Бадиий наср устаси

Муродбой Низановнинг ҳикояларини қорақалпоқ тилини ўрганганимдан буён таржима қилиб келаман. Ростини айтсам, бу борада мен илк кашшоф эмасман. Ҳали мактабда ўқиб юрганимдаёқ устозлар Носир Фозилов, Меҳмонқул Исломқулов Муродбой Низановнинг ҳикояларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиб, “Табассум” радиожурнали орқали янгратиб, тингловчиларни ром айлагани бор гап. Айниқса, оғанинг “Танка” номли бадиий фильми ниҳоятда машҳур. Ёзувчининг “Жаҳон адабиёти” журналида нашр этилган “Ақчагул” номли қиссаси Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов томонидан юксак баҳоланиб, адабий ҳаётда роса шов-шув бўлган.

Қорақалпоғистонга ижодий сафарларимиздан бирида Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмад Муродбой оға ҳақида бир мўъжаз ҳикоя ёзиб, самолётда ҳаммамизни кулдиргани ҳамон эсимдан чиқмайди. Ҳазил оҳангида ёзилган бу беғубор ҳикоянинг замирида теран мазмун, ҳаммага равшан ҳақиқат бор. Музаффар Аҳмад ҳикоя қилишича, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, устоз Носир Фозилов ўша пайтда “Жаҳон адабиёти” журналида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаётган Мирпўлат Мирзога қўнғироқ қилиб:

— Мирпўлат, журналда нимани босаяпсан? — деб сўрабди.

— Пауло Коэлонинг романини тайёрлаяпмиз, — деб жавоб берибди Мирпўлат ака.

— Пауло Коэлонгни қўй! Ўша Коэлонгдан ҳам, Маркесингдан ҳам ўзимизнинг Муродбой Низанов зўр. У янги роман ёзган, журналнинг мана шу сонида ўша романни босасан! Тушундингми? — деб буюрибди Носир оға.

— Хўп!

— Хуллас, Муродбой Низановни Нобель мукофотига тавсия қиламиз! — деб уқтирибди устоз.

Шундан сўнг Носир оға Муродбой Низановга телефон қилибди:

— Муродбой, романни ёзиб бўлдингми? Мирпўлат билан гаплашиб қўйдим, уни “Жаҳон адабиёти”да чиқарамиз. Ана, Меҳмонқул ҳам романингни ўзбек тилига таржима қилиш учун енг шимариб, шай бўлиб турибди.

— Носир оға, қисса ёзганман, лекин ҳали роман ёзганим йўқ… — дебди Муродбой Низанов.

— Шуниям ўйлаб ўтирасанми, ҳикояни каттартирсанг, қисса бўлади, қиссани сал семиртирсанг, роман бўлади-да. Ишни тезлаштир!..

Ўшанда самолётда Музаффар Аҳмад билан ушбу ҳикояни ўқиб, шивир-шивир қилаётганимизни эшитиб қолган устоз Абдулла Орипов олдинги ўриндиқдан орқасига қайрилиб:

— Нимани бунча қизғин муҳокама қиляпсан икковинг? — деб қолди.

— Муродбой Низановни Нобель мукофотига тавсия қилишни! — дедим.

— Ким айтди?

— Носир Фозилов…

— Носир ака тўппа-тўғри айтибди! — деди Абдулла ака. — Муродбой Низанов шу мукофотга арзийди!..

Нукусдаги тадбирларимиз жуда мазмунли ўтди…

Муродбой оға Носир Фозилов орзу қилган романларни ҳам ёзди. “Охират уйқуси”, “Душман” номли катта-катта романларни истеъдодли ёзувчи Ғафур Шермуҳаммад қорақалпоқчадан ўзбек тилига таржима қилди. Қалин муқовали китоблар Тошкентдаги нашриётларда чоп этилиб, ўқувчилар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди.

Гапнинг дангали, Муродбой Низанов Носир Фозилов ният қилганидек, бадиий адабиёт соҳасида халқаро Нобель мукофотига муносиб ёзувчи.

