Ойдек ойдин Ойсара
“Ибратли оила” кўкрак нишонини олиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Айниқса, ишлайдиган аёлларга бу борада қийинроқ кечади. Мен билганларим, аниқроғи дугоналарим орасида фақат биргина Ойсара Дадаева шу эътирофга лойиқ кўрилган. У ҳақиқий ибратли оиланинг муносиб бекаси. Ишда ҳам, оилада ҳам ҳурмат-эътиборга эга аёл. Ойсара ҳар томонлама намунали умр йўлига эга. Турмуш ўртоғини “Ҳазрат, Ҳазратим!” деб муомала қилиши кўпинча биз дугоналари ўртасида аскияга сабаб бўлса-да, бунда катта ҳурмат ва эҳтиром маъноси мужассам.
Умр йўлдоши Абдумалик ака оилада 11 фарзанднинг иккинчиси, 9 ўғилнинг энг каттаси. Ойсара — қайнонасининг тўнғич келини. Ўтган йили унинг оиласи тўғрисида кўрсатув тайёрлагандик. Қайнонаси гапирди. У қайнонасини мақтади. Хуллас, аҳил оила кўриниши ёрқин ҳолда намоён бўлди. Эфирдан бироз вақт ўтиб, дугонам қўнғироқ қилди.
— Вой, мен қайнонапарвар бўлмай кетай, фақат қайнона-қайнотамни эслабман-у, ўтиб кетишган ота-онамни бир оғиз тилга олмабман. Кўрганлар сўрашганидан кейин ўйлаб қолдим, — деса бўладими?
— Шундоғам уларнинг руҳи шод. Сизнинг бугунги роҳатингизни кўриб руҳлари шод бўлса керак, — дедим.
Чунки отасининг вафотидан кейин онаси 9 фарзанд билан ёлғиз қолса-да, мактабда ошпаз бўлиб ишлаб, уларни вояга етказиб, ўқитди. Маошини қарзга тўлаб, кейинги ойликкача яна қарзга кун кўришганини Ойсара тез-тез эслаб, гапириб берарди. Бир куни овқат қилмоқчи бўлиб қараганида, уйда ҳеч нарса қолмаганидан пахта ёғига пиёзни қовуриб, қотган нонни бўктириб, овқат қилади. Шу пайт опаси ва поччаси меҳмонга келиб қолишади. Ёшгина Ойсаранинг фаросати ва қўли ширинлигини роса мақтаб, овқатдан тановул қилишади. Ҳатто улар уйда масаллиқ йўқлигидан шундай қилганини ҳам пайқашмайди. Шундай. Ойсара йўқдан бор қилишни ёшлигидан ўрганган.
Вақт ўтиб, турмушга чиқди. Кетидан овсинлар тушди. Катта ўғил Абдумалик оиласи билан ўзи туғилиб ўсган Ўрта Чирчиқ туманидаги Акмал қишлоғидан ишлайдиган жойи — Олмалиқ шаҳрига кўп қаватли уйга кўчишди. Ҳар якшанба куни қайнона ва қайнотани йўқлаб келиш одатга айланди. Албатта, имкон қадар қўли-қўнжи тўлиб келишга интилишарди. Иссиқ жон, бир дам олиш куни қишлоққа келишнинг имкони бўлмай қолди. Шунда кейинги ҳафтадаги катта бир тадбирда кўпчилик орасида қайнона катта келинига, яъни Ойсарага писанда билан гапира бошлади. Келин хижолатлик билан:
— Мазам бўлмади, — дея олди, холос.
Қайнона қайнаб кетса, денг:
— Сен келмасанг, ўғлимни юборсанг бўларди-ку! Шунга ақлинг етмадими?..
Бир уй одам сукунатда қайнона-келин можаросини кузатиб, жим бўлиб қолишди. Шунда келин шартта туриб, қайнонанинг оёқ томонига ўтириб, бош эгиб: “Мени кечиринг, ойижон! Ёшлик қилдим. Ақлим етмабди, кечиринг, бошқа бундай қилмайман!” — деди. Бундай жавобни ҳатто қайнонаси ҳам кутмаганди. Шартта келинини бағрига босиб: “Оёғингга иссиқ киймабсан-у, қизим, иссиқ чой ичиб ол, совуқ қотиб кетибсан!..” — дея меҳрибонлик кўрсатди…
Мана сизга муомала! “Яхши гап билан илон изидан, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқади”, дейишлари бежиз эмас-да. Ойсара шу воқеани эслаганида бироз ўкинч, ҳам ғурур билан қаддини тик тутади.
“Ўшанда нима сизга далда берди? Нега бунақа деб кечирим сўрадингиз?” — десак, у: “Менинг қизларим ҳам келин бўлади. Дуо олиш яхши. Опаларим ҳам: “Ҳозир жанжал бўлиб кетмаса эди”, деб тургандик”, дейишди. Бир оғиз кечирим билан ҳаммаси изига тушиб кетди. Ўша пайт қайнонамнинг қайта меҳри товланиб, бағрига босишини кўрсангиз эди…”
Ана шунақа! Дунёдаги энг рисоладаги аёл нечта бўлса, Ойсара — биттаси. Тўғриси, шундай курсдошим, яқин қадрдоним бўлганидан мамнун бўламан. Баъзан билиб-билмай гапириб қўйишимиз ҳам бор гап. Ҳатто ўзим раҳматли қайнонамга: “Мен таниган-билган хотин-қизлар орасида энг ақллиси Ойсара”, деганимда, жаҳллари чиқиб кетганди. Кўнгил барибир нозик хилқат экан-да. Бунинг учун қайнонамни ҳам айблай олмайман, албатта.
