Ўзбекистон — тинчлик томонда!

Бугун Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги тинчликсевар сиёсати, тинчликпарварлик йўлидаги стратегик мақсадлари ўзининг янги босқичига кўтарилди. Жаҳон оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кузатаётганларимиз — ер юзининг турли минтақаларида юз бераётган вайронагарчиликлар, инсон қадр- қимматининг топталиши, бундан, айниқса, аёлларнинг, болаларнинг, норасида гўдакларнинг жабр кўраётгани қалбларимизни даҳшатга солади.

Йиллар ўтиб, вайроналарнинг ўрнида ҳали янги бинолар, янги иморатлар, балки, яна қад ростлар, бўй кўрсатар. Лекин завол бўлган умрлар, тақдирларнинг, бегуноҳ инсонларнинг ҳаётини ҳеч нарса билан қайтариб бўлмайди. Бугунги глобал дунё ва унда инсон онги учун, тафаккури учун бўлаётган курашлар, турли маънавий таҳдидлар, геосиёсий майдондаги манфаатлар тўқнашуви бизни том маънода огоҳликка, ҳушёрликка даъват қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида шундай деган эди: “Ўзи ким томондасан” деган кучли сўровлар бўлади. Мен уларга қараб, мен Ўзбекистон томондаман, халқим томондаман деб айтаман”. Бу гаплар бугун дунё сиёсий жиҳатдан янгича тус олаётган паллада Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатъий сиёсий принципи, тамойили ўлароқ намоён бўлмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан Давлатимиз раҳбари Давосда Халқаро Тинчлик кенгашининг Низомини имзолаш маросимида иштирок этгани, Тинчлик кенгашига расман аъзо бўлгани дунё ҳамжамиятининг тинчлик сиёсатида Ўзбекистоннинг ҳам ўз овози, ўз сўзи, ўз имзоси борлигидан ёрқин нишонадир. Ҳа, ўтган ҳафтада давлатимиз ўзининг кучли сиёсий иродасини намоён этди! Буюк аждодларимизнинг эрк учун, Ватан учун, мустақиллик учун кечган курашлардаги шонли хитоблари авж пардада янгради! Ўша кун халқимизнинг тарих китобида жасорат ва матонат саҳифаси бўлиб мангуга муҳрланди!

Тинчлик кенгашига Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши бугун Ўзбекистон – АҚШ муносабатларидаги таълим, тиббиёт, иқтисод соҳасидаги ҳамкорликдан кўзланган мақсадларни амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу ҳамкорлик алоқалари кейинги пайтларда янги босқичга кўтарилгани, ҳар икки мамлакат Президентлари ўтган йили бир неча бор учрашиб, жуда катта инвестициявий лойиҳаларни кўзлагани халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда янги имкониятлар эшигини очади. Аммо бу йирик сармоявий дастурларни амалга ошириш учун, албатта, энг аввало тинчлик керак!

Биз ўттиз саккиз миллионлик буюк халқнинг тинчлиги учун имзо чеккан Президентимизнинг ёнида туриб, биз ҳам, ўзбек зиёлилари, ўзбек оналари, ўзбек халқи бўлиб тинчлик учун, давлатимизнинг суверенитетини, мустақиллигини асраш учун дахлдор эканимизни юракдан ҳис қиламиз. Ва бу дахлдорлик туйғусини ёш авлоднинг қалбида ҳам камол топтиришга ўзимизни масъул деб биламиз. Тинчлик энг олий бахт, энг олий саодат эканлиги ва уни асрамоқ юксак бурч эканлиги ҳақида бонг уриб, буни ўз сўзимиз, асарларимиз билан етказиш елкамиздаги улкан вазифадир.

 

Шунча қирғин, қирон етар, бас,

Саноғи йўқ қурбон етар, бас,

Нола, афғон, армон етар, бас,

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Мурғак жони сарсон болалар,

Азиз жони арзон болалар,

Гирён, нолон, ҳайрон болалар…

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Кўзёшлари уммон оналар,

Ҳасратлари осмон оналар,

Фиғон, исён, хазон оналар…

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Йиғлаб учар ярадор қушлар,

Ерни қучар ярадор қушлар,

Мотамсаро, азадор қушлар…

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Ғафлат ичра фурсат ўтмасдан,

Жаҳолатга рағбат етмасдан,

Еру осмон ёниб кетмасдан,

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Сафсатаси сийлов ўзига,

Дангал айтиб шартта юзига,

Имзо чекар ўзбек сўзига:

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Жасорату буюк аҳд ила,

Бобомерос шиддат, шахт ила,

Ўзбекистон бўлиб жаҳд ила,

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Ўзбекистон тинчлик томонда!

Тинчлик учун имзо чекамиз!

 

Сайёра САМАНДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 8 =