Муродбой оға фаол ижодкор. Таҳририятга телефон қиларди-да:

— Бир ҳикоя ёздим, таржима қилиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этасанми? — дерди.

Дарров хўп дея рози бўлардим. Ҳикояси жуда қизиқ бўлишини билардим.

Ҳар янги йил арафасида, албатта, бир ҳажвия юборишни канда қилмасди. Ўқиб кула-кула, ичакларим узилгудек бўларди. Таржима қилиб, бош муҳаррирга берсам, бирданига саҳифага жойлаштирарди.

“Қорбобонинг кампири”, “Қалқай билан Балдай”, “Мадрайим айтган”, “Кўнглимда ғубор қолмади”, “Осмонтойда бир кун”, “Ёдимга тушди”, “Кўр ичак”, “Костюм” каби ҳикоялар ана шу тарзда газетага чиқиб кетган.

Муродбой Низановнинг “Ҳаво кемасидаги икковлон” номли қиссасини ҳам таржима қилганман. Асар “Ёшлик” журналида чоп этилган. Ушбу қисса Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам китоблар мажмуасининг “Қорақалпоқ замонавий насри” деб аталган 38-жилдига киритилган.

Муродбой оға характер яратиш устаси: у содда, кўнгли очиқ овул одамларининг феъл-атворини маҳорат билан тасвирлайди. Ёзувчи асарларининг тили ҳикматга, теран маъноларга, ҳазил-мутойибага бой. Кулги, юмор, ҳажвиёт жаҳоннинг барча халқларига бирдек тушунарли.

Болаларнинг севимли шоири Ўта Бердиёрнинг “Шаҳардан хат” номли шеърида кулгининг тили ва миллати йўқ экани ажойиб тасвирланган.

 

Тоғамлар турган уйда

Қирқ оила яшаркан.

Барчаси аҳил, иноқ,

Тинч ошини ошаркан.

 

Қўшнилари рус, тожик…

Кунора келишаркан.

Улар русча сўзлашиб,

Ўзбекча кулишаркан!

 

Шу маънода Муродбой Низановнинг асарлари қайси хорижий тилга таржима қилинмасин, ҳамма жойда қадрли, қизиқарли ва тушунарли бўлади.

Муродбой Низановнинг кулгиси нафақат одамларни қувонтириш учун хизмат қилади, балки ўқувчиларни таъсирлантиради, ўйланишга, фикрлашга ундайди, ҳаётга теран ва холис назар билан боқишга ҳамда хулоса чиқаришга даъват этади.

Муродбой оғага бағишлаб бир шеър ёзгандим. Сўзимни шу шеър билан якунлайман. Оғага узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва ижодий ютуқлар тилайман.

МУРОДБОЙ ОҒАГА

 

Калом билан яшайсиз, ажойибсиз,

Гонорарнинг ойлигига, Муродбой.

Ўткир қаламингиз билан соҳибсиз

Прозанинг бийлигига, Муродбой.

 

Абдулла Ориф айтган — муносибсиз

Сиз Нобелнинг сийлиғига, Муродбой.

Нодир асарларингизни сотмайман

Етти иқлим бойлигига, Муродбой.

 

Оддий халқнинг арз-додисиз, Муродбой,

Сиз Бердақнинг зурёдисиз, Муродбой.

Қаҳрамонларингиз содда, оқкўнгил,

Қорақалпоқ муродисиз, Муродбой.

 

От чоптириб элга чиққан донғингиз,

Доим олға босар машҳур “Танк”ингиз.

Сиз нашр этган китоблар —

асил бойлик —

Пулга тўлиб кетган Сизнинг банкингиз.

 

Бир ён Чимбой, бир ёнингиз Кегайли,

Йигитлари Мажнун, қизлари Лайли.

Дунё севиб қолар қорақалпоқни

Низановнинг асарлари туфайли.

 

Туркий эллар Сизга қондош, оға-ини,

Устоз деб билдингиз Носир оғани.

Омон бўлинг адабиёт бахтига,

Узоқ яшанг, эй Муродбой оғайни!

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 4 =