механизмга айланади.
Тарих бу йўлдан олдин ҳам ўтган. Аввал — риторикада ўзбошимчаликка рухсат берилади. Кейин — зўравонликни изоҳлашга ўрганилади. Ва фақат охирида — “нега ҳеч ким тушунмади?” ва “нега ҳамма қарши чиқди?” деган ҳайрат пайдо бўлади. Пропаганда ҳар доим оқибатларни кечаги баёнотлар каби осонликча бекор қилиш мумкин, деб ўйлайди. Аммо реал ҳаёт бундай ишламайди.
XXI асрда урушни расман эълон қилиш шарт эмас. Уни одатий ҳолга айлантириш ўзи етарли. Бир неча бор “бизга мумкин”, “шундай бўлиши керак”, “бошқа илож йўқ” деб айтиш кифоя. Овертон туйнуги айнан шундай ишлайди: кеча — ақлга сиғмайдиган, бугун — муҳокама қилинадиган, эртага — мақбул, индинга — амалга ошириладиган. Шунинг учун бундай эфирлар мазмуни билан эмас, функцияси билан хавфли — улар мумкин бўлган чегараларни суриб, жамиятни навбатдаги қадамга тайёрлайди.
Бу ерда савол энди бир телевидение бошловчисига эмас. Савол — бундай формулаларни қабул қилиб бўларли деб ҳисоблаётганларга. Чунки ҳар сафар тажовуз сўз билан оқланса, у амалиётга яқинлашади. Ҳар сафар ҳуқуқ тўсиқ деб эълон қилинса, дунё навбатдаги фожиага яна бир қадам яқинлашади — у эса кейин яна “мажбурий” деб аталади.
Тарих, пропагандадан фарқли ўлароқ, ҳеч нарсани унутмайди. У шунчаки айтилган сўзлар онгли равишда қилинган танловнинг етарли далилига айланишини кутган ҳолда сабр қилади.
Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,
сиёсий фанлар доктори,
профессор.
