“Чарчамаяпсизми?” эмас, “Ҳорманг!”

Ҳар бир тилнинг ўзигагина хос сифати бор: туркча психология ва фалсафа, итальянча саёҳат, французча севги тили, деб тавсифланади. Мен ўзбек тилига таъриф берганда оила, Ватан, мурувват тили дегим келади. Бу тилда гапирган вақтимда мени илиқлик, меҳр, хуш кайфият ва маданият руҳи қамраб олади. Ишонинг, ўзбекчада ҳеч кимга қаттиқ гапиролмайман. Шундай қилсам, гўё гулзорга кириб, атиргул, наргис, лолалар қолиб, чақиртикан териб чиққандай бўламан.

Бироқ она тилимизга дастлаб араб ва форс, кейинчалик рус ва инглиз тилларидан бир қанча сўзлар кириб келиб, мустаҳкам жойлашди.

Бизни кимдир чақирса, “ҳозир” деймиз, ваҳоланки, “лаббай” ёки “бир дақиқа” жавоби афзалроқ. “Ҳозир” рус тилидаги “сейчас” сўзидан тўғридан-тўғри таржима. Бундай жавоб русларга хос.

Бир куни университетга туркиялик муҳандис келди. Нияти ўзбек тилини ўрганиш экан, билганимча ўргата бошладим. Вақт ўтиб, ҳар дарс аввалида ўзбек тилида саломлашадиган, ҳол-аҳвол сўрашадиган бўлдик. Қарасам, “Яхшимисиз?”, “Чарчамаяпсизми?” деган кунлик иборалар унга қизиқ туюлмоқда. Бир куни “Чарчамаяпсизми?” деган саволимга “Жуда чарчадим”, деди. Кутилмаган жавоб. Кулиб юбордим. Чунки у саволларни шу вақтгача кўнгил учун йўлига сўраб қўйиладиган, аслида, суҳбатнинг кириш қисми эканини тушунмаган экан.

Ҳақиқатан, нега биз ҳадеб бир-биримиздан “Чарчамаяпсизми?” деб сўраймиз?

Мен бир қанча тил биламан, аммо уларнинг бирортасида ҳам “Чарчамаяпсизми?” деб сўрашмайди. Ўйланиб қолдим. Биз шу даражада кўп чарчаймизми? Нега бу иборани ишлатамиз? Ҳадеб “чарчамоқ” феълини тусайвермасдан, “Ўзингизни эҳтиёт қилинг!”, “Сизни яхши кўраман!”, “Ишларингизга ривож берсин!” “Ҳорманг!” десак бўлмайдими? Бўлар экан, ҳаётга татбиқ қилиб кўрдим. Бу тахлит саломлашиш атрофимдагиларга олдин қизиқ туюлди, кейинчалик улар ҳам кўникиб, ўзлари ҳам мулоқотда қўллай бошладилар.

“Чарчамаяпсизми?”, “Саломатмисиз?” каби саволлар йўл-йўлакай айтилса ҳам онг остига таъсир қилади, из қолдиради. Бора-бора одамда ростдан ҳам чарчоқ, ҳорғинлик кайфиятини уйғотади. Бу сўровлар қачон тилимизга кириб келганини билмайман, яхши ниятда ёйилмагани аниқ. Аслида, катта авлод вакиллари бир-бирига савол эмас, далда, бугунги тилда айтганда, рағбат берган экан. Масалан, далада кетмон чопаётган одамга “Чарчамаяпсизми?” дейиш кулгили. Албатта, чарчайди, толиқади. Шу пайтда доно халқимиз “Хирмонга барака!” ёки “Ҳорманг!” деб ўтиб кетишган. Бу келажакка умид белгиси.

Тил бизга берилган мўъжизалардан бири. Чиройли, мазмунли жумлалар уни янада жилоли қилади. Бир-биримиздан меҳрли сўзларимизни қизғанмайлик, қўпол муомала, ноўрин шикоятлар қилмайлик.

Дилафруз АҲМЕДЖОНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + eight =