Меҳрибон устоз
Ўзбек маънавият дунёсида кўп қатори яна бир одам бор. Катта адиб, катта журналист, ташкилотчи, кўплаб китоблар муаллифи, саҳна асарлари эгаси, тиниб-тинчимас, ёр-биродар, устоз-шогирдларига ғамхўр, давлатимизнинг энг муҳташам даргоҳларидан тортиб, кўплаб газета-журналларда ишлаган, аксарият раҳбар бўлган, жамоатчилик фаолияти ҳам ўта ибратли, ўта самимий, дўст-ёрларга меҳрибон бир инсон бор. Аслида бундайлар кўп, лекин бу кишим алоҳида, ўзига хос, бировга ўхшамайдиган. Ёши сакcондан ошганига ҳам анча бўлди. Ҳамон тетик, сезгир, сўрашганда қўлинг қисирлаб кетади. Тополмадингиз-а? Тўғри, бундай кишилар кўп-ку, дерсиз, лекин бу инсон чиндан ҳам бошқача, ўзига хос! Яна бир сирни очаман: ҳамма билан “Меҳрибон” деб сўрашадилар, мурожаат қиладилар.
Ҳа, энди топдингиз.
Бу инсон кўплаб аҳли ижоднинг дўсти, акаси, устози — Тўлқин Муҳиддин (Қозоқбоев).
“Мен 1940 йил 28 ноябрда Тошкент шаҳрининг “Эски шаҳар” қисмида таваллуд топганман, – деб ёзади муаллиф ўз хотираларида. – Хонадонимизда бувим (дадамнинг оналари) Сурмахон ойим, адажоним Муҳиддин ота, онажоним Лазокатхон, отамнинг укалари Мўминжон амаким билан яшардик. Отам Марғилонда 1911 йили туғилган экан. Улғайиб, иш юзасидан Тошкентга кўчиб келишган. 1939 йили 16 ёшли онажонимга уйланганлар. Ўшанда онамнинг ҳужжатини 18 ёшга ўзгартириб, 27 ёшли отамга турмушга чиқаришган экан. Ўшанда отам Тошкент шаҳар Матбуот жамияти раиси бўлганлар. Шу орада Иккинчи жаҳон уруши бошланган. Отам урушга сафарбар қилинган. Хайрлашаётиб онажонимга: “Мен узоғи билан 1 йилда қайтаман. Агар қайтмасам, тақдир-да, ўғлим отасиз, ярим етим ўсмасин, сизнинг турмушга чиқишингизга рухсат” деган эканлар. Шунда онажоним йиғлаб, отамнинг елкаларига бош қўйиб: “Ундай деманг, қанча бўлса кутаман”, – деган эканлар.
(Тўғриси, мана шу жойга келганда нафасим ичимга тиқилиб қолди. Мана сизга ўзбек аёлининг мардлиги, вафоси!)
1943 йилгача отамдан хат келиб турган. Кейин “М.Казакбаев бедарак йўқолган” деган шум нома келибди. Онажоним отамни 2009 йилгача 69 йил кутганлар. Менинг куним битиб, боқий дунёга кетсам, жанозани отанг билан менга бирга ўқит дердилар… Васиятларини бажо келтирдик.
Қизиқ, баъзан қийинчилик, етимлик кўрганлар тиришқоқ, дадил, мустақил бўлиб улғайишади. Ҳаёт учун, келажак учун курашга эртароқ чоғланишади. Қаҳрамонимиз ҳам шундай. Сиртдан бўлса-да, икки университет, бир институтни тугатиб, учта диплом олади. Журналистлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси ва ҳатто Театр арбоблари уюшмаларига аъзо бўлдилар.
Энг қизиғи, энг эътиборлиси ва эътирофлиси, менинг назаримда, ўндан ортиқ газета ва журналларга бош муҳаррирлик қилганларидир. Мен ҳам шу соҳанинг ичида бўлганим учун буни уникал ҳодиса деб баралла айта оламан. Назаримда, бунақаси бўлмаган! Қойил қолмасдан илож йўқ.
Энди бунинг орасида яна сиёсий жараёнларда ҳам фаол бўлдилар. Партия-совет ташкилотларида ишлаганлар, Марказқўмнинг тузини ичганлар, мафкура соҳасида етакчилардан бўлганлар. Ҳар ҳолда, бу мактаблар ҳам мафкурасидан қатъи назар, кишини тарбиялайди, чиниқтиради, босим билан ишлашга ўргатади, муомала маданиятини, субординация, кези келса, қатъий чоралар кўриш, пишиқ-пухталикка ўргатади.
Яна мен билганим, уларнинг “Қалби касбига монанд дўстлар давраси” деб номланган дўстлар ойда бир учрашиб турадиган қадрдонлар давраси, гап-гаштаги бўларди. Бу даврани 25-30 йилдан бери билардим. Ёшлари ўтиб, сийраклашиб, кейинги 1-2 йилда тўхтаб қолибди. “Бу ёғи телефон базм, телефон гаштак”, деди устоз ғалати бир хўрсиниқ билан, юрагидан бир нима узилиб кетгандек бўлиб. “Майли, бизнинг ўтиришларга сизни фахрий қилиб қўшиб оламиз”, дедим ҳарна вазиятни юмшатиш учун. Оқсоқол бир нима бўлди-ю, ҳалқумига бир нима тиқилгандай туриб қолди. Сезилар-сезилмас кўзларига ёш келгандай бўлди.