Ойсара ҳамманинг кўнглини ола билади. Лекин уч нафар қизи ва бир ўғлига ўта қаттиққўлки, ҳайратда қоларли даражада. Болалари ёш пайтида меҳмонга боргандим. Ўшанда қизлари телевизор кўриб ўтиришган экан. У жой солишни айтиб, ўзи бош бўлиб, кўрпачаларни олиб кела бошлади. Катталари ёрдамга шошилишди-ю, кичиги Ўғилой телевизорга тикилиб туриб қолди. Шунда дугонам қизига қараб, шундай жиддий гапирдики, ҳали эсласам, ҳайратланаман.
— Нима? Кино кўргинг келяптими?
— Йўқ, ойижон, кўргим келмаяпти!
Тарбияда ҳар кимнинг ўз услуби бор. Аниқ қоида йўқ. Ойсара бошидан қатъият билан талабчанлик қилди. Лекин уриб, сўкмади. Болалари шунга ўрганишди. Ҳар бир сўзини қонун билишади. Ҳозир ҳаммаси ўқимишли, олий маълумотли. Камола ва Нурсора — журналист, Абдуҳамид — юрист, Ўғилой — шифокор. 7 нафар набиранинг меҳрибон бувижониси сифатида Ойсара уларга парвона.
Унинг ишдаги, жамиятдаги фаоллиги ҳам эътиборга лойиқ. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлаган кезлари ходимларга бўлган муносабатидаги самимийлик ва меҳр-оқибати бугунги кунда асқатади. Чунки журналистик фаолиятини давом эттириб, “ОКМК ТВ”да “Бувижоним эртаги” рубрикаси остидаги чиқишлари орқали шогирдларига ўрнак бўлиб, янги йўналишлар топди. Авваллари раҳбарликда ва айни кунларда ижодий томондан шаффофлик кўрсатгани учун унга шогирдлари катта ҳурмат билан қарашади. Ойсаранинг яна бир фазилати борки, у ҳам жуда ибратли. Ҳалол, ҳақиқатгўй ва бировнинг ҳақидан қўрқади. Тўғри яшаш — унинг шиори. Турмуш ўртоғи Абдумалик Дадаевнинг терговчи бўлиб ишлаб, полковник даражасига кўтарилишида ҳам, озми-кўпми, унинг ҳам ҳиссаси борлигига шубҳа йўқ. Чунки кўзи оч аёл эрни қинғир ишга қўл уришга мажбур қилса, кўзи тўқ хотин эрнинг ёнидан чиқиб, борига барака киргизадики, эрнинг ишдаги ютуқларига сабаб бўлади. “Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин” дейишлари шундан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас.
Талабалик кезларимиз биз — дугоналар минг хил орзулар билан яшардик. Ойсара кўп болали бўлишни, ишда, маҳалла-кўй ичида ҳурматга сазовор бўлиб юришни ният қиларди. Мана, бугун унинг ишдаги муваффақиятлари ҳам чакки эмас. Қатор миллий руҳдаги мақолаларини, телекўрсатувларини бирма-бир санасак кўп вақт кетади. Фақат битта мисол. Эркак хиёнати ҳақидаги мақоласидан кейин бир нотаниш киши келиб, унга дағдаға қилади. Ҳатто қўлида пичоқ кўтариб олгани учун шов-шувга сабаб бўлади. Бироқ Ойсара уни танимагани, ёзган мақоласидаги воқеа эса бу шунчаки тасодифий ўхшашлик бўлиб, унга салбий таъсир кўрсатган бўлса, ўзини ойнада кўргандек бўлганини тушунтириб беради. Охири, ўша оила яна қайта тикланиб, оилавий раҳмат айтгани таҳририятга келишади. Бу каби воқеалар унинг ижод йўлида кўп учрайди. Энг муҳими, у ўз ижоди орқали ҳам ўқувчини мукаммалликка чорлайди, оилавий аҳил-иноқликни тарғиб этади. Қисқаси, Ойсара Дадаева журналистик фаолиятда ҳам намунали йўлни босиб ўтмоқда.
Ойсара ҳақида яна узоқ тўхталиш мумкин. Аслида ҳам у шунга лойиқ.
Умр шунчалик тез ўтиб кетарканки, кўз очиб юмгунча ҳам бўлмай… олтмиш ёш! Лекин кўнгил қаримайди деганлари сингари ҳалиям бир-биримизни кўрганда “Қизлар!” дея чақиришдан ҳузур қиламиз.
Бир куни уйимизда кичик тадбир муносабати билан меҳмонларни жойлаштириш ҳақида гап кетганди.
— Қизларни ҳам қудалар билан ўтқазамиз-да, — дедим.
Шунда ўғлим:
— Қайси қизларни? — деб сўради.
— Шу дугоналаримни-да, бошқа ким бўларди?
— Шунақа демайсизми? Мен жиянларингизними, дебман, — деганида ҳаммамиз кулиб юборгандик.
Тўғриси, дугоналарим кўп, лекин қадрдонларим саноқли. Улар орасида Ойсара мен учун ойдек сара. Уни кўрганимда олтин давр — талабалик, ёшлик хотиралари ёдимга тушади. У жуда хушчақчақ, қувноқ, ҳар гапингиздан бир кулгили детални топиб, аскияга сабаб бўлувчи хушмуомала аёл. Унинг орзулари ҳали кўп. Ойдан-да ойдин орзулари уни оппоқ манзиллар сари етаклайверади.
Саодат ЎРМОНОВА.
