Газетага муносабат қачон ўзгаради?

Босма нашрларнинг адади йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бунга Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторида эмаслиги сабаб бўлолмайди.

Менимча, мансаб курсисига кўпинча фақат ўз моддий манфаатини кўзлайдиган, маънавиятга бефарқ, китоб ва газета ўқишга иштиёқи йўқ, фақат “юқори”нинг топшириқларинигина қойиллатиб бажариш орқали обрў орттиришни кўзловчи кишилар ўтириб қолаётганидир.

Президент оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар шаънига илиқ фикрлар билдирса, топшириқлар берса, вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳокими газеталар бўйича гапирса, туман ҳокимликлари, туман ҳокимлари гапирса, тумандаги ташкилоту муассасалар раҳбарлари бу гап “совигунча” вақтли нашрлар ҳақида ўйлагандек бўлишади. Бу ҳолатни, айниқса, обуна жараёнида кузатиш мумкин.

Вилоят ҳокими йиғилишларда обуна масаласида қачонки сўз очса, туман ҳокимлари ҳам ўша куни бу ҳақда ташкилоту муассасалар раҳбарларига топшириқ бериши таомилга айланиб қолган.

Нима учун республикамиздаги диний газета-журналлар адади ҳамиша йил мобайнида юқори миқдорда сақланиб туради-ю, бошқаларда ундай эмас?

Обуна мавсуми бошланиши билан ҳар жума намозида намозхонлар “Ҳидоят”, “Ислом нури”, “Мўминалар” каби газета-журналларга обуна бўлишга чорланади. Отинойилар ҳам жойларда ўтказиладиган маросимларда ўз нашрлари обунасининг тарғиботи билан муттасил шуғулланадилар. Қараб турибсизки, натижалар қувонарли.

Газета-журналларни обуначиларга ўзлари етказишади. Почта ва “Матбуот тарқатувчи” идоралари томонидан эмас. Ўзи обуна ташкиллаштириб, нашрларни ўзи тарқатишнинг аҳамияти катта. Масалан, “Почта” ва “Матбуот тарқатувчи” идоралари томонидан республика, вилоят газеталари 16 январгача обуначиларга етказилмади. Бу ҳолат қачонгача давом этиши номаълум. Ўтган йили почта орқали “Hurriyat” газетасига обуна бўлгандик. Газетани йиғиб-йиғиб, ярим йилда бир олиб келишди. Бу қандай гап?

Биз ҳам қарийб 20 йилдирки, шундай қиламиз. Одам обуна бўлган нашрини ўз вақтида олади. Юқорида номлари саналган ташкилотларга эса бу борада умуман ишонч йўқ.

Агар давлат идоралари, ҳокимиятлар ўзларининг муассислигидаги нашрларни ҳам обуна мавсумида ҳар замонда эмас, лоақал ҳар галги ҳокимлик соатларида доимий эслаб турса, раҳбарлар газета-журналлар обунасига ҳам, мажбуран бўлса-да, ҳар қалай, эътибор қаратишарди. Акс ҳолда…

Таниқли журналист Шуҳрат Жабборовнинг ўтган йили “Hurriyat”да “Мажбурий обуна тарафдориман” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди. Унда айтилган фикрларга қўшилмасдан илож йўқ. Газетага қайтиш керак. Бунинг учун эътибор керак.

Қачонки барча бўғинлардаги раҳбару мутахассислар газета ўқишга одатланишса, бошқаларни ҳам ўқишга ўргатишса, ёш авлодда ҳам газета-журнал мутолаасини шакллантирсак, одамларимиз ривожланган давлатлардаги сингари вақтли нашрларга ошно бўлишармиди? Қолаверса, бу жараёнда ихтиёрий мажбурийлик ҳам муҳимдир.

Тан олишимиз ҳам керак, айрим газеталар номигагина чиқяпти. Кўриниши газета, холос. Обуна бўлган одам ундан барака топмайди. Обунага сарфлаган маблағига ачинади, холос.

Гоҳида 200-500 нусха атрофида чоп этилаётган нашрларда “севимли газетангиз” деган иборага кўзимиз тушади. Бу мантиқсизлик, севимли газета бўлганида минглаб нусхада чоп этилмасмиди?

Ана шу тоифадаги нашрлар бошқа газета-журналларнинг, журналистларнинг шаънига доғ туширмоқда. Ўқийдиган бирорта тузукроқ мақола йўқ. Уни қўлига олган одам “Э, газета шу бўлса…” демайдими? Дейди-да!

Яна бир гап. Туман, вилоят ва албатта, республика нашрларида ҳам айрим газета, журналлар “ўлаётгани”, аксарияти номигагина нафас олаётганлиги мавзусидаги жиддий, асосли танқидий-таҳлилий мақолалар тез-тез ёритиб борилмоқда. Лекин уларга тегишли мутасаддилар томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаётгани ажабланарли. Бу гўё маъракага келган “хизмат”даги хотинларнинг “куюниб” йиғлашларига ўхшайди.

Мен ҳам ўзимча жон куйдириб ёзяпман-у, мақолага нуқта қўйиш жараёни яқинлашгани сари юрагим ачишаётганини англайман.

Аммо, начора?!

Қосимжон АКБАРОВ,

Мингбулоқ тумани

“Мингбулоқ” газетаси муҳаррири,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 2 =