…Тўлқин ака билан биз “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасида танишганмиз. Ўқишни битириб, йўлланма билан радиога ишга келгандим. Умуман радиони билмадим, тушунмадим. 5 йил талабалик даврим ёшлар газетасида ўтганди-да. Бунинг устига, овозим сал ғўлдираганроқ, микрофонга гапириб, кейин радиода эшитсам, ўзим ҳам нима деганимни тушунмасдим. Лекин эшиттиришлар матнини яхши ёзардим. Тажрибали дикторлар ўқий бошлашди. Ҳатто буюк Қодир Маҳсумов ҳам 1-2 радиоинсценировкаларимни ўқиган. Ўшанда ёш бўлганмиз, ҳозир нега ўшаларни магнит лентасига ёзиб, ўзим учун олиб қолмаганман деб афсусланаман. Хуллас, радиодаги раҳбарларимдан бўлган тажрибали устоз Саидакбар Саидолимов бир куни мени алоҳида тўхтатиб, шундай деди:
— Ишларингизга эътироз йўқ, фақат бу ер сизнинг жойингиз эмаслигидан бироз қийналаяпсиз. Хоҳласангиз, ўзингиз доим амалиёт ўтказган ёшлар газетаси раҳбарияти билан гаплашаман, сизнинг жойингиз ўша ерда…
Шу йўсин Тўлқин аканинг қўлига келиб қолгандим (лекин ҳали ҳам радиони яхши кўраман. Жуда кўп дўстлар орттирганман. Зўр футбол жамоамиз ҳам бўларди).
Газетада Тўлқин ака билан кўп ишлолмадик. Ака кўтарилиб кетдилар. Лекин кўп кўришардик. Бизни энди футбол бирлаштирарди. Бизнинг “Ижодкор” командамиз бор эди. Ўзим уч ташкилотчиларининг бири эдим. Хуршид Дўстмуҳаммад, Алишер Мадраҳимов, Аброр Имомхўжаев, Мирза Абдуллаев (кўплари эсимдан чиқиб кетибди), Муҳаммаджон Аҳмедов (раҳматли), Машҳур Маъмур Назаров дарвозада. Ҳатто вилоятларга ҳам чиқиб футбол ўйнар, санъаткорларни олиб бориб, концертлар ҳам уюштирардик. Тўлқин аканинг “Тонг” командаси бор эди. Унда ўзлари тенг раҳбар, ижодкорлардан иборат эди. Энг эсда қоларлиси, бир гал тарихий воқеа юз берди: бу икки жамоанинг ўйини “Пахтакор” марказий стадионида ўтган. Орасида концерт, машҳур артистларни чақирганмиз. Ҳақиқий байрам бўлган. Шунда Тўлқин ака ғалати иш қилганлар. Бир тайм “Тонг”да, бир тайм “Ижодкор”да ўйнаганлар. Бир-иккита “ақллилар” ҳайрон бўлганда, ўзлари бир оғиз гап билан ҳаммасини тинчитиб қўйганлар.
– Мен ўзим асли “Тонг”данман. Лекин ижодкорман. Шу соҳада ишладим, яна келиб ишлаяпман. Нима гапинглар бор? – дағдаға эмас-у, қатъий оҳангда гапиришни ҳам қотирардилар. Баъзан шу кичкинагина, ихчам гавдада шунча важоҳат борлигидан ҳам қўрқиб кетасиз, ҳам тан берворасиз.
Тиниб-тинчимас бу одам тиниб-тинчийдиган улуғ ёшда ҳам тиниб-тинчимайди. (Бу қайтариқ эмас, бу урғу!) Бор бўлсинлар!
Китоблар, эсдаликлар, хотиралар ёзишларини билардим. Лекин ака ёзган китобларнинг қатор-қатор, ичида ҳатто “ёстиқдайлари”ни ҳам кўриб, қойил қолдим. Мана, мен билганларим “Қалби касбига монанд дўстлар давраси”, “Меҳрибонларим”, “Номардни ҳам мардга айлантирган устозлар” (эсселар), “Ўчмас битиклар” каби хотира, эсселар, “Саодатнинг жасорати” деб номланган улкан, 40 та драмадан иборат китоби, “Икки ўт орасида” қисса ва ҳикоялари… Очиғини айтаман: уларнинг ҳаммасини ҳали ўқиб чиқа олганим йўқ. Балки шунда яна мавзуга қайтармиз.
Сўнг сўз ўрнида:
Устоз, ҳорманг, сиз ҳамиша бизга ўрнак эдингиз!
Ҳатто, айниқса, ҳозир!
Умрингиз узоқ бўлсин!
Хабарим бор, янгамиз билан муборак ҳаж зиёратига бориб келдингиз. Қўша қариб, юзлардан ошиб юринг!
Аҳрор АҲМЕДОВ,
“Шарқ” НМАК бош муҳаррири.
